«Санъат яралмаётган жойда ҳеч кимни оқлаб бўлмайди» – томошабинсиз қолаётган ўзбек театри ва театрсиз қолаётган томошабинлар ҳақида ҳақиқатлар


Сақлаш
21:03 / 27.03.2022 1504 0

27-март – Бутунжаҳон театр куни!

 

Театр санъати синтетик санъат бўлгани учун ҳам жамият ҳаётида томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбиясида муҳим ўрин тутади. Бугунги шиддатли, кибер оламда ушбу классик санъат турининг ўрни, нуфузи қай даражада. Oyina.uz мухбири санъатшунос Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА билан соҳанинг бугунги “об-ҳаво”си, муаммо ва оғриқлари ҳақида гаплашди.

 

 

– Тартибсиз замонда инсонлар диққатини, вақтини бўлаклаб олаётган воситалар талай. Аммо шахсдаги маънавий ва моддий эҳтиёж мувозанати бузилмаслиги керак. Шу маънода бугунги ўзбек театри халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондира оляптими?

 

Саволингиз қисқа, лекин мен учун катта савол. Аввал сиз назарда тутаётган Шахснинг маънавий эҳтиёжлари ҳақида эмас, шунчаки бугунги замон кишиларининг ҳаёт тарзи, интилишларидан келиб чиқиб, санъатнинг, театрнинг ўрни борасида гаплашсак. Хўп, моддий эҳтиёжнинг-ку нималиги маълум. Лекин маънавий эҳтиёж изоҳ талаб қиладиган тушунча. Яъни, бу эҳтиёж муқаррар мавжуд, лекин унинг шаклу шамойили ўзгариб туради. Аввал одамлар фильмни кинотеатрга бориб кўришган, театрга эҳтиёж сезиб атай келишган. Бугун ҳаммаси бошқача. Биз ахборот асрида, техник ва кибер оламда яшаяпмиз. Бу оламнинг қулайликлари ҳам, айтганингиздек, бизнинг вақтимизни ва диққатимизни ўғирлайдиган, чалғитадиган нарсалар ҳам кўп. Бугун ҳар биримизнинг қўлимизда смартфонларимиз бор. Уйида телевизори йўқ одам йўқ ҳисоби. Яна шу ҳам муқаррарки, энди бу нарсаларни чеклаб, йўқотиб бўлмайди. Интернет ва телевидениеда ҳамма нарса топилса, одамлар нега овора бўлиб театрга борсин?! Режиссёр Олимжон Салимовнинг бугун одамларда театрга эҳтиёж йўқ, деган аччиқ иқрорида жон бор. Қолаверса, ҳозирги жамият ғоят банд, тик оёқда фаст-фуд еб, тирикчилик йўлида елиб-югураётган, театрга ҳафсаласи қолмаётган вақти тиғизлар жамияти. Шунга қарамасдан театр ҳали ҳам бор экан, театрсиз яшолмайдиган ижодкорлар, уни севгувчилар борлиги учун мавжуд. Лекин бу масаланинг бир тарафи. Бошқа томондан жамият ҳаётида театрнинг нуфузи пасайишига ижодий инқирозлар сабаб бўлгани ҳам бор гап. Театр замонавий инсоннинг эҳтиёжини керагидай қаноатлантиролмаётгандир? Демак, театр ҳар жиҳатдан янгиланиши керакдир? ТВ ва интернет бера олмайдиган бошқа бир таассурот бера олиш қудратига қайтиши зарурдир?  Бундай куч театрда бўлган. Биласизми, мен кўплаб зиёлилардан, ёзувчи-шоирлардан сўраганман. Нима учун театрга боргингиз келмайди, деб. Уларнинг аксариятидан “театрдаги спектакллардан кўнглим тўлмайди”, “кутган нарсамни ололмайман”, “мени қаноатлантирмайди”, деган мазмундаги жавобларни олганман. Демак, театрларимизнинг фаолияти фикрловчи инсонларнинг талабига жавоб беролмайди, қай бир маънода зиёли қатламнинг ишончини йўқотган... Лекин, ҳар бир театрнинг ўзига яраша томошабини бор. (Вилоятлардаги театрлар ҳақида бундай деёлмайман, албатта.) Оммага ёқаётган спектаклларнинг савияси эса кўп ҳолларда танқидга сабаб бўлади. Муқимий театрининг таниқли режиссёрларидан бири театршунослар танқид остига олган бир спектакль муҳокамасида “Томошабин гулдирос қарсаклар билан жуда яхши қабул қиляпти. Спектаклни биз томошабин учун қўямиз. Унинг ҳақиқий баҳосини томошабин беради” деганига ўзим гувоҳ бўлганман. Сезяпсизми, масала қаерда? Театр одамларнинг савиясини кўтаришга эмас, томошабин даражасига мослашиб бораётганида ва шу ҳолидан мамнунлигида.

