Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрибди. Сумалак, ҳалим, кўкатли таомлар дастурхонларимизни безамоқда. Қардош миллатлар ҳам ушбу кўклам айёмини нишонлашга киришишган. Эътиборингизга Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларда нишонланадиган Наврўз байрами ва унинг удумлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.
Алишер Навоий «Тарихи мулуки ажам» асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлигини баён қилади. Навоий ёзишича: «...бу иморат туганди, олам саломин ва ашроф ва аҳбобин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқта эътидоли рабийға таҳвил қилиб эрди ул бинода тахт устига ўлтириб, адолат савт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул кунининг отин наврўз қўйди».
Алишер Навоийнинг ўзи ҳам ушбу сатрларни битган:
Васл аро кўрдим, тенг эмиш бўйи-ю сочи,
Туну кун эмиш, зоҳир ўлур бўлди чу Наврўз
Қорақалпоқларда етти хил донли таом
Оролбўйида яшовчи қорақалпоқлар Наврўз байрамини баҳорги тенгкунлик, тўкин-сочинлик, бахту-саодат, эзгу орзу-умидлар рамзи сифатида ардоқлаб келади. Наврўз кириши билан деҳқонлар яхши ниятлар билан ерга уруғ қадайди, боғбонлар кўчат ўтқазади. Кўпкари, кураш, қўчқор уриштириш сингари халқ ўйинлари ҳар йилги Наврўз тантаналарига айрича шукуҳ бахш этади. Араз ва гиналар унутилади, муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатилади. Бахши-жировлар дўмбира чертиб, барҳаёт достонлар, ўлан ва лапарларни куйга соладилар. Дошқозонларда сумалаклар қайнайди. Қорақалпоқларнинг севимли байрам таомларидан яна бири наврўз гўжаси ҳисобланади. Бу таом етти хил дондан тайёрланади. Ҳар бир хонадонда ана шундай таом пиширилади ва қўни-қўшниларга, овулдошларга тарқатилади. Кишилар, айниқса қариялар наврўз гўжасидан татиб, йилнинг баракотли бўлишини тилайдилар.
Қозоқларда бўй қизлар ва йигитлар совғаси
Қозоқларда ҳам Наврўз билан боғлиқ ана шундай анъаналар, урф-одатлар кўп. Хусусан, Наврўз нишонланадиган ой ҳам ушбу байрам номи билан аталади. Шунингдек, қозоқлар байрам арафасида биринчи бўлиб учиб келадиган қушни "наврўзкўк”, биринчи бўлиб очиладиган гулни "наврўзчечак” деб номлашган. Қадимда қозоқларда Наврўз тантаналари 3-9 кунлаб давом этган. Бўй етган қизлар бу куни йигитларга атаб, "уйқи ошар” деган лаззатли таом пиширадилар. Йигитлар эса уларга байрам совғалари тортиқ қиладилар. Турли туман халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ташкил этилади. "Олти бақан", "қиз қуу" мусобақалари айниқса, каттаю кичикда бирдек қизиқиш уйғотади. Шу куни дошқозонларда бешбармоқ, сумалак, паловхонтўралар пиширилиб, дастурхонларга тортилади. Катталар кичкинтойларни от ва туяларда сайр қилдиришади.
Туркманларда миллий рақс шодиёнаси
Наврўз туркман халқининг ҳам энг қадимий, гўзал ва бетакрор байрамларидан биридир. Туркманлар азалдан Наврўзни табиат қўйнида, хушманзара гўшаларда, қир-адирларда нишонлаб келган. Момолар тайёрлаган семени – сумалак, доғрама, пишме, палов сингари лаззатли миллий таомлар байрам дастурхонини безайди. Туркман элининг тўю байрамларини от чопқи мусобақаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакат пойтахтида, вилоят ва этрап (туман) марказларида ташкил этилган миллий спорт ўйинларида минглаб чавандозлар, полвонлар ўз куч ва маҳоратларини намойиш этадилар. Бахшилар, оқинлар наврўз, баҳор, тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатликни тараннум этувчи достон, айтим, лапарлар ижро этадилар. Айниқса, тантаналарда каттаю кичик "Қуш тепди” миллий рақсига тушиб, хурсандчилик қилади. Дарахт шохларига осилган ҳалинчаклар хотиржамлик, фаровонлик, бахт-саодат тимсоли ҳисобланади. Айниқса, ёшлар, йигит-қизлар байрам арғимчоқларида учиб, ўзларига омад, бахт сўрайдилар.
Озарбойжонларда гулхандан сакраш удуми
Наврўз қадим-қадимдан Озарбойжоннинг ҳам севимли байрами бўлиб келган. Бу юртда наврўз тараддуди, у билан боғлиқ тадбирлар анча эрта бошланади. Қиш чилласи чиқиши билан ўтказиладиган «Хизр Наби» маросими ҳам шулар жумласидандир. Наврўзга бир ой қолганда озарбойжонлар ҳафтанинг ҳар чоршанба куни гулхан ёқиб, унинг атрофида ўйин-кулги қилишади. Айниқса, йилнинг сўнгги чоршанбаси куни ёшу қари олов устидан хатлаб ўтади. Ҳатто уй ҳайвонларини ҳам ёниб турган олов устидан олиб ўтишади. Халқ ақидаларига кўра, шу тариқа ҳар бир кишининг дард-аламлари, ташвишлари шу оловда ёниб кул бўлади. Шу куни ҳеч ким сафарга чиқмайди, каттароқ иш бошламайди. Марҳумлар ёдга олиниб, уларнинг руҳи шод этилади. Байрам кунлари халқ қизиқчилари «кал» ва «кўса»лар елкаларига хуржун осиб, анъанавий миллий кийимларда овул ва маҳаллаларда, қишлоқ ва гузарларда ичакузди ҳангомалар айтиб беришади, турли кулгили томошалар кўрсатишади. Кичкинтойлар ҳовлима-ҳовли юриб, девор оша бош кийим – папоқларини ирғитадилар. Уй эгаси эса, болаларнинг папоғини ширинлик, қанд-қурсга тўлдириб қайтаради.
