
Замон шитоби тез. Кечагина янгилик бўлиб турган нарсалар тезда оҳорини йўқотиб, ўрнига бошқа ихтиролар, шов-шувли хабарлар изма-из кириб келаверади. Лекин эскирмайдиган гурунглар бўлади. Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима Суйима Ғаниева билан шоир Эшқобил Шукурнинг қуйидаги суҳбати эълон қилинганига ҳам 12 йил бўлаяпти. Бироқ бу гурунгда Суйима Ғаниева айтган фикрлар бугун учун ҳам, эртан учун ҳам муҳим.
– Илм йўли шарафли ва масъулиятли йўл. Сиз бу машаққатли йўлни матонат билан ўтиб келаяпсиз. Илмнинг ҳар қадами мўъжиза. Лекин бу мўъжизани ҳамма ҳам ҳис қилавермайди. Бунинг учун ҳар ким ўз ботинида маънавий ҳаётини ташкил қила олиши керак. Доимо илм сизга, сиз илмга ҳамроҳ. Бу жараёнда ҳаётингизда унутилмас воқеалар кўп бўлгани аниқ.
– Ҳа, ҳаётимда эсдан чиқмайдиган ҳодисалар кўп бўлган. Мени ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат ҳайратга солади. Бундан кўп йиллар бурун академик Ойбек Ҳамид Сулаймоннинг докторлик диссертацияси ҳимояси муносабати билан бундай ёзган эди: “Ҳозирга қадар Навоий қўлхати топилмаган ва номаълумдир. Ҳамид Сулаймон ҳам кўп уринишларга қарамасдан, Навоийнинг қўлхатини топа олмади ва топилиши мумкин эмас деди. Лекин Навоийнинг қўлхати топилиши имкониятидан албатта умид узмаймиз”.
Бу гапларни Ойбек домла қанча умид билан айтганини мен чин дилдан ҳис қиламан. Қарангки, орадан кўп йиллар ўтиб, Навоийнинг қўлхатини топиб келиш менга насиб этди. Эрондаги “Коҳи Гулистон” музейида улуғ шоирнинг ўз қўли билан кўчирган “Наводир ун-ниҳоя” асарида топдик. Бу миллатимиз учун катта воқеа эди.
Мени ҳайрон қолдирган нарса шу эдики, узоқ йиллар мобайнида кўп изланиб, топилмаган Навоий дастхати 1991 йилда, айнан мустақиллик арафасида топилди. Тарихнинг ғаройиб ҳукмларини қарангки, Алишер Навоий дастхати ватанимизга мустақиллик билан бирга кириб келди. Бу ҳодисада ажойиб бир ҳикмат бордай туюлади.
Биз тезликда Навоий дастхатини нашр этишга киришдик. Ишонасизми, Навоийнинг дастхати нашр этилаётганда, мен ҳамма ишларимни йиғиштириб қўйиб, кун бўйи босмахонада ўтирардим. Тўғри, босмахонада мен қиладиган иш йўқ эди. Босмахона ишларини тушунмайман. У ердаги мутахассисларнинг менга эҳтиёжлари ҳам йўқ. Лекин мен ўша ердаман. Очиғи, ўшанда бир нарсадан қўрққанман. Ўзингиз биласиз, босмахона… босилиб чиқиб келаётган саҳифалар баъзан сочилиб кетади, ерга тушиб қолади. Мен ўшанда ерга тушган саҳифаларни битталаб териб ўтирганман. Навоийнинг дастхати ерда ётмасин, кимдир уни босиб ўтмасин деганман-да.
– Ўша вақтда сиз Алишер Навоийнинг муҳрини ҳам топгансиз. Бу муҳрда нима деб ёзилгани шоирнинг замондошларидан тортиб то бугунги авлодларгача, ҳаммани қизиқтириши шубҳасиз. Чунки Навоий муҳрида унинг ҳаётий позицияси акс этиши табиий.
– Алишер Навоий қўлхатининг аввалги бетидаги муҳрида: “Сен бу дунёда бир йўловчидек, фақирдек яшагил” деган жумла арабий ёзувда нақшланиб, сўнг “фақир Навоий” деб имзо чекилган.
