Большевиклар жиддий душман санаган “Обид Чатоқ” ким эди?


Сақлаш
16:27 / 13.05.2025 189 0

Барчага маълум бир ҳақиқат бор – ҳар давр, цивилизация ўзининг ёрқин сиймолари – давлат арбоблари, саркарда, олимлар ва мутафаккирлари орқали ривожланиб, тарих саҳифаларида из қолдиради. Уларнинг жасорати, зукколиги, буюк ғоялари ва фидокорона меҳнати нафақат ўз замонасига, балки кейинги авлодларига ҳам чуқур таъсир кўрсатади. Шу боис, тарихни фақат воқеалар кетма-кетлиги эмас, балки бу воқеаларни шакллантирган шахслар орқали ўрганиш ҳам муҳим. Файласуф ва ёзувчи Ральф Уолдо Эмерсон ёзганидек “Тарих – бу буюк инсонларнинг биографиясидир”.

 

Азим Туркистоннинг ХIХ аср охири ХХ аср бошларидаги мураккаб ижтимоий-сиёсий муҳит ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Ҳожи Муин, Ғозий Юнус, Ашурали Зоҳирий, Элбек каби йирик шахсиятларни бизга туҳфа этди. Бу буюк сиймоларнинг ичида Обиджон Маҳмудовнинг ҳам ўз ўрни бор.

 

Обиджон Маҳмудов 1871 йилда Қўқонда туғилган. Бу ҳақда атоқли олим Наим Каримов ўзининг “Фарғона жадидларининг сарвари” мақоласида илмий жиҳатдан анча асосли фикрларни илгари сурган. Муаллиф ушбу мақоласида ХХ асрнинг 20-йиллари охири, 30-йиллари аввалида О.Маҳмудовнинг соғлигидан бохабар бўлиб турган шифокор Г.Шаханович қўли билан ёзилган маълумотномани келтирган. Мана, рус тилида ёзилган ўша маълумотнома: “Дана сия гр-у Махмудову Абиджану, 71 года в том, что с 25-го ноября по 1-го июня болел обостренем хронического эндокардита, находясь все время в тяжелом состоянии в постели…”.

 

Маълумотномадан яққол кўриниб турибдики, Обиджон Маҳмудов 1871 йилда туғилган, [Наим Каримовнинг фикрича] ҳужжатдаги “71 года “71 йил туғилган” деган маънони англатади.

 

Обиджон Маҳмудов 1897–1901-йилларда Петербург тоғ-кон университетида ўқиб, бу соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишади. Қаҳрамонимиз ўқишни тамомлагач Қўқонга қайтиб нефт конларида иш бошлайди. Бироқ, тез орада у Туркистонни озод этмасдан туриб чинакам миллий иқтисодий тизимни йўлга қўйиб бўлмаслигини тушуниб етади.

 

Бу оғир масаланинг ечимини энг аввало таълимда кўради. Шу мақсадда у 1911 йилда Ҳайдарбек маҳалласида янги усул мактабини очади. Обиджон иқтисодий жиҳатдан анча бақувват шахс бўлгани учун, ўзи очган мактабни замонага мос тарзда жиҳозлайди, турли хил ўқув қуролларини сотиб олиб, мактабга туҳфа этади. Бундан ташқари у Қўқондаги бошқа янги усул мактабларини ҳам иқтисодий жиҳатдан узлуксиз қўллаб-қувватлаб туради.

 

1914 йилда Австря-Венгрия империясининг валиаҳд шаҳзодаси Франц Фердинанднинг ўлдирилиши билан бошланиб кетган I жаҳон уруши Обиджон Маҳмудовнинг онг ва тафаккурида катта эврилишлар ясади. У мураккаб даврнинг чигал жараёнларини Туркистон халқига атрофлича тушунтириб бериш, давр қўяётган оғир талабларни миллатга теран англатиш мақсадида шу йилнинг ўзида “Садойи Фарғона” газетасига асос солди.

