
Аштархонийлар сулоласининг қудратли ҳукмдори Субҳонқулихон (1625–1702) шоир ва олим ҳам эди. Қизиқ жиҳати, айрим замондошлари Субҳонқулихонни кўкка кўтариб мақтаган бўлса, Турди Фароғий каби шоирлар уни кескин танқид қилган. Хўш, уларнинг қай бири ҳақ?
Саидмуҳаммад Субҳонқулихон ибн Саиднадрмуҳаммадхон Бухорода таваллуд топган. Салоҳиятли устозлар қўлида таҳсил олган. Отаси Бухоро тахтига ўтиргач, уни турли шаҳарларга ҳоким этиб тайинлаган.
Субҳонқулихоннинг катта акаси Абдулазизхон отасини тахтдан ағдаргач, у Балхга мустаҳкам ўрнашиб олади. Отаси Саиднадрмуҳаммадхон эса тахтдан воз кечиб, ҳажга кетади. Субҳонқулихон Балхда Бухородан мустақил равишда сиёсат юрита бошлайди. Манбаларда ёзилишича, тариқатдаги пири Абдулғаффорхўжа ака-укани яраштиради. 1658 йили Субҳонқулихон акасининг ҳокимиятини расман тан олади. 1680 йили кексайиб қолган Абдулазизхон Бухоро тахтини укаси Субҳонқулихонга топшириб, ўзи ҳажга йўл олади. У 1680 йили тахтга ўтириб, 22 йил давлатни бошқарган. Хоннинг замондоши, тарихчи ва адиб Хожа Самандар Термизий уни “карам соҳиби, Жамшид мулки вориси, Фаррух шавкатли” ва қудратли Субҳонқулихон деб тавсифлайди.
Субҳонқулихон “Нишоний” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Тарихчи Муҳаммад Амин Бухорий у ҳақда “Шеърга табъи ҳам баланд эди. Шоир Камол байтига татаббуъ айтган эдилар”, деб ёзган. Хоразм хони Ануша Урганжийнинг тахтдан ағдарилиши ва кўзига мил тортилиши хабарини эшитган Субҳонқулихон “шодлик лабини табассумга очиб” бу байтни ўқиган (мазмуни): “Агар мулкка (бирор киши) рахна солса, / Бошини олиб ташлаган яхши. / Лашкар ишончсиз бўлса, тарқатиб юборган яхши”.
Хон шеърларини тўплаб, девон тузгани ҳақида маълумотлар бор. Лекин бу девон ҳозиргача топилгани йўқ. “Тарихи Муқимхоний” асарида Субҳонқулихоннинг қуйидаги шеъри келтирилган:
Қаддам зи ғами ҳаҷри ту чун шамъ шуд, аммо
Торе зи висоли ту ба чангам нарасида.
Дар дида фитад, кош, Нишонй, гули рӯяш,
Афтодани гул гарчи зиён аст ба дида.
Мазмуни: “Сенинг ҳажринг ғамидан қаддим шамдек бўлди, лекин сенинг висолингдан бир тор, яъни соч қўлга тегмади. Нишоний, кошки, юзининг гули кўзимга тушса эди, ҳолбуки, кўзга гул тушиши зарарлидир”.
Нишоний ўз атрофига шоир ва олимларни йиғиб, адабий мажлислар уюштирган. Мушоираларда ўзи ҳам шеър ўқиган.
Субҳонқулихон даври адабий ҳаётида икки оқим мавжуд эди. Бири сарой адабиёти, унинг тепасида Субҳонқулихоннинг ўзи турган. Иккинчиси саройга қарши адабиёт эди. Самарқандлик шоир Муҳаммад Бадеъ ибн Муҳаммад Шарифнинг ёзишича, ўша кезлар сарой шоирлари сони юз эллик атрофида бўлган. Муҳаммад Вали Самарқандийнинг ўша даврда тузилган “Музаккир ул-асҳоб” мажмуасида икки юз нафар ижодкор ҳақида маълумотлар берилган. Сарой шоири Муҳаммад Балхийнинг беш минг байтдан иборат “Субҳонқулихоннома”си ва Мирмуҳаммад Амин Бухорийнинг “Убайдулланома”си яратилди.
