Адабиёт
Сароймулкхоним Соҳибқирон Темурнинг севимли хотини бўлганлиги, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутганлиги барчамизга маълум. Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асари ҳам ушбу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди ва Баёнқулихон пойтахти бўлмиш Бухоро шаҳрида ёш Темур малика Сароймулкхоним билан қандай танишганлиги воқеаси баён қилинади: “Бир кеча тушида (Баёнқулихон) Шайх ул-аъламни кўрди. Айдилар: хилофи шаръий қилмагил, тургил, қизларингни эрга бергил. Баёнқулихоннинг тўққиз қизи бор эди. Уйқудан туриб барча қизларини жаъм қилди... Барчасидан кичиги Сарой Мулк хонимча эди, айди, эй ота, сизнинг давлатингиз соясидан ҳеч жойга бормасмен, эр ҳам қабул қилмасмен, деди...” Подшоҳ кунлардан бир куни тушида яна бир бор Шайх ул-аъламни кўради. Бу мўътабар зот подшоҳдан Сароймулкхонимни турмушга беришини сўрайди. Эртанги куни хон қизини ҳузурига чорлайди. Қиз эса “манинг хоҳишимга қарасангиз?! Мани Тарағай Баҳодир ўғлига (Амир Темурга) берингиз” дейди. Бироқ, Шаҳрисабз беги Тарағай баҳодир билан хон ўртасидаги муносабатлар совуқлашганлиги туфайли Баёнқулихон ушбу никоҳга розилик бермайди. “Темурнома”да Сароймулкхоним Баёнқулихоннинг қизи деб кўрсатилган бўлса-да, аслини олганда, тарихий манбалар унинг Қарши шаҳрида ҳокимлик қилган амир Қозонхоннинг қизи бўлганлигини, 1341 йилда Қаршида туғилганлигини далолат беради.
Баёнқулихон арзанда қизини Амир Темурга узатишга унамагач, малика отасига “кимдан ким мен билан шахмат ўйнаб ютса, ғолибга хотин бўламан, гарчи у чўпон бўлса ҳам” дейди. Хон бу мусобақага розилик беради. Малика қул йигит усти бошини кийиб, шахмат мусобақасига келади; ”Хонимча айди; ман қулбачаларингиз сифатида бўлай. Сиз айтинг, ким бизни қулбачамиз билан шатранж ўйнамоқ даъвосин қилур, ҳар ким шуни ютса ман унга қулимни инъом қилурман. Хон андин кейин қизин сўзин қабул қилиб, хўп деди”.
Тонг саҳардан шахмат усталари мусобақага кела бошладилар. Хонлик жарчилари бутун Бухорога бу ҳақда хабар қилдилар. “Одамлар-о, одамлар! Эшитмадим деманглар!” Аммо мусобақага ким келса ҳам Сароймулкхонимга тенг келолмади. У хонликда донғи кетган шахмат усталарини ҳам мағлубиятга учратади. “Андин кейин жарчи бозорларда нидо қилур эди. Амир Соҳибқирон бу овозни эшитиб, чиқиб сўрди, жарчи воқеани баён қилди. Аммо шатранж ўйнамоққа мисли йўқ эрди. Амир айди; Мен ҳам билурман. Андин кейин Амир Соҳибқиронни олиб бордилар. Хон кўрдиким, бир турк бача, эгнида чакмон, бошида телпак... Хон буюрдиким, қулбачани (Сароймулкхоним) келтуринглар. Дарҳол келтурдилар. Амир билдиким, ўғил либосини кийибдур, аммо ўзи қиздур. Филҳол, кўриб бир-бирига кўнгил бердилар”.
Шундан сўнг хонтахта устига шахмат олиб келиб қўйдилар. Амир Темур хонга юзланиб ўз шартини изҳор этади: “Соҳибқирон айди: ман шарт билан ўйнагайман. Хон айди: шарт шулки, агар ютсанг, бу қулбача сеникидур. Амир айди: бой берсам нима қилурман? Хон айди: Сандан ҳеч тамаъ йўқ. Амир айди: гар ман ютқузсам шу ғулом бачага қул бўлурман. Ўзи ёшурун ошиқ бўлиб эрди. Эмди шатранж ўйнай берди уч бисотгача. Ҳар бисотигача бир кеча ва бир кун ўтиб кета берди”. Кўриниб турибдики, бу “рақиблар” шахмат ўйини ҳадисини олган, халқаро гроссмейстерларни эслатади. Биз келтираётган мазкур воқеа бир афсона, холос. Аммо, Соҳибқирон Темур ҳаётда ҳам ўз замонининг тенги йўқ йирик шахмат усталаридан бири бўлган. Тарихчи Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихи” китобида Соҳибқирон Темур катта шахмат ўйнаганини ёзган: “Ўз фикрини пешлаш мақсадида у муттасил шатранж ўйнайди. Унинг ҳиммати кичик шатранж (ўйнаш)дан олий бўлиб, у катта шатранж ўйнайди... Темур шатранж ўйнаб, шатранжчиларнинг алломаси Алоуддин (ат Табризий)га: “Гўё мен мулк сиёсатида ягона бўлганим каби, сен шахмат оламида тенги йўқсан”, (шунингдек яна у) бизлардан, яъни мен ва мавлоно Али Шайхдан, ҳар қайсимизнинг санъатимиз кароматларга эга бўлиб, беназир кишилармиз, – дерди. Шахмат ўйинию мансубалари илмида унинг ўзига хос шарҳи бўлиб, у билан ўйинда чуқур ўйламасдан (унинг) фикри ҳаддига етишга ҳеч бир кимса қодир эмасди. ...Мен (Ибн Арабшоҳ)га ҳикоя қилишларича, у, Оллоҳ юзини кароматли қилғур, амирул мўминийн Алини тушида кўрган. Али унга бир халтада шахмат тутқазгач, шундан кейин ҳеч бир инсон ундан ғолиб чиқмаган. Унинг ўйин пайтидаги (шатранж мажлисларидаги) сифатларидан бири шу эдики, у ҳеч тафаккур қилмай, фақат (унинг) рақиби узоқ ўйлаб фикрга чўмганидан кейин ўйнагач, у ҳеч бир тадбир кўрмасдан юриб қўярди. Бир вақтнинг ўзида у (ат Табризий) икки рақиб билан ғойибона ўйнарди ва ҳисоблаши натижасида ўз томонида қандай доналар ва рақиблари томонидан қандай доналар борлигини биларди. У ва Амир (Темур) катта шатранж ўйнардилар”.
