
Ёзувчи оқ қоғоз, актёр бўш саҳна, меъмор коинотнинг қаршисида ҳамиша қўрқув ва ҳаяжонда туради.
Одамзод пайдо бўлганидан бери ҳаётнинг моҳиятини, асл маъносини қидириб келади. Инсон маълум даврда ҳаётнинг мазмунини топади, аммо вақт ўтиши билан аслида яшашдан моҳият бу эмаслигини тушуниб, яна излашга киришади. ХХ асрнинг иккинчи ярмида Европада ривожланган экзистенциализм фалсафасида айни мана шу жараён ўрганилган, кейинчалик бу оқим технология, илм-фан, маданият ва санъатнинг барча йўналишларида катта ўзгаришларни келтириб чиқарди. Жумладан, архитектурада ҳам туб бурилишларни ясаб, такрорланмас биноларнинг яратилишига сабаб бўлди.
Экзистенциализм (лотинча existentia – мавжудлик) – инсоннинг мавжудлиги, ёлғизлиги, эркинлиги, танлови ва унинг ҳаётдан маъно изланишлари билан боғлиқ фалсафий оқим ҳисобланади. ХХ асрда Европада кенг тарқалган бу фалсафа, аввало, инсоннинг шахсий тажрибаси, ички кураши ва ҳаётий саволларига эътибор қаратади. Ўз даврида Сорен Киэркегаард, Фридрих Нитсше, Мартин Ҳайдеггер, Жеан-Паул Сартр ҳамда Албер Камю каби файласуф олимлар бу борада кўплаб изланишларни олиб борган.
Экзистенциализмнинг отаси дея эътироф этиладиган даниялик файласуф Сорен Киэркегаардга (1813-1855) кўра, ҳаётнинг маъноси ҳеч қачон дарров очилмайди, тайёр шаклда берилмайди. Ҳаёт инсон бошдан кечирганидан кейин англашилади, лекин шунга қарамай, одам ҳаракат қилиши, яшаши, танловни амалга ошириши керак. «Ҳаётни тушуниш учун ортга қараш керак, лекин уни яшаш учун олдинга юриш лозим», дейди у.
Rokko Housing
Олмониялик файласуф Фридрих Ницше (1844-1900) Сореннинг фикрини давом этар экан, ҳаётдан мазмун қидиришнинг бош ғояси – инсон ҳаётининг маъносини ўзи яратиши керак дея даъват этади. Шунинг учун ҳам у тайёр, ташқаридан берилган маъноларга (масалан, дин, жамият, анъанавий ахлоққа) қарши чиққан. «Кимда яшаш учун мақсад бўлса, у ҳар қандай қийинчиликни кўтара олади», дейди олим.
Француз экзистенциалист файласуфи (гарчи буни ўзи тан олмасада), ёзувчи, журналист ҳамда Нобел мукофоти совриндори Албер Камю (1913-1960) эса ҳаётнинг ҳеч қандай бош маъноси йўқлигини, буни тан олиб, шунга қарамай яшашда давом этиш лозимлигини айтиб ўтган: «Мен ҳаётда ҳеч қандай маъно йўқлигини билсам ҳам, уни севаман. Чунки ҳаётнинг ўзи гўзалликдир».
Экзистенциализмнинг бу ғоялари ХХ аср архитектурасида ҳам ўз аксини топган. Айниқса, модернизмга қарши жавоб сифатида пайдо бўлган турли меъморий ёндашувлар инсоннинг ички ҳолатини, маънавий қидирувини архитектура воситасида ифодалашга интилган. Бундай биноларда геометрик мукаммаллик ёки ижтимоий прогноз эмас, балки инсон тажрибаси, ёлғизлик, сукунат, нур ва соя, бўшлиқ ва шакл мувозанатлари орқали руҳий ҳолат кўрсатилган.
ХХ асрнинг энг катта меъморларидан бири бўлган Ле Корбюзе (1887-1965) дастлаб функционал модернизмда ижод қилган бўлсада, кейинчалик экзистенциал шакллар ҳамда иложи борича чуқур ҳис уйғотувчи архитектура устида жиддий шуғулланган. Бунга иккинчи жаҳон урушининг меъмор руҳиятига таъсири сабаб бўлган. У шунчаки яшаш учун уйлар эмас, балки инсонга таъсир кўрсатадиган маконлар яратишга интилган. Айнан шу даврдан унинг архитектурасида ноаниқ чизиқлар, тасодифий ойналар, ички кайфиятни акс эттирувчи шакллар кўпая бошлади.
Ле Корбюзе томонидан лойиҳалаштирилган Рончамп ибодатхонасига (Chapelle Notre-Dame-du-Haut, 1950–1955) архитектура тарихидаги энг экзистенциал бино мақомини бериш мумкин. Чунки ибодатхонада эгри чизиқли том, бурма деворлар, оғир масса ва қоронғи ички макондан фойдаланилган. Ҳар хил ўлчам ва рангдаги деразаларнинг тасодифий жойлаштирилгани бино ичига кирган ёруғликни «илоҳий» тасвирга айлантиради.