Абдулазизхон саройида хизмат қилган Турди Фароғий Субҳонқулихон тахтни эгаллагач, у юритган сиёсатни кескин танқид остига олади ва ҳукмдор билан келиша олмай, саройни тарк этади. У кўрган қийинчиликлар шеърларида акс этган.
Бугун кўпчилик тарихчилар Турди Субҳонқулихондан рўшнолик кўрмагани учун бу аштархоний султонни золим ҳукмдор деб ёзган, дейди. Турди “Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия” асарини 1691 йили битган. Унда Субҳонқулихон даври “Бир сари азм айла, жойи номусулмондур бу мулк, / Фитнайи авбош, зулму куфру туғёндур бу мулк”, дея танқид қилинади.
Субҳонқулихон саройига даврнинг таниқли олимларини тўплагани маълум. Ўзи ҳам тиббиёт илми билан шуғулланган. Ҳерман Вамбери Ҳирот шаҳрида бўлганида Субҳонқулихоннинг тиббиётга оид асарини сотиб олган.
Тадқиқотчи Рустам Жабборовнинг ёзишича, бу асар “Хулосат ул-ҳукамо” деб номланади. Иккинчи номи – “Тибби Субҳоний”. Унинг ягона нусхаси Венгрия Фанлар академияси кутубхонасида сақланади. У ўзбек тилида битилган. Субҳонқулихоннинг ўзи бундай дейди: “Билгил ва огоҳ бўлғилким, ҳар ким ўткан ва бўлған ҳукамолар ҳикмат баёнида ўзига яраша арабий ва форсий тили бирла китоблар тасниф қилибтурлар. Аммо туркий тили бирла ҳикмат баёнида китоб назаримизға кирмади. Анинг учун туркий тили бирла бу ниёзманди даргоҳи илоҳий, Саййид Субҳонқули Муҳаммад Баҳодурхон ибн Абулғозий Сайиднадрмуҳаммад Баҳодурхон... бу китобни мувашшаҳ ва музайян қилдим”.
Субҳонқулихон “Тибби Субҳоний”ни ёзишда қадимги ҳакимлардан Гален ва Гиппократ асарларининг арабча таржимаси ҳамда Ибн Сино китобларидан фойдаланган. Хон форс-тожик тилида “Иҳё ут-тибби Субҳоний” (“Субҳонийнинг табобатни жонлантирувчи китоби”) асарини ҳам ёзган. Унинг 301 варақли қўлёзма нусхаси 2101 рақами билан ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар хазинасида сақланади.
Субҳонқулихон фолга оид “Рамали Субҳоний” номли асар ҳам яратган. Унинг қўлёзмаси ҳам юқорида тилга олинган хазинада 4260 рақами билан сақланади. Хоннинг фармонига биноан “Фатовои Субҳоний” деган фатволар тўплами ҳам ишлаб чиқилган. Манбаларнинг далолат беришича, у ҳуқуқшунос ҳам бўлган. Илми нужумга (астрономия) оид “Лубби лавойиҳ ул-қамар фи-л-ихтиёрот” (“Ойнинг одамлар ҳаракатига доир қулай вақт танлаш учун кўрсатмалари”) номли рисола ҳам хон қаламига мансуб. У шу соҳага оид “Равзат ул-мунажжим” (“Мунажжимлар боғи”), “Кифоят ут-таълим” (“Таълим учун кифоя”) сингари асарлар асосида форс-тожик тилида таълиф этилган. Қолаверса, хон Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”сига форс-тожик тилида “Рисола дар маънийи байти “Маснавий” номли шарҳ ёзган.
Марказлашган давлат тузган Субҳонқулихон диний-тасаввуфий ва дунёвий илмлар соҳиби сифатида ўзидан бебаҳо маънавий мерос қолдирган. Аммо унинг асарлари шу кунгача тўлиқ тадқиқ этилмаган.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