“Султони вақт” номи билан танилган буюк тариқат арбоби Шайх Абу Саъид Абулхайр (ваф. 1048 й.) қаламига мансуб “Ҳавроийя” рубоийси ўн аср мобайнида улуғ шайхга шуҳрат келтириб, тилдан тилга, китобдан китобга кўчиб юрган, ҳаттоки бу шеърни кўпчилик тушунмагани учун унга шарҳ тариқасида ўнлаб китоблар ёзилган. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да тасаввуфнинг таниқли намояндаларидан Шайх Абу Саъид Абулхайрни “Оти Фазлуллоҳдур. Султони вақт ва аҳли тариқат жамоли эрди ва қулуб мушрифи. Ва анинг замонида барча машойих анга мусаххар эрди” деб улуғлаган. Шунингдек, Алишер Навоий бу зоти бобаракотнинг “зикрида қалам ожиз” эканлигини эътироф этган.
Бу улуғ шайхнинг “Ҳавро”, яъни “Ҳурлар” сўзи билан бошланувчи “Ҳавроийя” рубоийси тасаввуф аҳли ўртасида машҳур бўлган:
Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,
Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад.
Он холи сияҳ бир он рух мутрф зад,
Абдол зи бим чанг дар Мусҳаф зад.
(Таржимаси: “Ҳурлар нигоримни кўриш учун саф тортдилар. Ризвон (жаннат эшик оғаси) ҳам ҳайратланиб, қарсак чалиб юборди. У қора хол (маҳбуба) юзларига парда тортганида абдол (Худонинг хос бандалари, яқинлари) қўрқувдан Қуръонга чанг солди).
Адабиётшунос Замира Исҳоқованинг ёзишича, “рубоийнинг тасаввуфий-ирфоний маъноси қуйидагичадир: Ҳақ таолога ошиқу шайдо бўлмиш камина (Шайх Абу Саъид Абулхайр)нинг ҳузурига жон олувчи фаришта ташриф буюради. Жон фидо қилмай туриб маҳбубга етишмоқлик амри маҳол эканини идрок этувчи ақл шодликдан қарсак чолиб юборади. Жон таслим қилиш асносида, одатда, инсон юзида ночорлик ва хомушлик аломатлари пайдо бўлади. Натижада нафсоний қувватлар инсоний ҳақиқат билан тўқнашади ва мағлубиятга учрайди, яъни Аллоҳга етишган ошиқнинг инсоний ҳақиқати ғалаба қилади.”
“Мажолис ун-нафоис”дан маълум бўладики, Соҳибқирон бобомиз мазкур рубоийни ёд билган. Янада аниқроқ қилиб айтганда, Амир Темурдан қочиб, Ироқда яшириниб юрган ўлимга ҳукм қилинган Хожа Абдулқодир Соҳибқирон аскарлари томонидан қўлга олинади ва ўзини девоналикка солишига қармасдан у буюк саркарда ҳузурига олиб келинади: “Хожа (Абдулқодир)нинг камолотидин бири Қуръон ҳифзи ва қироат илми эрди, филҳол бийик ун била қуръон ўқумоқ бунёд қилдиким, ул ҳазрат (Амир Темур)нинг ғазаби лутфқа мубаддал бўлиб, фазл ва камол аҳли сори боқиб, бу мисрани (Рубоийнинг тўртинчи мисраси) ба вақт ўқудиким:
Абдол зи бим чанг бар мусҳаф зад.
Яъни, “Абдоллар қўрқинчдан Қуръонга чанг солдилар” мисрасини ўқиб, Амир Темур Яратган каломидан нажот излаган Хожа Абдулқодирни авф этади ва олий мажлисга надим этиб тайинлайди: “Андин сўнгра Хожага илтифот ва тарбиятлар қилиб, ўз олий мажлисида надим ва мулозим қилди. Идрок ва фаҳм аҳли билурким, йиллар, балки қарн(аср)ларда мундоқ латиф сўз воқеъ бўлмас”.
Ушбу воқеа ҳам маърифатли ҳукмдор Соҳибқирон Темурнинг кўплаб диний-тасаввуфий бадиий асарларни мутолаа қилганлигини, чуқур билим ва кенг тафаккурга эга бўлганлигини тасдиқлайди. Маълумотларга қараганда, Соҳибқирон Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” ва Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз” асарларини ҳам ўқиган.
Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Амир Темур шеър ёзмаган бўлса-да, бироқ кези келган-да кўплаб шоирларнинг шеърларидан ҳамда насрий асарлардан мисоллар келтирганини таъкидлаб, мажлисларда “пайдар-пай хуб абёт ва яхши сўзлар дарҳамал” айтган, деган: “Темур Кўрагон – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор.” Яъни, Навоий айтмоқчи, Соҳибқирон Темурнинг бир байт ўқигани минг байт ёзган билан баробар!
Шоирлар султонининг ўзи ҳам ёддан билган ушбу рубоийга “Насойим ул-муҳаббат”да улуғ авлиёлар шарҳ ёзганига урғу берган: “Ва баъзи акобир шарҳлар битибдирлар”. Рубоийга Хожа Аҳрор ҳам тасаввуф тили билан шарҳ ёзган. “Хожа Аҳрор Валий” рисоласида ёзилишича, афтидан муҳаққиқлар томонидан ёзилган шарҳлар рубоийнинг ҳақиқий маъносини тўла очиб бера олмагани учун Хожа Аҳрорни қониқтирмаган. Шунинг учун у “Рисолаи ҳавроийя ёки Шарҳи рубоийи Шайх Абу Саъид Абулхайр" номли асарни яратган. Тасаввуф аҳли ўртасида жуда машҳур бўлган бу рубоийни академик Б.Валихўжаевнинг ёзишича, Сайид Неъматуллоҳ Валий уч рисола, Сайид Қосим Анвор, Мавлоно Яъқуб Чархий ва Шайх Озарийлар биттадан шарҳ китоб ёзиб, изоҳлаганлар. Бизнингча, Соҳибқироннинг рубоийга ёзилган шарҳлардан ҳам хабари бўлган. Эҳтимол у шеър шарҳланган рисолалардан бирини ўқиган.
Хўш, асрлар мобайнида дарвеш аҳлини ҳайратга солган бу рубоийнинг ёзилишига нима сабаб бўлган? Тадқиқотчи Нодир Рамазоновнинг ёзишича, кунлардан бир кун Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг муридларидан бўлган Устод Абу Солиҳ қаттиқ касал бўлиб, тўшакка ётиб қолади. Шунда улуғ Шайх Хожа Абубакр Муаддаб исмли шогирдига давот, қалам ва қоғоз келтиришни буюради. Абу Саъид Абулхайр эса юқоридаги рубоийни бадиҳатан айтади, шогирди эса уни оққа кўчиради. Рубоийни тўшакда ётган Абу Солиҳ устида ўқийдилар ва қоғозни унинг танасига боғлаб қўядилар. Шундан сўнг у шу куннинг ўзидаёқ соғайиб, ўрнидан туриб кетади. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да рубоийнинг шифобахш эканлигини қайд этган: “Ҳамул дастур била бу рубоийни сойир марази(касаллик)га ўқурлар ва нафъ еткурурлар”. Шунинг учун асрлар мобайнида бу рубоийни ўқиб, дарвешлар (оддий беморлар ҳам) дардига даво топишган.
Мухтасар айтганда, Соҳибқирон Темур нафақат тарихий китоблар, балки ўз даврининг машҳур бадиий асарларини қўлдан қўймай ўқиган ва у “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббий”, деб билган.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