Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди унда сақланаётган ёзма манбаларнинг тури, мавзуси, тили ва сони жиҳатидан жаҳоннинг энг бой қўлёзма хазиналари қаторида туради. Бу манбаларнинг аксарияти милодий IX–ХХ асрлар оралиғида ёзилган бўлиб, улардан Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, Жанубий Осиё мамлакатлари тарихи, маданияти, адабиёти ва фани бўйича муҳим маълумотлар ўрин олган. Бу асарлар араб, форс, туркий, урду ва бошқа шарқ тилларида битилган.
Институт ташкил этилган даврдан (1943 йил) ҳозирга қадар қўлёзмалар хазинаси мунтазам бойитиб келинмоқда. Бугунги кунда фондда 6 та жамғарма мавжуд. Шулардан, асосий фондда 13319 жилд қўлёзма сақланади. Дублет фонди эса 5237 жилддан ташкил топган, Ҳамид Сулаймонов фонди 7586 жилддан иборат, тарихий ҳужжатлар жамғармасида уч мингдан ортиқ ҳужжат йиғилган, шунингдек, тошбосма ва арабий ёзувдаги босма китоблар коллекцияси ҳамда тасмали нусхалар (микрофильмлар) фондида 39900 жилд китоб тўпланган.
2000 йил институт қўлёзмалар фонди дунёнинг энг бой қадимий китоб хазиналаридан бири сифатида ЮНЕСКО ташкилотининг “Бутунжаҳон маданий мероси” рўйхатига киритилди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган жамғармаларнинг аксарияти каталоглаштирилиб, у ёки бу даражада илмий муомалага киритилган. Лекин қўлёзмаларнинг сони, мавзуи, тили, безаги жиҳатидан ранг-баранглиги ва илмий аҳамиятига кўра Асосий жамғарма бошқа жамғармаларга нисбатан илмий тадқиқотларга кўпроқ жалб этилган. Масалан, шу коллекциядаги тарихий мазмундаги манбаларни олиб қарасак, уларни Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Туркия, Афғонистон, Европа давлатлари, Япония ва бошқа давлатлар тарихига оид асарларга ажратиш мумкин. Бундай қўлёзмаларнинг умумий сони 1000 дан ортиқ бўлиб, араб, форс ва туркий тилларда битилган. Хронологик жиҳатдан бу асарлар Х асрнинг ўрталаридан ХХ асргача бўлган даврни қамраб олади, уларнинг нусхалари эса ХII–ХХ асрларга оид. Тарихий география ҳамда саёҳатларга доир китоблар ҳам шу асарлар сирасига киради.
Тарихий асарлар мажмуининг муҳим жиҳати шундаки, унда Марказий Осиё тарихига оид асарлар бу қўлёзмаларнинг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Шу жиҳатлар билан ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фонди жаҳондаги бошқа фондлардан ажралиб туради.
Бу асарлар Марказий Осиёнинг сомонийлар ва қорахонийлар даври, Амир Темур ва темурийлар даври, хонликлар ҳамда Россия мустамлакаси даври тарихларига бағишланган бўлиб, уларнинг орасида нодир, автограф нусхалар ҳам бор. Бу асарлар ўз даврининг машҳур тарихчилари бўлган Абу Жаъфар ал-Утбий (Х-ХI аср), Шарафуддин Али Яздий (ХV аср), Абдурраззоқ Самарқандий (ХV аср), Заҳириддин Бобур (ХV-ХVI аср), Фазлуллоҳ Рузбихон (ХV аср), Камолиддин Восифий (ХVI аср), Абулғозий Баҳодирхон (ХVII аср), Абдураҳмон Давлат Толе, Абдулазим Сомий (ХIХ аср), Мунис, Огаҳий, Муҳаммад Носир (ХIХ аср), Аҳмад Дониш (ХIХ аср), Садриддин Айний (ХIХ-ХХ аср) ва бошқа тарихчи адибларнинг қаламига мансуб бўлиб, улардан айрим муаллифларнинг дастхатлари ҳам етиб келган.