 

“Садойи Фарғона” газетасининг илк сони 1914 йил 1 апрелда чоп этилади. Обиджон Маҳмудов ундаги “Маслак ва мақсад” номли кириш мақоласида: “Кўп замондан [бери] бу тараф Ҳўқандда мусулмонча бир газетанинг нашр этилишини орзу қилмоқда эдик”, деб ёзган ва газетанинг вазифаси миллатга хизмат қилиш эканини, Туркистон халқининг касали ҳам, дарди ҳам, ўз навбатида, дармони ҳам бир эканини қайд этиб, фақат илмгина халқни жаҳолатнинг қора кўланкасидан қутқариши мумкинлигини дадил таъкидлайди. У ушбу кириш мақоласида газета моддий тарафдан тўла таъминланганини урғулаб, фақатгина замондош зиёлилар ўз қаламлари билан газета фаолиятига ёрдам бериб туришларини илтимос қилади.

 

1917 йил 26 ноябрда ўлка мусулмонлари Қўқонда ўзларининг фавқулодда IV қурултойига тўпландилар. Эртаси, 27 ноябрь куни кечаси қурултой Туркистон Мухторият ҳукуматининг тузилганини эълон қилди. Обиджон Маҳмудов Мухторият ҳукуматининг озиқ-овқат нозири этиб тайинланди. Бироқ, орадан етмиш икки кун ўтиб Мухториятнинг большевиклар томонидан вахшийларча бостирилиши кўплаб зиёлилар сингари Обиджон Маҳмудовнинг ҳам ҳаётини остин-устун қилиб юборди. Кейинчалик, муҳожир жадидлардан бўлмиш Абдулваҳоб Ўқтой ўша даҳшатли кунларни шундай хотирлаган: “Ўша пайтда Қўқон ҳукумати аъзолари ўқ визиллашлари орасида Қўқоннинг эски шаҳар кўчалари ичига тарқалдилар. Ўша пайт ҳукумат аъзоларидан Мустафо Чўқай, Миродил, Абдураҳмон Ўрозой, Хиёятбек Юрғулу (агроном, Озарбойжон қишлоқ хўжалиги нозири) Қўқонда эдилар. Носирхон Тўра Наманганда (Туркистон Мухториятининг Маориф нозири), Саламон Ҳерсфелд (Даъво вакили, австралиялик, яҳудий, миллий озчиликлар нозири) Самарқандда, Убайдуллахўжа Ашҳобод-Самарқанд йўлида, Обиджон [Маҳмуд] Бухорода, Шох Аҳмадбей эса Қўқон қўрғони ичида экан, большевикларнинг қўлига тушган эдилар”. Обиджон Маҳмуд Кавказга сафар қилиб, у ердан Қўқонга буғдой олиб келишни мақсад қилган эди, бироқ Мухторият қонга ботирилгач унинг таъсисчиларидан бири бўлган Обиджон Маҳмуд ҳам қидирувга берилади ва Бухорода қўлга олинади.

 

Тадқиқотчи олим Нодирбек Комиловнинг қайд этишича Обиджон Маҳмудов икки маротаба қамоққа олинган. Дастлаб у 1921 йилнинг ноябрида Туркистонда инглиз-япон интервенсиясини ташкиллаш ва “босмачилар” билан алоқа ўрнатганликда, ноқонуний ишлар билан шуғулланганликда, яширин йиғилишлар уюштирганликда, “советларга қарши тизимли ташвиқот ишлари олиб борганликда” айбланиб ҳибсга олинган. Аммо Обиджон Маҳмудов ўз ихтиёридаги барча мол-мулкларидан воз кечиш эвазига ҳибсдан озод қилинган.

 

Унинг кейинги қамоққа олиниши 1926 йилда юз бериб, ОГПУ коллегиясининг қарорига мувофиқ 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ, бироз вақтдан сўнг (мол-мулкидан воз кечиш эвазига) қамоқдан озод этилган.

 

Узоқ йиллик таъқиб ва қамоқ жазолари Обиджон Маҳмудовнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига катта салбий таъсир кўрсатади. Натижада у 1936 йил 21 ноябрда оғир касаллик натижасида вафот этади. Унинг вафоти совет ҳокимиятининг миллий зулм ва геноциди сабаб Туркистондан ҳижрат қилишга мажбур бўлган муҳожир жадидларни ҳам чуқур қайғуга солди.

