Жўраев Ҳусанжон
Соғинчли салом мактуби. 02.05.44.
Самарқанд шаҳрида соғ ва саломат яшаб юрувчи меҳрибонларимизга фарзандингиз бўлмиш Ҳусанжондан кўпдан кўп туганмас соғинчли салом.
Соғиндим
Ўйнаб юрсам қўлга берди повестка,
Гаплаштирмай ҳайдаб чиқди поездга,
Худо қилди, тан берайлик бу ишга,
Йиғлаб қолган энам, сизни соғиндим.
Булбул бўлиб гул шохига қўнмадим,
Ёшлигимда ўз шаҳримда юрмадим.
Акам, сизнинг хизматингиз қилмадим
Меҳрибоним акам, сизни соғиндим.
Кўп суткалар бизлар юрдик йўлларда,
Ақлим озди узоқ манзил чўлларда.
Жонингиз соғ бўлсин ўшал жойларда,
Ширин бўлган укаларим, соғиндим.
Биз босмаган ҳеч бир шаҳар қолмади,
Худо берган оёғимиз толмади,
Орқамиздан ҳеч ким хабар олмади,
Ташна бўлган холамларни соғиндим.
Гаплашай деб киролмадим уйимга,
Мени излаб чиқдингизлар йўлимга,
Шунча ўйлаб хат олмадим қўлимга,
Бирга ўсган ўртоқларим, соғиндим.
Қирқ кишидан командирни сайлади,
Ҳаммамизни бир командир ҳайдади.
Олиб бориб шаҳарларга жайлади,
Эркин ўсган қишлоғимни соғиндим.
Шуни билан ёзиш воқеам тамом. Мен бу ашулани сизлардан ҳеч бир хат олмаганимга ташна бўлиб, кўп соғиниш тўғрисида ёдгорлик учун ёздим. Асосий сўз наманганлик ўртоғим Муҳиддиновники, энг сўнгги котиби хоразмлик ўртоғим Қаландаров.
Энди сизлардан шунисини қаттиқ илтимос қиламан. У ҳам бўлса, мана шу соғинишлиқ тўғрисида ёзган мактубимни йўқотмасдан ўқиб юришларингизни илтимос қилиб сўрайман.
Она, мен сизларга ёдгорлик учун икки дона суратимни юбордим.
Энди мендан аҳвол сўрасангизлар, менинг жоним соғ, димоғим чоғ. Мен ҳали Қапқоздаги ғоспиталда бутун ўзбек ва тожик йигитлари билан ўйнаб-кулиб юрибман. Тўлка сизлардан ҳеч бир хат олмайман, шуниси алам қилади.
Она, шунинг учун ҳеч шошилмасдан бизлар учун тилакда бўлиб турсангиз, Худо хоҳласа, тезда бориб қолармиз.
Шунинг билан, ҳайр, омон-эсон бўлинглар деб хат ёзувчи ўғлингиз Жўраев Ҳусаинжон.
***
Вали Қаюмхон хоинми?
Вали Қаюмхон 1904 йил Тошкентнинг Чиғатой даҳасида йирик чорва савдогари Қаюмқори Олимбоев (1865–1948) хонадонида кенжа фарзанд бўлиб дунёга келган. У болалигидан чексиз ғайрати, илмга муҳаббати ва шижоати билан тенгдошларидан ажралиб турар эди. Аввал бошланғич “Хония” жадид мактабида, сўнг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабида ўқиди.
Фитратнинг “Чиғатой гурунги”да фаол иштирок этди. 1920 йил Салимхон Тиллахонов, Қаюм Рамазонлар билан Озарбойжон орқали Туркияга ўқишга йўл олди. Бироқ, большевиклар томонидан чегарадан қайтарилади. Улар бир муддат Бокуда зироат билим юртида таҳсил олади. Озарбойжонда аҳволнинг оғирлашиши туфайли Тошкентга қайтишга мажбур бўладилар. Тошкентдаги Наримонов номидаги педагогика билим юртида ўқиб юрган вақтида олмон тилини ўрганган эди.
1922 йил ўзбек ёшлари ташаббуси билан талабаларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Кўмак” жамияти ташкил этилади. Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев тошкентлик иқтидорли ёшлардан Саййид Али Хўжа, Саттор Жаббор, Тўлаган Мўминлар билан бирга Вали Қаюмхон учун ҳам Бухоро паспортини бериб, Германияга йўллайди. Уларнинг моддий харажатлари ҳукумат томонидан қопланишини кафолатлайди. Вали Қаюмхон Германияда қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритади. У Берлин олий қишлоқ хўжалиги академиясига ўқишга киради. Вали Қаюмхон жисман Олмонияда бўлса-да, қалбан Ватанда эди. У Тошкентга Мунаввар қори Абдурашидов, Саидносир Миржалиловларга кўрган кечирганлари ҳақида тинимсиз хатлар ёзади. МГУ иқтисодиёт факультетида ўқиётган Боту ва Ленинградда графика санъати йўналишида таҳсил олаётган Искандар Икром каби яқин дўстлари билан мунтазам ёзишмалар олиб боради.