 

Театрнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрнини, таъсирини кенгайтириш режаларда, орзуларда бор, баҳоли қудрат ҳаракатлар ҳам тўхтагани йўқ. Лекин ҳар қандай ғоя туйғуга айлансагина у кучга айланади. Худди жадид боболар даврида бўлгани каби театр туйғуга айланиши керак. Ўз аҳлининг қалбидаги оташин туйғуга.

 

Репертуарлардаги аксарият “саҳна асарлари” енгил-елпи. Томошабин сифатида бир ғашингиз келса, бир не-не актёр, актрисалар изи ботган саҳнага ва роль ижро этаётган истеъдод эгаларига ачинасиз. Бугуннинг томошабини дангасами, драматурглар ёзолмаяптими ёки бошқа сабаблар борми? Театр саҳналарида шов-шув кўтараётган спектакллар нега йўқ?

 

– Тафаккур қилишдан қочиш, кўнгилочар томошаларга мойиллик аслида инсоннинг табиатида бор. Шунинг учун китобдан кўра, спортнинг ихлосманди кўп. Ёки одамлар жиддийроқ спектаклга эмас, эстрада хонандаларининг концертларига тушишни афзал кўриши ҳам бир мисол.  Албатта, завқ керак одамга, лекин бу завққа ўчликни рағбатлантиравериш билан томошабинни фикрлашга ноқобил қилиш керак эмас. Меъёр бўлиши керак. Театрлар репертуарида кўнгилочар спектаклларнинг “яшовчан”лигига келсак, бу ижтимоий шароитнинг маҳсули деб ўйлайман. Мустақилликнинг дастлабки йилларида театрлар учун томошабин жиддий муаммога айланган. Одамларни театрга қайтариш учун енгил қабул қилинадиган маиший комедиялар қўйилган. Кейинчалик репертуарлар жанр жиҳатдан анча ранг-баранглашди, мазмун жиҳатдан кенгайди. Лекин томошабинда ўша “ўрганиш”  сақланиб қолди. Юқорида айтилганидек, театрлар томошабин билан ҳисоблашади, кассабоп спектаклларни қўйишда давом этади. Актёрларга келсак, улар ўзи ишлаётган театрда штатда туради, маош олади, танланган асар, берилган роль ўзига ёқса-ёқмаса ўйнайди. Улар ҳам кўнгилларида буюк асарларда ажойиб қаҳрамонларни ўйнаш орзуси билан яшашади. Режиссёр шундай спектаклни саҳналаштирса ва уни ролга муносиб топса – бахти, йўқса начора.  Бугунги томошабин дангасами йўқми, билмадим-у, менга етарлича “тўқдек” туюлади. Бу тўқлик актёрларни телеэкранларда, яна тадбирларда кун ора учратиши, ҳатто тўйларига чақириб олишга қобиллиги ҳам бир сабаб. Янаям аниқроғи, театрга, санъаткорларга нисбатан одамларнинг ҳайрати оз. Бошқа тарафдан уларнинг боши турфа турмуш ғавғолари билан тўла. Жиддий, ўйлантирадиган, изтироб берувчи спектаклларга тоқатсизлиги эҳтимол шундандир. Лекин санъат уйғотадиган изтироб хайрли, ҳаётбахш бўлади. Дунёга машҳур бир актёр  “тўққиздан тўққизгача ишлайдиган инсон чин инсон бўлиб юксалолмайди. Негаки унинг ўзи, одамлар ҳақида ўйлашга, суҳбатлар қуриб, фалсафа юритишга,  расм чизиб, қўшиқлар айтишга вақти бўлмайди”, деганди. Ўшандай гап. Умуман, ижодкорларни ҳам, томошабинни ҳам ҳар вазиятда тушуниш мумкин. Лекин санъат яралмаётган жойда ҳеч кимни оқлаб ҳам бўлмайди.

