Собир Раҳимов 1902 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган. Отаси Умар Раҳим ўғли тегирмончи эди. 1909 йил отаси вафот этиб, етим қолди. Собиржон 1921 йилгача тикувчига шогирд тушиб, онасига таянч бўлди. Унинг тафаккури Тошкентнинг қайноқ муҳитида шаклланди. Айни пайтда жадид мактабида тиришқоқлик билан таълим олди.
1922 йил “Кўмак” жамияти ҳомийлигида бир қатор ўзбек ёшлари сафида таҳсил олиш учун Озарбойжонга йўл олди ва 1925 йилгача Боку Бирлашган ҳарбий мактабида ўқиди. Ватанга қайтиши билан “Алоҳида ўзбек отлиқ аскарлар полки”да капитан унвонида фаолият бошлади. 1930 йил командирлар состави малакасини ошириш курсини тамомлади. 1932 йил 17 майдан 6-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси, 1936 йилдан 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси таркибидаги 42-ўзбек тоғ отлиқ полки штаб бошлиғи лавозимида иш олиб борди. Дарҳақиқат, Миркомил Миршаропов раҳбарлигидаги Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг шуҳрати ва ҳарбий салоҳияти мислсиз юксалди.
1935 йил январдан дивизия қўмондонлигига И.В.Селиванов (1886–1942) тайинланади. Бироқ, 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясида И.В.Селиванов ўзининг тажанглиги, ахлоқсиз тили билан тез орада ҳурматсизланади. У аҳволни тузатиш мақсадида айрим маҳаллий зобитларни сотиб олишга киришади. Жумладан, 1936 йил 30 апрелда Собир Раҳимовни ҳам босмачилар билан курашда кўрсатган қаҳрамонликлари учун деб “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирлайди. Шунга қарамай у Селивановнинг орденига учиб дўстларига хиёнат қилмади ва тоталитар тузумнинг қатағон рўйхатидан ўрин олди.
1938 йил 17 март куни битилган ордер асосида Собир Раҳимов қамоққа олинади. Шахсий анкетасига кўра бу вақтда унинг оила аъзолари сифатида турмуш ўртоғи Раҳима Ҳасанова ва унинг онаси Шосирўй хонимларнинг номлари келтирилган. У илк сўроқдаёқ ўзига қўйилган айбловларни мутлоқ рад этади. Шунга қарамай, 1938 йил 28 март куни унга ЎзССР ЖКнинг 57-(чет эл жосуси) ва 67-(аксилинқилобий ташкилот аъзоси) моддаларини қўллаб ҳукм чиқаришади. 1938 йил 1 апрелдан терговчилар ундан аксилинқилобий ташкилот аъзоси эканлигини тан олишини талаб қилади. У таҳқир ва қийноқларга сабот билан бардош берди. 1938 йил 7-8 апрель кунлари терговчи Васильев аввал мушт, сўнг 1,20 метрлик метал калтак билан тинимсиз савалайди. Шундан сўнг 7 кун давомида тик оёқда турғизиб қўйиб, муттасил жисмоний қийноқлар қўллайди. 15 апрель куни ақлдан озиш даражасига келган Собир Раҳимов қўлига тутилган қоғозларга имзо чекади ва шу куни уни камерага судраб олиб келишади.
Собир Раҳимовни 1938 йил 19 май куни яна терговга чақирадилар. Бу гал ундан дивизияда мавжуд аксилинқилобий ташкилот аъзосисан ва қолган аъзоларнинг номларини ҳам келтирасан деб талаб қилишади. У 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясида ҳеч қандай аксилинқилобий ташкилот йўқ деб жавоб беради. Шундан сўнг Васильев уни таҳқирли сўзлар билан ҳақоратлаб, “Миршаропов марши”ни куйлагансан, “Руслар устимиздан тўла ҳукмронлик қилмоқчи, бу даюслар бизни командир сифатида тан олмаяпти”, дегансан, энди ҳаммасига жавоб берасан, дейди. Собир бирорта айбловни тан олмаслигини ва бирор жойга имзо чекмаслигини маълум қилади. 22 май кунидан бошлаб яна 4 кун мобайнида тик оёқда сақлаб, қийноққа соладилар. Зулм ва очликдан ҳолсизланган Собир Раҳимов 1938 йил 25 май куни ҳушидан кетиб йиқилади.
1938 йил 12 сентябрь куни яна сўроққа чиқарилади. Бу гал унинг олдига гувоҳ Муҳаммад Зиёев деган кимсани келтиришади. Юзлаштиришда Муҳаммад Зиёев 1932 йил май ойида Самарқандда, аксилинқилобий ташкилот йиғинида уни кўрганлигини айтади. Собир Раҳимов индамай тинглайди ва ўзининг айнан ўша вақтда Самарқандда эмас, Тошкентда бўлганини исботлаб беради. Бу гал ҳам иши ўхшамаган терговчилар Собир Раҳимовни 14–19 сентябрь кунлари яна тик ҳолатда, мислсиз қийноқларга солади. Собир Раҳимов ўзига қўйилган барча бўҳтонларни қатъий рад этиб, бирорта айбловни тан олмаслигини маълум қилади.
Собир Раҳимовнинг 1939 йил 30 апрель куни Берияга ёзган аризаси, бахтли тасодифми, унинг қўлига етиб боради. Мазкур ариза асосида 1939 йил 17 май куни Собир Раҳимов иши юзасидан қайта текширишлар бошланади. 1939 йил 25 июнь кунги сўроқда Собир Раҳимов ўзига нисбатан қилинган бўҳтон, ноқонуний қийноқ ва таҳқирларни сўзлайди. 1939 йил 29 июнь куни қайта тергов якунланиб, унга қўйилган ЎзССР ЖКнинг 57-2, 63-, 65-, 67-моддаларида кўзда тутилган жиноятлар далиллар билан исботини топмаганлиги учун оқлашга қарор чиқарилади. 1939 йил 2 июль куни Собир Раҳимовдан қамоқда қўлланилган қийноқлар ва сўроқларни мутлоқ сир тутишга сўз берувчи тилхат олинади ва турмадан чиқиши учун талон берилади.
1939 йил 9 октябрь куни Собир Раҳимов билан бирга Йўлдош Шокиров, Солижон Мелиев, Иван Анваров, Қўшоқ Тўхтабоев, Абдуқодир Абдураҳимов, Маҳмуд Эшматов, Ҳамид Исмоилов каби қатағонга учраган ўзбек зобитларининг озодликка чиққани қонунийлаштирилди.
Собир Раҳимов узоқ давом этган сарсон-саргардонликлардан сўнг, 1940 йил охирига келиб қуролли кучлар сафига қайта тикланишга муваффақ бўлди ва Ғарбий махсус ҳарбий округга жўнатилди. 1941 йил июнь ойида Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Собир Раҳимов майор унвонида, мотоўқчилар полкининг командири ўринбосари лавозимида фаолият бошлади. У 1941 йил июлда яраланади, 1941 йилнинг ноябрь ойи сўнгида шиддатли жангларда ўз полки билан Ростов шаҳрини биринчи бўлиб ишғол этади ва бу хизмати учун “Қизил байроқ” ордени билан тақдирланади.
1942 йил январида яна яраланиб, май ойида фронтга қайтади. 1942 йилнинг ёзида Вермахт Қизил армияни Волгага тақаб қўйган пайтда Собир Раҳимов Шимолий Кавказ мудофаасига масъул бўлади. Сентябрга келиб дивизия қўмондонлигини қўлга олиб, душманнинг Қора денгизга чиқишига асосий тўсиқ яратади. Душман қанча куч ташламасин, у чекинишни хаёлига ҳам келтирмади. 1943 йил бошида полковник Собир Раҳимов дивизияси Шимолий Кавказдаги ҳужум операцияларида, мислсиз жангларда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. 1943 йил 19 мартда генерал-майор ҳарбий унвонини олди. У генерал бўлишига қарамай, қадим туркий қўмондонлар анъанасига амал қилиб, ҳар қандай жангда олдинги сафларда турди. Ҳамиша оддий аскарлар билан ҳамсуҳбат ва ҳамфикр бўлди. 1943 йил 8 апрелда генерал-майор Раҳимов дивизия бошқарувидан олиниб, Москвага бош штаб ҳарбий академиясига ўқишга юборилди. Бош штаб ҳарбий академиясининг жадаллаштирилган курсини тугатгач, фронтга қайтади ва 1944 йил ноябрда ўқчилар дивизиясига командир этиб тайинланади. Собир Раҳимов 65-армия таркибида Шарқий Пруссияга ҳужум операциясида ҳам жонбозлик кўрсатади. У Жанубий фронтдаги моторлаштирилган полк командири, Закавказье фронтида ўқчи дивизия командири сифатида энг оғир нуқталардаги жангларда шахсан ўзи бошчилик қилди. Генерал Собир Раҳимов 1-Белоруссия фронти қўшинлари таркибида Барановичи, Слоним, Белосток, Грауденц ва бошқа шаҳарларни, Белоруссия ва Польшани озод қилишда қатнашди. Гданцк кўчаларига ҳам биринчи бўлиб кириб келди. 1945 йил 26 март куни Гданьск шаҳрини озод этиш учун бўлган жангда ҳужумга ўтган душман кемалари артиллериясидан отилган катта калибрли тўплардан дивизиянинг кузатув пункти йўқ қилинди. Кузатув постида бўлган генерал-майор Собир Раҳимовнинг боши снаряд парчасидан оғир яраланди ва саккиз соатдан кейин ҳушига келмасдан касалхонада вафот этди.
Польша халқи ўзбек ўғлонини ҳамон ардоқлаб келмоқда. Гданьск шаҳридаги кўчалар, мактабларга унинг номи берилган. 1965 йил 6 март куни Собир Раҳимовга ҳақли равишда Қаҳрамон унвони берилди. Унинг хоки Тошкентга келтирилди. Тошкент шаҳрида туман, метро станцияси, бир неча мактабларга номи берилди. 1967 йил Комил Яшин пьесаси асосида “Генерал Раҳимов” бадиий фильми яратилди. 1981 йил Тошкентнинг Собир Раҳимов туманида муҳташам ҳайкал ўрнатилди. Бироқ на тарихчилар, на санъаткорлар томонидан унинг қатағони билан боғлиқ воқеликлар эсланмади. 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясидаги Миркомил Миршаропов йигитларининг аччиқ қисмати тилга ҳам олинмади. Ваҳоланки, у ҳеч қачон ўзига нисбатан қилинган ноҳақ зулмларни унутмади. Ҳаётининг сўнгги кунларида “Қизил Ўзбекистон” газетаси мухбирига интервью берар экан, ўзининг илк қурол тутган кунлари, дўстлари ҳақида эслаганида бекорга кўзидан ёш келмаган эди. Балки, Сталиннинг уни “темир генерал” деб таърифлаганида ҳам маълум маъно бўлса керак.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
4 Изоҳлар
Тоҳир
12:01 / 01.01.1970
Автор фанлар доктори экан ёзилган мақола кўп тушунмовчиликларни англашга ёрдам берди. Фақат бир савол туғилаяпти. Нима учун сиздан бошқа тарихчилар ўз вақтида бошқача таржимои хол тақдим қилишган. Мана мустаққил бўлганимиздан кейин унинг номини йўқ қилшга уриндилар. Ҳайкалларини олиб ташлашди. Нима учун давлат раҳбари ўзгардан кейин тарих ҳам ўзгара бошлайди тарихчи ва фан доктори сифатида шу саволга жавоб бера оласизми?
Иброхимжон
12:01 / 01.01.1970
Генерал Собир Рахимов тугисидаги бадиий фильми намоиш килинган.Шу фильм оркали халк таниган.Энди Собир Рахимовни катагон давридаги курган кечирган азоб укубатлари тугрисида, киночиларимиз тарихий сериал ишлаб чикаришса олий нур булур эди
Угилхон
12:01 / 01.01.1970
Мен узбек биринчи генерал Собир Рахимовни уша кинода куриб болалигимда мехр куйганман,катагон карбона булган маьлумотни укиб, узбек генерал хакида карта кино ишланса деб мурожат килардим,бу хозирги кун ёшларига бир тарихий асар буларди.
Илхом
12:01 / 01.01.1970
Собир Рахимов Узбекистон Биринчи Генералидир. Уни Хайкали Доимо сакланиб, у хакида Хакикат Езилгани Яхши. Уз Кахрамонларимизга Хурмат доимо булиши Керак.