Вали Қаюмхоннинг Тошкент билан алоқада бўлиб туришида акаси тадбиркор инсон Абдулҳай Қаюмқорининг хизмати катта бўлган. У Германияда таҳсил олаётган укаси Вали Қаюмхон билан алоқага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашади. Аввало ўз фамилиясини алмаштириб, Абдулҳай Қориев тарзида хатлар алмашади. Абдулҳай Қориев Вали Қаюмхонга хатлар билан бирга 1931 йилгача “Меҳробдан чаён” ва бошқа янги асарлар ҳамда мунтазам равишда Ўзбекистон матбуоти газеталаридан намуналар юбориб турган эди. Абдулҳай Қориевнинг жиноят ишида унинг 1930 йил 23 декабрь куни укаси Вали Қаюмхонга ёзган хатида: “... Ботуни сўрабсан. Унинг анчадан бери қаердалиги номаълум. Тошкентда ҳам, иш жойида ҳам йўқ”. Демак, шу нарса маълум бўладики, ёзда қамоққа олинган Ўзбекистоннинг Маориф халқ комиссари Ботунинг тақдири ҳамон кўпчиликдан сир тутилган. Бу эса қатағон айнан Марказ томонидан режали амалга оширилганлигини исботлайди. Шундан сўнг Абдулҳай укасига Тошкентдаги ҳолат ҳақида маълумот бериб, “... мана совуқ тушди ўтин 90 сўм, гўшт қадоғи бир сўм, ун 40 сўм. Совуқдан одамлар қотиб ўлмоқдалар. Уларнинг ҳаммаси ўзбеклар. Ўрислар ўзларига уй ва иссиқлик таъминоти масалаларини аллақачон ҳал этиб қўйишганлар” деб хат сўнгида “сўраган газеталарингни юбораяпман” деб фикрини тугатади.
Хуллас, 1930 йилга келиб ГПУ айғоқчилари томонидан Германиядаги талабалар орасида стипендия белгилашда, шунингдек, ижтимоий келиб чиқиши, йўналишлари, миллати, қайси ҳудудданлигига қараб турли фитналар уюштирилади. Натижада талабалар узил-кесил иккига бўлинади. Бунда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин алоқада бўлган Саттор Жаббор, Султон Матқул, Тўлаган Мўмин каби Ватанга қайтадиганлар ва Оврўпода ёки Туркияда қолиб бутун умр Туркистон истиқлоли учун курашиб яшашга қарор қилганлар. Вали Қаюмхон, Саид Али Хўжа, Аҳмаджон Иброҳим, бухоролик Аҳмад Наим, Афзал Абусаидлар иккинчи гуруҳни танлайди.
Вали Қаюмхон Тошкентда Башорат Умарқориева (1904) исмли қиз билан оила қурган эди. Акасининг хотинига қариндош бўлган бу аёл Вали Қаюмхонни бир неча йил кутади. Бироқ, Вали Қаюмхон Ватанга қайтиш ўзи учун хатарли эканлигини билгани ҳолда қайтмайди. Боиси, қайтиб келган бир неча талабалар турли баҳона билан Ватанда тутиб қолиниб, Германияга қайтиб ўқишини давом эттиришига рухсат бермай қўйилган эди.
1931 йилдаёқ Ватанга қайтишдан деярли умидини узган Вали Қаюмхон турмуш ўртоғига олтин соат ва бошқа бир неча қимматбаҳо буюмлар йўллаб, кечирим сўрайди ва бошқа оила қуришига розилик беради. Шундан сўнг Башорат Умарқориева Вали Қаюмхондан умидини узиб бошқа инсонга турмушга чиқади. Вали Қаюмхон рассом Войтех ва хотини фрау Елизабетларнинг уйида ижарада турган.
Уч фарзанди бўлган бу олмон оиласи Вали Қаюмхон учун кўп йиллар ҳақиқий қўрғон вазифасини ўтади. Вазият йил сайин мураккаблашиб борди. У ўзини ҳам, Тошкентдаги қариндошларини ҳам ҳимоя қилиши зарур эди. Абдулҳай Қориев энди хатларни уй бекаси мадам Елизавет номига жўнатар эди.
1937 йил бошланган, тарихда “Катта қирғин” кампанияси деб ном олган шўро қатағонидан Вали Қаюмхон Ватанга қайтмагани учунгина омон қолади. 1922 йил Туркистондан Германияга таҳсил олишга кетган 70 дан ортиқ ёшларнинг 30 нафари ватанга қайтарилган эди. 1937-1938 йиллар давомида уларнинг 24 нафари қамоққа олиниб, аксари Ватан хоини, немис жосуси каби айбловлар билан отиб ташланган эди.
1951 йил 29 апрель куни Вали Қаюмхоннинг акаси Абдулҳай Қориев қамоққа олинди. Уйида тинтув ўтказилиб, барча ҳужжатлар, суратлар, китоблар олиб кетилди. Сўроқ пайтида нима сабабдан фамилияси ўзгартирганлиги суриштирилди. Сўнг Вали Қаюмхонни суриштиришди. Абдулҳай Вали Қаюмхоннинг тахминан 1935–1937 йилларда бир олмон қизига уйланганлиги ҳақида эшитгани, бироқ 1941 йилдан буён бутунлай алоқаси узулганлигини, Гитлер ҳукумати билан қанчалик алоқаси бор йўқлигини билмайман, дейди.
Абдулҳай Қориев 1946-1947 йиллар “Пичоқчи” маҳалласи чойхонасида ўтирганида бир киши келиб, уни четга олиб, Валидан салом, дейди. У “тур йўқол! Сен кимсан ўзи, менинг унақа одам билан алоқам йўқ” деб чиқиб кетади.
Абдулҳай Қориев тергов чоғида қийноқлар билан 1951 йил 11 июлда ўлдириб юборилди...
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