Тарихий асарлар тўпламида навбатдаги ўринда миқдор жиҳатдан умумий тарих жанрида ёзилган асарларнинг қўлёзмалари туради. Уларнинг сони 250 дан ортиқ бўлиб, 50 та асарнинг нусхаларидир. Одатда, бундай асарлар мундарижаси энг қадимги даврдан то муаллифнинг давригача бўлган вақт оралиғидаги мусулмон мамлакатлари тарихини ўз ичига олган бўлиб, асосан асарнинг бошланғич қисмлари компилятив (қурама) тарзда ёзилган. Шундай бўлса-да, жамғармада ўзининг қадимийлиги, маълумотларга бойлиги, нодирлиги ва бошқа жиҳатлари билан эътиборга лойиқ бўлган асарлар кўп.
Бу тўпламда яна айрим Шарқ мамлакатлари тарихига бағишланган асарлар нусхалари ҳам бор, лекин улар кўп эмас. Ҳиндистон ва Эрон тарихига оид 40 дан ортиқ асар қўлёзмалари мавжуд. Бундан ташқари, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Эрон, Туркиянинг айрим катта шаҳарлари тарихига бағишланган асарларнинг 100 дан ортиқ нусхалари ҳам бор.
Асосий фонднинг тарихий мазмундаги қўлёзмалари тўлиқ тавсифланиб, махсус каталогда нашр қилинган.
Асосий фонднинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – унда ўрта асрларда, мусулмон Шарқининг турли ҳудудларида яратилган аниқ ва табиий фанларга оид асарларнинг қўлёзмалари мавжуд. Бу қўлёзмалар шу фонднинг 12 фоизидан ортиғини ташкил қилади. Мавзусига кўра улар математика, астрономия, астрология, география, табобат, кимё, маъданшунослик, ветеринария ва овчиликка оид илмий асарлардир. Шунингдек, бу фондда табиий-илмий мазмундаги энциклопедиялар ҳам бор.
Қўлёзмаларнинг кўпчилиги форс тилида, ХIV-ХV асрларга қадар битилган асарларнинг аксарияти араб тилида ёзилган. Туркий тилдаги қўлёзмалар нисбатан озроқ, уларнинг ҳам асосий қисми араб ва форс тилида ёзилган машҳур асарларнинг кейинги даврлардаги туркий таржималаридан иборат.
Табиий фанларга оид қўлёзмаларнинг ярмидан кўпи тиббий мазмундаги асарлар нусхаларидир, буни тиббиёт соҳасига бўлган талабнинг доимийлиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳозир институт Асосий фондида тиббий мазмундаги 351 асарнинг ХIII–ХХ асрларга мансуб 753 та қўлёзмаси, яна араб, форс, туркий тиллардаги 39 та кўчирма парчалар сақланади. Мавзусига кўра уларни умумий табобат (148 та қўлёзма), тиб назарияси (33 та), тиббий амалиёт (160 та), тибнинг муайян масалалари (128 та), содда дорилар (91 та), мураккаб дорилар (161 та) ва тиббий луғатларга (32 та) ажратиш мумкин. Амалиётга мўлжалланган асарлар қўлёзмаларининг сон жиҳатдан устунлиги уларга бўлган эҳтиёжнинг кўплигидандир.
Ўрта аср Шарқ табобати ҳақида умумий табобат бўйича ёзилган асарлар тўлароқ тасаввур беради. Зеро, уларда назарий қисм анатомия, физиология, ташхис, соғлиқни сақлаш масалалари, парҳез ҳақидаги тушунтиришларни ўз ичига олса, амалий қисм бошдан товонгача бўлган аъзоларнинг хос касалликлари ва тана учун умумий бўлган касалликлар муолажаси ҳақида ҳамда доришунослик қисми Materia Medica ва Қарободинлар (фармакопеялар)ни ўз ичига олган. Институт фондида бу турдаги асарларнинг ислом даври табобатининг илк шаклланиш ва тараққиёт даврлари, темурийлар ва ундан кейинги асрларга мансуб энг яхши намуналари сақланади. Х-ХI асрларда яшаб ижод этган Абу Саҳл ал-Масиҳий, Али ибн Аббос ал-Мажусий асарлари, Абу Али ибн Синоларнинг араб тилидаги тиббий энциклопедиялари, ХII асрда хоразмшоҳлар саройида хизмат қилган Исмоил Журжонийнинг форс тилидаги “Заҳирайи хоразмшоҳий” асари, Мовароуннаҳрдаги темурийлар давридаги табиблар, Ҳиндистондаги бобурийлар саройларида хос табиб бўлган Юсуфий (ХV аср), Муҳаммад Акбар (ХVIII аср) ва бошқаларнинг асарлари шулар жумласидандир.
