
Рус ёзувчиси Чехов ижодини кўпчилик ҳикоялари орқали билади, у қисқа сатрларда инсоннинг ташқи ва ички дунёсини аниқ тасвирлаб бера олган. Шу сабаб драматургияни севган адибнинг бошқа адабий жанрлардаги ишлари ҳам худди саҳна учун ёзилгандай тасаввур уйғотади. У вазиятни ифодалаш учун сўзлардан эмас, қисқа паузалардан фойдаланишни афзал кўрган. Адабиётда паузалар пайтида қаҳрамон хаёлини ўқиб, ҳолатни тушунишимиз мумкин, аммо кинода бу жуда қийин. Бироқ Чеховдан кейин бу услуб драматургияда ҳам кенг тарқала бошлади.
Антон Чеховнинг асарларидан ташқари, яна мактублари ҳам адабиёт ва драматургия учун жуда муҳим саналади. Унинг ўша машҳур гапи ҳам мактубларининг бирида ёзилганди: «Агар пьеса ижро этилаётган пайтда деворда милтиқ осилиб турган бўлса, у жараёнда иштирок этиши керак, агарда унинг кераги бўлмаса, милтиқни олиб қўйинг». Асар ёки пьесадаги ҳар бир элемент сюжетга алоқадор бўлиши, ортиқча элементлар бўлмаслиги керак, дегани эди бу. Шунингдек, ҳикоя бошидаги кичик сюжет элементининг якунда муҳим аҳамият касб этишини билдирарди. Ушбу гап исботини биз кўпинча детектив фильмларда, хусусан, «Жеймс Бонд» ҳақидаги серияларда учратамиз. Бу қоида замонавий кинода «пилот-твист» дейилади. Унга кўра, картина бошида кўрсатиб ўтилган кичик жиҳат якунда фильм асосини ташкил этади. «Чехов милтиғи» қўлланган машҳур фильмлар сифатида «Шоушенкдан қочиш», «Қасоскорлар(Альтрон даври ва Интиҳо)» «Қинидан чиққан пичоқлар», Бешинчи элемент» кабиларни айтишимиз мумкин.
«Қинидан чиққан пичоқлар» фильмидан кадр
Чеховнинг жуда кўп ишлари театр саҳнасида қўйилган, аммо биз унинг бирор машҳур адаптациясини билмаймиз(аммо улар бор). Шунга қарамай, Чехов худди Шекспир каби асарлари энг кўп экранга кўчган ижодкор ҳисобланади. Кўплаб машҳур режиссёрлар, хусусан, Вуди Аллен, Ингмар Бергман, Андрей Тарковскийлар ундан илҳомланган. Замонавий кинонинг жуда кўп нуқталарида Чехов нафаси сезилиб туради. Жумладан, қуйидаги икки фильмни биз «Чеховона кино» деб бемалол айта оламиз:
«Менинг машинамни ҳайда». «Оскар-2022» маросимида «Энг яхши хорижий фильм» бўлган ушбу картина Чехов билан бевосита боғлиқ. Ҳаруки Мураками асарига асосланган, Рюсуже Ҳамагучи томонидан суратга олинган фильм сюжети марказида «Ваня амаки» асарини саҳналаштириш учун Япониянинг узоқ шаҳрига юборилган театр режжисёри Кафуку туради. Фильм худди Чехов асарлари каби изтиробли одамлар ҳақида ҳикоя қилади, хотинининг ўлимидан изтироб чекаётган инсон, Кафуку – бу ҳақиқий Ваня. Унинг қаҳрамонлари сўзга келганда ожиз, изтироблари ичкарида, у буларни айтиш, ёрилиш учун атрофга умид билан боқади. Фильм ва асар якуни ҳам бир хил – қаҳрамонлар ўз оғриқларини қабул қилишади, ҳали ҳаёт олдинда эканини англаб етишади.
«Менинг машинамни ҳайда» фильмидан кадр
«Қиш уйқуси» – Чеховнинг «Ажойиб одамлар» ва «Хотин» ҳикояларидан илҳомланилган фильм режиссёр Нури Билга Жейланга 2014 йилги Канн кинофестивалининг бош мукофоти – олтин пальма япроғини олиб келган. Меҳмонхона хўжайини Айдиннинг оиласи, турмуш тарзи, давр ва атрофидаги одамлар ҳақида сўзловчи фильм ўзида кўплаб ахлоқий масалалар – севги, бойлик, оилавий ҳаёт, диний мавзуларни мужассам этади. Фильмда ҳам худди адиб асарлари каби сўзлар эмас, балки нигоҳлар тилида сўзлашилади, қаҳрамонлар ташқи дунё кучлари билан эмас, ўз ички душманлари билан курашади. Айдин эса худди Платонов каби – олим, ўқимишли, бой, аммо бунинг ҳеч кимга фойдаси тегмайди. У бунга ҳаракат ҳам қилмайди, у тирик, аммо яшамаяпти. Бу эса фильмни Чехов руҳига мослашган ажиб бир достонга айлантиради.
«Қиш уйқуси» фильмидан кадр
Актёрлар ижросидаги «Чехов услуби». Мен театр саҳнаси ва кино ижро маҳоратидаги ушбу услубни ҳам Антон Чехов яратган дейишни истар эдим, аммо бундай эмас. Ушбу ижро йўналишини адибнинг жияни – Михаил Чехов ўйлаб топган. Театр дарғаси Станиславский қўлида таълим олган М.Чехов Москва театри директори бўлган, аммо СССР мафкурасини қабул қилмагач, аввал Германия, кейинчалик АҚШга кетган ва ўз номини тарих саҳифаларига ёзишга эришган. «Чехов услуби» худди Чехов адабиётда қўллагани каби, экрандаги актёр ҳолатни сўзлар билан эмас, балки жисмоний ҳаракат, имо-ишора тили билан кўрсатиб беради. Бунда актёр саҳнани фақатгина ақли билан эмас, балки бутун танаси орқали ҳис қилади, персонажининг ҳолатига киришга эришади.
«Чехов услуби»ни ўқитиш жараёни
Бу услуб бутун дунё, хусусан, Голливудда кенг тарқалган, Энтони Ҳопкинс, Жек Николсон, Ингрид Бергман, Мерлин Монро каби актёр ва актрисалар ушбу услубни бевосита М.Чеховнинг ўзидан ўрганишган. Табиийки, Михаил бу услубни яратишда Антон Чехов ва Станиславскийдан илҳомланган.
Фарҳод АЗАМОВ
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