Рамзий тил, руҳий тажриба ва маданий хотиранинг ҳаракатдаги акси – Туркий халқлар рақси тарихи


Сақлаш
16:55 / 15.05.2025 61 0

Туркий халқлар маданий мероси – оғзаки ижоди, мусиқа, амалий санъат ва албатта, рақс – бу минг йиллик тарих, эътиқод, урф-одат ва анъанани ўзида мужассам этган бой хазинадир. Айниқса, рақс халқ руҳи, ҳаётий фалсафаси ва эстетик дунёқарашининг ифодасидир.

 

Вақт ва тамаддун туркий халқлар маданий меъросига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳудудий фарқлар яққол кўзга ташлана боргани сари расқдаги хусусиятлар ҳам ранг-баранг тус олди. Хоразм, Бухоро ва Фарғона рақс мактаблари шаклланиб, ҳар бири ўзининг маданий кодлари, тасвир тили ва рамзий белгиларини яратди. Ушбу мақолада айнан туркий халқларнинг рақс санъатида намоён бўлган рамзийлик, унинг тарихий манбалари, эътиқодлар билан алоқаси ва турли мактабларда қандай тарзда ифодаланганига алоҳида эътибор қаратилади.

 

Рақслар ўзининг дастлабки босқичларида маросимий ва диний характер касб этган бўлса, кейинчалик у миллий ўзликни ифодаловчи, нафис санъат шаклига айланган. Ривожланиш жараёнида туркий рақслар тарихий, маданий ва географик хусусиятлар таъсирида қуйидагича даврлаштирилади:

 

1.                 Энг қадимги давр (мил. авв. I мингйиллик – милодий IX аср) – Дастлабки босқичда туркий халқларнинг рақслари бир-бирига ўхшаш, асосан шомонлик, табиат ва уруш рамзларига бой бўлган. Бу даврда рақслар жамоавий характерга эга бўлиб, булар уруғ тўйларида, ҳосил байрамларида, ёвуз руҳларга қарши маросимларда ижро этилган. Ҳудудлар ўртасидаги фарқлар ҳали чуқур бўлмаган, чунки ўша пайтда маданий алмашувлар кенг кўламда тарқалмаган эди.

 

2.                 Илк ажралиш даври (IХ–ХII асрлар) – Ислом динининг кириб келиши билан рақслар аста-секин диний маросимлардан маърифий, эстетик шаклга ўта бошлади. Шу билан бирга, Хоразм, Бухоро ва Фарғона водийси каби йирик маданий марказлар шакллана бошлади. Бунда:

 

Хоразм: жанговар, қудратли ҳаракатларга бой бўлиб, ўзида қадим шомонлик анъаналарини кўпроқ сақлаб қолди.

 

Бухоро: сарой муҳити ва маданияти таъсири – нозик, силлиқ ҳаракатлари билан ажралиб турди.

 

Фарғона: лирика ва нозик туйғулар ифодаси, табиатга уйғун рақслар кўпроқ ривож топди.

 

3.                 Олтин даврХIV–ХVI асрлар (Темурийлар ва Шайбонийлар даври). Темурийлар даврида, айниқса Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда раққосалар, созандалар ва санъаткорлар учун махсус мактаблар ва маданий мажмуалар ташкил этилган.

 

4.                 ХVIIIХIХ асрлар: халқ рақсларининг оммалашуви ва минтақавий фарқлар мустаҳкамланиши. Совет Иттифоқининг ХХ асрда туркий халқлар ҳаётидаги таъсири ҳам рақс санъатида ўз аксини топди. Совет даврида рақс санъати театрга яқинлаштирилди, яъни саҳналаштирилди, унга янги руҳ – драматургик ёндашув қўшилди. Бу даврда халқ рақсларини театр саҳнасига олиб чиқиш ва уларга профессионаллик, ифодакорлик қўшиш кенг тарқалди.