Аниқ фанларга келсак, математик мазмундаги 213 та қўлёзманинг 186 тасини алгебра ва ҳисобга оид (91 та асар) ва 27 тасини геометрия (ҳандаса) бўйича ёзилган 19 та асарнинг нусхалари ташкил этади. Уларнинг дастлабкиси машҳур математик ва астроном Абулвафо ал-Бузжоний (Х аср) қаламига мансуб “Арифметика бўйича рисола” илмий асаридир.
Ўрта аср Шарқ фани тарихида Насириддин ат-Тусийнинг Мароғадаги илмий мактаби ҳамда Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд астрономия мактаби чуқур из қолдирди. Жамғармада шу мактаблар вакилларидан Насириддин Тусий (ХIII аср) ва унинг шогирдлари Имомиддин ал-Хаддам, Низомуддин Найсабурий, шунингдек, Мирзо Улуғбек мактабидан Ғиёсиддин Коший, Али Қушчиларнинг математик рисолалари нусхалари бор.
Геометрия бўйича тасниф этилган асарларнинг 15 тасининг муаллифлари номаълум, қолганлари Насириддин Тусий, унинг замондоши Шамсиддин Самарқандий ва қомусий олим Саъдиддин Тафтазонийнинг (ХIV аср) араб тилидаги рисолаларидан иборат.
Ўрта асрларда астрономия ва астрология фанлари Шарқ халқлари орасида жуда қадрланган. Институт хазинасида бу мавзу бўйича 153 та асарнинг 234 та қўлёзмаси жамланган, уларнинг аксарияти форс тилида ёзилган. Мазмунан уларни астрономик жадваллар (зижлар), астрологик ҳисоблар, толеъномалар (гороскоп), осмон жисмлари тавсифи ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлигини акс эттирувчи асарларга таснифлаш мумкин. Булардан ташқари, таниқли ва номаълум муаллифларнинг солнома ва наврўзнома шаклидаги тақвимлари ҳам йиғилган (92 та қўлёзма).
Машҳур муаллифлардан Абу Маъшар ал-Балхий (IХ аср), Абу Наср ал-Форобий (IХ-Х аср), Кушёр ибн Лаббон (Х-ХI аср), Беруний, Ибн Сино, Фахриддин ар-Розий, Қозизода Румий (ХIV-ХV аср) асарлари нусхалари, шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” жадвалининг бир нечта нусхалари ва унга турли даврларда ёзилган шарҳлар бор. Булардан ташқари, Аҳмад Дониш (ХIХ аср) ва Хишмат (ХХ аср)ларнинг дастхат тақвимлари ҳам сақланади.
Географик мазмундаги қўлёзмалар тўпламида 123 та қўлёзма бор. Улар соф географик мавзудаги асарлар, географик луғатлар ва космографияга оид айрим энциклопедиялардир. Бошқа табиий-илмий мазмундаги асарлардан фарқли ўлароқ, география бўйича китоблар кўп ҳолларда бадиий асар шаклида ёзилган ва географик маълумотларни бериш билан бирга, шаҳарлар тарихи, машҳур кишилар ҳаёти ва фаолиятини ҳам ёритган. Хазинадаги мавзуга оид энг қадимий қўлёзмалар ХIII асрга тегишли бўлиб, қибла йўналишини аниқлашга бағишланган араб тилидаги иккита рисоланинг нусхаларидир.
Ноёб қўлёзмалардан бири сифатида ХХ аср бошларида Бухоро амирлигининг сўнгги қозикалони Мирза Муҳаммад Шариф (Садр) қаламига мансуб “Машҳур мамлакатлар тавсифи” асари дастхатини келтириш мумкин.
Булардан ташқари, асосий фондда шу туркумдаги асарлардан яна кимё, минералогия, ветеринария ва овчилик мавзулари бўйича ҳам қўлёзмалар мавжуд бўлиб, уларнинг орасида ҳукмдорлар учун махсус китобат қилинган, нафис безатилган нусхалар бор.