 

Драматургия ҳар замоннинг муаммоси бўлиб келган. Охирги пайтда публицистик руҳдаги драмалар авж олди. Булар маълум бир мақсадларга хизмат қилар, лекин театрни бадиий жиҳатдан бойитолмайди. Маълум вақт ўтиб саҳнадан тушиб кетади. Ўткинчи мавзуларга ўралашиб қолиш  ҳам  соҳани орқага тортади. Хўп, яхши пьесалар ёзилмаётган бўлса, ёзилганлари талаб даражасида бўлмаса, театрларни боқадиган наср бор, жарангги ҳар даврга мос классика бор. Театр ижодкорларининг изланиши, режиссёрларнинг ўқимишлилиги кўп нарсани белгилайди. Театрда бирламчи асос драматургия бўлса, биринчи шахс – режиссёр. Спектаклни режиссёр ижод қилади. Бизнинг театрларда кучли режиссёрлар кўп эмас, лекин йўқ ҳам эмас. Баҳодир Йўлдошев бор эдилар, Олимжон Салимов, Карим Йўлдошев, Валихон Умаров, Наби Абдураҳмонов, Авлиёқули, Шомурод Юсупов, Сайфиддин Мелиев каби таниқли режиссёрлар қўйган аксарият спектакллар ўзбек театрини жонлантирган. Ҳатто халқаро майдонга олиб чиққан. Ҳозир ҳам театрларда ҳаёт давом этяпти, кўришга арзийдиган спектакллар буткул йўқ эмас. Аммо энг шоҳ асарлар қўйилганида ҳам одамлар ёпирилиб театрга келармикан? Бунга менинг ишончим  ҳозирча комил эмас.

 

– Ўзбек киноси атрофидаги “гап”ларга қулоғимиз қотди. Давлат муассислигидаги “проект”ларнинг “фильтр”ини рўкач қилсак, хусусий киностудиялар ҳам ямоқ бўладиган каромат кўрсатаётгани йўқдек.   Жаҳон киносига бирдек фанатмиз. Бир гал чет эл хусусий театрларига томошабинлар фалон пулга талашиб билет олиб киришларини айтган эдингиз. Бизникилар эплолмаётган “ишлаб чиқариш санъати” ёки бизга етишмаётган “томошабинлик маданияти”га нималар сабаб деб ўйлайсиз?

 

– Яқинда сизларнинг сайтингизда Шуҳрат Ризаевнинг “Кино санъатми ё саноатми?” деган мақоласи эълон қилинди. Унда айни шу муаммолардан сўз очилган, тўғрими? Саноатдан санъатга ўсиш бўлиш керак. Лекин ўзбек замонавий киносининг саноатдан санъат даражасига кўтарилиши айни вақтда қийин кечаётган жараён. Хусусий секторнинг кенгайиб бораётгани бугунги даврда нормал ҳолат. Лекин савия, сифат масаласи ҳар қадамда кўндаланг турибди. Сабаби, хусусий киночиларнинг катта қисми тажрибасизлар, ҳаваскорлар. Кам харажат қилиб, яхши даромад кўриш мақсадида олинаётган фильмларнинг бадиий даражаси ҳам шунга яраша. Бундай фильмлар кинотеатрларда катта экранларга прокатга чиқарилгани билан ўзини оқламай қўйди. Одамлар деярли кўрмай қўйди. Энди ундай арзон фильмларни телеканалларга сотиш бошланди. Ва шу жараёнда хусусий студияларнинг сериаллар бизнеси авж олди. Савия ўша-ўша. Медиабозордаги бу муносабатлар ҳалигача тўла тартибга солинмаган. Уларни эфирга берадиган нодавлат каналларнинг бадиий кенгаш, қандайдир мезонлари бор-йўқлигини билмайман. “Томошабин маданияти” деганда ўзимизникилар ишлаётган фильм ва сериалларни кўраётган  одамларнинг ҳолини назарда тутаётган бўлсангиз, улар ҳам экранда нима бор бўлса, шуни кўришяпти. Табиийки, диди ўтмаслашган томошабин юки бор асарларнинг қийматини билолмайди.     