Навоий саройда муҳрдор бўлганда анча ёш эди. Бу лавозимга тайинланган шоир улуғларнинг олдига кириб борганда уларнинг кўнглидан: “Энди ҳаммамиз шу йигитдан қуйига муҳр босар эканмиз-да”, деган ўй ўтиб турганини сезади ва секин Саид Ҳасан Ардашерга қарайди. Ҳасан Ардашер ҳам шоир руҳидаги хижолат ҳиссини англайди. Шунда биринчи бўлиб муҳр босиш учун муҳим бир ҳужжатни Навоийга берадилар. Навоий ҳали бирор муҳр урилмаган қоғознинг шундай жойига муҳр босадики, ундан пастроққа муҳр босишга ҳеч ким имкон қолдирмайди.
– Чингиз Айтматов: “Ўзининг болалигини уч-тўрт яшарлигидан бошлаб эслайдиган одамнинг дунёқараши беш-олти яшарлигидан бошлаб эслайдиган одамнинг дунёқарашидан икки баравар кенг бўлади”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, болалик одамнинг маънавий ҳаётининг пойдеворидир. Шунинг учун болаликдаги шаклланишлар инсон умрининг охирига қадар таъсир этиб боради. Эҳтимол, Алишер Навоий болалигидаёқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ини мутолаа қилаётганида унга буюклик сари йўл очилгандир. Алқисса, бу давр инсон оламида ҳал қилувчи кучга эга.
– Болалигимиз уруш даврига тўғри келган. Тошкент шаҳрида Ўрда атрофида Сомонбозор деган жой бўларди. Шу жойда туғилиб, ўсганман. Машаққатли йиллар эди. Насибамиз бир бурдагина қора нон бўлган. Эсимда, бир гал отам оқ нон билан шакар олиб келганида биз йиғлаганмиз. Отам Ғанижон Турсунов қишлоқ хўжалиги институтида ўқиган, кейинчалик шу соҳада мутахассис бўлиб ишлаган. Онам табиб қизи бўлган, у киши ҳам ўқимишли эди. Шароит қанча оғир бўлмасин, биз ўқиш ва билим олиш жуда зарур эканлигини тушунганмиз.
– Бир кишининг амалга оширган ва қилаётган ишларини тилимизда фаолият сўзи билан ифодалаймиз. Бу сўз араб тилида “бирор иш-амални бажарди” маносини англатувчи “фаала” феълидан ясалган бўлиб, унинг биринчи маъноси “ҳақиқий” дегани экан. Эсингизда бўлса, Асқад Мухтор мухбирлар тилидаги энг фаол бўлган “фаолият кўрсатди” иборасини нотўғри деб айтган эди. Адибга “фаолият” сўзига “кўрсатди” феълини қўшиб айтиш ёқмаган бўлса керак. Адиблар, олимлар ҳақида гап кетганда, “ҳаётий фаолияти”, “ижодий фаолияти” деган ибораларни кўп ишлатамиз. Ижод ва илм олами шундай оламки, унда кимдир ижодини эрта бошласа, кимдир элликка кирганда ҳам нима қиларини билмай юради. Яна кимдир жилд-жилд китобларни чиқаради-ю, аслида ижодини бошлай олмай дунёдан ўтиб кетади. Сизнинг ижодий фаолиятингизга аҳли илм ҳам, аҳли ижод ҳам ҳавас билан қарайди. Одамда умр бўйи давом этадиган жараён сизда қандай бошланган.
– Мен фаолиятимни жуда эрта бошлаганман. 15 ёшимда, ҳали мактабни битирмасдан Ўрта Осиё давлат университетининг шарқшунослик факультетига ўқишга кирганман. 20 ёшимда университетни битирганман. Петербургда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилаётганимда 24 ёшда эдим. Эсимда, ўшанда “Эрмитаж” директори Орбелий илмий кенгаш раҳбари бўлиб келган эди. Орбелий кенгаш азоларидан “Қани, ким ҳимоя қилмоқчи?” деб сўраганида, улар мени кўрсатишган. Шунда Орбелий менга ажабланиб қараб турди-да, сўнг илмий кенгаш азоларига: “Нима деяпсизлар? Ахир бу қизча ёш бола-ку”, деганди.
Лекин мен ўшанда диссертациямни муваффақият билан ёқладим.