Ҳар бир давр маданиятини адабиётсиз тасаввур қилиш қийин, зеро, бадиий адабиёт намуналари ўзи яратилган давр маънавий-маданий ҳаётининг кўзгусидир. Шу боисдан ҳам Асосий фонд қўлёзмаларининг салмоқли қисмини бадиий адабиётга оид асарлар қўлёзмалари ташкил қилади. Булар назм, наср, фольклорга оид асарлар бўлиб, араб, форс ва туркий тилларда битилган. Шунингдек, баёз, тазкира ва муаммо жанрларида ёзилган асарлар ҳам бор. Хронологик жиҳатдан улар VII асрдан ХХ асргача бўлган даврда яратилган.
Шеърий асарлар ҳақида айтадиган бўлсак, бу туркумда қасида, достон, ғазал ва рубоий жанрида ёзилган асарлар мавжуд. Улар фондда “Девон”, “Баёз” ва бошқа шеърий тўпламлар қўлёзмаларида сақланади. Уларнинг орасида Шарқ адабиётининг мумтоз намуналари қаторида номлари кўпчиликка маълум бўлмаган шоирларнинг асарлари ҳам бор. Машҳур достонлардан Фирдавсийнинг (ХI аср) “Шоҳнома”си, Ибн Синонинг (X-XI аср) фалсафий достони, Амир Хусрав Деҳлавий (XIV аср) ва Алишер Навоийнинг (XV аср) “Хамса”лари ва уларнинг бошқа достонлари ҳамда Юсуф Хос Ҳожибнинг (XI аср) “Қутадғу билиг” достони нусхаларини айтиб ўтиш мумкин. Шеърий тўпламлар ичида Умар Хайём (XII аср) рубоийлари, Саъдий Шерозийнинг “Куллиёт” ва “Девон”и, Ҳофиз Шерозий (XIV аср), Мирзо Бедил, Лутфий, Фузулий, Машраб, Мунис каби шоирларнинг машҳур девонлари бор. Хазинада лирик асарлардан ташқари тасаввуф йўналишидаги Аҳмад Яссавий (XII аср) ҳикматлари, Фаридуддин Аттор (ХII аср), Қосим Анвар (XV аср), Абдураҳмон Жомий (XV аср), Сўфи Оллоёрларнинг (XVIII аср) шеърлари ҳам сақланади.
Айтиш жоизки, фонддаги бадиий адабиёт намуналарининг аксарияти ўз даври китобат санъати услублари бўйича безатилган.
Хазинада назм билан бир қаторда насрий асарлар ҳам бор. Улар араб, форс ва ўзбек тилларида ёзилган ҳикоя, ривоят, масал, латифа ва саргузаштларнинг турли даврларда кўчирилган нусхаларидир. Шарқ мумтоз адабиётида муаммо жанри алоҳида ўрин тутган. Ўзига хос бу жанрни китобхонларга ўргатиш учун махсус рисолалар ёзилган, институт фондида шу рисолаларнинг ҳам кўплаб нусхалари мавжуд.
Адабиёт тарихини ўрганишда тазкиралар (антологиялар) катта аҳамиятга эга. Зеро, улардан турли даврларда яшаб, ижод этган шоир ва адиблар таржимаи ҳоли ҳамда асарлари ҳақида бирламчи маълумотларни топиш мумкин. Институт фондида форс ва ўзбек тилларида битилган қатор тазкиралар мавжуд. Шулардан Давлатшоҳ Самарқандийнинг (ХV аср) “Тазкират аш-шуаро”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкиралари кейинги даврларда шу жанрда ёзилган асарларга катта таъсир кўрсатган. Тазкиранавислик Марказий Осиёда ХХ асрнинг бошларига қадар давом этган.
Хазинадаги исломга оид кўп сонли қўлёзмаларни Қуръон тафсирлари, шарҳлар, қироат илми, ҳадислар, фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), калом (теософия ва схоластика) каби мавзуларга ажратиш мумкин.
Жумладан, Қуръон тафсирининг фонддаги энг қадимий қўлёзмаси Абулҳасан ал-Воҳидий (XI аср) қаламига мансуб “Тафсир ал-Қуръон ал-Воҳидий” номли асарнинг 1204 йилда кўчирилган нусхасидир.