Chapelle Notre-Dame-du-Haut
Инсонни тўғри бурчак ва функционал модулдан олиб чиқиб, руҳий бўшлиққа қўйган, архитектурани фалсафий изланиш майдонига айлантира олган Ле Корбюзе бу бино шунчаки ибодатни амалга ошириш учун эмас, балки инсоннинг ёлғизликда ўзини эшитиши, «ҳаётдан нима маъно?» деган саволни ўртага ташлаши учун макон эканлигини айтади. «Бу бино ибодат эмас, жим туриш учун яратилган жой», дейди у.
Архитектурада таълим олмаган бўлсада замонавий меъморчилик оламининг энг фалсафий ва катта ижодкорларидан бири япониялик Тадао Андо (1941 йил туғилган) ҳам меъморчиликни руҳий изланиш деб билган. У ёруғлик орқали Худони излаган, бетон орқали сукунатни яратган, бўшлиқ орқали инсонни ўзига қайтарган замонавий экзистенциалист архитектор ҳисобланади. Архитектор Church on the Water (1988) ҳамда Church of the Light (1989) лойиҳаларида нур, бетон ва сув учлигидан иборат минимализмдан фойдаланиб, санъат асарларини яратиб қолдирган.
Church on the Water
Church of the Light – 113 м.кв майдонни эгаллаган, фақат бетондан қурилган тўртбурчак шаклидаги ихчам ибодатхона бўлиб, унинг марказий деворидан вертикал ва горизонталь хоч шаклида тирқиш очилган. У ердан тушадиган ёруғлик орқали рамзий белгини кўриш мумкин. Энг қизиғи ҳам шундаки, ёруғлик ҳаракатда бўлиб, об-ҳавога қараб пайдо бўлади. Меъмор бу орқали инсоннинг Худога бўлган ишончи доим ҳам бир хил бўлмаслигига ишора қилади.
Church of the Light
Ле Корбюзе, Миэс ван дер Роҳе, Луис Кан каби архитекторлардан илҳомланган Тадао Андонинг биноларида ташқаридан сокинлик, ичкаридан ҳайқириқ эшитилиб туради. Унинг Rokko Housing (1983), Пулицер Санъат Фонди биноси (2001) каби лойиҳаларида ҳам ёруғлик бош қаҳрамон сифатида олдинга чиқади. «Менга бино керак эмас, менга сокинлик ва ёруғлик керак», дейди меъмор.
Яна бир замонавий архитектор Петер Зумтор (1943 йил Швейцарияда туғилган) ижодида ҳам экзистенциализим яққол кўриниб туради. Чунки Зумтор учун бино бўшлиқ, материал ва товуш орқали мавжудликни ҳис қилиш; ҳид, товуш, ёруғлик ҳамда сукунат орқали хотирани уйғотиш макони ҳисобланган. Унинг Therme Vals (1996) ҳамда Bruder Klaus Field Chapel (2007) лойиҳалари машҳур бўлиб, ҳар иккисида ҳам ёғоч, бетон, тошдан унумли фойдаланган.
Therme Vals
Швейцариянинг тоғ бағрида жойлашган Therme Vals соғломлаштирувчи ҳаммом биносида ҳам фақатгина тўртбурчакли монолит тош блоклари ишлатилган. Унда ёруғлик ичкарига юқоридан, тор ёриқлар орқали туширилган. Мана шу методнинг ўзи сувли ванналар билан қопланган бино ичида тинчлантирувчи муҳитни яратиб беради. Зумтор бу ерда инсонни сув ва тош ўртасидаги ҳолатда «эриб кетадиган» мавжудот сифатида тасвирлашга уринган. Шунга кўра айтиш мумкинки, Therme Vals бу – замонавий экзистенциал архитектуранинг энг гўзал намуналаридан бири. «Мен уй эмас, ичида суви бўлган ғор қурмоқчи эдим», дейди Петер Зумтор.
Bruder Klaus Field Chapel
Бугунги архитектурада ҳам экзистенциализм ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, технологик шовқинлар, сунъий ёруғлик ва тезкор урбанизация шароитида одамлар ички сукунатга, ўзини тинглашга эҳтиёж сезмоқда. Менимча, минималистик ёндашувлар, контемплатив (тафаккурга ундовчи) архитектура, ибодатхоналар ёки «ретреат» марказлари эҳтиёжларни қондириш учун камлик қилаётгандек. Айниқса, маҳаллий архитектурада шаклбозлик кучайиб, моҳиятдан қочиш, фақат функцияга эргашиш оммалашиб боряпти. Бу эса архитектура санъатининг йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Архитектура шунчаки бино эмас – у инсоний мавжудлик ҳолатини ифодаловчи муҳит ҳамдир. Айнан шунинг учун ҳам экзистенциализм архитектура назариясида ва амалиётида ҳамиша долзарб.
Нурмуҳаммад ФАЙЗУЛЛАЕВ
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