Тожикларда етти хил таом
Наврўз форс-тожик халқларининг ҳам қадимий байрамларидан саналади. Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи форсийзабон халқлар ҳам минг йиллардан бери бу байрамни катта шодиёналар билан нишонлаб келади. Бу халқларда Наврўз билан боғлиқ турли-туман маросимлар ва урф-одатлар ҳозиргача сақлаб қолинган. Масалан, афғонлар ҳафт син, яъни С ҳарфи билан бошланувчи етти хил таом тайёрлаб дастурхонга тортадилар. Қўшиқ ва ғазаллар куйланади.
Зардуштларда иккита Наврўзи олам
Зардуштлар дунёнинг турли чеккаларида бўлсаларда, Наврўзни албатта, нишонлашади. Масалан, форс зардуштлари айёмни Наврож деб аташиб, 21 март куни ўтказишади. Зардуштийлар тақвимига кўра, Наврўз йилда икки марта белгиланган. Биринчиси, Жамшиди наврўз 21 март – баҳорнинг илк ойида нишонланса, иккинчиси – Патети июль-август ойида ўтказилади. Унда марҳумлар ёдга олинади. Аммо иккинчи Наврўзни кўпчилик нишонламайди, асосан форсийлар ўтказади. Эрон зардуштлари Ҳафт син дастурхонини тузайдилар. Ҳафт син столида кумуш идишларда атиргул суви, қовурилган гуруч, шакар, гуллар, Зардушт сурати бўлиши лозим.
Кашмир аёллари рўза тутади
Кашмирликлар Наврўзни Наврех деб атайдилар. Байрам ҳинд тақвимига кўра, мартнинг ўртасидан апрелнинг ўрталарига қадар давом этади. Асосий маросимлари Тал бхарун бўлиб, бу Ҳафт синга ўхшаб кетади. Дастурхондаги патнисларда ун, гуруч, сутли пудинг, мевалар, ёнғоқ, атиргул суви, тангалар, сиёҳ ва қалам, кўзгу, мойчироқ бўлиши керак. Одамлар янги либослар кийиб, ўзаро совға алмашишади. Баъзи ёш аёллар бу кунда рўза тутишади.
Афғонистонда лолалар байрами
Афғонистонда сумалак саманак деб аталади. Одатда, байрам икки ҳафта давомида нишонланади. Наврўзга тайёргарлик ишлари байрамдан олдинги чоршанбада бошланади. Ушбу сана Чоршанба сури деб номланади. Ҳафт мева удумида етти хил қуруқ мевадан салат тайёрланади, ичимликлар ҳозирланади. Мела гул сурх номли қизил гуллар айёмининг маликаси – лолалардир. Бу қадимий маросим асосан Мозори Шарифда янги йилнинг 40 чи кунидан бошлаб, яъни лолалар очилгандан сўнг нишонланади. Наврўз куни масжидларда маросимлар уюштирилиб, марҳумлар ёдга олинади.
Ўзбекистонда халқ ўйинлари ўтказилади
Юртимизда эса Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган пайти, 21-22 март кунларидан бошлаб бир ҳафта, ўн кун давомида нишонланган. Қадимда аждодларимиз Наврўз кунлари қишлоқлардан ёзги меҳнат ва ҳордиқ масканлари – ёзлоқларга кўчиб ўтишган. Наврўз байрамига улар махсус кийимлар тайёрлашган. Китобхонликлар, турли жисмоний совринли ўйинлар, мусобақалар ташкил этилган. Кўпкари-улоқ, кураш, турли ҳайвон ва паррандалар жанглари, хўроз, ит, қўчқор уриштириш, масхарабозлик, аскиябозлик, дор ўйинлари, халқ томошалари ўтказилган. Масжиду мадраса, хонадону маҳалла, мозору зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, дошқозонларда ош дамланган ва муҳтожларга тарқатилган. Ҳозир ҳам қишлоқ-шаҳарларда халқ ўйинлари ўтказилади, маҳаллаларда онахонлар жам бўлиб сумалак солишади, сайллар ўтказилади. Пойтахтнинг гавжум масканларида концерт ва томошалар уюштирилади.
Маълумот учун
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2010 йилда 21 март санасини 3 минг йиллик тарихга эга Халқаро Наврўз куни дея эътироф этди. 2009 йил 28 сентябрь-2 октябрь кунлари Абу Дабида ўтказилган маросимда Наврўз айёми ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг маданий мерослари рўйхатига киритилди. Наврўз сўзи инглиз тили луғатларига "nowruz" тарзида киритилди.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