Ануштегиний хоразмшоҳларнинг сўнгги маликаси тақдири


Сақлаш
17:36 / 29.03.2022 1204 0

“...Бу воқеаларнинг қайд қилинишини ҳеч ҳам истамасдим, баъзан буни ёзиш кераклигини тушунсам ҳам, бир қадам олдинга, икки қадам ортга отиб воз кечардим. Исломнинг ва мусулмонларнинг ўлим хабарлари ва бошларига тушган фалокатларни ёзиш осонми? Кошки, онам мени туғмаса, кошки, бу даҳшатли фалокатлардан олдин ўлиб кетсам. Кимдир “Аллоҳ таоло томонидан Одам атонинг яратилганидан то бугунгача бу каби даҳшатга ўхшаши йўқдир” деса мутлақо ҳақ гапни айтган бўлар эди”Ибн ал-Асир.

 

Бу сўзлар XIII асрнинг биринчи чорагида мўғулларнинг Ислом Шарқидаги халқлар устига уюштирган шафқатсиз босқини ҳақида ёзган тарихчи Ибн ал-Асирнинг “Комил тарих” асаридан олинган.  Ҳақиқатдан ҳам бу даврда мусулмон дунёси катта фалокатларни бошдан кечиради. Жалолиддин Мангуберди мўғулларнинг бу босқинчилик ҳаракатларига қарши ўн йил давомида кураш олиб боради ва мусулмон дунёсининг озодлик ҳаракатига етакчилик қилади.

 

Қардош ва диндош давлатлар ҳукмдорлари эса Жалолиддинга ёрдам бериш ўрнига, унга қарши кураш олиб борадилар. Натижада мўғуллар ва ислом дунёси ўртасида девор сифатида турган Жалолиддин Мангуберди икки фронтда – шарқда мўғуллар билан, ғарбда Бағдод халифаси, айюбий шаҳзодалар, гуржилар, аламут ҳашшошийлари, Кўния салжуқийлари билан курашишга мажбур бўлади.

 

Жалолиддин Мангубердининг бевақт ҳалокатидан сўнг мўғуллар Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида аёвсиз қирғинларни амалга оширадилар. Бироқ, Хоразмшоҳлар давлатини бошқарган ануштегинийлар хонадони вакиллари буткул йўқ бўлиб кетмадилар. Уларнинг мўғуллар, Кўния салжуқийлари, Миср ва бошқа давлатлардаги сиёсий фаоллигидан манбалар гувоҳлик беради.

 

Масалан, Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг қизи Хонсултон асир олинганидан сўнг шаҳзода Жўжига никоҳланади. Айрим манбаларга кўра, Жўжининг фарзанди Беркахон Олтин Ўрданинг хони ва биринчи мусулмон бўлган чингизий сифатида тарихга киради. Хоразмшоҳлардан бўлган Сайфиддин Қутуз эса Миср султони бўлиб, мўғулларнинг Яқин Шарқдаги ғалабали юришларини тўхтатади. Ануштегинийларнинг излари сулола тааллуқли давлат қулаганидан сўнг ҳам тарих саҳифаларида порлаб турди. Буни қарангки, фақат сулола шаҳзодалари эмас, маликалари ҳам тарихда ном қолдиришга астойдил ҳаракат қилганлар. Шу пайтгача биз кўп эслайдиган Аловуддин Муҳаммаднинг онаси Туркон хотун, Сайфиддин Қутуз билан эсланадиган онаси Хонсултонлар ёнига энди Ануштегинийлардан бўлган яна бир малика, Жалолиддин Мангубердининг Туркон исмли қизини ҳам қўшиш мумкин.

 

Манбаларда Жалолиддин Мангубердининг Каймакаршоҳ ва Манкатуйшоҳ исмли ўғил фарзандари бўлиб ёшлигида вафот этганлиги эслатилади. Бироқ бугунги кунгача унинг Туркон исмли қизи ҳақида маълумот учрамаган эди.

 

Маълумотларга қараганда, 1231 йилда Жалолиддин Мангуберди ҳалокатидан кейин, унинг Туркон исмли икки яшар қизи Журмогун исмли мўғул нўёни қўлига асир тушади. Бу воқеадан ўн йил олдин мўғуллар 4 ойлик қамалдан сўнг Каспий денгизи жанубидаги Илол қалъасини эгаллашган, бу ерда яширинган Хоразмшоҳлар давлати маликаси улуғ Туркон хотун ва унинг оиласини Чингизхон ҳузурига жўнатишган эди. Чингизхон Туркон хотун ва оиланинг бир-нечта аёлларидан ташқари барчани қатл эттиради. Худди шу тартибда мўғул нўёни Журмагон Жалолиддин Мангубердининг кичкинагина қизчаси малика Турконни ҳам бувиси Туркон хотун сингари мўғуллар давлати пойтахти Қорақурумга жўнатади. Малика Турконнинг Қорақурумда қандай тарбия кўргани ҳақида бизда маълумотлар мавжуд эмас. Балки, бувиси Туркон хотун билан ҳам учрашгандир.