 

Обиджон Маҳмуднинг вафоти муносабати ила Мустафо Чўқай томонидан “Ёш Туркистон” журналининг 1937 йил июль-август сонларида бир хотира эълон қилинган. Ушбу ёднома Обиджон Маҳмуднинг ҳаёти ва фаолиятига доир ҳали бизга маълум бўлмаган қирралар тўғрисида маълумот беради. Қайд этиш жоизки, ушбу ноёб хотира – Обиджон Маҳмуднинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш тадқиқотчилар назаридан четда қолган.

 

Мустафо Чўқай хотира мақоласининг кириш қисмида: “Обиджон Маҳмуднинг Тошкентда вафот этганлиги билдирилмакдадир. Бу хабар Обиджон Маҳмудни таниғон бутун туркистонликлар юрагида сўнгсиз бир қайғу уйғотажакдир. Уни деярли бутун туркистонликлар танирди. Асли қўқонлик Обиджон Туркистоннинг ҳар тарафида машҳур бир шахсият эди. Айниқса унинг шуҳрати 1917 йилги инқилобдан кейин кўп кенгайди. Шахсан, мен ҳам унинг-ла яқиндан дўстлашмоғим 1917 йили апрелинда тўпланғон Биринчи Туркистон инқилобчи ижтимоий ташкилотлари қурултойиндан бошланди. У бу қурултойға Қўқон вакили сифатида қатнашғон эди. Фавқулодда муваффақиятли чиқишлари ва фаолияти уни тезгина жамоат ходимларимизнинг олди сафига чиқариб юборди. Шу замондан бошлаб Обиджон бизнинг бутун вилоят ҳам ўлка конференс ва бошқа тўпланишларимизға сайлана борди. Қўқоннинг савдо ва умуман иш муҳити ҳам уни яхши танир ва унга яхши қиймат берар эди. Шуни унутмаслиқ керакки, Қўқон Туркистоннинг пахтачилиқ маркази ва энг бой шаҳри саналар эди. Энг катта рус корхоналари ва банклари, уларнинг Қўқондаги шўбалари бўлур эди. Шунинг учун бу ернинг савдо ва иш доираси ичига кира билмак у қадар ҳам осон эмас эди. Обиджон ўзи нутқи кучли одам ҳам эмас эди. Унга бу доиралар амалий иш белгиси, ҳар турли мушкулотдан чиқиш йўлини тез топа билиш қобилияти учун кўп қиймат берарлар эди. Қўқон аҳолиси уни кўп севар ва унга сўнг даражада юксак қиймат берар эди”, деб ёзади.

 

Мустафо Чўқай ушбу хотира мақоласида Обиджон Маҳмудовнинг Туркистон Мухторияти ва ундан кейинги мураккаб даврлардаги фаолияти хусусида ҳам қимматли маълумотларни келтириб ўтган: “Большевиклар билан қуролли тўқнашиш бўлғон замон Обиджон Қўқонда эмас эди. Арзоқ (озиқ-овқат) олув учун Қўқон миллий ҳукумати тарафидан Шимолий Кафказияга юборилғон Обиджон Бухорода тўхтаб қолғон эди. У ерда ҳам бўш ўтирмади, умумий ҳаракат этувимизни йўлға қўйиш учун бухороликлар билан музокара юритди. Амир Олимхон ва унинг маъмурлари бизнинг Русиядан айри мустақил сиёсат юртимизни истамаслар ва ўзлари ҳеч бир сувратла Русия ва унинг ҳимоясиндан айрилмоқни хоҳламаслар эди… Шу Шимолий Кафказияга юборилғон кундан, яъни 1918 йили январь бошиндан сўнг мен Обиджонни кўра олмадим. Бунинг-ла баробар мен узоқдан ҳар замон унинг турмуш ва фаолиятини кузатиб келдим. Уни неча марталаб қамадилар. Туркистондағи совет сиёсатининг тубдан ўзгариши шарт эканлиги ҳақида очиқ сўйлағон бир неча туркистонликнинг бири ҳам шу Обиджон эди. Мунавварқори каби Обиджонга ҳам қулайлиқ билан мамлакат ташқарисига чиқиб кетиш таклифи берилган эди. Бироқ у ҳам ватанда қолишликни танлади…”.

 

Обиджон Маҳмуднинг “Ёш Туркистон” журналида чоп этилган сурати.

 

Обиджон Маҳмудга мустамлакачи руслар томонидан “Обид Чатоқ” номли ҳақоратомуз лақаб берилган. Мустафо Чўқай “Чатоқ” лақаби аслида унинг характерига мутлақо уйғун бўлмағон бир лақаб эканини, агар Обиджон ўзида ахлоқ нуқтайи назаридан бирор камчиликни сезадиган бўлса уни дарҳол бартараф этишга киришадиган зиёли киши бўлганини, у ўз миллати учун катта хизматлар қилишга интилгани сабаб рус большевиклари учун “чатоқ”ликлар чиқарганини ёзади.

 

Жумладан, Мустафо Чўқай Мухторият қонга ботирилганидан кейин Қўқон шаҳар бошлиғи этиб тайинланган Гурпич ва Обиджон Маҳмуд ўртасида бўлиб ўтган баҳсни қуйидагича эслайди: Обиджон Қўқон баладия раислигига сайланғон эди ва унинг бу ердаги фаолияти сўнг даражада самарали бўлғон эди. У шаҳар таъмир ишларида эски шаҳарни янги шаҳар билан тенглаш учун кўп курашди. Унинг шаҳар бошлиғи социалист революционер Гурпич билан бўлғон бир муноқашасини шахсан ўзим ўтириб тинглағон эдим. Улар кўпдан бир-бири ила яқин таниш эдилар. Музокара янги шаҳарда бир неча кўчага тош ётқизиш устида эди. Обиджон шаҳар бошлиғини тўхтатди ва “Масалани умумият-ла Қўқон шаҳрининг таъмир ва ислоҳи устида қўйиш керак. Эски шаҳарда ташланғон йўллар бўлмағони каби кўчаларда-да етарлик даражада ёруғлиқ ҳам йўқ. Шунинг учун бундай тузатув ишини эски шаҳардан бошлаш керак. Биз сиз билан эски дўстлармиз. Энди тортиша бошласак бир-биримизга тескари, ҳамда жиддий қарама-қарши бўлиб қоламиз. Ҳар турли таъмир ва ислоҳот иши эски шаҳардан бошланиши лозим”, деди. Обиджоннинг уддабуронлигини аввалдан билган Гурпич менга қараб кулиб: “Бу бекорга “Чатоқ” деб аталмағон. Бу билан тортишиш қийин. Чунки уни фикридан қайтариш ҳеч мумкин эмас”, деди. Обиджон ҳақиқатдан ҳам шундай бир киши эди. Уни рус ишчилари доираси, айниқса солдатлар ҳеч ёқтирмас эдилар. Бу ҳам ғоятда табиий, англаширлиқ бир нарса эди. Чунки Обиджон уларнинг Туркистон халқи устидаги мутлақ ҳокимиятларига моне бўлиб турғон энг муҳим тўсиқ эди.

 

Обиджон Маҳмудовга совет мустамлакачилари томонидан “Обид Чатоқ” деб лақаб берилгани унинг босқинчилар олдида ҳеч қачон бош эгмайдиган, қатъиятли ва курашчан характер эгаси бўлганидан дарак беради. Айнан шу мустаҳкам позицияси туфайли у мустамлакачи кучлар учун “Чатоқ” шахсга айланганди.

 

Мақоламизни Мустафо Чўқайнинг Обиджон Маҳмудга бағишланган қуйидаги сўзлари билан якунлашни лозим топдик: “Унинг исми Туркистон қуртулиш [озодлик] ҳаракати тарихинда мумтоз бир ўрин тутгани каби, унинг азиз хотираси ҳам Туркистон миллатпарварлари кўнглида абадий яшажакдир. Унинг азиз руҳи қаршисида ҳурмат билан бош эгамиз ва тупроғининг енгил бўлишини тилаймиз”.

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1)  Н.Каримов. Фарғона жадидларининг сарвари // “Водийнома” журнали. 2016 йил 1-сон. – Б. 63.

2)  Доктор А.Ўқтой. Туркистон миллий ҳаракати ва Мустафо Чўқай [Назарбек Раҳим таржимаси]. – Т.: “Наврўз” нашриёти. 2019. – Б. 76-77.

3) Комилов Нодирбек. Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871–1936 й.й.). Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати. Андижон – 2021. – Б. 17.

4)  Мустафо Чўқай. Обиджон Маҳмуд // “Ёш Туркистон”. 1937 йил июль-август. – №. 92-93.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22430
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//