Темурийларнинг душманга ваҳима ва даҳшат солиш усули


Сақлаш
12:23 / 25.04.2025 26 0



Амир Темур ва Темурийлар томонидан барпо этилган салтанат нафақат ўзининг қудрати, бунёдкорлик ишлари, илм-фан ва санъат ҳомийлиги балки, юксак даражада ташкиллаштирилган ҳарбий мусиқачилиги билан ҳам ажралиб туради. Темурийлар қўшинининг жанг майдонидаги салобати, тартиб-интизоми ҳамда ғалабадан кейинги тантаналарида ҳарбий мусиқа ва унинг ижрочилари – чолғучилар муҳим ўрин тутган.

 

Жанг майдонида чолғу асбобларидан фойдаланиш шунчаки маданий ёки кундалик анъана эмас, балки чуқур ўйланган тадбир, руҳий ва ташкилий аҳамиятга эга бўлган зарурат ҳисобланган. Уларнинг асосий вазифаларини қуйидаги йўналишларда тизимлаштириш мумкин:

 

Ишора ва алоқа воситаси – жанг майдонидаги шовқиннинг юқорилиги ва масофанинг узоқлиги шароитида аскарларга буйруқларни тез ва аниқ етказишнинг энг самарали усулларидан бири чолғу овозлари бўлган. Ҳужумни кучайтириш, сафни қайта тузиш ёки чекиниш шулар жумласидандир. Ноғора, сурнай, карнай, довул, сур ва бошқа жарангдор овозли чолғулар бу вазифани бажариш учун махсус ишлатилган. Муайян ҳарбий қисм ёки бўлинманинг ўзига хос мусиқий чақириғи ёки овози бўлган, бу эса жанг майдонида ўз бўлинмаларини таниб олишга ёрдам берган.

Жанговар руҳни кўтариш – мусиқа аскарларнинг руҳиятига кучли таъсир кўрсатиб, уларда жасорат, ватанпарварлик, бирдамлик ҳиссини уйғотган. Қўрқувни енгишга, чарчоқни унутишга ва ғалабага бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилган. 

Тартиб ва интизом – чолғу асбобларининг овозлари аскарларнинг бир маромда қадам ташлашини, сафни тўғри ушлашини ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришни таъминлаган. Бу нафақат жанг майдонида, балки ҳарбий юришлар ва машғулотлар пайтида ҳам муҳим бўлган. Айниқса, пиёда қўшинларнинг тартибли ҳаракати учун ноғора ва довул овози катта аҳамиятга эга бўлган. Чолғу асбобларининг овозларига аниқ ва тезкор жавоб бериш талаби аскарларда интизомни шакллантирган. 

Душманни саросимага солиш – баланд ва ваҳимали чолғу садолари душман аскарларида қўрқув, саросима ва тартибсизлик келтириб чиқарган. Кўп сонли чолғу асбобларининг биргаликда жаранглаши душман тарафга қўшиннинг сон жиҳатдан кўплиги ва яхши ташкиллаштирилганлиги ҳақида таассурот уйғотган. 

Амир Темур ҳарбий чолғу асбобларидан жанг майдони ва ундан ташқарида моҳирлик билан фойдаланган. Темур тарихда биринчилардан бўлиб, жасорат кўрсатган аскарларни махсус чолғу асбоблари билан тақдирлашни ҳарбий одат тусига киритган. «Темур тузуклари»да бу борада қуйидаги маълумотлар қайд этилган: «Биз фармон қилдикки, агар бирор амир бирор мамлакатни забт этса ёки душман қўшинини мағлуб қилса, унга уч хил имтиёз берилсин: фахрли унвон, туғ ва ноғора топширилиб, у баҳодир деб эълон қилинсин. Мисол тариқасида, Дашти Қипчоққа Ўрусхонга қарши жанг қилиш учун юборилган амиримиз Ийгу Темур ғалаба қозониб қайтгач, уни тақдирлаб, туман (қўшин), туғ, байроқ ва ноғора инъом этдик.» 