 

Хусусий театрлар борасида ҳам худди шундай ҳолат. Ўзбекистонда профессионал фаолият юритаётган икки-учта нодавлат театрни биламан: Марк Вайл асос солган “Илҳом” театри, Сайфиддин Мелиевнинг “Турон” театри, немислар билан ҳамкорликда очилган “Silk Route” марионетка театри. Лекин мавсумий спектакллар кўрсатадиган МЧЖ, ЯТТ шаклидаги ҳаваскор театр студиялар кўп. Мен бир неча йиллар аввал собиқ “Ўзбектеатр” бирлашмасида ишлаган пайтларимда уларнинг сони йигирматадан ортиқ эди.  Яна кўпайган бўлиши мумкин. Лекин ҳали уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган, саҳналаштирилаётган томошаларининг савиясини мезонлайдиган тизим йўлга қўйилгани йўқ. Мен бир муддат хорижда кузатишга муваффақ бўлганим хусусий театрлар устидан қаттиқ назорат йўқ, лекин уларга бош бўладиган ташкилот, мувофиқлаштирадиган тизим бор. Театрлар ўртасида шундай яхши рақобат муҳити пайдо бўлган эканки, ҳеч бир хусусий театрнинг ёмон спектакл қўйишга ҳаққи йўқ.  Савияли спектакл кўрсатмаса, у театр яшаб қололмайди.  Чипта  нархи, уни сотиш тизими ҳам, томошабини ҳам шунга яраша. Биздаги хусусий кино ва театр студиялар сифатга ишлаши учун керакли ташкилий ишлар амалга оширилиши ва эркин муҳит яратилиши керак. Хусусий театр, муаллифлик театрлари кўпайгани яхши. Бу маълум вақтларни талаб қилса керак.

 

 – Адабиётнинг бошқа йўналишларида турли танловлар ўтказилиб турилади. Драматургияда эса йўқ. Ўзбекистон театр арбоблари ижодий уюшмаси фаолияти қониқарлими? Давлат раҳбарининг эътибори шартми?

 

Маданият вазирлиги йилда бир марта драматик асарлар танловини эълон қилиб туради. Лекин бундай танлов бор-йўқлигини тизим ичидаги одамлардан бошқалар билмайди, очиғи. Нимагаки, бу танлов етарли даража  кенг тарғиб қилинмайди. Бундан ташқари,  ўтказиладиган танловнинг аниқ мақсади, нуфузи ҳам бўлиши керак-да. Лойиҳа муаллифларда қизиқиш уйғотиши керак. Дейлик, танлов эълон қилингач, энг яхши деб топилган асарлар муаллифларини рағбатлантириш масаласи ҳам муҳим омил. Танловда ғолиб деб топилган асар учун муаллифга рағбат ўша асарни театрга тавсия қилиш бўлса-ю, ўша асар қачонки саҳналаштирилгандан кейин қалам ҳақи берилса, унда танлов ўтказишдан маъно-мақсад нима бўлади? Пьесасини қўлтиқлаб юрган драматург танлов деб юрмасдан тўғри режиссёрларнинг эшигини тақиллатгани яхши эмасми? Ўзим кузатганларимга таяниб шуни айта оламанки, муаллифларни ўз атрофига йиғиб олиш учун хорижий театрларнинг ўзи  пьесалар танловини эълон қилади. Қолаверса, турли ижодий ташкилотлар ҳам халқаро миқёсда драматургик танловлар эълон қилишади. Лойиҳалар бир маданий байрам даражасида ўтказилади. Демоқчи бўлганим шуки, ҳар қайси танлов номигагина ўтказилмаслиги, муаллифларга ҳам, театр учун ҳам аҳамиятга эга лойиҳа бўлиши керак. Бундай лойиҳаларни ижодий ташкилотлар амалга оширгани яхши. Ўзбекистон театр арбоблари эса ёпилиб кетган эди. Яқин йилларда қайта ташкил этилди. Лекин  фаолияти ҳали тўлиқ изига тушиб кетолгани йўқ.