Шу ўринда яна бир нарса ҳақида гапириб ўтишни истардим. Мунтазамлик одамнинг ички маданиятини белгилайди. Муваффақиятлар асоси ҳам мунтазамликда. Мен эндигина илмий ишларимни бошлаган кезларимда устозим Болдирёв ва унинг ёнидаги олимлар битта муҳим маслаҳат беришган. Айтишганки, “Сиз энди янги оламга кираяпсиз. Бу илм олами. Бу олам мунтазамликни яхши кўради. Ниманики истасангиз, кўнглингиздан қандай ўй ўтса, муҳим фактларга дуч келсангиз, ҳаммасини ёзиб боринг. Бу жуда зарур!”. Мен шундай қилдим. Барини эринмай ёзиб бордим. Бу ҳам меҳнат ва диққатни талаб қиладиган нозик иш. Ижодхонамда сақланадиган кундаликларим неча жилд бўлишини ҳисоблаб кўрмаганман. Бир хона десам муболаға бўлар-у, лекин битта катта жавон улар билан тўлади.
Мен 60 йилдан бери кундалик тутишдаги мунтазамликни йўқотмаганман. Бу кундаликлар менга илм йўлида ката таянч бўлган.
– Сиз ҳозиргина инсоннинг ички маданияти ҳақида гапирдингиз. Бир даврада калтафаҳм бир йигит фаросатсизлик қилиб, бетайин бир гапни айтганида, ўша йигитга қараб: “Сен шеър ўқигин, болам. Агар шеър ўқиб юрганингда, зинҳор бундай гапни гапирмасдинг”, деганингиз эсимда. Сиз Ойбек, Шайхзода, Зулфия, Миртемир каби улуғ сиймоларимизни кўргансиз, улар билан ҳамсуҳбат бўлгансиз. Уларнинг ижодкор ва инсон сифатидаги хислатлари, ўз ботинида азиз тутган манавий қоидалари ҳақида гапириб берсангиз.
– Ойбек, Шайхзода, Ғафур Ғулом, Зулфия, Миртемирлар ҳақидаги хотираларим ўчмасдир. Ойбек Навоий ҳақидаги романида Навоий давридаги Ҳирот манзараларини тушида кўриб, кейин тасвирлаган. Ғафур Ғулом Бедилнинг деярли ҳамма шеърларини ёддан билган. Шайхзоданинг бетакрор шеърларию Навоий ҳақидаги мақолалари. Шайх ака Навоий шерияти ҳақида докторлик диссертацияси ёқлашга киришган эди. Афсус, ҳаёт вафо қилмади.
Эсимда, Ғафур Ғулом Ҳиротга бориб, Навоий қабрини зиёрат қилиб қайтганида, бизга кафтида рўмолчага тугилган бир нарсани кўрсатди. Билсам, бу нарса Навоий қабридан олинган бир сиқим тупроқ экан. Ғафур Ғулом ўшанда бизга вафот этганимда шу бир сиқим тупроқни қабримга сепасиз деган эди. Бундай эҳтиром ва муҳаббат бизни ҳайратга солган. Бу инсонларда мен улуғ бир маданиятни, теран бир марифатни кўрганман. Биласиз, Ойбекни ўша кезларда “Қизил Ўзбекистон” газетасининг икки сонида аёвсиз танқид қилишади. Бу Ойбекка кучли тасир кўрсатади ва у инсулт бўлиб, гапиролмай қолади. Қарангки, Ойбекка қарши мақола ёзиб, уни гунг қилиб қўйган одам вақт етиб, Ойбек ижодидан диссертация ёқлашига тўғри келди. Ҳамма олимлар унга қарши эди, бу диссертациянинг ҳимоя қилиниши мумкин эмас эди. Мен ўша вақтлар илмий кенгаш котиби эдим. Вазиятдан хабар топган Ойбек илмий кенгашга ижобий тақриз берди ва шу одамнинг диссертация ҳимоя қилишига рухсат сўради. Илмий кенгаш йиғилишида қатнашаётган олимлар бу гапга ишонмадилар ва Ойбекнинг хатини ўқиб беришимни сўрадилар. Мен Ойбекнинг ўзининг касал бўлиб, гапиролмай қолишига сабабчи бўлган одамни ҳимоя қилиб ёзган хатини ўқий бошладим. Ярмигача ўқидим. Уёғига ўтолмадим. Томоғимга бир нарса тиқилиб, йиғлаб юбордим… Бундай бағрикенглик ва улуғлик, мардлик ва саховатни кўриб ким ҳайратланмайди дейсиз?
