Ўзбек матбуотининг йирик намояндаси Санжар Сиддиқ Абдул-Босит Исроилжон ўғли 1902 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Абдул-Босит аввал жадид мактабларида, сўнг мадрасада таҳсил олди, рус-тузем мактабида ўқиб, рус тили, Оврўпо илм-фани ютуқлари билан танишди. 1918-1919 йилларда “Чиғатой гурунги”да устоз Фитратнинг тавсияси билан Санжар номини олди. 1920 йилдан Эски Тошкентдаги 12-сонли мактабда ўқитувчи, айни вақтда “Иштрокиюн” газетаси таҳририятида адабий ходим ва таржимон вазифаларини бажарган. У бутун эътиборини нашр соҳасига қаратди ва тинимсиз ижодий ишга бағишлади. Қисқа даврда “РосТА” газетаси ва болалар журналларида муҳаррир, 1922–1924 йилларда “Қизил байроқ” ва “Туркистон” газеталарида котиб, “Инқилоб” журналида адабий ходим бўлиб ишлади. Сўнгги йилларда “Қизил Ўзбекистон” газетасида бўлим бошлиғи, 1925 йилдан “Ер юзи” журналида масъул котиб каби яна бошқа нашрларда ҳам масъул лавозимларда фаолият олиб борди. Босит Сиддиқов (Санжар) олий маълумот ололмади, ҳеч қачон коммунистлар партияси аъзоси бўлишга интилмади.
Унга нисбатан таъқиб бошланганда ҳам “Гулистон” журналида адабий ходим ва масъул котиб вазифасида ишларди. Санжар Сиддиқнинг юздан ортиқ публистик мақолалари ва театр тақризлари нашр этилди. У журналист сифатида ўз мақолаларида “Китобхон”, “Бир киши”, “Санжар нафратчи”, “Калтадум”, “С.С.”, “Газетчи”, “Тошкентлик”, “Кўз-Қулоқ”, “Санжар” ва бошқа номларни қўллаган. У масъул лавозимларда ишлаш билан бир пайтда ўта самарали ижод қилди. Салимхон Тиллахонов ўз “Хотиралари”да: “Санжар ҳозирғи вақтда Ўзбекистонда ёзувчиликда биринчиликни оладир. Ҳозирғача махсус асар ёзмаған бўлса ҳам ёзувчилар орасинда энг маълумотлиси шул Санжардир. Санжарнинг ҳамма вақт ёзған асарлари миллий йўлда бўлған, ёзув ила миллий ташкилотга ёрдам бериб, миллия учун жуда яхши ташвиқот қилғон” деб ёзган эди. Дарҳақиқат, унинг ёзган мақолалари ўз вақтида қанчалик долзарб масалаларга қаратилган бўлса, бугунги кунда ҳам муаллифнинг соҳани чуқур билиши ва муаммонинг асл илдизларига етиб бора олиши билан юксак эътиборга моликдир. Жумладан, унинг “Ипак”, “Радиоҳаваскорлар”, “Темир йўлнинг 100 йиллиги”, “Китобхон Тошкент”, “Чигитлардан ҳайвон учун овқат” кабиларни санаб ўтиш мукин. “Ер юзи” журнали саҳифаларида босилган “Кураш” мақоласида ўзбек курашининг халқ миллий қадрияти сифатидаги хусусиятларига тўхталса, “Бугунги Бухоро”да “Газетчи” сизни “Бухорои Шариф”га олиб боради. Қадим афсонавий шаҳарнинг жин кўчалари, обод бозорлари, кўчада фойтунларни учириб юрувчи абжир аравакашлари, Бухоро ҳовузларининг сири, мешкоплар, шахматчилар билан таништиради. Мақолани ўқиш жараёнида Бухорода юрган сайёҳга айланасиз, кўчалардаги ярим тожикча чақириқлар, ўзаро гап қистиришлар, суҳбатлар гўё қулоғингиз остида кечади. Бир пайтда Янги Бухоро шаҳрининг бекорчилару ўғрилар билан тўлгани, бир вақтлардаги сўлим гўшанинг ари уясидек ўз хотиржамлигини йўқотганини ҳам тасвирлаётганини англаш қийин эмас. Мақолада 1920 йил сентябрь ойининг даҳшатли кунларида тўпга тутилиб, тўкилиб қолган Минораи Калон суратининг берилиши ҳам маълум маънога эга. Ваҳоланки, қадим Бухоронинг рамзи бўлган бу минора 1923-1924 йиллар Ф.Хўжаев буйруғи билан уста Ширин Муродов раҳбарлигида бир гуруҳ меъморлар томонидан қайта тикланган эди. Шунингдек, кенг халқ оммасининг жаҳон миллатлари турмуш тарзи ва анъаналари ҳақидаги илмларини ошириш мақсадида ҳам қатор мақолалар эълон қилди. Булардан “Майда миллатлар мамлакати” мақоласи Чехословакия ҳақида, “Бурунғи маданият қолдиқлари” мақоласи эса америка ҳиндулари ҳаётидан ҳикоя қилади. Уларнинг оилавий муносабатларидаги тенглик, миллий анъаналарига садоқатини тилга олади. “Кобил” мақоласи қўшни Афғонистон халқларининг ҳаётидан хабар бериб, унда мустақил Афғонистон мамлакатининг ташқи ва ички сиёсатидаги ҳаёти чексиз муҳаббат билан тилга олинади. Бу мақолани кейинчалик, унинг “иши”да асосий жиноятларидан бири сифатида баҳолашади. Санжар Сиддиқ қаламига мансуб мақолаларнинг барчаси тушунарли ва содда тилда ёзилгани, ўқувчи дунёқараши, илмий тафаккурининг ўсишига хизмат қилиши билан юксак бадиий қийматга эга.
Санжар Сиддиқ “Ўзбек театри” мақоласида миллий асарлар яратиш масаласида кескин мулоҳазалар билдиради. У театрлардаги европа, рус, татар, озарбайжон театрларининг асарлари қанчалик профессионал бўлмасин ўзбек халқи ҳаётидан, турмуш тарзидан узоқлиги учун уларни халқ қабул қила олмайди, дейди. Айниқса, охирги пардаларда “Марсельеза”, “Интернационал” қўшиқларининг тиқиштирилиши томошабинларнинг нафаратига сабаб бўлиб турибди. Натижада халқдан олқиш ўрнига сўкиниш эшитилмоқда. Бу эса фақат артистларнинг эмас, ёзувчиларнинг ҳам халқ ҳаёти, турмуш маданияти, орзу истакларидан нақадар узоқлигини англатишини айтиб, “Халқимиз ҳозирги даврда бу санъатни, айниқса европа санъатини хоҳламайдир” дейди. Нима учун “Ҳалима” ва “Ёрқиной” машҳур бўлиб кетди. Ундаги халқ ҳаётидан олинган саҳналар, таниш қаҳрамонлар халқни театрга тортмоқда. Бугун Шекспир, Гоголь асарлари эмас, кўпроқ халқ учун хизмат қиладирган “Ўзбек халқ театрусини тузмоқ керак”, деб ҳисоблайди.
Санжар Сиддиқ таржимон сифатида нафақат саҳна асарларини, балки кўп сонли ўқувчиларнинг эҳтиёжини инобатга олиб бир қанча кичик ҳикояларни ҳам таржима қилди. Улардан машҳур немис адиби В.Голландернинг “Маҳмуд ибн Камолнинг саргузашти”, немис ёзувчиси Бернхольд Келлерманнинг Эрон саёҳати таассуротлари мақоласидан “Эронистон биёбонларида” номли таржималарини келтириб ўтиш мумкин. Шунингдек, немисчадан Фрайниел асарларидан “Кутилмаган бахт”, Анри Барбюсдан “Қўрқинчли поезд” каби қатор бошқа ҳикояларни таржима қилди. Бу асарларни қанчалик ҳукмрон мафкура талабларига мослаб талқин этилмасин, ўқувчи таржимоннинг мақсадини жуда яхши англайди. Уларда миллатнинг истибдодга қарши ички туғёни, озодлик ва тенглик учун кураш, зулмга нисбатан нафрат уфуриб туради. Санжар Сиддиқ айни пайтда ўзбек ижодкорлари асарларини ўзга тилларга таржима қилиш ишларини ҳам бошлаб юборди. Айтиш мумкинки, мустабид тузумнинг бегуноҳ қурбони Санжар Сиддиқ ўзининг қисқа умри давомида ўзбек матбуоти тараққиётида ўчмас из қолдирди. Унинг ижодий мероси, ёзган мақолалари ва таржималари ўз вақтида халқимизнинг маънавий камолоти, бадиий тафаккури ўсишида муҳим ўрин эгаллади.
Санжар Сиддиқ Ўзбекистонда биринчи бўлиб таржима назариясига бағишланган “Адабий таржима санъати” илмий монографиясини ёзди. Моҳир таржимон сифатида ўзбек ўқувчилари учун рус, немис, инглиз ва форс тилларидан кўплаб асарларни таржима қилди. Кўп йиллар Санжар Сиддиқнинг таржимаси асосида Лопе де Веганинг “Қўзибулоқ қишлоғи” (1931), Ас-Хабибнинг “Бомбей” (1931), П.Фурманский ва Я.Радионовларнинг “Ван Ши Бин” (1932), Н.Ф.Погодиннинг “Менинг дўстим” (1934), Н.В.Гоголнинг “Ревизор” (1934), Н.Захрининг “Қувончлар кўчаси” (1938) асарлари Ҳамза номида Ўзбекистон Давлат Академик театри репертуаридан ўрин олганди. 1931 йил америкалик шоир Лэнгстон Хьюзнинг шеърлар тўпламини, 1937 йил Л.Толстойнинг “Кавказ асири”ни, П.А.Павленконинг “На востоке” романини ва А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтовнинг айрим шеърларини таржима қилди. Эндигина 35 ёшни қаршилаган ва ўз ижодининг айни чўққисига эришган вақтида Санжар Сиддиқ номи совет қатағон машинаси бўлган НКВД идорасининг “қора рўйхати”га тиркалди.
1937 йил 4 августда “Гулистон” журнали адабий ходими Санжар Сиддиққа нисбатан аксилинқилобчи айби ўйлаб топилади. 1937 йил 16 августда Санжар Сиддиқнинг Тошкент шаҳри, Октябрь райони, Охунбобоев маҳалласи, 312-уйида тинтув ўтказилди ва бор бисоти давлатга мусодара этилди. Унинг 65 ёшли онаси Зубайда Абдуғофурова, укаси Мақсуд, хотини Камола Мавлонова, ўғиллари Бори, Баҳодир ва қизи Машҳуралар ўз жигарларининг ортидан қон йиғлаб қолдилар. Осмон баланд, ер қаттиқ. Қалбида ватан, миллат муҳаббатини ардоқлаган Санжар Сиддиқ қаерга олиб кетилаётганини аллақачон тушуниб етганди. У уйидан қаддини ғоз тутган ҳолда чиқиб кетди. Бироқ, бешигида ҳеч нарсани англамай ҳайрон ётган, 2 ёшли қизи Маъмура билан хайрлашар экан ичидан нимадир узилиб кетганини ҳис этди.
1937 йил 31 августда биринчи сўроқ ўтказилиб, отасининг Тошкент атрофида 2 га боғи бўлганидан бошқа маълумот чиқмади. 1937 йил 10 сентябрь куни Ҳамза номидаги Миллий театр репертуаридан Санжар Сиддиқ таржималари асосида яратилган “Менинг дўстим” (Н.Ф.Погодин), “Қўзибулоқ қишлоғи” (Лопе де Вега), “Чудесний сплав” (Киршона), “Ван Ши Бин” (Фурманский ва Радионов)лар олиб ташланди. Бу кўпчилик учун унинг “халқ душмани” сифатида “фош этилган”лигини исботлар эди. 1937 йил 2 октябрда ўтказилган қайта сўроқда у ўзига қўйилган миллатчилик фаолияти ҳақида тўқиб чиқарилган айбловларнинг барчасини қатъиян рад этди. Н.И.Триғулов томонидан ўтказилган ваҳшиёна “воситалар” ҳеч қандай самара бермади, унинг иродасини синдира олмади.
Юзлаштиришларда Санжар Сиддиқ ҳеч қандай айби йўқ эканлигини маълум қилди. Шундан сўнг Санжар Сиддиқ ишлаган “Гулистон”даги фаолиятини “текшириш” хулосасида: “Авантюрист” мақоласида Анвар пошони идеаллаштирган, уни қаҳрамон сифатида тасвирлагани, кўккўз русларга қарши курашувчи Иброҳимбекка ёрдамга келгани, тожик қишлоқлари 1928 йилги очарчиликда Анвар пошони нажоткор сифатида тилга олишганини ёзган эди.
1938 йил 8 октябрь кечаси соат 2:10 дан 2:30 гача давом этган “учлик” йиғини бирор айби исботини топмаган, ўзи айбловларни қатъиян рад этгани ҳолда ҳам С.Сиддиқни отувга ҳукм этди. Оила аъзолари учун ҳеч қандай маълумот берилмади. Сталинизм фош этилиши билан С.Сиддиқнинг “иши” ҳам қайта кўриб чиқилди. 1956 йил 6 февралда Н.И.Триғулов қайта сўроқ қилинади, бу пайтда у Тошкентдаги №84 заводда цех бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган эди. Н.И.Триғулов ўз вақтида тергов жараёни ва юзлаштиришларнинг “қонуний” ўтганини айтади. Бироқ, С.Сиддиқни эслай олмаслигини маълум қилади. Назир Сафаров (1905), Зинат Фатхуллин (1903)лар С.Сиддиқ ҳақида фақат яхши гапларни айтадилар. С.Сиддиқ 1956 йил 26 июлда СССР Олий суди томонидан тўлиқ оқланади.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