“Хитой боғлари Самарқанд боғларига тенг кела олмайди” – Чин манбаларида Хоразмшоҳлар тарихи


Сақлаш
17:17 / 21.04.2022 1689 0

Хоразм ҳудуди XI аср бошларида Ғазнавийлар (977‒1186) томонидан босиб олинади. Шу тариқа мазкур давргача ҳукмронлик қилган форсийзабон Африғийлар (305‒995) ва Маъмунийлар (995‒1017) сулолалари барҳам топади. Мазкур даврдан бошлаб Хоразм бошқаруви Ғазнавийлар томонидан тайинланган туркий ғуломлар орқали олиб борилади. Олтинтош ва унинг ўғиллари Хоразм ҳудудининг амирлари сифатида қадимги “хоразмшоҳ” унвонини ҳам қўллай бошлайдилар.

 

Салжуқийлар (1037‒1194) 1040 йили Хоразмни ўз ҳудуди тарикибига киритгач унинг бошқарувида туркий ғуломлардан фойдаланишни давом эттирадилар. Шу жумладан, салжуқ султони Маликшоҳ (1073‒1092) 1077 йили Ануштегин Ғарчай исмли таштдор лавозимидаги ғуломни Хоразм амири қилиб тайинлайди. Султон Маликшоҳ ўғли Барқёруқ (1094‒1105) даврида эса Хоразм бошқаруви 1097 йили бошқа бир турк ғуломи бўлмиш Иккинчи ибн Қўчқор қўлига топширилади. Айнан Иккинчи ибн Қўчқор томонидан хоразмшоҳ унвони расман тикланади. Бироқ кўп ўтмай мазкур лавозим Ануштегин Ғарчай ўғли бўлмиш Қутбиддин Муҳаммадга (1097‒1127) топширилади. Шу тариқа мўғуллар босқинига қадар хоразмшоҳлар унвони остида ҳукмронлик қилган ануштегинийлар сулоласига асос солинади.

 

Ануштегинийлар ёхуд Хоразмшоҳлар хонадони аввал Салжуқийлар, кейинчалик эса Қорахитойлар (1124‒1218)га ўлпон тўлаб келишган. Бироқ XII аср охирига келиб, Хоразмшоҳлар нафақат мустақил давлат бошқарувини йўлга қўйишга, балки Хоразм тарихида илк бора Марказий Осиё, Эрон ва шимолий Афғонистон ҳудудларини қамраб олган йирик империяга асос солишга ҳам муяссар бўладилар.

 

Хоразмшоҳлар тарихи асосан араб ва форс тилидаги манбаларда ўз аксини топган бўлиб, илмий тадқиқотларнинг аксарияти айнан мусулмон манбаларига таянган ҳолда амалга оширилади. Хоразмшоҳларга оид хитой тилидаги манбалар эса одатда жалб қилинмайди. Ваҳоланки, хитой манбаларида келтирилган маълумотлар нафақат Хоразмшоҳлар тарихини янада батафсилроқ ёритишга, балки уларга ташқаридан туриб назар солишга ҳам хизмат қилиши мумкин. Мазкур мақолада Хоразмшоҳлар тарихига оид хитой тилидаги манбалар таҳлил қилиниб, улардан олинган баъзи матнлар таржима ва изоҳлар билан келтирилади.

 

Хоразмшоҳларнинг хитой манбаларида акс этиши биринчи навбатда қитонларнинг Марказий Осиёга бўлган юриши билан боғлиқдир. Шимолий Хитой ва Муғулистон ҳудудларида икки юз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган қитонларнинг Ляо (Liao ) давлати (916‒1124) емирилгач император хонадони вакили Йелюй Даши (Yelь Dashi 耶律大石, 1124‒1143) Марказий Осиёга йўл олиб, Ғарбий Ляо ёхуд мусулмон манбаларида Қорахитойлар деб тилга олинган янги сулолага асос солади. Йелюй Даши 1141 йили Самарқанд яқинидаги Қатвон жангида Салжуқийлар султони Санжарни тор-мор қилгач Марказий Осиёда ўзининг сиёсий мавқеини мустаҳкамлаб олишга муяссар бўлади. Ушбу воқеадан сўнг Хоразмшоҳ Отсиз (1127‒1156) Қорахитойлар гурхони Йелюй Даши ҳузурига ташриф буюриб, унинг устуворлигини тан олади ва ҳар йили ўлпон тўлашга рози бўлади. Мазкур ҳодиса “Ляо сулоласи тарихи” (Ляо-ши / Liao shi 遼史)да ўз аксини топган. Ушбу тарих мўғуллар томонидан Хитойда ташкил этилган Юань (Yuan ) сулоласи (1279‒1368) даврида Токто бошчилигидаги бир гуруҳ сарой тарихчилари томонидан 1343 йили ёзиб тугатилади. Қуйида ушбу манбадан олинган матн ва унинг таржимаси келтирилади:

 

至尋思干,西域諸國舉兵十萬,號忽兒珊,來拒戰。兩軍相望二里許。諭將士:「彼軍雖多而無謀,攻之,則首尾不救,我師必勝。」遣六院司大王蕭斡里剌、招討副使耶律松山等將兵二千五百攻其右;樞密副使蕭剌阿不、招討使耶律术薛等將兵二千五百攻其左;自以眾攻其中。三軍俱進,忽兒珊大敗,僵屍數十里。駐軍尋思干凡九十日,回 回國王來降,貢方物”.