Хўш, азиз ўқувчи, Амир Темур ва Сароймулкхоним ўртасидаги мусобақада ким ғолиб бўлди, деб ўйлайсиз? Албатта, Сароймулкхоним эмас. У Амир Темурга кўнгил қўйган, шахмат у билан учрашиш, дийдорлашиш воситаси эди, халос. Мусобақада Амир Темур ғолиб келди. “Ахир, хонимча этакин силкитиб, туруб уйига кетти. Хон ҳайрон бўлди. Бул анойи киши деб фаҳмлаб эрди, лекин Амир Соҳибқирон ман Тарағай баҳодур, ўғлиман деб маълум қилмади”. Сабаби хон жанглардан бирида Амир Тарағай баҳодурни ташлаб қочиб кетади. Шундан сўнг Соҳибқирон Темурнинг отаси “агарда хон жангда номардлик қилиб қочмаганида, жангда ғолиб бўлар эдик”, деб гапиради. Бу гап эса хоннинг қулоғига етиб боради ва у Тарағай баҳодурдан қаттиқ хафа бўлади. Ана шу боис у Амир Темурни куёв қилишни хоҳламайди.
Хон гарчи шахмат мусобақаси ғолибини тонгда саройга келишини айтган бўлса-да, мулозимларга уни ҳузурига қўймасликни тайинлади. “Эртаси бир чўри Соҳибқиронни ахтариб келиб, ...бир қоғоз хат ёзилганни берди. Айтибдурким, “ҳамд ила дуруд адосидин сўнгра ур ёрижонимга салом ва паём бўлсунким, ушбу сиз билан шатранж ўйнаган қул бача хон қизи Сарой Мулк хонимча бўлурман. Иштиёқи муҳаббат манда бўлса ва соим боғинда жамолим чироғинда умид қилса хонга келиб арз қилсун. Отам одил бўлса, мани анга берса керак. Мабодо бошқа қулбачани берса олмасун, нома тамом вассалом”.
Амир Темур хон билан гаплашади. Баёнқулихон унинг ҳузурига бошқа қул йигитчаларни юборади. Бироқ у Сароймулкни талаб қилади. Вазир Сирож Қамарий Соҳибқирон Темурга учрашиб, “ул хоннинг ўзини қизидур, боргил, мулукона тўй асбобини келтургул...” дейди. Бироқ кўп ўтмай Амир Темур ўғирликда айбланиб, “туҳмат” билан зиндонга ташланади. Вақти соати етиб, Баёнқулихон вафот этади. Тахтни валиаҳд Бароқхон эгаллайди. Амир Темурнинг зиндонда эканлиги барчанинг хаёлидан кўтарилади. Фурсатдан фойдаланган зиндонбон ҳам “маҳбус”ни қўйиб юборади.
Шундан сўнг Амир Темур Сароймулкхоним билан учрашиш бахтига муяссар бўлади. Бироқ висол узоққа чўзилмайди. Бароқхон бу икки ошиқу маъшуқни таъқиб қила бошлайди. “Амирнинг аъзоси етмиш жойидан ярадор бўлуб, Амир ўзидин кетиб йиқилди. Муқаррар қилдиларким, ўлди деб оёғидан судраб, Шайх Ҳасан Бохурзий майдонига олиб бориб ташладилар”. Аммо у қирқ кунда тариқат пири Шайх Ҳасан кўмагида шифо топиб кетди. Сароймулкхоним эса жаллод қулидан қутилиб, Шаҳрисабзга йўл олди. Афсоналардан ижодий фойдаланилган “Темурнома” асарида Тарағай Баҳодур томонидан келин иззат-икром билан кутиб олинганлиги, кўп ўтмай Соҳибқирон ҳам ёри ҳузурига қайтганлиги, тўю тамоша бўлганлиги ҳақида ёзилган.
Сароймулкхоним ҳақида гап кетар экан, тарихий манбаларда у Амир Ҳусайн енгилгандан сўнг Соҳибқирон Темур ҳарамига ўтганлиги қайд этилганлигини айтмасак бўлмас. Тарихий, адабий ва илмий манбалардан ҳам унумли фойдаланилган “Темурнома” бадиий асарида Бибихоним ҳақида янада қизиқарли маълумотларга дуч келамиз. Мўғил хони Оқтемурхон Соҳибқирондан зўрлик билан унинг севимли хотини Сароймулкхонимни тортиб олади. Вафодор жуфти ҳалол Сароймулкхоним қанча бедодлик бўлмасин, эрига содиқ қолади. Темуршоҳ хонни ўлдириб, хотинини унинг чангалидан қутқаради.
Албатта, салтанатнинг бош маликаси Сароймулкхоним тақдир йўлига назар солар эканмиз, унда қувончлар билан бирга ташвишлар, қийинчиликлар ва зиддиятларга дуч келамиз.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