Менга бир нарса армон бўлиб қолган. Мақсуд Шайхзода оғирлашиб қолиб, махсус касалхонага жойлаштирилди. Бу жойда фақат ўша пайтлардаги давлат одамлари, раҳбарлар даволанарди. Кундан-кун шоирнинг дарди зўрайиб борди. “Айрилиқ они яқин” эди. Шунда Шайхзода рафиқаси Сокина хонимга: “Сокина, “Қуръон” сасини эшитгим келаяпти. Бир иложини қилинглар”, дейди. Афсуски, бунинг имкони йўқ эди. Бу ҳозир айтишга осон. Бироқ, у замонларда махсус назоратдаги касалхонада “Қуръон” оятини қўя туринг, ҳатто сасини тинглаш… мумкин бўлмаган! Шундан сўнг орадан кўп ўтмай Шайхзода оламдан ўтди…
– Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги илмий анжуманларда қатнашасиз. Наим Каримов сиз ҳақингизда: “Бирорта ўзбек адабиётшуноси Суйима Ғаниева илмий сафар билан бориб, маъруза қилган ва илмий алоқа ўрнатган мамлакатларнинг ҳали ярмини ҳам кўрган эмас”, деб ёзган эди. Сафар ҳам одам ҳаётидаги муҳим ҳодисалардан саналади. Сафар вақтида сиз кўпроқ нималарга этибор қиласиз?
– Илм изидан юриб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта илмий анжуманларда қатнашдим. Тинимсиз изланишларим натижасида ўзбек тилидан ташқари форс, турк, рус тилларида нафақат эркин гаплаша олиш, балки ёза олиш имкониятига эга бўлдим.
1966 йилдан бери чет эллардаги халқаро илмий конференцияларда мунтазам қатнашиб келаман. Илк сафарим Германия ва Чехословакияга бўлган. У ерда Шарқшунослик институтида учрашув бўлди. Кейин шарқшунос Иржа Бечка бизни уйига таклиф қилди. Олис бир юртдаги бир уйда, китоб жавонларида Жомий, Навоий, Ҳофиз, Саъдий китобларини кўриб, кўнглим фахрга тўлиб кетган. Қайси мамлакатга бормай у ердан боболаримиз тарихи билан боғлиқ фактларни излайман. Бунинг катта завқи бор. Хитойга борганимда, Хитой деворини бориб кўрдим. Бундан мақсадим Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонидаги Искандар деворини Хитой девори билан муқояса қилиш эди. Мен Хитой деворини кўриб, Навоий бу деворни келиб кўриб кетганмикин деб ўйлаб қолдим. Чунки Навоий тасвири билан бу девор бир хил эди. Низомийда ҳам, Деҳлавийда ҳам бундай аниқ тасвир йўқ.
Яна бир гап, мен сафарлардан доимо тўлиб-тошиб қайтаман. Ҳатто самолёт чиптасига қўшимча ҳақ тўлайман. Юкимнинг вазни меъёридаги оғирликдан ошиб кетади-да. Мен олиб қайтадиган товарлар фақат китоблар бўлади. Юкхонага топшириладиган жомадонларимдан ташқари қўлимдаги сумкага ҳам китоб солиб оламан.
– Сиз суҳбатингизда устозингиз, йирик шарқшунос олим Александр Николаевич Болдирёв ҳақида меҳр билан гапирасиз.
– У кишининг Шарқ мутафаккирларига меҳри жуда баланд эди. Улуғларимизнинг номини эҳтиром билан тилга олар эди. Биргина мисол, мустақилликкача Хожа Аҳрор Валийдек буюк шахснинг номи қоралангани ҳаммамизга маълум. Устозим А.Болдирёв бизга ёшлик йилларимиздаёқ Хожа Аҳрор Шарқнинг буюк шахсларидан бири эканини уқтирган эди. Дарҳақиқат, бу шахс ўз вақтида миллий манавиятимизга катта тасир кўрсатган. Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби улуғларимиз Хожа Аҳрор Валий руҳига таважжуҳ кўрсатганлар. 1983 йилнинг баҳорида Болдирёв Петербурдан Самарқандга келди. Бу сафардан унинг аниқ мақсади бор эди. Яъни, олим Хожа Аҳрор қабрига бориб, у зот ҳақида асар ёзиш учун ижозат сўрашни ният қилган экан. Александр Николаевич Хожа Аҳрор зиёратига боради. Ўшанда мақбара киришидаги дарвозага қулф солиб қўйилган экан. Қоровул калитни тополмайди. Ичкарига кириш маҳол. Шунда қулфни тортиб кўришади ва у очилиб кетади. Шунда Болдирёв ҳазиллашиб форсийда шундай деган экан:
Хўжайин ижоза надод,
Лекин хожа ижоза доданд.
Яъни, қоровул киришга изн бермади, лекин Хожа ижозат берди.
Ўшанда менга Александр Николаевич: “Хожа Аҳрор ҳақида бир асар ёзмоқчиман. Бу менинг охирги асарим, яъни “оққуш қўшиғим” бўлади”, дегандилар. Айтишларича, оққуш умрининг охирида бир марта яйраб сайрар экан ва ўлар экан. Устозимнинг бу китоби 1985 йилда нашр этилди. Мен бу асарни ўзбек тилига таржима қилдим. Афсуски, бу чоғда у киши оламдан ўтган эди.
– Айни пайтда сизни ўйлантириб турган адабий жараёндаги муаммолар ҳақида нималар дея оласиз?
– 1978-80 йилларда “Ўзбек адабиёти тарихи” китобининг беш томлиги нашр қилинди. 1987-89 йилларда эса, бу китоб рус тилида икки том ҳолида нашр қилинди. Гап шундаки, бу китоблардаги хато қарашларни, маломатлар ва қоралашларни бартараф этиш керак! Масалан, Лутфий “Гул ва Наврўз” асарини ёзган дейилган. Аслида темурий шаҳзодалардан Искандар Мирзо таклифига кўра Жалолиддин Табибнинг “Гул ва Наврўз” и туркийга таржима қилинган. Яна бир гап, адабиётимиз тарихида Дурбек деган шоир бўлмаган. “Юсуф ва Зулайҳо” достонини Ҳомидий Балхий деган шоир 1470 йилда ёзган. Бундай чалкашликларни тўғрилашимиз керак.
Мен темурийларнинг адабиётга муносабатлари билан қизиққанман. Аксариятининг руҳида адабиётга муҳаббат бўлган. Хусусан, Амир Темурнинг ўзи ҳам Навоий айтганидек, “шеър ёзмасалар-да, шеърни яхши билган, ўрнида ўқиб берган”. Манбаларда таъкидланишича, Темурнинг ўғли Мироншохнинг атрофидагилар маишатга берилиб кетади. Бундан хабар топган Темур уларга қаттиқ туради. Шундай кишилардан бирини Самарқандга Темурнинг ҳузурига олиб келадилар. Буни қарангки, бу кимса “Қуръон”ни ёд биладиган, мусиқа илмидан яхши хабардор бир одам экан. Амир Темур шундай одамнинг иши шунақа бетайин бўладими деб ажабланади. Шу ҳолда ўша одам “Қуръон” ўқиб юборади. Соҳибқирон шунда бир мисрани ўқийди:
Абдол зи бим чанг бар Мусҳаф зад.
Яъни, дарвеш қўрққанидан “Қуръон” га чанг солди. Мен Амир Темур ўқиган бу мисрани қидириб-қидириб бир неча йилдан сўнг топдим. Бу мисра XI асрда яшаган Абу Саид Абулхайрнинг “Ҳавроия” деган рубоийсидан экан. Қизиғи шундаки, бу рубоийга жами 17 та шарҳ ёзилган бўлиб, Хожа Аҳрор ҳам шарҳ ёзган. Темурийлар даври адабиётини кўп ўрганишимиз керак. Шунда жуда қизиқ маълумотларга дуч келамиз. Булар бугунги адабиётимизга ҳам хизмат қилади.