Тафсирлар тўпламида Марказий Осиёдан чиққан машҳур уламо Абу Ҳафс Умар ан-Насафийнинг (XII аср) “Тайсир фи-т-тафсир” номли асарининг 1250 йилда кўчирилган ноёб нусхаси мавжуд. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, муаллиф унда таъвил (рационалистик шарҳ) келтиришга уринади. Худди шундай шарҳ муътазилийа мактабига мансуб машҳур илоҳиётчи олим хоразмлик Абулқосим аз-Замахшарий ёзган “Кашшоф ад-дақоиқ ат-танзил” номли тафсирдир. Фондда унинг ХIII–ХV асрларга оид бир нечта қадимий нусхалари бор. Форс тилида ёзилган машҳур тафсирлардан Ҳусайн Воиз Кошифийнинг (ХV аср) Алишер Навоийга бағишлаб ёзган “Мавоҳиби Алийа” номли тафсирини қайд этиш мумкин. У Марказий Осиёда жуда машҳур бўлиб, фондда ҳам бир қанча нусхалари, шу жумладан, дастхат нусхаси ҳам сақланади.
Институт фондидаги илоҳиётга оид асарларнинг энг катта қисмини фиқҳ – ислом ҳуқуқи мавзуидаги китоблар ташкил қилади. Улар “назарий” (усул) ҳамда фиқҳ қоида ва кўрсатмаларининг турли соҳаларда қўлланишини кўриб чиқувчи қисмларга (фуру ал-фиқҳ) бўлинган. Бироқ ҳуқуқшуносликка доир йирик асарлар одатда фиқҳнинг ҳар икки йўналишига оид қоидаларни ўз ичига олган.
Хазинада ҳанафийа мазҳабининг асосчиси, ислом илоҳиётида ёзма анъанани бошлаб берган олим Абу Ҳанифа ан-Нуъмоннинг (VIII аср) “Фиқҳ ал-акбар” асари ва унга ёзилган шарҳларнинг нусхалари сақланади.
Булардан ташқари, фиқҳий асарларнинг ўзига хос жанри, яъни мерос ҳуқуқига оид рисолалар (фароизлар) ҳам фонддан ўрин олган. XII асрда яшаган математик ва фақиҳ Сирожиддин Абу Тоҳир ас-Сижовандийнинг “Ал-фароиз ал-Сирожия” номли мерос тақсимотига оид асари Марказий Осиёда жуда машҳур бўлган, институт фондида унинг 8 та қўлёзмаси сақланади, энг қадимийси ХV асрга мансуб.
Илоҳиётга оид асарлар туркумида яна Қуръон қироатига (тажвид) бағишланган рисолаларнинг элликка яқин нусхалари, ҳадис жанридаги адабиётнинг уч юзга яқин нусхалари мавжуд. Бу асарлар Абу Убайд ибн Салом (IХ аср), Имом ал-Бухорий (IХ аср), Абу Али ибн Сино (Х-ХI аср), Абу Ҳафс ан-Насафий (ХII аср), Муҳаммад Ғаззолий (ХII аср), Муҳаммад Порсо (ХV аср) ва бошқа муаллифларнинг қаламига мансуб. Булардан ташқари яна фалсафий, дидактик мазмунда ёзилган китобларнинг ҳам бир қанча қўлёзмалари сақланади.
Ислом илмларига оид манбалар каби тасаввуф билан боғлиқ қўлёзмалар ҳам фонднинг энг бой коллекциясини ташкил қилади, унда 2000 га яқин қўлёзма мавжуд. Бу ерда Марказий Осиёда вужудга келган ва бутун ислом оламида машҳур бўлган Кубравия, Хожагон, Яссавия, Нақшбандия сингари оммавий тариқатлар намояндаларининг қаламига мансуб ёки улар ҳақидаги асарлар бор. Шунга кўра уларни шартли равишда иккита катта гуруҳга бўлиш мумкин: тасаввуф шайхларининг назарий рисолалари ва уларнинг маноқиблари.