Темурийларда чолғу асбоблари ҳарбий даражани белгилайдиган рамз сифатида ҳам ишлатилган. Айниқса, зарбли чолғуларга алоҳида аҳамият берилган. Мазкур ҳолат «Темур тузуклари»да ўз ифодасини топган. Ҳужжатда келтирилишича, ўн икки нафар олий мартабали амирнинг ҳар бирига биттадан байроқ ва ноғора инъом этилган. Амир ул-умаро эса байроқ ва ноғора билан бир қаторда, туман туғи ва чортуғ билан ҳам тақдирланган. Мингбошиларга бир туғ ва карнай берилган бўлса, юзбоши ва ўнбошиларга бештадан катта ноғора топширилган. Аймоқ амирларига биттадан бурғу тақдим этилган. Тўрт нафар бекларбеги эса байроқ, ноғора, чортуғ ва бурғу каби ҳарбий рамзларнинг тўлиқ мажмуаси билан сийланган. 
Темурийлар даврида ҳарбий ҳаракатларда асосан кўс (ноғора турларидан бири) ноғора, довул, карнай, бурғу (карнайнинг бир хили, ковак шох шаклида бўлган), сурнай, нафир (пастдан юқорига кенгайиб борувчи шох, бронза ёки кумушдан ясалган най) каби чолғу асбобларидан фойдаланилган.


Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асарида Румга қарши юришга 40 минг аскар билан биргаликда яна шунча карнай, ноғора чолғучилари ва 4 минг нафар ҳофизлар ҳам жалб қилингани қайд этилган.

Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асарида ҳарбий юришларда чолғу асбобларидан фойдаланиш ҳолатларига кўп бор ёритилган. Бунга ёрқин мисол сифатида 1393 йилда Соҳибқирон лашкарларининг Шероз ҳудудига қилган юришини келтириш мумкин. «Зафарнома»да тасвирланишича, жанг бошланиши билан чалинган карнай ва ноғораларнинг гумбурлаган, қулоқларни қоматга келтирувчи овози душман аскарлари орасида катта саросима ва парокандалик келтириб чиқарган, уларнинг жанговар тартибини издан чиқарган. 

Тўхтамишхон, Боязид билан бўлган жангларда ҳам ноғора ва карнай товушлар тоғларни ва даштларни ларзага солиб, қулоқни қоматга келтиргани баён қилинган. Боязид билан жанг бошланишидан олдин карнай, ноғора, бурғу ва бошқа чолғу асбобларнинг овози бутун оламни тутганлиги ҳам манбаларда қайд этилган. 

1399 йилда Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши давомида Рой Ратан бошлиқ ҳинд рожалари Темур қўшинига қарши жанг қилиш учун тўпланади. Темур ўз аскарларига кенг майдон бўйлаб бир сафга тизилишни, катта гулханлар ёқишни ва бир вақтнинг ўзида карнай, ноғора каби зарбли ва дамли чолғуларни имкон қадар баланд овозда, давомли ва ваҳима уйғотадиган тарзда чалишни буюради. Бу ҳаракатлар натижасида кечаси осмонга урилаётган алангалар ёғдуси ва қулоқларни қоматга келтирувчи гумбурлаган мусиқий садоларнинг қўшилмасидан иборат ғайриоддий ва қўрқинчли манзара юзага келади. 

Бу бу ҳолат Рой Ратан аскарларига қаттиқ руҳий зарба беради. 

Умуман олганда, барча туркий сулолаларда бўлгани каби, темурийларда ҳам ўзига хос миллий чолғучилик мактаби мавжуд бўлиб, бу одат асрлар давомида туркий сулолаларга мерос тарзида ўтиб келган. Ўзбек давлатчилигида муҳим ўрин тутган темурийлар сулоласи даврида эса, ҳарбий чолғучилик янада юксалиб, илғорлиги билан ажралиб турган. Ўз даврининг барча ютуқларидан оқилона фойдаланган Амир Темур бу борада ҳам замондошларидан бир поғона юқорида турган. 



Улуғбек Олимов
Тарих институти кичик илмий ходими


Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:04 / 24.04.2025 0 53
Термизий ҳақми ё Фароғий?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17710
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//