– Библиографиянгизни кузатсак, мақолаларингиз 1959 йилдан эълон қилина бошлаган. Шундан кейин ўтган 55 йил давомида сиз изланишдан сира тўхтамагансиз. Узлуксиз ижод билан машғул бўлгансиз. Яқинда эълон қилинган рисолаларингиз сони мингдан ошибди. Бу жараёнда сиз Алишер Навоий ижоди билан мунтазам машғул бўлдингиз. Гўё ҳаётга ҳам, дунёга ҳам Навоий ижоди орқали қарайсиз ва хулоса чиқарасиз. Шундай экан, кўнглингизда улуғ шоир билан яна қандай гаплар бор?
– Умрим китоблар ичида ўтаётганига шукур қиламан. 20 ёшимдан Навоий асарлари ичида яшадим. Мисрама-мисра кезиб юрдим. Агар менга Навоийдан қайси байтни яхши кўрасиз десалар, улар жуда кўп, лекин бир рубоийсини ғоят яхши кўраман дердим. Бу рубоий шундай:
То хирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
Навоий шу тўрт қатор рубоийсининг ўзи билан ҳам жаҳон адабиёти тарихида қолишга ҳақли эди.
Мен афғонистонда уч марта бўлдим. Ҳар гал борганимда Ҳиротга ўтиб, Навоий қабрини зиёрат қилишни орзу қилганман. Лекин… У ердаги нотинчликлар сабаб, йўлларнинг оғирлиги ва хатарлилиги боис бу ниятим амалга ошмай қолаверган. Менинг армонларимдан бири шу…
Бироқ мен Навоий қабрини зиёрат қилолмасам-да, бир нарсага суюнаман. Навоийни ўқиш ва англаш ҳам уни зиёрат қилишдир. Шу юрт Навоийнинг ватани, ўзбек тили Навоийнинг ватани. Мен шу юрт ва шу тил бағридаман. Кўнглимда доимо Навоий соғинчи яшайди. Юртимизда Навоийнинг қадами етган манзиллар менга жуда азиз…
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Маънавиятнинг муҳим асослари адабиёт тарихи, маданият тарихи билан боғлиқ, уларнинг намоёндалари фаолияти ва асарлари билан боғлиқ. Менинг тасаввуримда Навоий миллат маънавиятининг бошида туради. Навоий нима қилган бўлсалар аввало шу миллат учун қилган. Оддийгина бир нарсага эътибор қилайлик. Алишер Навоийнинг асар ёзиш маданиятига қаранг. У кишида асар ёзиш маданиятининг мумтоз тимсолини кўрасиз. Асарларини қандай бошлайди? Қандай ижод этади? Қандай якунлайди? Гўё бутун борлиғи билан ибодат қилаётгандай асар ёзганлар.
– Ҳар бир адиб, ҳар бир олимнинг ўзидан кейин келаётган авлодларга нисбатан кўнглида асраб юрадиган гаплари бўлади. Бугунги ўзбек ёшларига айтадиган энг муҳим гапингиз…
– Ҳар гал ёшлар билан учрашганимда кўнглим ўсиб кетади. Мен уларда Алишер Навоий, Бобур, Нодирабегим каби ижодкорларимизнинг давомини кўргандай бўламан. Халқимиз уларнинг тимсолида яшаб бораверади.
Ёшларга айтадиган энг муҳим гапим шу: мен гўзаллик деганда ахлоқий покликни тушунаман, илм йўлидаги ёки ўзи танлаган касби йўлидаги изчилликни тушунаман. Ҳар бир одамда, ёшми, қарими, эркакми, аёлми, ички маданият бўлиши керак. Ички маданияти йўқ одам билан муроса қилиб бўлмайди. Ички маданияти бор одам энг гўзал одамдир.
Яна бир гапим бор. Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг охирида ҳаммамизга қарата ўз васиятини айтган. Ёшларимиз шоирнинг ана шу васиятини сира ёддан чиқармасинлар. Бу васият шундай:
Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.
Навоийнинг бу фикри барча даврлар учун долзарбдир. Шоир ҳар бир келажак авлодни ватанни севишга, огоҳ бўлишга даъват этади.
– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
Эшқобил ШУКУР суҳбатлашди.
Жараён
Тарих
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