Минтақада яратилган дастлабки назарий асар (Х аср) муаллифи Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Рисолайи асрори ваҳий”си бўлиб, фондда унинг бир нечта тўлиқ нусхалари бор. Назарий асарларнинг сон жиҳатдан катта қисми Нақшбандия тариқатига мансуб муаллифлар қаламига тегишли. Бу тариқатнинг атоқли назариётчиси Хожа Муҳаммад Порсо эди. У библиофил сифатида ҳам танилган ва ўзининг 3000 дан зиёд китобини Бухорода қурдирган мадрасасига вақф қилган. Шу кутубхона китобларининг асосий қисми институт фондида сақланади. Порсонинг шариат билан мистик йўл синтези акс этган машҳур “Фасл ал-хитоб” номли назарий асари фондда 5 нусхада мавжуд. Машҳур шайхлардан яна Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (ХV аср), Жалолиддин ал-Даҳбедий (Маҳдуми Аъзам)ларнинг ҳам бир нечта рисолалари бор.
Тасаввуфий асарларнинг иккинчи гуруҳи тасаввуф намояндаларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бўлиб, уларнинг таржимаи ҳоли даврнинг сиёсий воқеалари фонида, қизиқарли маълумотлар билан бойитиб берилган. Фаридуддин Атторнинг (ХIII аср) “Тазкират ул-авлиё” асари, мақомат жанрида битилган Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ал-унс”, Алишер Навоийнинг мазкур асар таъсирида ўзбек тилида ёзган “Насойим ул-муҳаббат” асарлари шулар жумласидандир. Булардан ташқари, Амир Кулол (ХIV аср), Хожа Аҳрор, Мавлоно Чустий (ХVI аср) ва бошқа шайхлар маноқибларининг ҳам кўплаб нусхалари сақланади. Бу бўлимдаги қўлёзмалардан тасаввуфга оид бўлганларининг бир қисми каталоглаштирилган.
Асосий фонднинг нодир тўпламларидан бирини тарихий ҳужжатларга оид тўплам ташкил қилади. Бу қўлёзмалар турли даврларда Ўзбекистон ва унга туташ минтақаларда форс, ўзбек ва қисман араб тилларида битилган. Уларни бир неча турларга таснифлаш мумкин. Шулардан бири – ёрлиқлардир. Институт фондида ёрлиқ, ҳукм, нишон, фармон, муборакнома, иноятнома каби ҳужжатлар мавжуд бўлиб, улар умумий атама билан ёрлиқ деб юритилади. Улар Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларига оид, ташқи кўриниши турлича, ҳар хил узунликдаги маҳаллий қоғоз ўрамларига ёзилган. Ҳужжатлар матни юзасига ҳукмдорнинг шаклдор муҳри босилиб тасдиқланган. Муҳрларда эса ҳукмдорнинг унвони, исми, отасининг исми ва шу каби ёзувлар ўйиб ишланган.
Фонддаги нисбатан энг қадимий ёрлиқ 1379 йилга оид бўлиб, энг сўнгги тасдиқланган ҳужжат ХХ асрнинг биринчи чорагига тааллуқлидир. Ҳужжатларнинг яна бир гуруҳи қозилик ҳужжатларидир. Булар тарихий ҳужжатлар тўпламининг катта қисмини ташкил қилади. Қозилар муҳри билан тасдиқланган шахсий ҳуқуқий ҳужжатлардан фондда олди-сотди, гаров хати, ҳадя хати, қарз тилхати, васиятнома, никоҳ шартномаси, даъводан воз кечиш хати, ривоят, вақфномалар сақланади. Вақфномаларнинг энг қадимийси XIV асрга оид.
Бундай асл ҳужжатлардан ташқари қозихонада тасдиқланган ҳужжатларнинг нусхалари ҳам бор. Мисол сифатида 373 та қозилик ҳужжати нусхаларидан иборат тўплам – “Мажмуайи васоиқ”ни кўрсатиш мумкин. Унга XVI ва XVII асрларда тузилган ҳужжатларнинг нусхалари киритилган.
Ҳужжатлар тўпламида яна қозихона котиблари томонидан тузилган қозилик дафтарлари, девонхоналарнинг иш юритиш ҳужжатлари, шажаралар ҳамда қўлёзма китоб муқовасига жилдланган асл ҳужжатлар ҳам мавжуд.
Шу туркумга мансуб фонддаги муҳим манбаларнинг яна бир тури ёзишмалар (муншаот) тўпламидир. “Навоий альбоми” деб ном олган, 16 та муаллифнинг аслиятдаги 594 та хатини ўз ичига олган бу мажмуа Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий ва Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ёзишмаларидир.
Хазинадаги барча ҳужжатлар тўлиқ каталоглаштирилмаган бўлса-да, ҳозирга қадар уларнинг айрим турлари, яъни Хива қозилик ҳужжатлари, Ўрта Осиё ёрлиқлари, “Навоий альбоми”даги хатлар нашр қилинган.
Юқорида зикр қилинган турли мавзулардаги қўлёзма манбалар арабий ёзувнинг асосан куфий, сулс, насх, насталиқ, риқъа ва райҳоний услубларида ёзилган бўлиб, улар Ҳирот, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғона, Тошкент хаттотлик мактаблари вакиллари қўли билан Самарқанд, Бухоро, Ҳирот, Қўқон ва Ҳинд қоғозларига кўчирилган.
Каллиграфик усулда асосан бадиий адабиёт намуналари, Қуръони Карим нусхалари, ҳукмдорларга аталган ва буюртма бўйича тайёрланган тарихий ва илмий асарлар китобат қилинган.
Султон Али Машҳадий (XV аср), Абдулжалил (XV аср), Мунис Хоразмий (XVIII аср), Муҳаммад Латиф (XIX аср), Муқимий (XIX аср), Аҳмад Дониш (XIX аср), Сидқий Хондайлиқий (XX аср) каби хаттотларнинг қўли билан кўчирилган ана шундай қўлёзмаларни нафис санъат асари сифатида баҳолаш мумкин.
Шарқ қўлёзмаларининг ўзига хос яна бир жиҳати уларнинг суратли безакларидир. Қўлёзмаларни миниатюра, яъни асар сюжети қаҳрамонлари ва воқеалари тасвири билан безатиш Шарқ адабиётининг улуғ шоирлари асарларига безак бериш жараёнида тараққий этди.
Фондимизда Шарқ миниатюра санъатининг жаҳондаги энг йирик коллекцияларидан бири мавжуд бўлиб, унда 3000 дан ортиқ миниатюра сақланади. Бундан ташқари, анчагина бадиий рангтасвир намуналари ҳам бор. Улар асарлар мазмунини тўлиқ матн ёки унинг айрим қисмлари асосида образли талқин қилади.
Миниатюраларнинг хронологик жиҳатдан энг қадимийлари XIV асрнинг иккинчи ярмига оид, энг сўнггилари XIX асрда яратилган. Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа ижодкорларнинг достон ва девонлари, “Зафарнома” каби айрим тарихий асарлар, доривор ўсимлик ва ҳайвонларга бағишланган айрим илмий асарлар ҳам миниатюралар билан безатилган.
Хазинадаги миниатюралар ҳақидаги батафсил маълумот ЮНЕСКО билан ҳамкорликда нашр этилган уч жилдлик “Oriental miniatures” каталогида берилган.
Институтнинг илмий фаолиятида бу хазинадаги манбаларни ўрганиш баробарида уларни сақлаш, таъмирлаш, коллекцияларни бойитиш ҳамда ўзбекистонлик ва хорижлик тадқиқотчиларга хизмат кўрсатиш ишларига ҳам жиддий эътибор берилади. Хусусан, 2011-2012 йилларда ЮНЕСКО ташкилотининг махсус гранти доирасида институт фондининг таъмирлаш лабораторияси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, қўлёзма ва тошбосма китоблар сақланадиган хоналар, картотека хонаси ва қироатхона таъмирланиб, оптимал шароитлар яратилди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида Ўз ФА Шарқшунослик институти ходимлари ҳамда хорижлик мутахассислар томонидан 2012 йилда ўзбек, рус ва инглиз тилида тайёрланган “Шарқ қўлёзмалари хазинаси” номли каталог нашр қилинди. Нашрдан мақсад илмий фаолияти қўлёзма манбалар билан боғлиқ бўлган ўзбекистонлик ва чет эл мутахассисларига институт фонди ҳақида тўлароқ маълумот бериш эди.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
тарих фанлари доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