
Инсоният жуда қадимдан бу дунё қандай яратилганига қизиқиб келади. Ҳаёт қандай пайдо бўлди? Биз қаердан келиб қолдик? Ўлимдан сўнг нима бўлади? каби саволлар барча давр одамлари учун қизиқ бўлган. Дунёни тушунишга бўлган бундай интилишлар ҳар бир цивилизацияда ўз ифодасини топган. Олимлар буни «космологик тасаввур» деб аташади. Мифологияда эса оламнинг пайдо бўлиши ҳақидаги мифлар «космогоник миф» дея номланади[1].
Қадимги юнонлар Ер атрофи океан билан ўралган, юқорида Олимп тоғи жойлашган, у ерда эса худолар яшайди, дея ишонилган. Ер остида эса Ҳадес – ўликлар дунёси бўлган. Славян мифологиясида ҳам олам уч қаватли: юқорида самовий кучлар, ўртада одамлар, пастда эса руҳлар ва арвоҳлар дунёси мавжуд, дея тасаввур қилинган. Хитойликлар осмон ва ер ўртасида мувозанат бўлиши керак, деб ҳисоблаган. Улар учун бу мувозанат император ҳокимияти ва табиат уйғунлиги орқали намоён бўлган.
Қадимги аждодларимиз ҳам дунёни ўзгача тафаккур тарзида англаган. Туркий халқлар мифологиясида ҳам шу уч қаватли дунё модели мавжуд. Кўк юзи яъни юқори олам – Кўк Тангри ва унинг ёрдамчилари жойлашган осмон. Ер юзи яъни ўрта олам – одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар яшайдиган яшайдиган маскан. Ер ости яъни қуйи олам – ўликлар, жинлар ва руҳлар макони. Бу модель қадимги туркий халқларнинг дунёқарашида, ҳаёт тарзида, урф-одатларида, ҳатто мамлакат бошқарувида ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Таниқли олим Фузулий Баятнинг «Туркий халқларнинг мифологик ҳикоялари» номли илмий асарида қуйидаги космогоник миф келтирилади:
«Ҳануз ҳеч бир олам яратилмаган замонларда бутун борлиқ сувдан иборат эди. Сувнинг ичида Оқ Она деб номланувчи бир яратиқ мавжуд эди. (Оқ Она ёруғлик, тозалик ва ҳаёт унсурларини ўзида мужассам эттирувчи мифологик образ ҳисобланади[2].) Сув устида эса Улген исмли бошқа бир яратиқ яшар эди. Замонлар ўтиб, Улгеннинг хаёлига ўзи учун бир олам яратиш фикри келиб қолади, аммо уни қандай амалга оширишни билмай узоқ изланади. Кунларнинг бирида чексиз сув остидан Оқ Она чиқиб, Улгенга олам яратиш ғоясини беради. «Эттим пютти, деп. Ёкса эткеним пютнери, деп, дема!» яъни «Қилганим (Қилган ишим) бўл, дегин, асло қилганим бўлмади, дема» дея сув ичига кириб ғойиб бўлди ва бошқа ҳеч кимга кўринмайди. Шундан сўнг Улген уч қаватли дунё моделини яратади. Улген инсонларни яратганидан сўнг уларга Оқ Онадан ўрганган қуйидаги таълимотни беради: «Бор бўлган нарсани йўқ дема. Агар йўқ десанг, у ҳолда бори ҳам йўқ бўлади».
Туркий мифлар орқали оламнинг вертикал ҳолатда уч қисмга бўлинганини билишимиз мумкин. Ҳар бир қисмнинг ўз қонуниятлари, ўз мавжудотлари бўлиб, улар биргаликда энг олий куч – Кўк Тангрига бўйсунишади. Кўк юзи бир қанча қаватлардан иборат. Олтойликларга кўра, само 17 қаватдан иборат бўлса, Телутлар 16 қават деб ҳисоблашади. Тувалар эса 33 ёки 9 қават деб, ёқутлар 7 қават деб ишонишади[3]. Кўплаб туркий халқлар осмонни айнан 7, 9, 12 ва 17 қават деб тасаввур қилишган ва бу шунчаки тасодиф эмас, ҳар бир рақамнинг ўзига хос маъноси мавжуд[4].
Кўк Тангри самонинг энг юқори қисмида жойлашган бўлса, қолган қаватларнинг ҳар бирида Кўк Тангрининг ёрдамчилари – илоҳий яратилиқлар яшайди. Ер юзида инсонлар ҳукмдорлик қилади. Бироқ ўрта олам фақат одамзод яшайдиган дунё эмас. У ҳайвонлар, ўсимликлар, яхши ва ёмон руҳлар, ҳимояловчи яратиқлар ҳамда Кўкюзидаги илоҳларнинг аватарлари яшайдиган макондир.
Абадий зулмат ҳукм сурадиган ер ости дунёси 7 ёки 9 қаватдан иборат деб тасаввур қилинади. Ер ости салтанатида ҳам ўзига хос яратилиқлар бўлиб, уларни Эрликхон бошқаради. Бу ер йўлдан адашган инсонларни тўғри йўлга қайтариш учун шакллантирилган жазолаш механизмига ўхшайди. Ер ости салтанатининг кириш эшикларида Эрликхоннинг икки қизи – Киштей Султон ва Эрка Султон қўриқчилик қилади. Афсонавий қулф-калитлар уларнинг ихтиёридадир. Эрликхоннинг яна еттита ўғли ҳам бор. Улардан Ботир, Керей, Теберкан, Абраган кабилари мифлар ва шаман дуолари орқали фанга маълум. Аммо барча ўғилларининг исми ҳозирча аниқланган эмас. Ҳар бир ўғлининг ўзига хос кучи ва юклатилган вазифаси бор. Эрликхоннинг ўзи айрим манбаларда ер ости салтанатининг ҳукмдори, Кўк Тангрининг ёрдамчиси сифатида талқин қилинса, бошқа манбаларда жаҳаннам эгаси сифатида тасаввур қилинади ва шайтон образига ўхшатилади.
Қадимги туркий халқлар оламни юқори, ўрта ва қуйи дея вертикал тарзда учга бўлиб тасаввур қилишаркан, улар ўзаро гармонияда, бир-бирига узвий боғлиқ ҳолатда мавжуд бўлган ва умумилоҳий қонуниятлар асосида давом этиши лозим, деб ҳисоблашган. Бу уч оламни бир-бирига боғлаб турадиган афсонавий дарахт – Ҳаёт дарахти туркий халқлар ишончида ва урф-одатларида алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳаёт дарахтининг илдизлари Ер ости дунёсида (қуйи олам), танаси Ер юзида (ўрта олам) ва шохлари осмонларда (юқори олам) бўлгани боис уч олам билан доимий муносабатдадир. Мавсумларга кўра ўзгариши эса ҳаёт давомийлигини англатади. Яъни баргларнинг тўкилиши ва ҳар баҳорда янгидан куртак очиши ўлим ва ҳаётнинг такрорий ўрин алишишини билдиради. Бу каби афсонавий дарахт скандинав мифологиясида ҳам бўлиб, Иггдрасил дарахти деб номланади[5].
Хулосалайдиган бўлсак, қадимги туркий халқлар ўз тафаккур тарзида оламни учга бўлади ва ҳар бир дунёнинг ўз қонунлари мавжудлигини, бироқ шу билан бирга барча энг юқорида турувчи Олий ҳақиқат – Кўк Тангрига бўйсунишини англаган.
Уч қаватли олам моделининг ғоя муаллифи аёл қиёфали яратиқ бўлса, амалга оширувчи куч эса эркак қиёфалидир. Бу билан қадимги аждодларимиз аёл ва эркак биргаликда буюк вазифаларни амалга ошира олишига ишонишган. Бу каби тафаккур тарзи кейинчалик ҳатто давлат бошқарувига ҳам ўтган. Туркий ҳукмдорларнинг аёллари ҳам давлатда юқори лавозимларга эга бўлиб, сиёсатда фаол иштирок этишган. Айрим топилмаларда фармонларга эркак ҳукмдор билан бирга аёлнинг ҳам муҳри босилган. Тангаларнинг бир томонига ҳукмдор, иккинчи тарафига малика тасвири туширилиб зарб этилган.
Қолаверса, туркий мифларда зардуштийликдан фарқи равишда кескин иккига бўлинган ёвузлик ва эзгулик кураши йўқ. Аксинча, ёмонлик ҳам аслида яхшилик учун хизмат қилаётган ва Олий Хақиқатга бўйсунадиган куч деб тушунилади.
Дилбар ҲАЙДАРОВА,
адабиётшунос
________________________________________
[1] Раҳмонов Н. Ўзбек адабиёти тарихи. Тошкент — 2017.
[2] Баят Ф. Kadim Türklerin mitolojik hikayeleri. İstanbul — 2022.
[3] Баят Ф. Kadim Türklerin mitolojik hikayeleri. İstanbul — 2022.
[4] Жўрақўзиев, Н. Қадимги туркий ёзма ёдгорликларида космогоник мифология. Тошкент — 2018.
[5] Гибсон C. How To Read Symbols?. Ivy Press Limited — 2009.
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