Икки дарё учрашуви


Сақлаш
23:23 / 26.08.2021 1021 0

Абу Али ибн Сино милодий 980 йили Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида таваллуд топган, 1037 йил Ҳамадонда вафот этган. У Қуръон, адаб, фиқҳ, тиб илмини Бухорода олган. Султон Нуҳ ибн Мансурни даволагандан сўнг, сарой кутубхонасидан фойдаланишга рухсат беришган. Ибн Сино ушбу кутубхонанинг барча мавзудаги китобларга бой бўлганини таъкидлайди. Ҳатто мазкур кутубхонада сақланган, ҳозир номаълум бўлган китоблар ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган. У Нуҳ ибн Мансурга бағишланган илк асари “Мақолат ул-нафс вал-суннат ал-иктисар”ни сарой кутубхонасига аъзо бўлганидан кейин чамаси олти ой ўтгач ёзган. Шунингдек, у яна учта машҳур асарини Бухорода яратган. Ибн Синонинг яна бир асари яқин қўшниси Абулҳасан Аҳмад ибн Абдуллоҳ Арудийнинг илтимосига биноан яратилган бўлиб, у “Китоб ал-мажмуи ав ал-ҳикма ал-арудия” деб аталган. Баъзи олимлар бу асарни “илк илмий-фалсафий энциклопедия” деб таърифлаганлар. Ушбу далил Ибн Сино ёшлигидаёқ фалсафага ихлос қўйганини кўрсатади. У хотираларида фиқҳ, тафсир ва зоҳидлик илмида эътибор қозонган, фалсафий илмларга ҳам мойиллиги бўлган хоразмлик дўсти фақиҳ Абу Бакр ал-Барақийнинг илтимосига кўра, 20 жилдлик “Ал-Ҳосил ва-л-маҳсул” (“Якун ва натижа”) қомусий асари ҳамда икки жилдлик “Китоб ал-бир ва-л-исм” (“Саховат ва жиноят китоби”)ни ёзганини айтган.

Ана шу асарларнинг биринчиси фалсафий энциклопедия экани маълум бўлса-да, у ҳанузгача топилгани йўқ. Ахлоқий мавзуда бўлган иккинчи асарнинг фақат бир неча қисми сақланиб қолган. Бу асар аллома илмий фаолиятининг илк даврларидаёқ ислом фалсафасининг йирик намояндалари ҳақида пухта билимга эга бўлганини кўрсатади. Ҳайратланарлиси, ал-Форобий 950 йили Дамашқда вафот этган бўлса-да, унинг бир неча асарлари Ибн Сино яшаган даврга қадар Бухорода кенг тарқалган эди. Бу ўз навбатида шаҳарда илм юксак ўрин тутганидан далолат беради. Унинг асосий асарларининг дунёга келиши Беруний билан боғлиқ бўлиб, 1000 йилларга тўғри келади.

Бу боғлиқликка эътибор қаратишдан олдин Берунийнинг ҳаётига бир назар ташлайлик. Абу Райҳон Беруний тахминан 973 йили Кот шаҳри яқинида таваллуд топган. Унинг она шаҳридаги илмий фаолияти ҳақида маълумотлар жуда кам сақланиб қолган. Аммо ёшлигиданоқ араб ва ажамда кўплаб илмлар бўйича шуҳрат қозонгани тарихий манбалардан аён. У ҳам Ибн Сино сингари қадимги давр олимлари ва илк ислом цивилизацияси намояндаларининг асарларини пухта ўрганган. Бу ҳол Хоразмда ҳам Бухородаги сингари бой кутубхона бўлган дейишга асос бўлади. Беруний Бухорога султон саройига келган. Шундан икки ёш олим султон ҳузурида танишган деган тахмин ҳам йўқ эмас. Нима бўлганда ҳам, закий олимлар бўлгани боис улар бир-бирини таниган деб ўйлаймиз.

Беруний 1030 йилда ёзилган “Ҳиндистон” асари муқаддимасида тақлидни қоралайди. Жумладан, аллома билимсизлик оқибатида кўплаб уйдирмалар юзага чиқиши мумкинлигини таъкидлаган. Ибн Сино эса ўз хотираларида фалсафий мактабга шогирд тушгандан кўра фикр эркинлигига урғу беришни афзал ҳисоблаганини айтиб ўтган.

Беруний астрономияга математик жиҳатдан ёндашган. Ибн Сино билан бўлган ёзма мулоқоти кўрсатадики, Беруний математик астрoномияга мустақил фан сифатида қараган. Бу ёндашувни Ибн Сино ҳам ижобий баҳолаган.