 

Ечимини кутаётган, кўнглингизга ботиб юрадиган муаммолар, масалалар нималар? Бу соҳадан ташқаридагилар учун ҳам қизиқ?

 

– Биласизми, бизда жамоавий  футболдан кўра  шахмат, бокс, теннис каби индивидуал  спорт турлари яхшироқ ривожланди. Санъатда ҳам шунақа. Мусиқа, тасвирий санъат, шеърият анча олдинда, театр ва кино яъни, жамоавий санъат соҳаларида  бу борада муаммолар кўп. Нега шундай?  Бунинг сабабларини жиддий ўрганиш керак. Кадрлар масаласи, санъат таълими ва бошқа ташкилий-ижодий ишларда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўп.  Театр соҳасида ўсиш-янгиланишлар бўлиши учун, менимча, ижодий муҳит яхшиланиши керак. Ҳар бир театр олдинга интилиши, изланиши учун фестивалларнинг аҳамияти катта. Ҳозир Ўзбекистонда “Сени куйлаймиз, замондош”, “Дебют”, Қўғирчоқ театрлари фестиваллари бор. Лекин уларнинг шаклу мазмунини ўзгартириш, савиясига катта эътибор бериш керак. Бу лойиҳалар  бутун зиёлиларнинг эътиборини театрга қаратадиган маданий байрамга айланиши лозим. Ўтган йили Алишер Навоий асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар фестивали ўтказилди. Лекин бу фестиваль тор доирада, молиявий-ташкилий сиқиқликда ўтказилди. Вилоятдан келган театр ижодкорларида бошқа театрларнинг спектаклларини кўриш имкони бўлмади.  Мана, халқаро театрлар куни муносабати билан шу  кунларда  мамлакатдаги 38 та театрда очиқ эшиклар ҳафталиги ўтказилди. Буни ҳам биров билиб-биров билмай қолди. Шу ҳафталикка театрларнинг энг яхши спектакллари қўйилиб, халқ ва бутун маданият, фан, адабиёт аҳли кенгроқ жалб этилса, қизиқарли ижодий лойиҳалар ташкил этилиб, тарғиботи ҳам жойига қўйилса, жараён  ҳар жиҳатдан янада қизғинлашарди. Бир-бири билан ижодий мулоқот, кузатиш кам бўлган муҳитда янгиланиш бўлиши қийин. Фестиваллар илҳом ва тажриба алмашиш имконини беради.  Ўзбекистонда  халқаро фестиваль  ташкил этилиши керак. Дунё театрлари билан мулоқот ўзбек театрини турғунлашиб қолмаслиги,  ўз қобиғига ўралиб қолмаслиги, ижодий иқлимнинг кенгайиши учун  зарур, деб ўйлайман. 

 

– Инсоннинг севган қаҳрамонлари ўзига яқин шахслар бўлади. Энг яхши кўрган фильм ва спектаклингиз, қаҳрамонлари, уларнинг бошқалардан фарқли жиҳатлари ҳақида гапириб берсангиз.

 