 

Таржимаси:

“[Йелюй Даши] Самарқандга (Xunsigan 尋思干) етиб келганда, Ғарбий заминдаги давлатлар 100 минг кишидан иборат қўшин тўплашди. Хуросон 1 исмли киши [бу қўшинга] етакчилик қилиб [Йелюй Даши армиясига] қаршилик кўрсатиш учун [унинг] рўпарасида пайдо бўлди. Иккала томон қўшинлари бир-бирига 2 ли (li ) [тахминан 1 км] масофа оралиғида қарама-қарши турганда, [Йелюй Даши] ўз аскарларига буйруқ бериб дейди: “Қаршимиздаги қўшиннинг сони кўп, лекин махфий режаси йўқ. [Уларга қарши] ҳужум қилсак, олди қисми орқани ҳимоя қила олмайди, бизнинг қўшинимиз албатта ғалаба қилади”.

 

Сўнгра олти вазирлик амалдори буюк князь Сяо Волилага (Xiao Wolila ) чегарадаги қонунунбузарликларни текшириш ва жазолашга юборилган амалдор ўринбосари Йелюй Суншань (Yelь Songshan 耶律松山) ва бошқалар ёрдамида икки ярим минг лашкарлар билан [рақиб қўшинининг] ўнг томонидан ҳужум қилишни ва махфий хизмат бўлими бошлиғининг ўринбосари Сяо Лаабу (Xiao Laabu 蕭剌阿不), чегарадаги қонунбузарларни текшириш ва жазолаш ишлари билан шуғулланувчи амалдор Йелюй Чжусюэ (Yelь Zhuxue 耶律术薛) ва бошқаларга икки ярим минг лашкарлар билан [унинг] чап томонидан ҳужум қилишни буюрди. [Йелюй Дашининг] ўзи одамлари билан [рақибларнинг] марказий қисмига ҳужум қиладиган бўлди. [Йелюй Даши] қўшинининг бу учта бўлинмалари бир вақтда ҳужумга ўтди. Хуросон [қўшини] катта мағлубиятга учради. Ҳалок бўлганларнинг жасади бир неча ўн ли узунлигидаги масофага ўнлаб ёйилиб кетди. [Йелюй Даши] қўшини билан Самарқандда 90 кун давомида тургандан сўнг “Мусулмон давлати” (Хуэйхуэй го / Huihui guo 回回國 яъни Хоразмшоҳлар) ҳукмдори келиб таслим бўлди, турли нарсаларни совға қилди”.

 

Изоҳ:

Эмиль Бретшнайдер Хуэршань / Hu'ershan 忽兒珊 сўзини Хоразм номига яқин, деб таъкидлайди. Хуэйхуэй го / Huihui guo 回回 (“Мусулмонлар давлати”) атамасини эса мусулмон мамлакатларининг умумий номи сифатида қабул қилади. Мазкур бобни рус ва қирғиз тилларига таржима қилган К.Д.Джусаев Хуэршань сўзини Хоразмшоҳ, деб таржима қилади. Бироқ Хуэршань атамаси остида Хоразм эмас, балки Хуросон назарда тутилган бўлиб, ушбу тавсифда Қорахитойлар ҳукмдори Йелюй Даши ва Хуросон ҳукмдори бўлмиш Салжуқийлар султони Санжар ўртасида бўлиб ўтган Самарқанд яқинидаги Қатвон жанги тасвирланган. Хоразмшоҳлар эса Йелюй Даши билан ҳеч қачон жанг қилмаганлар.

 

Мазкур манбада Хоразмшоҳлар давлатига нисбатан “Мусулмон давлат” (Хуэйхуэй го / Huihui guo ) атамаси қўлланилган. Хоразмшоҳларга қадар Хоразм ҳудуди хитой манбаларида мил.ав. II асрдан бошлаб турли номлар остида тилга олинган бўлиб, мазкур номлар асосан Хоразм сўзининг хитойча талаффузидан келиб чиққан. Хуэйхуэй гуо атамаси Хоразмга нисбатан илк бора мўғуллар ҳукмронлиги даврида битилган манбаларда учрай бошлайди. Негаки, мўғуллар томонидан Хуэйхуэй / Huihui (“мусулмон”) атамаси умумий ном сифатида Туркистон ва Эрон аҳолисига нисбатан ишлатилган. Мўғуллар даврига келиб “мусулмон” маъносини англатган Даши / Dashi 大食 атамаси ўрнига ушбу сўз қўлланила бошланган.

 

Негаки, Даши номи остида Аббосийлар халифалиги ҳамда кейинчалик уни диний марказ сифатида тан олган бошқа мусулмон мамлакатлар ҳам тушунилган. Аббосийлар халифалиги 1258 йил мўғуллар томонидан тор-мор этилгач, табиийки, мазкур атама ҳам ишлатилмай қўйилади. Хуэйхуэй атамасининг келиб чиқиши ҳақида тадқиқотчилар бир фикрга келмаган. Баъзи илмий қарашларга кўра, мазкур атама уйғурларнинг хитойча номи бўлмиш Хуэйхэ / Huihe (Хуэйгэ деб ҳам ўқилади) ёки Хуэйху / Huihu сўзи билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бунга сабаб, Туркистон ва Эрон аҳолиси Хитойга асосан уйғурларга тегишли бўлган ҳудудлар орқали кириб келганлиги бўлиши мумкин. Мазкур атама “мусулмон” деган маънони англатса ҳам, баъзида умумий равишда бошқа дин вакилларига нисбатан ҳам қўлланилган. Хитой олими Лю Йиншэн (Liu Yingsheng 刘迎) ўз тадқиқотларида Хуэйхуэй номи остида тилга олинган қуйидаги тоифаларни ажратиб кўрсатган.

 

Биринчи тоифа яҳудийлар бўлиб, улар Чжуху Хуэйхуэй (Zhuhu Huihui 术忽 / ), яъни “жуҳуд мусулмонлари” номи билан тилга олинадилар. Иккинчи тоифа, Ҳиндистон ҳудудидаги мусулмон аҳоли бўлиб, улар Цзинду Хэй Хуэйхуэй (Jingdu Hei Huihui 脛篤黑回回) “Ҳиндистон қора мусулмонлари” ёхуд Синду Хуэйхуэй (Xindu Huihui 忻都回回) “Ҳиндистон мусулмонлари”, деб аталган. Учинчи тоифа христиан дини вакиллари бўлиб, улар Люйцзин Хуэйхуэй (Lьjing Huihui 緑睛回回) “Кўк кўзли мусулмонлар” номи остида маълум бўлган. Тўртинчи тоифа эса лўлилар бўлиб, улар Лоли Хуэйхуэй (Luoli Huihui 蘿里回回) “Лўли мусулмонлари”, деб тилга олинган.

 

Кўриниб турибдики, Хуэйхуэй атамаси остида нафақат Туркистон ва Эроннинг туркийзабон ва форсийзабон мусулмон аҳолиси, балки бошқа дин вакиллари ҳамда ўзга ҳудудлардаги мусулмон аҳоли назарда тутилган. Бироқ, шу ўринда мамлакат номи сифатида мазкур атама айнан Хоразмшоҳлар давлатига нисбатан ишлатилганлигини таъкидлаб ўтиш даркор.

 

Хитой манбаларида Хоразмшоҳларга оид батафсилроқ маълумотлар мўғуллар босқини билан боғлиқ асарларда учрайди. Чингизхон (1206‒1227) бошчилигидаги мўғуллар қўшини Хоразмшоҳларга қарши 1219–1224 йилларда юриш қилади. Мазкур юриш давомида Чингизхон хорижий элчиларни ҳам қабул қилади. Улар орасида 1220-1221 йилларда журженларнинг Цзинь сулоласи императори Сюаньцзун (Хuanzong 宣宗, 1213‒1224) томонидан юборилган Угусунь Чжудуань (Wugusun Zhongduan 吾古孙仲端) бошчилигидаги элчилик ҳам бўлган. Маълумки, Чингизхон Хоразмшоҳларга қарши юриш қилиш олдидан Цзинь империясига тегишли бир неча ҳудудларни босиб олган эди. Шу туфайли, Цзинь сулоласи императори мўғуллар билан сулҳ тузиш ниятида ўз элчиларини юборади. Угусунь Чжудуань меркит, мекрин, қирғиз, найман, қанғли, уйғур, тумат ва қарлуқлар истиқомат қилган ҳудудлар бўйлаб узоқ масофани босиб ўтиб, Хуросон ҳудудигача етиб боради. У Чингизхон билан кўришишга муяссар бўлса-да, кўзлаган мақсадига эриша олмай ортига қайтади. У ўз кўзи билан кўрганларини Лю Ци (Liu Qi , 1203‒1250) исмли дўстига сўзлаб беради.

 

Лю Ци эса ўз навбатида ушбу маълумотларга таяниб, “Шимолга жўнатилган элчилик хотиралари” (Бэй ши цзи / Bei shi ji 北使記) номли сафарномани ёзиб қолдиради. Ушбу сафарнома Эмиль Бретшнайдер томонидан инглиз тилига таржима қилинган. Муаллиф Хоразмшоҳлар давлати ҳамда умумий равишда Марказий Осиё ҳудудига нисбатан Хуэйхэ го (Huihe guo 紇國) “Уйғурлар мамлакати” атамасини ишлатади. Кўриниб турибдики, мазкур даврда хитойликлар наздида ғарбий ҳудудлар уйғурлар билан боғлиқ равишда тасвирланган. Бироқ, бу ерда Хоразмшоҳлар мамлакати назарда тутилган бўлиб, мазкур атамани “Мусулмонлар давлати” ёхуд “Туркистон”, деб таржима қилмоқ даркор. Кейинчалик бу атама Хуэйхуэй / Huihui 回回 шаклида бутун Марказий Осиё аҳолисига нисбатан қўлланилиб, асосан “мусулмонлар” деган маънони англатган. Айнан шу даврдан бошлаб уйғурларга нисбатан Хуэйхэ / Huihe атамаси ўрнига ҳозирги кунгача хитой тилида қўлланиб келаётган Вэйуэр (Weiwu'er 維吾爾) номи ишлатила бошланди. “Уйғур” сўзининг мўғулча талаффузидан келиб чиққан мазкур атама уйғурларни бошқа Марказий Осиё халқларидан фарқлаш учун киритилган бўлиши керак.

 

Элчи асосан ҳозирги Афғонистон ҳудудида муқим тургани туфайли, у айнан ушбу жойларнинг географик жойлашуви, иқлими ва аҳолисининг ташқи қиёфаси ҳамда урф-одатлари ҳақида батафсилроқ баён қилади. Шу билан бирга, у Марказий Осиё аҳолисини уч тоифага бўлиб тасвирлайди. Биринчи тоифа Мосулумань Хуэйхуэй (Mosuluman Huihe 沒速魯蠻回) “Мусулмон уйғурлари” деб тилга олинган. Элчининг сўзига қараганда, улар ниҳоятда қонхўр ва шафқатсиз бўлганлар. Бу ерда Чингизхон душмани бўлмиш Хоразмшоҳлар в Моварауннаҳр аҳолиси назарда тутилган бўлиши керак. Иккинчи тоифа Йили чжу Хуэйхуэй (Yili zhu Huihe 遺里諸回) “Хуросон уйғурлари”, деб аталган. Эмиль Бретшнайдер фикрига кўра, Йили (Yili 遺里) сўзи Ҳирот номининг хитойча шакли бўлиши керак.

 

Шу туфайли, фикримизча бу ерда умумий равишда Хуросон ҳудудининг аҳолиси тушунилган. Улар биринчи тоифа кишиларидан фарқли равишда кучсиз ва ожиз, деб тасвирланган. Мазкур тавсифлар орқали Мовароуннаҳр ва Хуросон аҳолиси мўғуллар қўшинига турли равишда қарши чиққанлигини ҳам аниқлаб олишимиз мумкин. Ва ниҳоят учинчи тоифа Йинду Хуэйхуэй (Yindu Huihe ) “Ҳинд уйғурлари” бўлиб, улар “Хуросон уйғурлари”дан кейинги ҳудудларда истиқомат қилиши ҳамда ҳукмдор саройида хизмат этганлиги тилга олинади. Элчининг сўзига қараганда улар қоратанли бўлиб, хушфеъллиги билан ажралиб турганлар. Кўриниб турибдики, мазкур асар хитойликлар наздида Хоразмшоҳлар даврида Марказий Осиё кўриниши ҳақида умумий маълумот беради.

 

Ушбу даврда Чингизхон ҳузурига яна ўз даврининг таниқли дао тариқати руҳонийси Чан Чунь (Chang Chun 長春, 1148‒1227) ҳам бир гуруҳ шогирдлари билан ташриф буюради. Чан Чунь шахсан Чингизхон таклифига биноан 1220 йили ўз она ўлкаси бўлмиш Шаньдундан йўлга чиқиб, ҳозирги Шимолий Хитой ва Мўғулистон бўйлаб Хоразмшоҳлар ҳудудига етиб келади ҳамда мазкур даврда Ҳиндукуш ҳудудларида жойлашган Чингизхон қароргоҳига ташриф буюради. Унинг саёҳати уч йил давом этиб, 1224 йили ўз якунига етади. Мазкур саёҳат ҳақида Чан Чунь билан бирга кетган Ли Чжичан (Li Zhichang ) исмли шогирди “Ғарбга саёҳат ҳақида хотиралар” (Си ю цзи / Xi you ji 西遊記) номли сафарнома ёзиб қолдиради. Мазкур асар тўла равишда рус тилига ва қисқартирилган шаклда инглиз тилига таржима қилинган.

 

Мазкур сафарномада ҳам Хоразмшоҳлар ва умуман Марказий Осиё аҳолиси Хуэйхэ “уйғурлар”, деб тилга олинади. Яна бир бор таъкидлаш жоизки, XIII аср хитой манбаларида мазкур атама нафақат уйғурларга, балки бутун Марказий Осиё аҳолисига нисбатан ишлатилиши одат бўлган. Хоразмшоҳлар ҳукмдори Муҳаммад Алоуддин эса Суаньдуань (Suanduan 算端) ‒ “Султон” номи билан зикр этилган бўлиб, муаллиф Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳам маълумот бериб ўтади. Жумладан, Чан Чунь Талос шаҳридан ўтгач йўлда ортига қайтаётган Цзинь сулоласи императорининг элчиси Угусунь Чжундуаньни учратади. Элчи Чингизхон ҳузурига келганда, у Суаньдуань хань (Suanduan han 算端汗) ‒ “Султонхон” ортидан қувиб Ҳиндистон томон йўл олаётганлиги ҳақида хабар беради. Бу ерда айнан Хоразмшоҳлар хонадонининг сўнгги вакили Жалолиддин Мангуберди назарда тутилган.

 

 

Сафарномада қайд этилишича, Чан Чунь 1221 йил февраль ойида Пекин шаҳрини тарк этиб, ҳозирги Мўғулистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудлари бўйлаб декабрь ойида Самарқанд шаҳрига етиб келади. Хоразмшоҳлар давлатининг марказий шаҳарларидан бири бўлмиш Самарқанд мўғуллар томонидан эндигина босиб олинган эди. Чан Чунь ушбу шаҳарда 1222 йил май ойигача истиқомат қилади. Сафарнома муаллифи Самарқанд шаҳри ва аҳолиси ҳақида қизиқарли маълумотларни бериб ўтади. Жумладан, асарда Самарқанд “Семизкент” (Xiemisigan 邪迷思 ) тарзида тилга олинган бўлиб, муаллиф баҳор фаслида Самарқанд шаҳрининг чиройи, бодом дарахтининг гуллаши ҳамда гўзал боғлари ҳақида баён қилиб ўтади. Ҳатто, Хитой боғлари Самарқанд боғларига тенг кела олмаслигини алоҳида таъкидлайди.

 

Ушбу даврда Самарқанд шаҳрида кўплаб хитой ҳунармандлари истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабар берилади. Умуман олганда, Чан Чунь Самарқанд шаҳрида турганда, уни зиёрат қилишга тез-тез хитойликлар келиб турган экан. Бундан ташқари муаллиф таъкидлашича, Хоразмшоҳлар сулоласи даврида Самарқанд шаҳрининг аҳолиси 100 минг хонадондан иборат бўлган. Мўғуллар босқинидан сўнг эса шаҳарда мазкур аҳолининг фақат тўртдан бир қисми қолади. Агар бир хонадонда ўртача 4-5 киши истиқомат қилган бўлса, унда Хоразмшоҳлар даврида Самарқанд аҳолиси тахминан ярим миллионга тенг бўлганлигини аниқлаб олишимиз мумкин. Таққослаш учун мазкур даврда фақатгина Рим шаҳри аҳолисининг сони 20 мингга тенг бўлганлигини айтиб ўтиш жоиздир.

 

Юқорида тилга олинган икки сайёҳ Хоразмшоҳлар мамлакати ҳақида хабар берса-да, улар давлатнинг асосий маркази бўлмиш Урганч шаҳрида бўлишмаган. Мўғулларнинг Марказий Осиёга юриши давомида Чингизхон бош маслаҳатчиси Ляо сулоласининг вакили Йелюй Чуцай (Yelь Chucai 耶律楚材, 1190‒1244) ҳам иштирок қилади. Йелюй Чуцай 1219‒1224 йилларда Хоразмшоҳлар ҳудудининг кўплаб шаҳарларида бўлиб, уларнинг географик жойлашуви, иқлими, аҳолиси ва бошқа масалаларга оид маълумотларни “Ғарбга саёҳат хотиралари” (Си ю лу / Xi you lu 西游) номли асарида баён қилиб ўтади. Хоразмшоҳлар даврида Хўжанд, Косон, Самарқанд, Бухоро ва бошқа бир қатор шаҳарлар каби мамлакат пойтахти Урганч шаҳрининг тавсифи ҳам келтирилади. Мазкур асарнинг асл нусхаси узоқ давр мобайнида йўқолган, деб ҳисобланган эди. Эмиль Бретшнайдер 1875 йили мазкур асарнинг қисқартирилган нусхасини аниқлаб, инглиз тилига таржима қилади.

