Тил сиёсий қуролга айланди. Бу “қурол”нинг эгалари ким?


Сақлаш
18:09 / 15.05.2025 9 0

Ҳар қандай маданият ва унинг таркибий қисми бўлган тил рамзлар олами ҳисобланади. Инсон ҳаёти, олам ва одамга муносабати, борлиқ ва инсонни баҳолаш мезонлари, интилишларининг маъно-мазмунини рамзлар белгилаб беради. Сўз ва тилдан ижтимоий онгни бошқаришда фойдаланиш – долзарб масала. Бу борада рус олими Александр Богдановнинг фикрлари диққатга сазовор. У сўз ва унинг замирида шакллантириладиган мафкурада ижтимоий-сиёсий жараёнларни бошқаришнинг асосий қуролини кўради. Олим XIX аср охири – ХХ аср бошларида Россияда ғарбчилар ва славянофиллар ўртасидаги баҳс қизигандан қизиган бир даврда илк бор тилни омма онгини манипулятив бошқаришнинг омили сифатида талқин этади. У сўзда янги воқеликни, янги тафаккур ва ҳаракат тарзини дастурлаштириш воситасини кўради. Жамиятда ижтимоий бирликка эришиш учун тилнинг ягона қоидасини жорий этиш лозимлигини қайта-қайта таъкидлайди. Тил ва у орқали ифода этилган ғоя ҳам тарихни яратувчи, ҳам реал воқеликни шакллантирувчи куч сифатида намоён бўлади. Шунинг учун янги тилни яратиш ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг асосий воситаси сифатида “мафкуралашган тафаккур”ни шакллантиришга ёрдам беради. Унинг талқинида тил ва мафкура бошқарув маданиятининг энг муҳим жиҳатини ташкил этади. Зеро, тил бир маданиятни бекор қилиш ва дунёни бутунлай бошқа асосда қайта ташкил этишнинг қудратли воситаси ҳисобланади (қаранг: Богданов А. Всеобщая организационная наука. Текстология. В 2-х кн. Кн. 1. Москва, 1989. Стр. 124–131). Бу фикрнинг рўёбини сўнгги йилларда “маънолар комплекси интервенцияси” орқали айрим мамлакатлар миллий маънавий-маданий асосларини емиришга уринишда ҳам кузатиш қийин эмас.

 

Баъзи олимлар тилнинг ҳокимиятга эришишдаги ўрни масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, француз тадқиқотчиси Пьер Бурдье тилнинг сиёсий мақсадларни амалга ошириш воситасига айланишини кузатиб, “легитим” (қонуний) ёки “тўғри” тил ҳодисасига эътибор беради. Тил сиёсий қуролга айланган экан, бу “қурол”ни “ишлаб чиқарувчилар” ҳамда унга эгалик қилувчилар бўлиши табиий. Шу асосда П.Бурдье “лингвистик бозор”, “лингвистик капитал” ва “лингвистик капитал эгалари” тушунчаларини киритади. Айнан “лингвистик капитал эгалари” тил бозорида нарх-навони белгилаш қоидаларини жорий этади. Улар, француз социологининг фикрига кўра, ўзи ишлаб чиққан санкциялар тизими орқали “расмий тил”ни қонунлаштиради, яъни қайси сўзлар қадрли ва керакли, унинг маъно кўлами қандай эканини белгилайди (Bourdieu P. Language and Simbolic Power. Harvard University Press, 1991. P. 51). Олим масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратади. “Рамзий капитал эгалари” мафкуравий маҳсулот буюртмачилари сифатида рамзий зўравонликнинг зўравонлик тарзида эмас, балки бутунлай бошқа, аниқ белгиланган маънода талқин этилишини назорат қилиб боради. Шунга мувофиқ, “тайёрланган мафкуравий маҳсулот унинг асл маъносини очишга бўлган ҳар қандай уринишни ахлоқсизлик ёки ғайриқонуний ҳаракат сифатида қай даражада кўрсата олса, шунчалик самарадорлиги ошади” (ўша манба, 153-бет).

 

Шунга яқин фикрларни америкалик тадқиқотчи Ҳью Данканда ҳам учратамиз. “ХХ асрнинг улкан ижтимоий инқилоби айни коммуникация соҳасида, яъни ҳокимият эгалари учун тимсоллар (образ) ёки атамаларни яратиш ва назорат қилиш ҳамда шу йўл билан ўз ҳокимиятларини қонунлаштириш имкониятини берадиган воситалар доирасида амалга оширилди. Мафкуралар рамзий шакллардир. Улар аслида муайян атама бўлиб, буларни ким яратаётган ва назорат қилаётган бўлса, ўша бизнинг ҳаётимизни назорат қилади. Ҳар қандай “инқилобчи йўриқномаси”да ҳокимиятни эгаллаш йўлидаги биринчи қадам – ҳокимиятнинг барча рамзлари ва коммуникация воситалари устидан назоратни қўлга киритиш экани ҳақида гап бор. Биз ҳокимиятни куч билан олишимиз мумкин, аммо хатти-ҳаракатларимиз айнан кундалик мулоқотда ишлатиладиган тимсоллар билан белгиланади ва буларни яратиш ҳамда оммалаштиришни назорат қилганлар жамиятни бошқаради” (Dunсan H. Symbols in Society. Oxford University Press, 1968. P. 33).

