Юртимиз ўзининг бой тарихи, моддий ва маънавий мероси билан дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Айниқса, ўрта асрларда заминимизда дунё маданиятига улкан ҳисса қўшган буюк саркардалар, олимлар, мутафаккир ва алломаларнинг етишиб чиққанлигини алоҳида қайд этиш лозим. Миллий давлатчилигимиз тарихида улкан из қолдирган шундай шахслардан бири соҳибқирон Амир Темур ҳисобланади. Осиёнинг бепоён ҳудудларида марказлашган давлат барпо этиш, илм-маърифат, маданият ҳамда шаҳарсозлик соҳалари ривожида Амир Темурнинг хизматларини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қайд этганидек: “Соҳибқирон Амир Темур бобомиз мана шу юртда туғилгани, мана шу юртда яшаб, уни ёвдан озод қилгани, буюк давлат барпо этгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу улуғ зотни бизга Худонинг ўзи берган. Амир Темур бизга қолдирган мерос – бу барча авлодларимизга хизмат қиладиган меросдир”.
Амир Темур ўз давлатини ақл-идрок, заковат ва ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда идора этиб, бошқарувда ижтимоий адолат тамойилларига риоя қилишни ўзининг асосий бурчи деб билган. Буюк бобокалонимиз ўз амирлари ва амалдорларининг халққа нисбатан ноҳақ зулм етказиб қўймаслиги борасида доимо ташвиш чеккан, макр-зулм, риёкорлик каби иллатларни салтанатга хавф соладиган қусурлар, деб ҳисоблаган. Соҳибқирон раъиятга иқтисодий енгилликлар бериш орқали мамлакатда тинчлик ва жипсликни мустаҳкамлашга, аҳолида салтанатга садоқат руҳини юксак тутишга қаратилган эди. Фуқаролар ижтимоий муҳофаза тизимининг барпо этилиши салтанат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этган. Амир Темур салтанат бошқарувида ҳукмдор учун қуйидаги ўн икки хислат зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтган:
Ҳукмдор биринчидан ўз сўзига эга бўлиши, иккинчидан адолатли бўлиши, учинчидан ҳар ишда фақат ўзи ҳукм чиқариши, тўртинчидан қарорда қатъий бўлиши, бешинчидан ҳукми жорий этилиши, олтинчидан подшолик ишларини ҳар кимга топшириб қўймаслиги, еттинчидан кўпчиликнинг фикрини эшитиши, саккизинчидан шошмасдан, мулоҳаза билан иш юритиши, тўққизинчидан сипоҳу раъиятни умид билан қўрқув орасида сақлаши, ўнинчидан барча ишни ўз эркича қилиши, ўн биринчидан ўз ишларига бировни шерик қилмаслиги ва ўн иккинчидан давлат ишларини махфий сақлаб, бошқалардан огоҳ ва ҳушёр бўлиши лозим.
Соҳибқирон юқоридаги хислатлар соҳиби сифатида юртни обод этиб, уни замонасининг энг илғор ва буюк давлатларидан бирига айлантира олди. Илм-фанни ривожлантириш мақсадида кўплаб мадрасалар барпо этиш, илм толибларига нафақалар тайинлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Қўл остидаги сипоҳий ва ҳарбийлар, олиму фузало, табиб ва тарихчиларни алоҳида қадрлаган.
Амир Темурнинг “Темур тузуклари”да баён этилган давлатни бошқариш хусусидаги фикр-мулоҳазаларида давлатда ҳуқуқ-тартибот устуворлигини ўрнатиш учун масъул бўлган кишиларнинг ахлоқий фазилатларига алоҳида эътибор берилади. Амир Темур бу ҳақда “Мен тажрибамдан шуни билдимки, юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин экан” деган ва шу тариқа, салтанат манфаатлари йўлида хизмат қилувчи ходимларга ўз ҳоли, иқтидорига яраша топшириқ ва вазифалар юклаб, уларни ижтимоий жиҳатдан рағбатлантириб, суюрғол ва маошлар билан таъминлаган. Салтанатда девонбеги ва вазирлар хизматчиларга давлат томонидан бериладиган мулклар тўғрисидаги маълумотлардан Амир Темурни мунтазам воқиф этиб туришган. Ҳукмдор салтанат бошқарувида очиқкўнгил, қатъиятли, талабчан, раҳбар сифатида доимо барча фуқароларга баравар муносабатда бўлган. Салтанатдаги бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш мақсадида Амир Темур лашкарларига мурувват кўрсатишга алоҳида эътибор қаратган. Бир гуруҳни молу дунё билан бошқаларни эса яхши сўз аҳду паймон ва ваъдалар билан кўнглини кўтариб, ўз хизматига чорлаган.
Шунингдек, давлат олдида ўз ишига масъулият билан ёндашган, фидокорлик кўрсатган сарой хизматчилари, лашкарбоши ва аскарлар учун хазинадан махсус маош тайинлаган. Соҳибқирон “Темур тузуклар”ида мамлакат тараққиёти йўлида хизмат қилувчи “Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозиллар учун доим даргоҳим очиқ эди” дея алоҳида эътибор қаратгани ҳолда, карвон ўтадиган йўлларда қаттиқ тартиб ўрнатиб, савдогарларга зиён етказувчи қароқчиларни аёвсиз жазолаган. Хорижий давлатлар билан савдо алоқаларини ривожлантириш учун қулайликлар туғдириш мақсадида ҳар бир шаҳарда карвонсаройлар барпо этган. Ҳатто ажнабий савдогарлар келтирган молларни дахлсиз сақлаш ҳам соҳибқирон назаридан четда қолмаган. Улкан мамлакатни ўзи томонидан тайинланган ишончли бек ва амирлар орқали адолат ва қонун устувор ҳолда идора эта олган.
Мамлакатни бошқаришда барча тоифа вакилларидан иборат Қурултой, Давлат Кенгаш ва Ҳарбий Кенгаш маслаҳатидан кенг фойдаланиш ҳам Амир Темурнинг асосий тутумларидан бўлган. Салтанатни идора этишда “Куч – адолатда” шиорига амал қилиб, халқ фикри, хоҳиш-иродасига кўра юрт тақдирига дахлдор қарорларни қабул қилган. Лашкарларни ўз атрофига бирлаштирмоқ учун баъзиларга мурувват, меҳрибонлик қилган, бошқалар билан келишишга интилган.
Амир Темур ижтимоий адолат мезонларига риоя этган ҳолда жамиятда ижтимоий адолат ўрнатишни ҳаётининг асосий мазмуни деб билган. Мамлакат тинчлигига қарши қаратилган реал хатарларни олдиндан кўра билиш, унинг хавфлилик даражасини аниқлаш мақсадида махсус ахборот хизматини шакллантиришни йўлга қўйган. “Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакат аҳволи, сипоҳу аскарларнинг кайфияти, аҳолинг турмуш тарзини ва алоқаларини ёзиб менга билдириб туриш учун диёнатли, тўғри қадамли кишилардан воқеанавислар белгиладим”, деган эди бу борада соҳибқирон.
Хулоса қилиб айтганда, соҳибқирон Амир Темур халқ озодлиги, тинчлиги йўлида юрт байроғини баланд кўтарди. Ватан манфаати ва келажаги учун улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларини амалга оширган буюк давлат арбоби эканлигини ҳар бир иши ва хатти-ҳаракатида намойиш этди.
Ҳаёт НУРУЛЛАЕВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