 

Туркий халқлар рақси қадимий эътиқодлар – шомонлик, тангричилик, зардуштийлик ва ислом тафаккури билан боғлиқ ҳолда ривожланиб, ўзига хос рамзий қатламларга эга бўлди. Айниқса, ҳаракатларнинг табиий кучларга – ел, олов, сув, осмон, ҳайвонот дунёсига тақлидан ижро этилиши; бош кийимдаги пат, маржон, нақш ва ранглар орқали илоҳийлик, ҳимоя, поклик ёки қудрат ифодалангани бу санъатнинг чуқур маънавий илдизларга эгалигидан далолат беради. Ҳар бир эътиқоднинг рақсда қандай акс этганини қуйидаги тавсифда кўриб чиқамиз:

 

1. Шомонлик (Шаманизм)

 

Шомонлик ёки шаманизм туркий халқларнинг энг қадимий эътиқодларидан бири бўлиб, у туркий халқлар диний ва ижтимоий ҳаётида катта роль ўйнаган. Шомон (шаман) – аждодлар руҳи ва табиат кучлари билан боғланувчи; ёвуз руҳлардан ҳимоя қилувчи шахсдир. Шаманизм рақсида қуйидагилар акс этган:

 

Рақс ҳаракатлари кўпинча тартибсиз, тез-тез такрорланадиган ва жанговар бўлган, бу эса шаманнинг руҳлар билан боғланиш ва табиат кучларини бошқариш ифодаси деб қаралган.

 

 

Бош кийимларида патлар, қўлларда маржонлар ёки мунчоқлар, нақш ва табиатга оид рамзлар тасвирланган кийимлар.

 

2. Тангричилик

 

Тангричилик – туркий халқларнинг миллий эътиқоди бўлиб, Кўк Тангри (Олий Худо)га ишониш орқали тавсифланади. Бу эътиқодда Тангрига ҳурмат кўрсатиш ва унинг илоҳий қудратини англаш муҳим ҳисобланади.

 

Тангричилик рақсларида енгил ва жиддий ҳаракатлар мавжуд бўлиб, улар Тангрини улуғлаш ва табиатнинг қудратини тасвирлашга қаратилган. Рақсда баъзан бошни пастга эгиш, қўлларни кенг очиш ва шукроналик билдириш каби ҳаракатлар кўрсатилади. Либосларда табиий ранглар – қизил, яшил, кўк каби ранглар кўп ишлатилади, бу эса табиатни ва Тангрининг барча кучларини акс эттиради.

 

3. Зардуштийлик (Маздаизм)

 

Зардуштийлик, яъни Маздаизм, Ўрта Осиё ва Эронда тарқалган, яхшилик ва ёмонлик курашини ифодаловчи эътиқод тизимидир. Зардуштийликда Аҳриман (ёмонлик кучи) ва Аҳура Мазда (яхшилик қудрати) ўртасидаги кураш марказий мавзу бўлиб, бу кураш турли диний маросимларда, шу жумладан, рақсда ҳам ўз аксини топган.

 

Зардуштийликка оид рақсларда яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги курашни тасвирлайдиган ҳаракатлар мавжуд. Оқ ранг (яхшиликни) ва қора ранг (ёмонликни) кўрсатадиган либослар, раққосанинг ҳаракатларини ўзгартиради ва руҳий зиддиятларни акс эттиради.

 

Симметрик ҳаракатлар ва доиравий рақслар Зардуштийликда мавжуд бўлган дуализмни, яъни яхшилик ва ёмонликни ифодалайди.

 

Ушбу эътиқоднинг муқаддас унсурлари бўлмиш – ел, сув, олов, тупроқ хусусиятига тақлид ҳаракатлар ҳам зардуштийликка хос белги ҳисобланади.

 

4. Ислом

 

Ислом туркий халқларда кенг оммалашган ва узоқ йиллардан буён ҳукм сураётган дин бўлиб, гарчи унда санъат куфр ҳисобланса-да, лекин форсий халқлар мусулмонлари ислом маданиятида туб бурилиш ясаганлар. Улар ислом билан ўз халқи маданиятини уйғунлаштиришга муваффақ бўлганлар. Натижада ўзбек, тожик ва туркман рақсларига Ислом маданияти ва суфизмнинг руҳий ва диний таъсири рақс санъатига медитация, сабр ва ички покланиш каби унсурларни олиб кирди.

 

Тасаввуф таълимотида рақс – бу руҳий ўзгаришлар ва тавҳидга элтгувчи йўл ҳисобланади. Масалан, “Само” рақси Мавлоно Жалолиддин Румий томонидан ривожлантирилган бўлиб, унда раққосалар осмонни қучоқлаб айланади, уларнинг ҳаракатлари орқали ички руҳнинг юксалиши ифодаланади. Бу таъсир ўзбек ва туркман рақсларида ҳам ўз аксини топган, масалан, “Дилхирож” рақсида рамзий равишда руҳий юксалиш ва Тангрига илтижо акс этади.