 

Япониялик олим Канда Синчо 1927 йили Токио шаҳрида жойлашган император кутубхонасида мазкур асарнинг XIII асрга тегишли тўлиқ нусхасини аниқлашга муяссар бўлади. Шу йилнинг ўзида хитойлик олим Ло Чжэнюй (Luo Zhengyu 罗振玉) ушбу асарни нашр қилади. Бундан ташқари Токиода топилган асл нусхаси Игорь де Рахевильц томонидан тадқиқ қилиниб, инглиз тилига таржима қилинади. Биз Токио нусхаси асосида Хитойда нашр қилинган матндан фойдаланиб, инглиз тилидаги иккала тадқиқотни таққослаган ҳолда асарнинг баъзи бир қисмларини ўзбек тилига таржима қилдик.

 

Йелюй Чуцай Муҳаммад Хоразмшоҳни “Мусулмон қабилаларининг султони” (Моусулумань чжунло солитань / Mousuluman zhongluo suolitan 速魯蠻種落梭里檀) деб тилга олиб, Хоразмшоҳларга қарашли Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарлари ҳақида қуйидаги тавсифларни келтиради:

 

訛打剌西千餘里有大城曰尋思干。尋思干者西人云肥也,以地土肥饒故名之。西遼名是城曰河中府,以瀕河故也。尋思干甚富庶。用金銅錢,無孔郭。百物皆以權平之。環郭數十里皆園林也,率飛渠走泉,方池圓沼,柏柳相,桃李連延,亦一時之勝㮣也。瓜大者如馬首許,長可以容狐。八穀無黍糯大豆,餘皆有之。盛夏無雨,引河以激。率二畝收鍾許。釀以蒲萄,味如中山九醖。頗有桑,鮮能蠶者,故絲蠒絕難,皆服屈胞。土人以白衣為吉色,以青衣為喪服,故皆衣白

 

尋思干之西六七百里有蒲華城,土產更饒,城邑稍多。尋思干乃謀速 魯蠻種落梭里檀所都者也。蒲華、苦盞、訛打剌城皆隸焉。

 

蒲華之西有大河名曰阿謀,稍劣黃,西入於大海。是河之西有五里犍城,梭里檀之母后所居者也。富庶又盛於蒲華。”.

 

Таржимаси:

“Ўтрор (Эдала / Edala 訛打剌) [шаҳри]нинг ғарбида бир минг ли (li ) [тахминан 576 км]дан зиёд узоқликда Семизкент (Сюньсигань / Xunsigan ) [Самарқанд] номли улкан шаҳар жойлашган. Ғарбликларнинг тилида Сюньсигань “семиз” маъносини англатади. Мазкур ҳудуднинг ери ҳосилдор бўлгани туфайли, шаҳар шундай деб аталар экан. Ғарбий Ляо (Си Ляо / Xi Liao 西遼) [одамлари, яъни қорахитойлар] ушбу шаҳар дарёларга яқин жойлашгани туфайли, уни Хэчжунгфу (Hezhongfu 河中府 – Дарёлар оралиғидаги марказий шаҳар) деб аташган. Семизкент ниҳоятда бой [шаҳардир]. Унда ишлатиладиган олтин ва мис тангаларнинг ўртасида тешиги йўқ ва қирраси текис эмас. Барча ишлар давлат томонидан олиб борилади. Шаҳар атрофи бир неча ўн ли (li )га чузилган бўлиб, унинг боғлари, шариллаб оқаётган ариқ ва булоқ сувлари, тўрт бурчакли сув ҳавзалари, бир-бирига уланиб кетган сарв, мажнунтол, шафтоли ва нок дарахтлари ажойиб манзара акс эттириб туради. Қовунларининг катталиги от калласидек келади, узунлиги эса тулки танасидек бўлиши мумкин. Саккиз хил зироат экилади, биргина йирик ёпишқоқ гуруч ва йирик донли ловия етиштирилмайди, қолганларининг бариси мавжуд. Ёз авжида ёмғир ёғмайди, далалар оқар сув билан суғорилади. 2 му / mu [0,14 га] ердан яхшигина ҳосил олиш мумкин. Узумни ачитиб [шароб] тайёрлашади, мазаси Чжуншань / Zhongshan 中山[ўлкаси] шаробига ўхшайди. Бу ерда тут дарахтлари мавжуд, [бироқ] [уларнинг барги] янги пайтида ипак қуртини боқишга ярайди. Шунинг учун ипакчилик билан шуғулланиш қийин. Ҳамма губао / gubao 屈胞 матосидан тикилган кийим кияди. Маҳаллий одамлар оқ рангдаги кийимларни яхшилик, кўк рангдаги кийимларни эса мотам рамзи деб билишади. Шу туфайли кўпчилик оқ рангли кийим кияди.

 

Семизкентнинг ғарбида ва 600‒700 ли (li ) [300‒350 км] узоқликда Бухоро (Пухуа / Puhua 蒲華) шаҳри жойлашган. [Мазкур ҳудуд] маҳсулотлари янада бисёр, қалъа ва улар атрофидаги қишлоқларнинг сони эса кўпроқдир. Семизкент мусулмон (моусулумань / мousuluman )] қабилалари султонининг (солитань / suolitan 梭里檀) пойтахтидир. Бухоро (Пухуа / Puhua 蒲華), Хўжанд (Кучжань / Kuzhan 苦盞), Ўтрор (Эдала / Edala 訛打剌) шаҳарларининг бари унга қарашлидир.

