Навоийни йиғлатган достон, Рим билан ғойибона танишув – Рустам Жаббор тавсия қилади


Сақлаш
17:49 / 25.04.2025 21 0

Сирлар таржимони

 

Cўз ким учундир шунчаки мулоқот воситаси, ким учундир ўткир қурол ёки оддий товушлар йиғиндиси бўлса, илоҳий истеъдод эгалари учун бемисл мўъжизалар манбаидир. Ҳофиз Шерозий ана шундай улуғ ижодкорлар сирасига киради. Асрлар ўтса-да, унинг дилбар ва беназир ашъори назм шайдоларини ҳайрат уммонига ғарқ этиб келаётир.

 

Хожа Шамсиддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий милодий 1326 йили Эроннинг қадимий илму ирфон масканларидан саналган Шероз шаҳрида туғилган. Отаси Баҳоуддин асли исфаҳонлик бўлиб, баззозлик билан шуғулланар, оила ўртамиёна кун кечирар эди. Отанинг бевақт вафоти сабаб оила танг аҳволга тушиб қолади. Икки ака иш қидириб ёт ўлкаларга кетади, кичкина Муҳаммад эса новвойга шогирд тушади. У арзимас маошининг бир қисмини тирикчиликка, қолганини илм таҳсили ва хайр-эҳсонга сарфларди. Ёшлигидан ўткир зеҳни, фасоҳати, юксак шеърий қобилияти билан ажралиб турган Муҳаммад диний ва дунёвий илмларни чуқур ўрганган, Қуръони каримни ёд олган. Ширали овозда Каломуллоҳни тиловат қилиши, диний китоблар, қисса ва марсиялар, ғазалларни ўқиши барчага манзур бўлганидан, у қиссахонлик қилиб рўзғор тебратган.

 

“Ҳофиз” сўзи арабча “ҳафаза” – асрамоқ калимасидан ясалган.  Икки тоифа кишилар шу ном билан иззатланадилар: Қуръони каримни ёд олган қорилар ва ширали овозга, юксак истеъдодга эга бўлган хонандалар. Бизда сўзнинг иккинчи маъноси кенгроқ қўлланади.

 

Ҳофиз Шерозий ҳар икки маънода бу номга муносиб эди. У Қуръонни ўн тўрт усулда қироат қила олар, қасидахонлигу қиссахонликда ҳам унга тенг келадигани топилмас эди. Шу боис у ўзига Ҳофиз тахаллусини олган. Ёшлигидан хаттотлик илмини ҳам эгаллаган.

 

Ҳофиз – инсон қалбида жўш урган, аммо сўз билан ифода этиш мушкул бўлган туйғуларга ном бера олган, уларни ифода эта билган шоир, чин маънода илоҳий ишқ куйчиси. Унинг мажоз воситасида битилган шеърларида “авом ишқи”га хос юзакилик учрамайди. Ҳофиз ғазалларида риндлик, бодапарастлик, кўр-кўрона тақвою тоатни тарк этиш, ҳақиқатни огоҳ ва ўткир қалб кўзи ила кўриш ва унга интилиш ғоялари илгари сурилади. Мутаассиб руҳонийлар ўз даврида уни даҳрийликда айблаб, таъқиб этган бўлсалар-да, маърифатпарвар мутафаккирлар, ориф алломалар шоирнинг бирор мисрасида шаккоклик белгиси йўқлиги, аксинча, у Қуръон ва ҳадислардан зинҳор четга чиқмаганига шоҳидлик беришган. Шу боис ўз даврининг етук фозилларидан бўлган Мир Қосим унинг куллиётини “форс тилидаги Қуръон” деб атаган экан. Шоирнинг ўзи ҳам бир ғазалида “Ҳар чи кардам, ҳама аз давлати Қуръон кардам”, яъни “Нимаики қилган бўлсам, ҳаммасини Қуръоннинг шарофати, амри ва давлати туфайли амалга оширдим”, дейди.

 

Алишер Навоий бобомизнинг ҳам шоир ижодига эҳтироми юксак бўлган. Форсий тилда битган ғазалларида Ҳофизга хос фасоҳат ва балоғат жилва қилиб туради. “Насойим ул-муҳаббатасарида унгалисон ул-ғайб ва таржумон ул-асрор”, яъни ғайб тили ва сирлар таржимони, дея таъриф берган. “Насойим ул-муҳаббатда ёзилишича Ҳофиз Шерозий бирор пирнинг сабоғини олмай, қўлидан тутмай туриб, шундай комилликка етишганки, бундай даража ҳали бирор инсонга насиб этган эмас.

 

Бироқ давр ижтимоий муҳити, мўғуллар истилосидан сўнг парокандаликка юз тутган мамлакатдаги аҳвол шоир ижодига ҳам таъсир кўрсатади. Ҳофиз гарчи кўплаб ҳукмдорлар эътиборини тортган, улар илтифотига сазовор бўлган эса-да, асосан фақирлик ва муҳтожликда кун кечиради. Калтабин уламолар, истеъдодсиз шоирларнинг таъқибига учраб, улардан кўп азият чекади. Сарой шоирларидек бой, тўқ ва фаровон кун кечириши ҳам мумкин эди, аммо у қалб хазинаси, ишқ дақинасини ҳар қандай бойликдан устун билди:

 

Чу Ҳофиз ганжи ў дар сийна дорам,

Агар чй муддаий бинад, ҳақирам.

 

Маъноси: гарчи муддаий – даъвогарлар кўзига ҳақир, камбағал ва мискин кўринсам-да, худди Ҳофиз сингари Яратганнинг хазинасини қалбимда жо этганман.

 

Ҳофиз бутун умр она шаҳри Шерозда яшади. Шеърлари ҳаётлик чоғидаёқ Эрону Туронни забт этган бўлса-да, ўзи Исфаҳон ва Язддан бошқа бирор шаҳарга саёҳат қилмади; ватан соғинчи ва ҳажрига мубтало бўлмаслик учун у ҳар қандай сафардан воз кечди.

 

Намедиҳанд ижозат маро ба сайру сафар,

Насими боди мусаллову оби Рукнобод.

 

Маъноси: Мусалло боғининг шаббодасию Рукнобод ариғининг суви сайру сафар қилишимга ижозат бермайди.

 

Ҳофиз ижодига наинки Шарқ, балки ғарбликлар ҳам катта қизиқиш билан қараган; шеърлари Оврупо тилларига таржима қилинган. Мағрибликлар Ҳофизни ўзларининг Ҳейне, Шиллер, Данте, Вольтер сингари буюклари билан ёнма-ён қўйганлар. Байрон, Гёте, Пушкин каби улуғлар Ҳофиздан илҳомланиб гўзал шеърлар битган.

 

Ҳофиз туркий халқларнинг ҳам севимли шоиридир. Ўтмишда бирор ўзбек шоири йўқки, шоир шеъриятининг жонбахш булоғидан қониб, баҳраланмаган бўлсин. Унинг хўб машҳур байтини ҳар бир ўзбек китобхони таржимасиз ҳам тушунади-ю, лекин қўшмисра шоир Хуршид таржимасида латиф жаранг сочади:

 

Агар кўнглимни шод этса, ўшал Шероз жонони,

Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.

 

Айтишларича, байтдан хабардор бўлган Соҳибқирон Темур Шерозни фатҳ этган чоқда муаллифни ҳузурига чорлаб, “Эй шоир, мен шу икки шаҳарни обод қилиш, унинг довруғини оламга таратиш учун ярим дунёни эгаллашга жаҳд қилган бўлсам-у, сен уни қандайдир холга бахш этсанг – бу қанақаси бўлди?” деб сўрайди. Шоир бундай жавоб қайтаради: “Олампаноҳ! Саховатиму қўли очиқлигим туфайли буйла мискин аҳволга тушиб ўтирибман”. У шундай деб фақирона кийимига ишора қилади. Жавоб Соҳибқиронга манзур бўлиб, шоирни қимматбаҳо инъомлар ила сийлаган экан.

 

Шоир ўз ғазалларида бизнинг шаҳарларимизни гўзаллик, малоҳат ва фасоҳат тимсоли сифатида тилга олади:

 

Ба шеъри Ҳофизи Шероз мерақсанду менозанд,

Сияҳчашмони кашмириву туркони самарқандий.

 

Мазмуни: Шероз Ҳофизи шеър айтса, самарқандлик сулувлару кашмирлик қоракўзлар ноз бирла хиром айлар.

 

Байтдаги “турк” сўзи икки маънони англатади: туркий миллат ва гўзал, сулув, шўх. Ҳофиз Шерозий ҳазратлари шу тариқа ўзига хос, ҳофизона нозик­таъблик, шарқона сўз ўйини – ийҳом санъати билан ўзбек қизларини таърифлаб кетганлар.

 

Қадимда Ҳофиз ғазаллари юртимиз мадрасаларида ўқитилган. Хаттотларимиз унинг дилбар шеърларини қайта-қайта кўчириб, китобат қилиб, назм шайдоларига тарқатган. Шеърхонлик кечаларида албатта Ҳофиз ғазалларидан намуналар ўқилган, хонандалар унинг қўшиқларини куйлаганлар.

 

Ё Раб, ин шамъи дилафрўз зи кошонаи кист?

Жони мо сўхт, бипурсед: ки жононаи кист?

 

Мазкур матла билан бошланувчи ғазални ўзбекона оҳангларда ўзбек ҳофизи Шерали Жўраев ижросида тинглаб гўзал ҳисларга ошно бўлганмиз:

 

Қайси уйнинг шамъидир у, қайси жойда хонаси?

Ўртади жонни, сўранг: кимнинг эрур жононаси?

 

Шу қўшиқни ҳар гал тинглаганимда икки ҳофизнинг нақадар бетакрор иқтидор соҳиби эканига ич-ичимдан иқрор бўламан...

 

Ҳофиз бир ғазалининг мақтаида бундай деган:

 

Манам он шоири соҳир, ки ба афсуни сухан,

Аз наи килк ҳама қанду шакар меборам.

 

Мазмуни: мен шундай сеҳргар шоирманки, сўз ила афсун ўқиб қаламнинг қамиши орасидан қанду шакар тўка оламан.

 

Рост, Ҳофиз қаламидан тўкилган бу “қанду шакар” асрлар ўтса-да, лазиз таъмини йўқотмайди.

 

Навоийни йиғлатган достон

 

Лайли ва Мажнун. Мана, неча юз йилларки бу икки ном пок севги ва садоқат рамзи бўлиб келаётир. Уларнинг ишқи қанчадан-қанча қиссаю афсоналарда куйланмади! Не-не шоирлар уларнинг қайғу-аламга тўла ҳаётини достон этмади дейсиз!

 

Лайли ва Мажнун чиндан ҳам ҳаётда яшаб ўтганми, деган савол адабиётшунос олимларни кўпдан ўйлантириб келади. Баъзи маълумотларга кўра Қайс тарихий шахс бўлиб, унинг тўлиқ исми Қайс ибн Муоз ёки Қайс ибн Мулавваҳ бўлган ва Мажнун тахаллуси билан шеърлар битган.

 

Дарҳақиқат, араб мумтоз шеъриятида исломиятдан аввал ушбу тахаллус билан бир қанча шоир ижод қилгани маълум. Лекин уларнинг қай бири ишқи достон бўлган Мажнун эканини аниқлаш мушкул. XI асрда яшаган тарихчи ва сайёҳ Носир Хисравнинг машҳур “Сафарнома”сида ёзилишича, араб ўлкаларидан бирида, Тоиф яқинида маҳаллий кишилардан бири унга Лайли яшаган қўрғоннинг харобаларини кўрсатган.

 

Шарқ адабиётида Лайли ва Мажнун мавзусининг пайдо бўлиши билан боғлиқ хилма-хил фикрлар, тахминлар мавжуд. Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий сингари форс адабиётининг етук салафлари бу мавзуда бир-биридан рангин ва гўзал достонлар яратганлар. Ана шу уч буюк сиймони ўзига устоз билган, ўз таъбирича, “асҳоби Каҳф” итидек уч биродарга эргашган ҳазрат Мир Алишер Навоий илк бора бу қиссани туркий тилда қайтадан дунёга келтиради, кўҳна қиссани навоиёна руҳ ва фасоҳат ила янгилайди.

 

Навоий талқинича, икки ёш қалбида ишқ ғунчалари айнан баҳор фаслида пайдо бўлади. Мажнун ишқининг маромига етиб “пишиши”, у ҳижрон оташида ёнган палла эса саратоннинг жазирамасига уйғун келади. Икки ишқ асирининг умри хазонга юз тутиши кеч кузнинг маҳзун ва дилгир манзараларига уйқашиб кетади.

 

Асарни ўқир эканман, кўз ўнгимда икки хил қиёфадаги Мажнун гавдаланади. Биринчиси – оқил, ҳар жиҳатдан комилликка эришган, қобил фарзанд; у ота-она ризоси учун ҳар ишга тайёр. Иккинчиси – бутун жисму жони Лайлига айланган, вужуди жунун савдоси-ла тўлиб-тошган савдойи...

 

Икки ёшнинг муҳаббати шу қадар кучлики, улар ота-оналарининг амридан бўйин товлаб, висолга етишмоғи (худди бугунги кундаги аксар романтик фильмлар қаҳрамонлари сингари) ҳам мумкин эди. Йўқ, уларнинг ҳар иккиси ота-она олдидаги масъулиятни унутмайди. Ҳар иккиси ота-она майли, орзу-ҳавасини деб умрини ўзгалар билан пайвандлашга рози бўлади. Аммо тақдирнинг ўйинини кўрингки, ҳар иккиси ҳам муайян сабабларга кўра чимилдиқни тарк этади ва тасодиф уларни учраштиради.

 

Лайли ва Мажнуннинг учрашув онини ҳам шоир ўзгача иштиёқ билан тасвир этган. Айнан ўша тунда бутун борлиқ икки қалбнинг бирлашуви учун шароит яратган, паррандаю даррандалар сукутга чўмган. Юлдузлар ҳам фалакда жимгина уларга бахт тилар, тун ҳам бу дийдорнинг узоқ давом этишини истаб саҳарнинг йўлига қора парда тутган эди. Бу висол ўтли дил изҳорларидан, жонбахш суҳбатлардан, ширин эркалашлардан нарига ўтмайди... Тонг отгач, Лайли ва Мажнун қисмат амрига бўйин эгиб ортга қайтадилар. Мажнун чин маънода поклик ва беғуборлик тимсоли эди. Унинг муҳаббати шунчаки – бир жинс вакилининиг иккинчи жинсга интилиши эмас эди. Асар сўнгида Навоийнинг ўзи айтганидек, бу ишқ мажозийликдан бошланиб, ҳақиқатга қовушган илоҳий бир муҳаббат эди. Шу боис Мажнун жамият учун бегона, ҳатто дали-девона бўлиб кўринган.

 

Не ажабки, уни инсонлар эмас, ҳайвонлар, тилсиз жонзотлар тушунди. Ҳатто энг ҳуркак жонивор бўлмиш жайронлар ҳам ундан қочмай, дўст тутинади. Ваҳший ҳайвонлар содиқ итдек ювош тортиб қолади. Қушлар елкаларига қўниб, у билан сирлашади. Агар Мажнун бу қадар пок бўлмаганида отаси Лайлини ўлдирмоққа қасд қилгани ҳам, ота-онасининг ўлими ҳам унинг тушида аён бўлмас эди. Ҳатто Лайлининг ўлими ҳақида ҳам унга ғойибдан хабар етади.

 

Буюк адиб Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”даги Кумушбибини, Оноре де Бальзак ўзининг севимли қаҳрамони Горио отани “ўлдириб” қўйганида ёш боладек кўзёш тўккан. Худди шу ҳолни ҳазрат Навоий ҳам бошдан кечирган эканлар:

 

Сўгин нечаким узоттим охир,

Йиғлай-йиғлай туготтим охир.

 

Атоқли адабиётшунос Суйима Ғаниеванинг эслашича, хорижлик машҳур шарқшунос олим катта минбарда туриб достон ҳақида гапираркан, кўзига ёш олиб, “Мен ана шундай буюк шоирни етиштирган ўзбек халқи олдида таъзим қиламан!” деган экан.

 

Достонни ўқирканман, миямда доим бир фикр чарх ураверади: чин дилдан севмаган инсон бундай жонли, ғамгин ва ўтли асарни битолмаган бўларди! Навоий бир лаҳзалик висолдан сўнг яна Мажнунни ўз измига солган фироқ ҳақида ёзар экан, дейди: “Киши юз йил ҳижрон дардини ютиб, бир дамгина васл лаззатини тотса-ю, яна айрилиққа дучор бўлса-да, ғам чекмаса бўлади, ахир барибир васлдан баҳра олди-ку, шунинг ўзи ҳам бир неъмат. Аммо ана шу неъмат ҳам менга насиб этмади...” Бу жумлалар буюк бобомизнинг ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган армонидан сўз очгандек туюлади. Зеро, такрор айтсак айб саналмас – севгини ўз бошидан кечирмаган инсон муҳаббатни бу қадар олий даражада тараннум этиши мумкинми?! Ҳа, Мажнун бу – ошиқ Навоий. Зотан, ҳазрат ўзини Мажнунга бежиз қиёсламаган:

 

Вомиқу Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро

Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул ародан излангиз.

        

Хаёлот оламидаги одам

 

Инглиз постмодерн адабиётида Жон Роберт Фаулзнинг ўзига хос ўрни бор. У, айниқса, “Коллекционер”, “Афсунгар”, “Француз зобитининг хотини”, “Дэниэль Мартин”, “Мантисса” сингари роман ва қиссаларида воқеликни ноанъанавий усулда, ўткир ва теран нигоҳ ила ёритишга ҳаракат қилган.

 

Адиб 1950–1963-йилларда Франциянинг Пуатье университетида, Грециянинг Спецесс оролидаги гимназияда, Лондондаги Авлиё Годрик коллежида ўқитувчилик қилади. Юнон оролида машҳур “Афсунгар” (“The Magus”) романини яратиш ғояси туғилади; асар воқеалари ҳам шу ерда бўлиб ўтади. Жон бўлажак умр йўлдошини ҳам айнан Спецесс оролида учратган. Дарвоқе, Фаулзнинг кўплаб қаҳрамонларида Элизабетнинг қиёфаси, сажияси, феъл-атвори муҳрланган, буни ёзувчининг ўзи ҳам эътироф этган.

 

“Афсунгар” адибга шон-шуҳрат олиб келди. Асар бош қаҳрамони Николас Эрфенинг прототипи муаллифнинг ўзидир. Романда кундалик турмушидан зерикиб, саргузашт истаб, она юртидан бош олиб чиқиб кетган, кейин ўзи истагандек реал воқеликдан йироқ, хаёлот оламига тушиб қолган, охир-оқибат дастлабки ҳаёт тарзига қайтган одам қисмати ҳикоя қилинади. Инсон истакларининг чексизлиги, тақдир эса ҳар бир одамга имкониятлари даражасидаги ҳаётни инъом этиши асарнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Роман ўз имкониятимиз хорижидаги нарсаларни орзулаб эмас, ҳаёт бизга тақдим этган неъматлардан тўғри фойдаланиб, умрнинг ҳар лаҳзасидан завқ олиб яшашимиз лозимлигини уқтиради гўё.

 

Роман сюжети оддий эмас. Николаснинг Грециядаги чекка оролда Кончис билан учрашуви уни ҳаёти тубдан ўзгаришига олиб келадиган сирли ўйинлар ва синовлар силсиласига гирифтор қилади. Кончиснинг шахси ва мақсадлари сир бўлиб қолади. У фақат афсунгар эмаслиги, балки Николаснинг ҳаётини ўзгартиргани келган сирли куч экани сезилиб туради. Романда эркинлик, масъулият, танлов, ҳақиқат, иллюзия ва ҳаётнинг маъноси каби фалсафий, экзистенциал масалалар кўтарилган.

 

Назаримда, роман ниҳояси онгли равишда очиқ қолдирилган. “Николаснинг ҳаёти қандай ўзгарди? Кончис мақсадларига эришдими? Николаснинг янги шахси шаклланганми?” Бу каби саволларга жавоб йўқ. Жавобсизлик эса ўқувчига ўз талқинини яратиш, роман маъносини ўзича англаш имконини беради. Ўқиш асносида унда Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея”си, Шекспир драмалари таъсирини илғагандек бўласиз.

 

70-йилларга келиб, Фаулз ҳаётий қарашларини ўзгартиради. Бу ўзгаришлар “Қора ёғочдан қурилган минора” (1974) қиссасида яққол кўзга ташланади. Асар қаҳрамони озодлик ва одатий ҳаёт тарзидан қай бирини танлаш ҳақида узоқ ўйланиб, ниҳоят иккинчисини танлайдики, бу ҳол ҳар бир ўқувчида айрича муносабат уйғотиши табиий...

 

Ҳаёт унчалик ёмон эмас

 

…XIX аср охирлари. Франция, Париж. Ўртаҳол одамлар тўпланиб, гурунглашиб ўтирадиган қаҳвахоналардан бирига сочлари тўзғиган, одмигина кийинган, шопмўйловли кишининг кириб келиши ҳеч кимнинг эътиборини тортмади. Давра аҳли гурунгга чандон берилиб кетган, бири олиб бири қўйиб, машҳур адиб Ги де Мопассаннинг асарларини муҳокама қилишар эди. Баҳс ҳаддан ташқари қизиб кетганидан ва ҳамма ўз фикри, таассуротларини айтишга ошиқаётганидан бу ерда адибнинг ашаддий мухлислари жамланганини англаш қийин эмасди.

 

Нотаниш киши секингина даврага қўшилиб, гали келишини сабр билан кутди. Ниҳоят, вазмин сўз бошлади:

 

– Азизлар, Мопассанинг асарларини мен ҳам ўқиганман. Аммо улар сиз айтганчалик мукаммал сўз дурдоналари эмас, кундалик ҳодисаларнинг оддийгина акс садоси, холос. Ҳайронман, уларнинг нимаси сизни шу қадар мафтун этди экан?

 

Давра сув қуйгандек жимиб қолди. Аммо бу жимлик бутун қаҳвахонада қўпажак тўполоннинг ибтидоси эди.

 

– Нега қараб турибмиз? Мопассанни танқид қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўймаймизми бу саёққа!

 

Шўрлик нотаниш киши оломоннинг оқ калтак-қора калтаги остида қолди. Ғазабга минган мухлислар бечорани аямай тепкилар, дўппослар, у эса бутун вужуди билан ўзини мушт ва тепки ёмғиридан ҳимоялашга тиришар эди. Шу чоқ кимдир ўзини четга олганча, бор овозда қичқириб юборди:

 

– Шошманглар, нима қиляпсизлар?! Ахир бу... Ги де Мопассаннинг ўзгинаси-ку!..

 

Мопассан ўз даврида минглаб адабиёт мухлисларини ўткир тили, ҳаққоний ҳикоялари, бетакрор ижоди билан ром эта олган буюк француз ёзувчиларидан. У жаҳон адабиёти тарихига кичик жанр – ҳикоячиликнинг йирик дарғаси бўлиб, ўқувчини ҳам кулишга, ҳам йиғлашга, ҳам фикрлашга чорлайдиган ўлмас новеллалари, инсон ва ҳаёт ҳақидаги такрорланмас асарлари билан кирди. Қисқа ва сермазмун ҳикояларида инсон руҳиятининг ҳамма англайдиган, аммо ифодалашга қийналадиган қирраларини, мавҳум ҳиссиётларни, инсон табиати, феъл-атвори ва тақдирини тиниқ-равон тасвирлай олди.

 

Мопассаннинг онаси ўз даврининг буюк ёзувчиси ва мутафаккири Гюстав Флобернинг мухлиси ва дўсти эди. Мопасаннинг ёзувчи сифатида шаклланишида маърифатпарвар онаси ҳамда Флобер ижодининг аҳамияти бениҳоя катта бўлган. Бўлғуси адиб Флобернинг руҳий ва маънавий тарбияси остида камол топди. Устоз адиб унинг илк машқларини ўқиб, “Сенда истеъдод борми-йўқми – билмадим, аммо, ҳеч қачон унутмаки, истеъдод узоқ ва машаққатли сабр-бардошни талаб этади, тинимсиз изланиш керак”, дея маслаҳат берган эди.

 

Мопассаннинг ёзувчилик истеъдоди юзага чиққан давр Франция-Пруссия урушидаги шармандали мағлубият, Париж коммунаси воқеалари юз берган йилларга тўғри келади. Адиб асарларида ана шу сиёсий-ижтимоий долғалар ҳам ўз аксини топган.

 

Ёш адибнинг “Дўндиқ” ҳикояси (1880) катта ҳодиса сифатида баҳоланган. Устози Флобернинг таърифи билан айтганда, “шу биргина ҳикоянинг ўзиёқ Мопассаннинг адабиёт тарихида қолмоғи учун етарли эди”. Ҳикояга руанлик енгилтабиат бир қизнинг саргузашти асос қилиб олинган. Прусслар томонидан ишғол қилинган Руандан йўлга чиққан дилижансда бир гуруҳ зодагонлар, оқсуяк хонимлар ва жаноблар орасида шаҳарда енгилтаклиги билан танилган “Дўндиқ” лақабли қиз ҳам бор эди. Дастлаб ҳамроҳлар қизнинг ўзларига номуносиб ҳамсафар эканини ошкора сездирадилар. Аммо узоқ йўлга етарлича озиқ-овқат ғамламай чиққан олиймақом йўловчилар қизнинг камтарона меҳмондорчилигини рад этишмайди. Дўндиқ ҳамсафарларини тазйиқдан қутқазмоқ учун душман офицерининг жирканч талабини бажаришга мажбур бўлади. Олийнасаб кимсалар ўз жони, ҳузур-ҳаловати учун уни душман тўшагида ётишга ундайди. Таъқиб ва ўлим таҳликасидан қутулиши билан эса у кимсалар яна нафрат кўзойнагини тақиб олишади...

 

“Ҳаёт” романи (1883) адиб ижодий камолотининг юксак чўққиларидан биридир. Ушбу асарда инсон ҳаёти ҳар доим бир хил кечмаслиги, тақдир унинг орзу-истаклари, ҳис-туйғулари билан ҳамиша ҳам ҳисоблашавермаслиги бош қаҳрамон Жанна де Во қисмати мисолида акс эттирилади. Ҳаётда инсон ҳар қадамда алдов, хиёнат, ноҳақлик билан юзма-юз келиши мумкин. Ишонувчанлик, оқкўнгиллик, соддадиллик билан ҳаётнинг шафқатсиз курашларида ғолиб чиқиш мушкул. Бунинг учун одамдан сабр-тоқат, чидам, ақл-идрок ва керак бўлса айёрлик ҳам талаб этилади. Асар ниҳоясида қаҳрамонлардан бири айтган гап муаллиф хулосасини ифода этади: “Ҳаёт унчалик дуруст эмас, аммо у айримлар ўйлаганидек ёмон ҳам эмас”.

 

Дарвоқе, Мопассаннинг бир неча ҳикоясини ўзбек тилига ўгирганман. “Зебигардон” ҳикояси мени қаттиқ ҳаяжонга солган. Телевидениеда айнан шу ҳикоя асосида теленовелла сценарийсини ҳам ёзганман. Адибнинг “Тазарру” ҳикояси ҳам таржимон, ҳам ўқувчи сифатида мени ларзага  солган, бир неча кун ғалати кайфиятда юрганман...

        

Рим билан ғойибона танишув

 

Дунё болалар адабиётида Жанни Родари ижоди муҳим ўрин тутади. Унинг эртак ва ҳикоялари, қиссалари жаҳоннинг турли мамлакатларида яшаётган болалар қалбига, онгу шуурига чуқур кириб бора олган.

 

Жанни Родари Италияда туғилган (1920). Унинг отаси ёшлигида вафот этади ва онаси уч ўғлини олиб ўз қишлоғи – Варесоттога жўнайди. Жанни акаларига қараганда нимжон ва касалванд эди. У болалигидан мусиқа ва адабиётга ошно бўлади. Скрипка чалиш сирларини қунт билан ўрганади. Нитше, Шопенҳауэр, Толстой асарларини севиб мутолаа қилади.

 

Иккинчи жаҳон уруши бошланганда талаба бўлган Родари Қаршилик ҳаракатига аъзо бўлади. Урушдан сўнг 1948 йилда “Унита” газетасига мухбир бўлиб ишга киради. Ўша йилдан эътиборан у болаларга атаб асарлар ёза бошлайди.

 

Родари бутун дунё болаларининг меҳрини қозонган “Чиполлинонинг саргузаштлари” асарини яратган. “Жельсомино ёлғончилар мамлакатида”, “Осмондаги ва ердаги шеърлар”, “Янги йил арчалари сайёраси”, “Осмондаги торт”, “Бекорчи лақабли Жованнинонинг саргузаштлари” сингари асарлари ҳам кичкинтойлар китоб жавонидан ўрин олган.

 

Адиб асарлари ўзбек тилида ҳам босилиб чиққан. Жумладан, 1990 йилда “Рим эртаклари” китоби нашр этилган эди. Менга бу китобни ўрта мактабда, қайси бир танловда совға қилишган. 600 саҳифага яқин китобни бир ҳафта қўлдан қўймай ўқиганим эсимда. Айниқса, “Учтадан охири бор эртаклар” асари бошқача, ғайриоддий услуби билан мурғак шууримда из қолдирган. Бу туркумдаги эртакларнинг ҳар бирида муаллиф ўқувчига воқеаларнинг уч хил ечимини тақдим этади. Мактабда “Сиз ёқтирган асар” мавзусида иншо ёзганимизда, камина худди шу асарни таҳлил қилиб, “беш” олган эдим. Кейинчалик ҳар бир эртакни турли ечимларда тақдим этиш анъанаси синфимизда кенг тарқалган. Ҳар бир эртакни ўқиганимда Родарининг шу услуби эсимга тушар, ўзимча унинг иккинчи, учинчи хотимасини ўйлаб топиб, махсус дафтарга жамлаб борганман. Ижод йўлини танлашимга ҳам, эҳтимол, шу асар туртки бергандир?..

 

...Куни кеча Италия сафаридан қайтдим. Римнинг гавжум, сершовқин кўчаларини кезарканман, бу қадимий ва бетакрор шаҳар билан мени ғойибона таништирган буюк адиб Жанни Родарининг қувноқ ва ҳикматли овози қулоғим остида тинимсиз жаранглаб тургандек бўлди...

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.

“Сўздан яралаган мўъжизалар” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:04 / 24.04.2025 0 53
Термизий ҳақми ё Фароғий?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17710
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//