 

Бу икки мутахассис “рамзий ҳокимият”, “рамзий зўравонлик” масалаларини алоҳида олинган жамият ва давлат бошқаруви билан боғлиқ тарзда таҳлил этган. Аммо ҳозирги даврда уларнинг фикр-хулосалари халқаро муносабатларда ҳам ифода топаётганини сезиш мумкин. Глобаллашув шароитида “глобал лингвистик бозор” шаклланаётгани очиқ-ойдин кўзга ташланмоқда. Бу бозорни бошқараётганлар, яъни лингвистик капитал эгалари ҳам аён. Айни шулар бу бозордаги об-ҳавою нарх-навони белгиламоқда.

 

Шунга мувофиқ, “легитим” (қонунлашган) атамаларнинг мазмуни ва “аён ҳақиқатлар” жамламаси, аввало, мазкур гуруҳ манфаатларини ифодалаётганини англаш қийин эмас. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, дунёга етакчиликни даъво қилаётганлар, бир томондан, бу легитим тил доирасига кирмайдиган тушунчаларни ва улар ифодалаган воқеа-ҳодисаларни “нотўғри”, “инсонпарварликка зид”, “даҳшатли” дея талқин қилишга интилса; иккинчи томондан, етакчилик мавқеини сақлаб қолишга хизмат қиладиган тегишли сўз ва ибораларни фаол муомалага киритмоқда. Шу тариқа, масалан, ҳарбий кампанияни қонунлаштириш учун номаъқул давлат ёки ҳудуд тизимига нисбатан “тўғри сўзлар”га тескари атамаларни, олайлик, “диктатура”, “инсон ҳуқуқларини поймол этувчи”, “эркин фикрни бўғувчи” кабиларни қўллаш кифоя қилади.

 

Дунёдаги бошқа сиёсий кучлар ҳам муайян ижтимоий фикрни шакллантириш учун ўз легитим тиллари луғатини фаол ишга солмоқда. Оммавий ахборот воситаларида бундай кучлар, бир томондан, қонунлаштирилган тилга, “тўғри сўз”ларга ўзича маъно юкласа, иккинчи томондан, вазиятга қараб, уларнинг маъно кўламини ўзгартиради.

 

Инсон онгу тафаккурини ўзгартириш орқали, уни миллий анъана, урф-одат, лўнда қилиб айтганда, маданиятидан ажратиш гегемон давлат ёки давлатларнинг “очиқ жамият моделлари” ҳақидаги орзуларига йўл очади ва дунё устидан ҳукмронлик қилишни осонлаштиради. Табиийки, ўзлигини таниган халқ бунга, қандай бўлмасин, тўсиқ қўйишга, мафкуравий тазйиқларга қарши курашишга интилади.

 

Испан социологи Мануэль Кастельс сўзлари билан айтганда, “Ахборотлашган жамиятда ҳокимият фундаментал поғонада маданий кодларга кириб боради... Шу маънода, ҳокимият, у реал бўлганда, номоддий бўлади... Маданий олишувлар моҳиятан ахборот асридаги ҳокимият учун курашдир. Ҳокимият хатти-ҳаракатлар меъёрларини белгилаш имкониятини берадиган ахборот тармоқлари ва улар орқали тарқатиладиган рамзларда яширинган” (Кастельс М. Информационная эпоха: экономика, общества, культура. Москва, ВШЭ, 2000. Стр. 502–503). Рамзлар эса, авваламбор, сўзда акс этади. Сўзда халқнинг руҳияти мужассам. “Ҳар бир одамнинг ҳоли сўзи ортида яширингандир” дейди каломда руҳни кўрган ва унга маъно юклаб, ҳушёрлик билан ёндашишга ундаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий.

 

Дунёда ҳукмронликка интилаётган кучларнинг таъсиридан холи бўлишнинг энг мақбул воситаси – тараққиёт йўлини миллий хусусиятларга, азалий шаклланган урф-одат ва қадриятларга мувофиқ тарзда белгилаш. Ўзбекистон айни шу йўлни танлади, фуқаролик жамияти асосларини барпо этишнинг энг муҳим таркибий қисми маънавият ва маърифат соҳасида, шахсни мунтазам камол топтириш борасида узлуксиз иш олиб боришдан иборат, деб белгилади. Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, “Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди” (Ш. Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан).

 

Хуллас, глобал ҳокимият глобал рамзлаштириш орқали амалга оширилар экан, давлатчиликни сақлаш, жамиятдаги барқарорликнинг асосий гарови бўлган халқнинг маънавий қувватини ошириш – авваламбор, миллий-маънавий рамзлар оламини ўзида мужассам этган тилни асраш масаласи билан чамбарчас боғлиқ.

 

Улуғбек САИДОВ,

ЎзР Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси

доценти, филология фанлари номзоди

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.

“Глобаллашув: лисон ва инсон” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18004
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//