 

Бухоро ғарбида улкан дарё мавжуд бўлиб, у Аму (Amou 阿謀) деб аталади. [Сувининг ранги] бироз сарғиш. У ғарбдаги катта денгиз [Орол денгизи]га бориб қуйилади. Дарёнинг ғарбий томонида Урганч (Улицянь / Wuliqian 五里) шаҳри жойлашган. Унда султоннинг онаси ва рафиқаси яшайди. Мазкур шаҳар аҳолиси Бухородан ҳам кўра зич жойлашган бўлиб, у янада ҳашаматлироқдир”.

 

Изоҳ:

Эмиль Бретшнайдер таржимасида Бухоро шаҳри султон қароргоҳи сифатида кўрсатилади. Бундан ташқари Хўжанд ва Ўтрор шаҳарлари Бухорога қарашли, деб таржима қилинади. Фикримизча, бу ерда Бухоро, Хўжанд ва Ўтрор шаҳарлари “Мусулмон қабилалари султони”, яъни Муҳаммад Хоразмшоҳга қарашли бўлганлиги назарда тутилган.

 

Мазкур маълумот муаллифи Самарқанд шаҳрини Хоразмшоҳлар давлатининг маркази сифатида тилга олади. Урганч эса Муҳаммад Хоразмшоҳ онаси Туркон хотуннинг қароргоҳи тарзида тавсифланади. Аслида давлат пойтахти Урганчда жойлашганлиги маълум. Бироқ Муҳаммад Хоразмшоҳ Самарқандда ҳам ўз қароргоҳига эга бўлганлиги туфайли сафарнома муаллифи шундай маълумотни бериб ўтади. Умуман олганда, Йелюй Чуцай Хоразмшоҳларга тегишли бўлган ҳудудлардан, айниқса Самарқанд шаҳридан катта таассуротлар билан қайтиб келганлиги кўриниб турибди.

 

Хоразмшоҳлар довруғи жанубий Сун (Song , 1127‒1279) сулоласи ҳудудигача ҳам етиб боради. Сун сулоласи амалдори Чжао Жугуа (Zhao Rugua , 1170‒1228) ўзининг “Хорижий мамлакатларга оид хотиралар” (Чжу фань чжи / Zhu fan zhi 諸蕃志) номли икки жилдли асарида мусулмон ҳудудлар ҳақида ҳам баён қилиб ўтган. У жами йигирма тўртта мусулмон давлатлар рўйхатини келтиради. Ушбу рўйхатда Лошимэй / Luoshimei 囉施美 номли мамлакат ҳам тилга олинади. Мазкур сўз аслида Хоразм номининг бузилган шаклидир. Бу ерда сўзнинг биринчи бўғинини ифодаловчи иероглиф тушиб қолган бўлиб, Лошимэй / Luoshimei 囉施美разм” деган қисмнинг хитойча транскрипцияси ҳисобланади.

 

Хоразмшоҳлар ҳақида маълумот берувчи хитой манбалари қаторига мўғуллар асос солган Юань сулоласининг расмий солномаси “Юань сулоласи тарихи” (Юань ши / Yuan shi 元史) ҳам киради. Мазкур солнома анъанавий равишда мўғуллардан кейин келган Мин сулоласи тарихшунослари томонидан XIV асрда тузилган бўлиб, ўзида ушбу даврнинг таъсирини ҳам акс эттирган.

 

Ушбу тарихий асарда Хоразмшоҳлар ҳудудининг Чингизхон томонидан босиб олиниш босқичлари йилма-йил баён қилиб ўтилган. Мазкур маълумотлар мусулмон манбаларида ҳам келтирилади. Шу тариқа, “Юань сулоласи тарихи” асарида Чингизхон ва Муҳаммад Хоразмшоҳ ўртасидаги жанглар ҳақида янги маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ биз учун мазкур асарда Хоразмшоҳлар қайси ном билан аталганлиги аҳамиятга эга. Негаки, ушбу солнома кўрилаётган воқеалардан бир аср ўтгач яратилган. Шу туфайли, атамалар ҳам ўзгариб борган. Жумладан, Хоразмшоҳлар мамлакати “Ғарбий замин” (Сиюй / Xiyu 西域) тушунчаси доирасига киритилади.

 

Мазкур атама хитой манбаларида кенг ва тор доирада ишлатилади. Кенг маънода бутун Туркистон, Эрон ва баъзан ҳатто Ҳиндистон, араб дунёси ва бошқа ҳудудларга нисбатан қўлланилган. Тор маънода у ҳозирги Синьцзян Уйғур автоном ўлкаси (тарихий Шарқий Туркистон) ҳудудига нисбатан ишлатилган.

 

“Ғарбий замин” атамаси остида яна бошқа бир маъно ётганлигига ҳам эътибор бериш даркор. Ушбу ном билан аталган ҳудудлар Хитой билан алоқада бўлганлигини билдирган ва асосан Марказий Осиёда Хитой таъсири кучли бўлган даврларда қўлланилган. Бунга мисол қилиб Хань, Тан ва Юань сулолалари даврини келтириш мумкин. Яъни, Марказий Осиёга нисбатан бу атама ҳар доим ҳам ишлатилмаган. Масалан, Сун сулоласи манбаларида Қорахонийлар ёхуд Салжуқийларга тегишли ҳудудлар “Ташқи давлат” (Вайго Waiguo 外國), яъни Хитой ташқарисидаги мамлакат деб тилга олинади. Марказий Осиёда ташкил топган Чиғатойлар улуси расман Хитойда ҳукмронлик қилган мўғуллар сулоласи Юань императорининг устуворлигини тан олган. Шу туфайли, Чиғатойлар даврида Марказий Осиёга нисбатан “Ғарбий замин” атамаси қўлланилган. Мин сулоласи эса олдинги ҳукмрон сулолага қарашли бўлган ҳудудларга даъво қилган тарзда мазкур атамани қўллашни давом эттиради. Шу туфайли, Хоразмшоҳларга нисбатан ҳам ушбу атама ишлатилган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Хоразмшоҳларга оид хитой тилидаги манбалар асосан қитонлар ва мўғуллар босқинига оид маълумотлар билан боғлиқ ҳолда келтирилади. Мазкур манбаларни шартли равишда икки туркумга бўлиш мумкин. Биринчи турдаги манбаларга расмий тарихлар ва солномалар кирса, иккинчи турдаги манбалар Хоразмшоҳлар ҳудудига ташриф буюрган элчи ва сайёҳларнинг сафарномалари ҳисобланади. Мазкур манбаларда Хоразмшоҳларга нисбатан ишлатилган атамалар фарқланади. Расмий тарих ва солномаларда Хуэйхуэй го / Huihui guo “Мусулмонлар давлати” ва Сиюй / Xiyu 西域 “Ғарбий замин” атамалари ишлатилган бўлса, сафарномаларда Хуэйхэ го / Huihe guo 紇國, яъни “Уйғурлар давлати” топоними қўлланилган. Мўғуллар босқини даврида битилган сафарномаларда шу давр руҳияти акс эттирилган.

 

Шу билан бирга XIII асрда Хитойда ҳукмронлик қилган мўғуллар маъмурияти Марказий Осиё, жумладан, Хоразмшоҳлар ҳудудини ва унинг аҳолисини асосан уйғурлар билан боғлиқ тарзда кўрган. Бу аслида Хитойдаги мўғуллар маъмуриятида хизмат қилган, айниқса ёзув-чизув ишлари билан шуғулланувчиларнинг кўпчилиги уйғур бўлганлигининг натижаси бўлса керак.

 

Эҳтимол бу уйғурлар хоразмликларни “уйғур” деб аташган. Бунинг сабабини Хитойда мазкур ўлкалар ҳақидаги географик ва этнографик билимлар етарли бўлмаганлигидан далолат беради, дейиш ҳам мумкин. Лекин бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Чингизхон даврида мўғуллар Хоразмни яхши билган. Жумладан, Хоразмлик Маҳмуд Ялавоч ва бошқалар Пекинда ҳоким, давлат маслаҳатчиси бўлиб фаолият кўрсатишган.

 

Кейинчалик, Хуэйхэ (Huihe ) ‒ “уйғурлар” атамаси Хуэйхуэй (Huihui 回回 ‒ “мусулмонлар” демакдир) шаклига келиб, бутун Туркистон ҳамда Эрон аҳолисига нисбатан расмий атама сифатида ишлатилган. Шу туфайли, XIV асрда мўғуллар томонидан яратилган Ляо сулоласи расмий тарихида Хоразмшоҳлар давлати “Хуэйхуэй го” (Huihui guo 回回國), яъни “Мусулмонлар давлати”, деб тилга олинади. Мин сулоласи даврида битилган Юань сулоласининг расмий тарихида эса “Сиюй” (Xiyu 西), яъни “Ғарбий замин” атамаси қўлланилиши кузатилади. Шу тариқа, хитой манбаларида Хоразмшоҳларга ва умуман Марказий Осиё ҳудудига нисбатан ишлатилган атамаларни таҳлил қилиш орқали ҳам Хоразмнинг Хитойдаги мавқеи ҳақида янги фикр-мулоҳазаларга келиш мумкин.

 

Дилноза ДУТУРАЕВА,

ЎзР ФА Миллий археология маркази ва

Франция ижтимоий фанлар олий мактаби

илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//