 

Кейинчалик, Рашидиддин, Жувайний, Абул Фараж маълумотларига кўра, Яқин ва Ўрта Шарқни бутунлай босиб олиш учун жўнатилган шаҳзода Ҳулагу билан бирга Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги маликаси Туркон ҳам жўнатилади. Ҳулагу XIII асрнинг 50-йилларида ўзининг Яқин Шарқдаги юришларини бошлаганлигини ҳисобга олсак, бу пайтда малика 23 ёшдан ошган эди. Фикримизча, Туркон мўғул саройида ҳеч қандай азоб-уқубатларсиз улғаяди. Зеро, сулола вакиллари маликадан мўғулларнинг Яқин Шарқдаги давлатлар билан сиёсий-дипломатик алоқаларини ўрнатиш ва уларни ўз измига солиш учун фойдаланишни кўзлаган. Чунки, Жалолиддин Мангуберди ҳалок бўлса ҳам шу давргача унинг ҳарбий қисмлари Яқин Шарқдаги энг асосий етакчи куч эди. Бунга қадар Жалолиддиннинг саркардалари Кайирхон, Баракатхон (Беркахон), Сарухон кабилар бошчилигидаги хоразмликлар Кўния салжуқийларига муносиб рақиб бўлган, Яқин Шарқ минтақасидаги салибчиларни ўнглаб бўлмас даражада мағлубиятга учратган, уларнинг бош шаҳри Қуддусни ҳам тортиб олган, бир-бирининг ерларига кўз олайтираётган айюбий шаҳзодаларни ҳам жиловлаб олган эдилар.

 

Бундан ташқари, хоразмликлар ўзларининг давлатлари мўғуллар томонидан босиб олинган бўлса ҳам, ҳалигача улар билан муросасиз курашга тайёр эдилар. Минтақадаги арабларда эса мўғулларга қарши озодлик курашини олиб борган етакчи кучлар бўлмаганлигига тарих гувоҳ.

 

XIII аср ўрталарига келиб Яқин Шарқда хоразмликларнинг обрўси ниҳоятда ошиб кетган эдики, айрим шу давр тарихчилари 1245 йилни хоразмликлар йили сифатида эътироф этишган. Ҳаттоки, минтақадаги ҳукмдорлар ўз ҳокимиятининг легитимлигини кўрсатиш ёки таъминлаш учун ўзларини хоразмшоҳлардан деб эълон қилар ёки улар билан қуда-андачилик ришталарини боғлардилар. Бизнинг фикримизча, айнан мана шу сабабларга кўра, малика Туркон келгусида Яқин Шарқ мамлакатларига юриш қилишдаги дипломатик алоқалар йўлида фойдаланиш учун саройда сақланган. Лекин 1247 йилдан сўнг хоразмликлар Миср ҳукмдори Малик Солиҳ Нажмиддин Айюб бошчилигидаги катта қўшинга мағлуб бўлганидан сўнг минтақанинг турли ҳудудларига тарқаб кетишади. Хуллас, Ҳулагу Эронда мўғулларнинг янги давлатига асос солиш йўлида босқинчилик юришларини олиб бориб, 1258 йилда халифалик пойтахти Бағдодни қамал қилади. Қамалга халақит қилмаслик учун атрофдаги ҳокимлар билан музокарага киришади. Шу мақсадда Мосул ҳукмдори Бадриддин Лулу билан ҳам иттифоқ тузади. Иттифоқчиликни мустаҳкамлаш учун эса Мосул шаҳзодаси Солиҳ Исмоилга Жалолиддин Мангубердининг қизи Турконни жуда қимматли зебу зийнатлар билан шариат қоидалари асосида никоҳлаб берган эди. Мосулнинг бўлғуси ҳукмдори Солиҳ Исмоил учун Жалолиддин Мангубердининг қизини ўз никоҳига олиши Чингизийлар куёви бўлишдан кам аҳамият касб этмасди.

 

Воқеалар ривожи ҳақидаги маълумотлар Абул Фараж ва Рашидиддин томонидан келтирилади. Унга кўра, малика Туркон Мосулда катта мавқега эришиб, шаҳардаги тинчликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Жалолиддин Мангубердининг куёви Солиҳ Исмоил мўғуллар билан курашиш учун Мисрга, Сайфиддин Қутуз ёнига жўнаб кетади. Сайфиддин Қутуз бу пайтга келиб, яъни 1260 йилда мўғулларнинг катта қўшинини Фаластиндаги Айн-Жалут майдонида мағлубиятга учратган эди. Мўғуллардан озод қилинган Ҳалаб шаҳри Қутуз томонидан Солиҳ Исмоилга топширилади. Миср султони Бейбарс Бундуқдорий даврида эса унга мўғулларга қарши курашиш учун ҳарбий ёрдам берилади.

 

Малика Туркон эри Малик Солиҳ билан Мисрга кетмаган кўринади. Ҳулагу бутун Эронни бўйсундирганидан сўнг ҳудудларга ўзининг ишончли одамларини ҳоким қилиб жўнатади. Рашидиддинга кўра, Малика Турконга Эроннинг жануби-шарқидаги катта ҳудуд Кермон тегади. У Кермонга кетиб ўзининг ҳокимлик вазифасини бажаради.

 

Жуда қизиқ тақдир... Маликанинг тақдири бўйича ҳозирча бошқа манбалар маълум эмас.

 

Ўйлаймизки, бу мавзу ҳам ёш тадқиқотчилар учун ўлкамиз тарихида ўзига хос из қолдирган – Тўмарис, Хонсултон, Сароймулкхоним, Хонзодабегим, Нодирабегим сингари маликаларимиз қаторида чуқурроқ ўрганилади ва ёшларимизга тарихимизнинг нозик ҳамда мавҳум саҳифаларини ёритишда хизмат қилади.

 

Бекзод АБДИРИМОВ,

Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими раҳбари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//