 

Бундан ташқари, маълумот ўрнида яна шуни таъкидлаш лозимки, рақсдаги соф туркийча ҳаракатлар – бош, бўйин, елка ва қўл ҳаракатлари ҳисобланади. Кейинроқ эса маданиятлар аралашуви натижасида бошқа турдаги ҳаракатлар ҳам кириб келган. Масалан, ғарбдан оёқ, араблардан бел ҳаракатлари олингани бунинг яққол исботидир.

 

Туркий халқлар рақси – бу фақатгина мусиқага мос ҳаракатлар мажмуаси эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган рамзий тил, руҳий тажриба ва маданий хотиранинг ҳаракатдаги аксидир. Ҳар бир ҳаракат, либосдаги ҳар бир унсур, ҳатто ранг ва безаклар ҳам ўзига хос маънога эга – улар орқали халқ ўз тарихини, эътиқодини, табиатга бўлган муносабатини ва яшаш фалсафасини ифода этади. Қуйида уларни таҳлил қиламиз:

 

Юқорига қаратилган қўл – Тангрига муножот, дуо, илоҳий куч билан боғланиш.

 

Ерга чўзилган қўл – она заминга ҳурмат, табиат билан уйғунлашув.

 

Кафтни юракка босиш – садоқат, муҳаббат, ҳурмат ифодаси.

 

Айланиш – бу ҳаёт цикли, фазо ҳаракати ва руҳий покланиш рамзи.

 

Ер тепиниш ёки сакраш – жасорат, ҳарбий тайёргарлик ёки эркинлик тимсоли.

 

Кўз, бош ва бармоқлар ҳаракати – назокат ва туйғулар ифодаси.

 

Ҳилпираган этак – шамол, эркинлик, табиат кучини ифодалайди.

 

Ҳаракатдаги шамол, сув, олов ёки жонзотларга тақлид – табиат билан уйғунлашув рамзини ифодалайди.

 

Либослар рангида қизил – эҳтирос ва муҳаббатни; кўк – фаровонликни; яшил – янгиланиш ва келажакка умидни; оқ – руҳий хотиржамликни ёки ўлимни; қора эса аксинча тушкунликни ифодалаган.

 

Келинг, буларни “Дилхирож” рақсида кўриб чиқамиз.

 

Туркий халқлар рақс санъатида энг инжа туйғулар, сўз билан айтилмайдиган изтироблар ҳаракат воситасида ифодаланади. Ана шундай рамзий ифодаларнинг ёрқин намунаси “Дилхирож”дир.

 

 

“Дилхирож” рақси ўзбек рақс мактабининг лирика билан йўғрилган шаклларидан бири бўлиб, аёл қалбининг ҳаракатдаги изҳоридир. Рақс бошланиши билан раққосанинг қўллари осмон сари йўналади – бу илтижо, дуодир. Сўнгра қўллар юрак устига қайтади – бу қалбда кечаётган дард, орзиқишнинг белгиси. Ҳаракатлар майин, ёқимли ва сукунатли. Ҳар бир эгилиш, ҳар бир айланишда бир дард, бир умид яширинган. Бу рақсда жасорат йўқ – бу рақсда аёлнинг ички кучи, сабри, садоқати бор.

 

Кўплаб санъатшунослар бу рақсни мақом мусиқасининг ҳаракатдаги талқини деб баҳолайди. Айниқса, “Сегоҳ” ёки “Баёт” мақомлари остида ижро этилган “Дилхирож” мусиқадаги оҳанглар билан раққосанинг юраги синхрон ураётгандек таассурот қолдиради. Бу рақс томошабинни ташқи ҳаракат эмас, балки ички туйғу билан ларзага солади.

 

Афсоналарга кўра, бу рақс илк бор бир аёл томонидан севганидан айрилган тунларда яратилган. Ой нурида ялиниб турган ҳар бир ҳаракати осмон билан суҳбатга ўхшаган. У сўзламаган, фақат ҳаракат қилган. Сўзлар сукут бўлиб қолган, ҳаракат эса ҳикоя айтган. Шу тариқа Дилхирож” дунёга келган.

 

“Дилхирож” ҳаракатдаги шеър, ҳаракатдаги илтижо. Бу рақсда аёл соғинчдан йиғламайди, у рақсга тушади. Чунки туркий аёлнинг кўз ёшлари ҳам эстетик бўлиши керак. У юрагида ўртанган туйғуларини гўзалликка айлантириб оламга изҳор қилади.

 

“Дилхирож” рақси Бухоро рақс мактабига мансуб бўлиб, дастлаб у саройларда, базмларда ва нозик дид эгалари орасида ижро этилган. Бу рақсда ҳаракатлар асосан юқори тананинг иштирокида кечади – айниқса қўл, кафт, бўйинни ифодали ишлатиш муҳим. Ҳаракат гўё юракдан бошланади ва танани титратиб, ҳавога сизиб чиқади. Бугун “Дилхирож” рақси замонавий саҳналарда ҳам ижро этилаётган бўлса-да, унинг асл гўзаллиги ички сукут, нафис ҳаракат ва дардли мусиқанинг уйғунлигида яшайди. Бу рақсни тушуниш учун кўриш кифоя эмас, уни ҳис қилиш керак.

 

Фарғона мактабининг нафис рақс намунаси эса “Тановор”дир. У бутун турк маданиятида аёл образининг маънавий гўзаллиги, ички оҳангдорлик ва туйғуларнинг эстетик ҳаракати сифатида талқин этилади. “Тановор” – бу сўзсиз шеър, ҳаракати билан дардни, орзуни, муҳаббатни, ҳайрат ва сукунатни ифода этувчи рамзий санъат асаридир.

 

 

“Тановор” – бу ўзига хос руҳий сафар. Рақснинг ҳаракатлари:

 

Сокин сузиш – ҳаёт дарёсида оқиб бораётган аёл ҳаётининг рамзи;

 

Кафтни юрак устига қўйиш – садоқат ва муҳаббат;

 

Қадамларнинг аста силжиши – тақдирга бўйсуниш, сабр;

 

Кўзлар билан юқорига қараш – илоҳий кучга мурожаат, умид.

 

Бу рақс орқали аёл ўзини жамиятга эмас, осмон ва юрак орасидаги маконга туташтиради. У сукутда сўзлайди, ҳаракатда сукутни қучоқлайди.

        

Рақс орқали халқнинг руҳи, юрак зарби ва табиати ифодаланар экан, демак, Хоразм халқининг руҳи “Лазги” рақсига жо бўлмишдир. Лазги – бу рақс эмас, бу бир олов, жўшқинлик, ҳаётий куч. Бу рақсда ҳар бир ҳаракат аланга каби – олдинга сачрайди, чекинмайди, юракдан отилади. Лазги Хоразмнинг тили, юраги ва тимсолидир.

 

Лазги қадимий Хоразм ҳудудида минг йиллар давомида шаклланган халқ рақсидир. У дастлаб маросимий ва диний кўринишда бўлган – одамлар олов атрофида рақсга тушиб ҳаёт, куч ва ҳимоя сўраганлар. Бу рақс замирида табиат кучларига сиғиниш, қушлар, ҳайвонлар ҳаракатини ўхшатиш, жанговар тайёргарлик ва руҳий покланиш каби қадимий эътиқодлар мужассам этган.

 

Замонавий саҳнага мослаштирилган шаклларида ҳам Лазги ўзининг жўшқин, кучли, эрксевар руҳини йўқотмаган. Лазги – ҳаракатдаги табиат билан мулоқотдир:

 

Пат ўйнатиш ёки қуш ҳаракатлари – озодлик, руҳнинг учиш истаги.

 

Оловли айланмалар – эҳтирос, қудрат, тозаланувчи куч.

 

Найза ёки қилич зарбаларини эслатувчи ҳаракатлар – жанговар руҳ, курашчанлик.

 

Қўлларни юқорига кўтариш – Тангрига мурожаат, илоҳий куч билан бирлашиш.

 

Бу ҳаракатларнинг барчаси халқнинг яшаш фалсафасига асосланган – кучли, лекин покиза; жўшқин, лекин оқкўнгил бўлиб яшаш.

 

Лазги эрк ва ғурур рақси. Аёл раққоса бу рақсда заиф эмас, балки ўзига ишонган, ҳаёт билан курашаётган, аммо гўзалликни унутмаган тимсол сифатида гавдаланади.

 

Бу рақсда бир вақтнинг ўзида:

 

Аёл ўз оромини топади;

 

Халқ ўз иродасини англайди;

 

Томошабин ҳаёт маъносини ҳис қилади.

 

Шу боис Лазги 2020-йилда UNESCO номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган. Бу рақс энди нафақат Хоразмнинг, балки бутун инсониятнинг санъат хазинаси сифатида эътироф этилган.

 

Бугун бу рақслар саҳналарда, тўйларда, фестивалларда ижро этилар экан, улар ўз тарихи, рамзи, руҳини елкалаб юришда давом этмоқда. Ҳар бир қўл силкиниши, қадамлар титроғида ўтмишдан келаётган овоз янграйди: бу рақслар халқ кўнглининг тилидир.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18004
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//