Улар кўп. Масалан, эрон фильмлари, Абуладзе, Ким Ки Дук, Бергман, Звягинцев, Нури Билге Жейлан, ўзимизникилардан Юсуф Розиқов, Аюб Шаҳобиддинов каби режиссёрларнинг ижоди менга ёқади. Ҳаммаси ўзига хос, баридан нимадир олиш, ўрганиш мумкин. Уларнинг фильмларида инсон жумбоғи кенгроқ, теранроқ, табиийроқ кўринади. Уларнинг қаҳрамонлари айбу қусурлардан холи бўлмаган сиз билан менга ўхшаган одамлар. Аммо ишонишингга, ачинишингга, тушунишинг ва яхши кўришингга арзийдиган қаҳрамонлар. Эронлик режиссёр Муҳсин Махмалбафнинг “Чумолилар фарёди” деган фильми бор. Ундаги қаҳрамонлар ҳаётда идеалларини йўқотиб қўйган бугунги дунёнинг вакиллари. Шу жуфтлик дунёни чир айланиб комил инсонни ахтариб  юради. Охир-оқибат мукаммаллик ўзларида эканини англаб етади. Уларнинг руҳидаги ҳақиқатга етгунча бўлган эврилишлар менга ўзгача таъсир қилади негадир. Яна Бергманнинг “Куз сонатаси”, Аббос Киорастамининг “Ширин” фильми... Ҳаммаси инсон ҳақидаги гўзал қиссалар. Спектаклларни ҳам санасак рўйхат ҳосил бўлади. Марк Захаровнинг “Юнона ва Авос”, Б.Йўлдошевнинг “Қора камар”, О.Салимовнинг “Турна пайтлари”, Валижон Умаровнинг “Аёлғу”, “Дарахтлар тик туриб жон беради”  спектаклларини айтишим мумкин. Метерлинк, Чехов, Теннисси Уилямс  драматургияси, улар қаламга олган қаҳрамонлар мени доим ўзига тортиб келган. Ўзимизнинг севимли драматургимиз Шароф Бошбековнинг бошқа асарларидай машҳур бўлмаган “Эшик қоққан ким бўлди?” пьесасини алоҳида яхши кўраман. Асарнинг бош қаҳрамони пьеса воқеаларида йўқ одам. Унинг дунёсини айблаш ҳам, оқлаш ҳам қийин. Ҳаддан ортиқ одамий, ҳаддан ортиқ яхши инсон  фожиаси  ҳақида асар у...

 

– Театрларда катта авлод вакилларининг асарлари қўйилади, нега ёшлар ижоди кўринмайди.  Узилишнинг сабаби нима? Ёки бу соҳада ёшларни қўллаб-қувватлаш йўқми?

 

– Юқорида айтилганидек, кўп нарса ижодий муҳитга боғлиқ. Муҳитда носозлик бордирки, театр ёшларни атрофида ушлаб қололмаяпти. Кўряпсиз, кино соҳасидаги озгина ўзгаришлар, ёшларбоп лойиҳаларнинг кўпаётгани сабаб деймизми, аксарият ёшлар кинога қизиқяпти, ўзини кинога уряпти. Чунки у ерда ўз келажагини кўраётгандир, нон ва шон топиш мумкинлигига ишонаётгандир, кино билан дунёга чиқмоқчи бўлаётгандир. Институтни битирган ёшлар ёппасига театрда қолишга талпинаётгани йўқ. Ёки кўпга бормай, бошқа соҳаларга ўтиб кетяпти.  Ҳозир театр атрофида юрган ёшлар актёрми, режиссёрми, драматургми, театршуносми – соҳадан кетмай юрган бўлса, кўнглида касбига нисбатан севгиси борлиги ёки кетадиган бошқа жойи йўқлигидан. Мен театрда ишлаётган кўп ёшлар, тенгдошларим билан суҳбатлашаман. Уларнинг аксарияти “жомадон кайфияти”да юрганини пайқайман. Вазиятга, муҳитга реал қараганда мен уларни қоралай олмайман. Ҳафсаланинг пир бўлиши ёмон. Драматургнинг шаклланиши иқтидор, билимдан ташқари, ҳаётий тажриба билан боғлиқ. Ҳамма ижодкорлар каби  драматург ўзини-ўзи шакллантирадиган “самоучка” бўлиши керак.

 

 Катта авлод вакилларининг ҳам ҳамма асарлари саҳнада гуллаяпти деб бўлмайди. Уларнинг ҳам неча асарлари тақдирини кутиб турибди. Яхши спектакл кўпчиликнинг меҳнати билан юзага келади. Фикри фикрингга, диди дидингга мутаносиб тушадиган режиссёрнинг бўлиши ҳам муҳим. Худди Чехов ва Станиславский каби, Бошбеков ва Салимов каби.

 

Наргиза ОДИНАЕВА

суҳбатлашди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси