“Биз ўз ғафлат ва жаҳолатимиз соясида тобора ерга кирмоқдамиз” –“Cадои Туркистон”нинг илк сонида нималар ёзилган эди?


Сақлаш
17:33 / 24.04.2025 45 0

Ушбу мақола “Садои Туркистон” газетаси чоп этилганига 111 йил тўлиши муносабати билан ёзилди.

 

Матбуот орқали жамиятнинг тафаккурини бошқариш мумкинлигини билган Туркистон жадидлари “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Ойина”, “Ал-Ислоҳ” ва шулар каби кўплаб газета-журналларни ташкил этишди. Булар орасида миллий тараққийпарварларнинг йирик намояндаларидан бири Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев томонидан очилган “Садои Туркистон” газетаси ҳам бор эди.

 

Газетанинг илк сони ҳижрий ҳисоб билан 1332 йил жумодул-аввал ойининг 21-сида (милодий 1914 йил 4 апрелда) жума куни чоп этилиб, унинг биринчи саҳифасида келтирилишича обуна баҳоси Русия фуқаролари (жумладан, туркистонликлар учун ҳам) бир йилга 4 сўм, олти ойга 2 сўм 50 тийин, уч ойлик 1 сўм 50 тийин этиб белгиланган. Шунингдек, хорижликлар учун ҳам обуна нархлари кўрсатилган: йиллик 6 сўм, олти ойлик 3 сўм 50 тийин, газетанинг бир нусхаси эса 5 тийин.

 

“Садои Туркистон” газетасининг илк сони. 1914-йил 4-апрель.

 

Газета ўз даври учун илғор ғоя ва фикрларни олиб чиқиб, тез орада бутун туркистонликларнинг севимли матбуот нашрига айланади. Буни кейинчалик Совет ҳокимиятининг миллий зулми ва истибдоди сабаб хорижга кетишга мажбур бўлган Абдулваҳоб Ўқтой ҳам эътироф этган. У ўзининг “Турк газетачилиғи” номли мақоласида, хусусан: “Ҳафтадан икки маротаба чиқадирган адабий, иқтисодий, фанний ва маиший туркча жарида” бўлғон “Садои Туркистон” газетасининг муҳим ишларини Мунаввар қори (!) қиларди. “Садои Туркистон” туркистонликларни хабардор этувчи турли масалаларга – табиий у замонғи вазиятнинг йўл берганича – ҳаракат қилмишдир. Диний масалаларга эса халқнинг ҳаяжонини қўзғатмайдиган тарзда, мамлакатимиздаги мутаассибликни йўқотишға ҳаракат қилмишдир. “Садои Туркистон” рус ҳукумати тарафидан “кўп қўрқинчли” бир газета ўлароқ танилмишди. Бу газетанинг сиёсий раҳбари бўлғон Убайдуллахўжа Русиянинг Туркистондаги умумий волийси томонидан бир неча маротаба сургун қилиниш билан таҳдид этилмишди. “Садои Туркистон” саҳифаларида турк газетачилиги тарихида муҳим ўрин тутғон ва бошида Фотиҳ Каримийбек бўлғони ҳолда замоннинг энг кучли қалам эгаларининг қатнашишлари ила Оренбургда чиқарилиб, Идил-Урал, Туркистон, Сибирия, Қирим ва Кафказияға қадар ёйилиб, ҳар томонда севилиб ўқилғон “Вақт” газетаси билан бунинг нашриётидан бўлғон “Шўро” журналидан олиниб босилғон мақола ва хабарларни ҳам учратасиз. Бу газета Туркия, Миср, Ҳиндистон ва Арабистон аҳволидан ҳам туркистонликларни хабардор этиб турмишдир. “Садои Туркистон” 1915 йилнинг май ойиғача давом этиб, 67 та сони дунё юзиға чиқмишдир. Масъул муҳаррири Убайдуллахўжа Асадуллахўжа бўлғон бу газета саҳифаларида бошида Мунаввар қори бўлмоқ узра Абдулла Авлоний (“Индамас” тахаллуси билан), Абдурауф Музаффар, Тўлаган Хўжамёр (“Тавалло” тахаллуси билан), Саййидносир Миржалил, Ҳамза Ҳакимзода, Холид Саид, Абдулҳамид Сулаймон (“Чўлпон” тахаллуси билан), Мўминжон Муҳаммаджонов, Абдулла Эрғози, Нўширвон Явушев, Сиддиқий, Лутфулло Олимий, Мулла Саййидаҳмад Васлий, Фозил Жонбой, мударрислардан Мулла Муҳаммаджон, Бадриддин Аъламий, Ҳожи Муин, Шокиржон Раҳимий, Н.Азизий ва бошқаларнинг мақолалари босилмишдир”,  [1] деб xотирлаган эди.

 

Газетанинг муҳаррири адвокат бўлгани сабабли, мавжуд мураккаб вазиятни теран ҳис қилган ҳолда, “Шахсий ғаразлардан холи бўлган мактуб ва мақолаларгина газетада босилишини” эслатма сифатида белгилаб қўйганди.

 

Хўш, “Садои Туркистон” газетасининг илк сонида қандай масалалар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган?

 

Илк сонда Убайдулла Хўжаевнинг “Мақсад ва маслак” номли мақоласи чоп этилган бўлиб, унда муаллиф газетанинг чоп этилиш сабаблари, нашрнинг ўз олдига қўйган мақсад ва маслагини кескин баён қилиб берган. Муаллиф мақоласининг кириш қисмида ҳозирги замон маданият ва тараққиёт замони экани, афсуски ушбу тараққиётдан энг оз фойдаланаётган халқ Туркистон халқилигини урғулаб қуйидагича ёзади: “Ажабо! Бундан бир неча йил муқаддам порлоқ тарихларга молик бўлган биз Турон халқи не учун бу ҳолга тушдик? Бухорода, Самарқандда, Ҳўқандда ва Тошкандда… тоғ каби мадрасалар, дорулфунунлар вужудга келтурган зотлар бизим боболаримиз эмасми эди? Бу Алилар, Ғаззолийлар, Фаробийлар, Навоийлар, Абу Лайслар… каби файласуфлар, ҳакимлар, олимлар, адиблар ва фақирлар етишдирган туфроғ шу яшадигимиз Туркистон туфроғи эмасми эди? Бошқа миллатлар ўз ота-боболари тарафидан вужудга келтирилган осари тараққий ва маданиятни кундан кунда зиёдалаштириб, ислоҳ қилиб турган бир замонларида, биз туркистонликлар (!) боболаримизнинг осори маднаияти бўлган мадрасаларимизни ислоҳи бир тарафда турсин, бир четдан бузиб ғишт, туфроғ ва кошинларига қадар сотиб емакдамиз… Бошқа миллатлар ўзларининг ўткан олим ва адибларининг исмини қиёматгача боқий қолдирмак ҳаракатида уларларнинг исмларина улуғ-улуғ ҳайкаллар, кўчалар, мактаблар ва мадрасалар бино қилиб турган бир замонларида, биз туркистонликлар ўткан ҳаким ва олимларимизнинг бирини соҳирликка (сеҳргарликда – М.Алижонов) иккинчисини кофирликда тағин билмам неларга иснод бериб исмларини авлодимиздан унутдирмакдамиз… Бундан маълум бўладики, биз туркистонликлар ҳозирда на замонга қараб ҳаракат қилурмиз, на дин ва шариатимизға бўйсунармиз ва на тарихмиздан ибрат олурмиз. Бизим шул қадар ғафлат ва жаҳолатимизни кўра туриб янадан сабр ва таҳаммул [2] ила сукут этмак муқаддас ватанимиз ва меҳрибон онамиз бўлган “Туркистон”га кўп оғир келди [3]”.

 

Убайдулла Хўжаев газета номини изоҳлаб, “Мана бизим шул жаридамиз шул ватани муқаддасамиз бўлган “Туркистон”нинг ўз авлодларина сўйлаган сўз ва чиқарган садоларининг таржимони бўладир. Шунинг учун исмини-да “Садоий Туркистон” қўйган”ини келтириб ўтган.

 

Табиийки, газета ишини юритиш осон эмас. Биргина Убайдулла Хўжаев Мунавва қори билан бу ишни самарали йўлга қўя олмас эди. Шу боисдан ҳам муаллиф мақоланинг сўнгида “Муҳтарам аҳли қаламларимиз, қаламлари ила, аҳли сарватларимиз сарватлари ила ва ёшларимиз ҳиммат ва ғайратлари ила ёрдам ва муованатда [4] бўлиб турсалар, биз ҳам тез фурсатда жаридамизни кунлик қилмак фикри ва орзусинда ўлдиғимизни ожизона арз ва эълон этмак ила хатми калом [5] қилурмиз”, деб замондош зиёли ижодкорларни газета ишида фаол иштирок қилишга даъват этади.

 

Убайдулла Хўжаевнинг “Ёш Туркистон” журналида босилган сурати.

 

Шунингдек, газетанинг илк сонида чоп этилган муҳим материаллардан бири “Мактаб дўсти” тахаллуси остида эълон қилинган “Туркистон мактаблари” мақоласидир. Муаллиф мақоланинг аввалида “ҳар мамлакат халқининг тараққий ва таназзули, ҳаёт ва мамоти мактаб масаласига боғлиқ эканини, қайси миллатнинг мактаби тартиб ва низомли бўлса, ул миллатнинг истиқболи умидли ва дунёда яшамакка истеъдод ва қобилиятли саналишини, агарда қайсики миллатнинг мактаби тартибсиз ва низомсиз бўлса, истиқболи ҳам қўрқинчли ва маданий қавмлар қошида эътиборсиз, хор ва залил ҳисобланишини алоҳида таъкидлаб ўтади.

 

“Мактаб дўсти”нинг “Усули-жадид” мактаблари ҳамда бу турдаги мактабларга нисбатан Туркистон халқининг қарашлари тўғрисида жуда муҳим маълумотларни келтирган. Муаллифнинг факт ва мулоҳазаларидан ХХ аср бошларидаги туркистонликларнинг жадид мактабларига нисбатан қарашлари қандай бўлгани тўғрисида янада аниқроқ фикрга келиш мумкин.

 

Мақоладан иқтибос келтиришдан олдин бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Усули-жадид”гача ҳам Туркистонда эски усул мактаблари, нўғай мактаблари фаолият кўрсатган бўлиб, бу турдаги мактабларнинг самарасизлиги туркистонликларни қаттиқ чўчитиб қўйган эди. “Мактаб дўсти” мақоласида жадид мактабларини эътироф этиш баробарида бу жиҳатга ҳам эътиборини қаратган: “Усули жадида мактаблари “новый метод” (янгича метод, усул – М.Алижонов) унвони ила ҳукумат тарафидан расман танилмиш мураттаб [6] ва мунтазам мактаблардирки, буни Тошкентда вужудға чиқмоғина сабаб бўлувчи зотлар Тошкент ағниёларидан [7] муҳтарам Мирдадахожи Мирвафоев, Абдулвалихожи Абдулмаликов, Мулла Тожи Муҳаммадисо Маҳмудов, Абдурасулхожи Абдумавлон Қориевлар каби ҳимматли зотлар бўлмишлар. Бу мактабларнинг прўғроммалари ҳар тарафдаги мураттаб мактаблардан олиниб ерли халқнинг маишатина тўғриланиб ясалғонлиғи отирға олинса Туркистон мусулмонлари учун энг фойдали мактаб шулар эканлигига ҳеч ким инкор қилмаса керак. Халқнинг ҳужумиға сабаб юқорида ёзилмиш усули савтия мактаблари эди. Бир даража болаларин бериб ойлик тўлаб оғизлари куймиш зотлар усули жадидға ҳам шул кўз ила қараб: “Бу мактабларнинг фойдаси йўқ, болаларнинг хат ва саводлари чиқмайдир. Қаландарлик ўрганадир, бундан ўзимизнинг эски мактабларимиз яхши”, деб қарши турар эдилар. Бу ҳужумлар ва қаршиликлар узоққа бормади. Бу мактаблар санавий имтиҳонлар воситаси ила ўзининг не эканлигини халқға, ҳукуматга билдирди. Шул сабабли халқ муҳаббат қилиб ўз болаларин бера бошладилар. Аввалларда ўқитадурғон шогирд тополмай ўтурган бу мактаблар, шогирд қабул этмакка жой ва муаллим тополмай бошладилар. Ҳукумат ҳам прўғроммаларин тасдиқ қилиб ижозат бера бошлади. Мана усули жадида деганимиз шул расмий мактабларга ҳозир Туркистонда камоли муваффақият ила томир ёймакда ва кўпаймакдадир” [8].

 

Гарчи тараққийпарварлар мактаб ва матбуот орқали Туркистон халқининг қалб кўзини очишни ният қилган бўлса-да, бироқ мазкур мақсад йўлида бу икки субъектнинг ўзи етарли эмаслиги тез орада маълум бўлди. Улар қисқа фурсат ичида миллатни помол [9] ҳолига олиб келиб қўйган иллат – жаҳолатдан қутқариш учун кенг миқёсдаги фаолият зарурлигини англаб етдилар. Бегали Қосимов таъкидлаганидек, “Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмасди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ, миллат ва ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ керак эди. Бинобарин, миллат учун шундай ойна керак эдики, унда у ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўрсин” [10]. Тараққийпарварлар ойна  ўлароқ театрни танлади.

 

“Садои Туркистон”нинг илк сонида “Индамас” тахаллуси остида бир “Фельетон” чоп этилган, унда Туркистон халқининг театр хусусидаги қарашлари ўзаро диалог шаклида ёритиб берилган. “Индамас” тахаллуси Абдулла Авлонийга тегишли бўлиб, гарчи Авлоний мақолани фельетон жанрига оид деб белгилаган бўлса-да, у кўпроқ ҳикояга ўхшаб кетади. Мазмунига эътибор берсак, Авлоний бевосита ўзи гувоҳ бўлган манзарани қандоқ бўлса шундоқ келтириб, бироз адабий бўёқ билан безаган. Ҳикоя қаҳрамонлари бир мулла ва чапанидир.

 

Ҳикоянинг кириш қисми қуйидагича: Қаҳрамон (яъни Авлоний) бир дўстининг боғида табиатга маҳлиё бўлиб ўтирар экан, яна бошқа икки меҳмон ҳам келиб даврага қўшилади. Келган меҳмонларнинг бири мулла бўлиб, аҳволи оламдан хабардор бир киши экани сўз ва қиёфасидан маълум эди. Иккинчиси эса ўқимаган чапани, қизиқроқ бир киши бўлиб, иккисининг ўртасидаги суҳбат қизиб  кетиб театр хусусида сўз очилиб кетади:

 

Чапани: Мулла ака, мен аввал куни театрга бориб эдим, хўб яхши томоша бўлди. Кейинроқ бориб қолган эканман арзон билет тополмай икки ярим сўмга билет олиб кирдим, сиз ҳам бориб эдингизми?

 

Мулла: Мен ҳам борган эдим, ўюнлари кўп яхши чиқди. “Ҳеч бир театр ўйнамаган кишилар қандай бўлар экан? Бошқа миллатлар қошларида кулгили бўлиб қолмасалар эди”, деб хавотирда эдик. Жуда хурсанд бўлдик, бошқалар қошида бутун мусулмонларни обрўларини олиб бердилар. Театр кўнгилдагидек бўлиб ўтди. Лекин, кейини кўп ёмон бўлиб кетди. Шул театр хусусида Тошканд одамлари етмиш фирқага бўлиндилар. Баъзилари: “Театр ҳаром, театрдан келган ақча ҳам ҳаром”, деярлар. Ҳолбуки, театр ҳаром эмас бидъат, бидъат бўлса ҳам бидъати ҳасанадир [11], бидъати саййиалардан [12] эмас. Театр ҳар бир миллатнинг ёмон урф-одатларини йўқ қилмак учун чиқарилган ибратхона, ўзини ва аҳволини тузатмак учун боқадирган ойинасидир. Ўшал ҳаром деган кишиларнинг ўзлари мадраса ва ё меҳмонхоналарда бировни қиздан сулук боласини кўзларидан мўлдир-мўлдир ёшларини оқизиб, бошига кокил солиб айлансун, ўргилсун деб юрган кишилар. Ёки даллол ва яллачиларни ўйнатиб, тишларини оқини кўрсатиб, танга ташлатиб юрган кишиларга, билмайман нима учун бул ибратхона маъқул бўлмайдир.

 

Чапани: Йўқ, мулла ака, театр ҳаром бўлмаса керак. Мени бир акам ҳажга борган эди. Истанбул, Миср, Қуддуси Шариф, Қозон, Оренбургларни уч-тўрт йил юриб саёҳат қилиб келди. Театр тўғрисида унинг билан ҳам сўзлашган эдим, аввал Қозон, Миср, хусусан Истанбул театрларини кўп мақтади. Ўзинг бориб кўзинг бирла кўрмагунча гапириб берган билан тушунмайсан, дейдир. Агар ҳаром бўладирган бўлса, Қозон, Миср, Истанбул олимлари нима учун монеъ қилмаганлар? Ул ерлардаги олимлар бизнинг Тошканд олимларини бир чўқишда қочирадирлар дейдир. Уни-муни қўйинг, шул куни театрдан қанча фойда қолибдир?

 

Мулла: Сал кам бир ярим минг сўм соф фойда қолибдир.

 

Чапани: О… аскиялари… ўзлари ўнг беш кишича бор эдилар. Бир кечада ҳар бирлари бир юз сўмга яқин туширибдулар. Мендек одам буларни ҳар бирларини бир кечада топган пулларини бир йилда қанча маҳтал [13] қилиб зўрға топарман.

 

Мулла: Булар ўз нафсларининг фойдасига ўйнаганлари йўқ, миллат фойдасига, яъни жамияти хайриянинг фойдасига ўйнаганлар. Театрдан келган соф фойдани ўзлари бир тийин олмай ҳаммасини жамиятга берибдирлар. Аввалги тамоша боғдаги бўлган театрни ҳам рамазонда, мозорда бўлган шарқ кечасидан келган ақчаларни ҳам жамиятга берган эдилар.

 

Чапани: Айтгандай, эсимда борида сиздан сўраб қолайин, тамошабоғдаги театрга ҳам борган эдим. Ўшал куни ҳам тамошада халқ кўп эди. Муллалар, бойлар ҳам бор эдилар. Нимага ўшал театр ҳаром бўлмай, пули ҳам ҳалол бўлиб ҳеч ким лом-лум демасдан ўтиб кетди. Эмди бул театр нимага дуруст бўлмай, пули ҳам ҳаром бўлиб чиқди. Мунда нима сир бор, биласизми?

 

Мулла: Мен сирини яхши билмайман, лекин эшитишимча баъзи фирқалар бизларнинг ота-бобомиздан қолиб келган одатий куйларимизни шеърга солиб ўқиб ҳажв қилдилар, чилон банги деб бойларимизни масхара қилдилар. Болангни ўқутмасанг қорнинг ёрилиб ўларсан, деб кулги қилдилар, дер эмишлар.

 

Чапани: Мен бир кун Пиён бозорига чиқиб эдим. Бир баққолнинг дўконида бир неча киши жам бўлиб, сўзлашиб турубдурларки, “Курер” газетида Қуръони каримни бир жуҳуд шеър бирла ҳажв қилиб ёзибдир, деб. Мана ул театрда бизни ҳажв қилди, деб ул бечорага тиш ва тирноқлари ила ёпишган ботирлар Қуръон каримни ҳажв қилғон жуҳудни тегишлик жойда сўрамоқ учун биргина ариза ҳам қилиб беролмадилар. Мунга нима дейсиз?

 

Мулла: Эй биродар, “Ёмонни кучи япалоқға етар” деган сўз тўғридир. Ул жуҳуд, булар ўз мусулмонларидир. Биз мусулмонлар ҳар вақт бир-биримизни чайнашмоқдан бошқа қўлимиздан бир иш келмайдир.

 

Чапани: Мулла ака, ўшал куни яна миллат, миллат деб бир шеър ўқидилар. Шул сўзга яхши тушунмадим, лекин қулоғимга яхшигина кирди. Бироз йиғлаб ҳам олдим. Ёнимда ўлтурган баъзи мулла ва бойлар қиқи-қиқир йиғлашиб ўлтурдилар. Аммо баъзи шул сиз айтган қорамачиларми (ичиқоралар – М.Алижонов), ёташюракларми (юраги бегона, миллатга нисбатан қалби бегоналик назарда тутилмоқда – М.Алижонов) – қиқир, қиқир кулишиб ўлтурдилар. Шундай аччиғим чиқдики, қўлимдан келса ҳаммасини театрдан чиқариб юборур эрдим.

 

Мулла: Бизларнинг миллатимиз ислом миллати, русларники насоро миллати, жуҳудларники яҳудий миллати деб айтурлар. Шул куни бизлар нимага бошқа миллатлардан кейин қолдик. Нимага ҳаракат қилиб ўқимадик, ҳаммага оёғ ости бўлдик, дунёда яшамоқчи бўлсак ҳар турли илмларни ўқийлик, ҳар хил янги ҳунарларни ўрганайлик, биз ҳам бошқа миллатлар бирла баробар кетайлик, деган мазмунда шеър ўқиғон эдилар.

 

Чапани: Балли, тақсир. “Қаромуғ донаси бўлгунча, буғдойни сомони бўл”, “Ёмонни яхшиси бўлгунча, яхшининг ёмони бўл” деган байтни бир мулла ўртоғим ўргатиб ҳар вақт муллалар бирла ҳамсуҳбат бўл, чапаниларга жўрабоши бўлганингдан муллаларга ошпазлик қилганинг яхшироқдир. Чунки муллалардан ҳикматлик сўзлар эшитиб яхши хулқлик киши бўлурсан. Чапанилардан баччабозлик, ичкилик, қиморбозлик, самовардан самоварга юриб сафсатабозликдан бошқа нимани ўрганурсан, деб эди. Ҳозир мен сизнинг олдингизда тавба қилдим эмди, асло муллаларнинг суҳбатидан айрилмасман! Ўзим мусулмон бўлиб туриб ҳозиргача биргина миллат деган сўзга тушунмайдурган даражада нодон ва жоҳил бўлиб юрган эканман! Афсус, ўткан умрларимга эмди. Сиз гувоҳ бўлинг, миллат деган жойда жонимни ҳам аямасман!”.

 

Хуллас, Абдулла Авлоний шу қисқача диалог орқали бир томондан театрга гуноҳ ёрлиғини ёпиштираётган диндор қатламни, иккинчи томондан эса оддий халқ вакилларининг театрга нисбатан муносабатларини ижобий томонга ўзгартиришга чақирди, жадидларнинг театр-спектаклларини қўйишдан мақсад фақат эзгулик эканини уқтиришга ҳаракат қилди.

 

Бундан ташқари “Садои Туркистон”нинг илк сонида Абдусамиқори Зиёбоевнинг “Тупроғимиз олтиндир” мақоласи ҳам чоп этилиб, унда Туркистон ерининг олтинга тенглиги айтилиб, ундан самарали фойдаланишга чақирилган бўлса, Абдулҳаким Саримсоқовнинг “Қаландалар ёхуд танбаллар” номли мақоласида эса тасаввуфни ўзига ниқоб қилиб олган чиркин шахсиятлар қаттиқ танқид остига олинган.

 

Шу билан бирга газетанинг илк сонида жадид мактаблари учун йиғилган ионалар, Маҳмудхўжа Беҳбудий қаламига мансуб “Падаркуш” спектаклининг Тошкентдаги намойишидан тушган пуллар ҳисоботи, ҳаддан ортиқ ҳашамат билан қилинган тўйларга қарши ҳаракатлар тўғрисида ҳам хабарлар берилган.

 

Айниқса, Абдулла Авлоний ва Мирмулла Шермуҳаммадлар томонидан эълон қилинган миллат ва ватан хусусидаги ўтли шеърлар газетанинг илк сонига алоҳида кўрк бағишлаган.

 

Шундай қилиб, “Садои Туркистон” ёниб, яшнаб тарих саҳнасига кириб келди. Ва ҳамон унда чоп этилган шеърлар ва мақолалар бизни огоҳликка, сергакликка чорлаб турибди.

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1)                Тўқтамиш ўғли (Абдулваҳоб Ўқтой). Турк газетачилиғи // “Ёш Туркистон” журнали. 1933 йил октябрь. 47.

2)                Таҳаммул – бардош бермоқ, чидамоқ, сабр-тоқат қилмоқ.

3)                Убайдуллоҳ (Убайдулла Хўжаев). Маслак ва мақсад // “Садои Туркистон” газетаси. 1914 йил 4 апрель. № 1.

4)                Муованат – ёрдам, кўмак.

5)                Хатми калом – сўзни тугатмоқ.

6)                Мураттаб – пухта, мукаммал.

7)                Ағниё – бой.

8)                Мактаб дўсти. Туркистон мактаблари // “Садои Туркистон” газетаси. 1914 йил 4 апрель. № 1.

9)                Помол – оёқости қилинган, эзилган. 

10)           Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидоийлик. –Т.: Маънавият нашриёти, 2002. – Б. 219.

11)           Бидъати ҳасана – яхши одат.

12)           Бидъати саййиа – ёмон одат.

13)           Маҳтал – кутиб, қараб қолган, мунтазир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:04 / 24.04.2025 0 55
Термизий ҳақми ё Фароғий?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17710
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//