Берунийнинг нақадар буюк олим бўлганини араб тилида ёзилган илмий асарларидан билиб олиш мумкин. Унинг минералогияга оид “Китоб ал-жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (“Қимматбаҳо тошларни билиб олиш бўйича маълумотлар тўплами”) асари фанда жуда катта янгилик бўлган. Шунингдек, алломанинг (математик) астрономияга оид асарлари, жумладан, “Қонун ал-Масъудий” (“Масъуд қонуни”) китоби юксак асар сифатида баҳоланади. Унинг илмий салоҳияти амалий тажрибаларда ҳам ўз аксини топган. У “Таҳдид ал-амокин” асарида Ибн Сино зукколигига қарамасдан товуш сезгирлигига оид масалаларда баъзи хатоларга йўл қўйганини айтиб ўтган. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Беруний ўз илмий ишларини бевосита динга боғлаб олиб борган. Унинг “Таҳдид ниҳоёт ал-амокин ли тасҳиҳ масофот ал-масокин” (“Турар жойлар (орасидаги) масофаларни аниқлаш учун манзилларнинг чегараларини белгилаш”) асарида шаҳарлар ўртасидаги масофани ҳамда қиблани аниқлаш хусусида сўз юритилган. “Ифрад ал-мақал фи амр ал-зилол” асарида сояга қараб вақтни аниқлаш масаласи ёритилган. У жамиятшунос, антрополог сифатида кўп юртларга саёҳат қилган ва қадим цивилизациялардан хабардор бўлган. Унинг “Ал-осор ал боқия ан ал-қурун ал-ҳолия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) ва “Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқула мақбула фи-л-ақл ав марзула” (“Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби”) каби машҳур асарлари дунёга келган. Афсуски, бу асарлар ўрта асрларда ҳам, Уйғониш даврида ҳам лотин тилига таржима қилинмагани сабаб Беруний Ғарб давлатларига XIX аср охиригача номаълум ҳолда қолаверган. Ислом оламида ҳам бу асарлар вақтида тадқиқ этилмаган. Унинг асарларига XVI асрга келиб эътибор қаратила бошланган. Низомий Арудий (1155 йилдан сўнг) “Чаҳор мақола”сида ёзганидек, Беруний фақат буюк жамиятшунос, антрополог бўлиб қолмасдан ўз даҳосини фармакология ва фалсафа соҳаларида ҳам намоён этган ҳамда санскрит тили билимдони ўлароқ кўплаб таржималар қилган матншунос ҳамдир.

Фалсафа ва тиб илмида юксак натижаларга эришган Ибн Синонинг “Китоб аш-шифо” ва “Тиб қонунлари” асарлари бир-бирини тўлдиради. Икки асар ҳам даволаш масаласига доир бўлиб, биринчиси, қалб соғлиги ҳақида бўлса, иккинчиси, тан саломатлиги хусусидадир. Бу асарларнинг аҳамияти шундаки, уларда олим ҳар бир масалага танқидий нуқтаи назардан ёндашган. Жумладан, “Шифо”да Аристотелнинг қарашларига ҳурмати чексиз бўлса-да, баъзи ўринларда уни танқид қилган. Олимнинг бутунлай янги фикрларни илгари суриши алоҳида аҳамиятга эгадир. У илгари сурган ғоялар сирасига: метафизикада “бирлашган метафизика” тушунчаси ёки Аллоҳнинг мавжудлигини ифодалаш мақсадида (метафизик) далиллар топиш; физикада “лаҳзанинг оқимга таққосланиши”; руҳиятшуносликда “хаёлан ўзини ўзи баҳолаш ҳиссини уйғотиш принципи” кабилар киради.

Мўъжаз мақоламизда улуғ олимнинг ҳамма ғояларини қамраб олишга ожизмиз, аммо, фикримизча, юқоридаги мисолларнинг ўзиёқ унинг даҳосини исботлашга кифоя қилади. Унинг асарларидан Аристотель фалсафасида алоҳида ўрин тутган кардиоцентризмга мойиллигини илғаш мумкин. Шу билан бирга, Ибн Сино кардиоцентризмни Галеннинг уч асосий аъзо ва уларнинг фазилатлари назарияси билан боғлаб ҳамма нарса ҳам онгга боғлиқ эмаслигини кўрсатган. “Тиб қонунлари”да илгари сурилган ана шу ғоялар Ибн Сино кашфиётими ёки ундан олдин айтилганми, аниқ эмас. Чунки ҳалигача асарнинг этногенезиси етарлича ўрганилмаган. Шунга қарамасдан, Ибн Сино ўз тасарруфидаги тиббий маълумотларни шунчаки тўплаб қўйган, дейиш нотўғри бўлади. Замонасининг тиб илмига оид муҳим маълумотларини йиғиб тартибга солиш олимнинг ўзи учун катта аҳамиятга эга бўлган. Боз устига тасниф давомида олим ўзининг изоҳларини ҳам қўшгани шубҳасиз. Масалан, унинг мияда френит касаллиги жойлашувини кўрсатувчи аломатларнинг тақсимланиши назарияси, қутурган ҳайвонлар тишлаши натижасида етказилган жароҳатларни даволашда қўллаган рецептлари ёки думғазанинг одам умуртқа поғонасининг давоми эканини айтганлари шулар жумласидандир. Бу сафар ҳам рўйхат мукаммал бўлмаса-да, келтирилган мисоллар олимнинг илми нақадар ўткир бўлганини тасдиқлайди. Аллома фармакология соҳасида тажрибанинг муҳимлигини ҳам алоҳида таъкидлаган. 

Ибн Сино асарлари фақат олимлар ва файласуфлар эмас, балки Калом илми ва тасаввуф ихлосмандлари учун ҳам фойдалидир. Шунингдек, унинг таъсир доираси фақат ислом дунёси билан чекланмаган. “Шифо” китобининг лотин тилидаги таржимаси XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрларда христиан дунёсига ҳам катта таъсир кўрсатган ва бу таъсир кейин ҳам асло пасаймаган. Бу асарлар XIII асрдан бошлаб Европа олий ўқув юртларида қўлланилган ва жиддий тадқиқ этилган. Ҳозир ҳам жаҳон илм-фани муҳим хулосаларда Ибн Синонинг даҳосига таянади.

Юль ЯНСЕНС,

Бельгиядаги Лувен католик

университети профессори.

Нозима ОХУНОВА таржимаси

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 47
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10435
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//