Хожа Аҳрор Валий (1404 йил, 25 март – 1490 йил, 21 январь) – темурийлар даврида яшаб фаолият кўрсатган, ХV аср Шарқ фалсафий тафаккурининг ривожида ўз ўрнига эга бўлган, нақшбандия таълимотининг йирик намояндаси, ислоҳотчиси ва давомчиси, нақшбандийликни жаҳоний таълимотга айлантиришда муносиб ҳисса қўшган мутасаввуф. XV асрнинг иккинчи ярмида нақшбандия тариқати вакилларининг давлатдорларга бўлган муносабати тубдан ўзгариб кетди. Нақшбандиянинг ҳукмдорларга нисбатан сиёсатининг ўзгариши Хожа Аҳрор Валий фаолияти билан боғлиқ. Манбаларда бу ўзгариш моҳиятини мухолифатдан мусолаҳага ўтишдан иборат эди, деб тушунтирилади. Яъни Хожа Аҳрор Валий давридан бошлаб тариқат манфаатлари ва кенг маънода халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда, тариқатнинг ҳукмдорларга бўлган мухолифатидан, тариқат билан давлат ўртасида ҳукм суриб келган қарама-қаршилик ва муросасизликдан воз кечиб, улар билан муносабат ўрнатиш эди.
Нақшбандия ўзининг уч асрлик тарихида илк бор давлат ва ҳукмдорларга юз тутиб, улар билан муносабат ўрнатди, ҳамкорлик қилишга ўтди. Тариқат ва давлат ўртасида ўрнатилган бу янги, ижобий муносабат кенг маънода бўлиб, унинг барча шакл ва турлари, жумладан, борди-келди, мулоқот, суҳбат, кенгаш, маслаҳат, келишиш, ҳамкорлик ва бошқа шунга ўхшаш маъноларни билдиради. Нақшбандияга доир манбаларда Хожа Аҳрор Валий туфайли тариқат ва давлат ўртасида юзага келган муносабат кенг маъноли “ихтилоф” тушунчаси билан ифодаланган. Хожа Аҳрор Валийнинг давлатдорлар билан ўрнатган муносабати нақшбандиянинг давлатга муносабат масаласига янгича ёндошиш, унга нисбатан янги мавқени эгаллашига олиб келди. Бошқача қилиб айтганда, Хожа Аҳрор Валий томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган нақшбандия фаолиятидаги бу бурилиш тариқат учун стратегик аҳамиятга эга эди.
Нақшбандия тарихида жуда катта сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бу ўзгариш тариқатда давр тақозоси билан вужудга келган ижобий ҳодиса, аниқроғи, ислоҳотчилик тадбири эди. Бироқ нақшбандия тарихидаги бу туб ўзгаришни ижобий ҳодиса, тариқатдаги ислоҳотчилик амали деб баҳолаш учун, аввало, унинг юзага келиши сабаб ва мақсадларини аниқлаш зарурдир. Бу муаммони ечишда Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг “Танбият ус-салотин” рисоласи катта ёрдам беради. Хожа Аҳрор Валийдан кейин XVI аср биринчи ярмида Самарқандда нақшбандийлар тариқатига раҳнамолик қилган Махдуми Аъзам (1461–1542) мазкур асарида тариқат ва давлатнинг ўзаро муносабатлари ҳақида батафсил сўз юритиб, тариқатнинг ривожи подшоҳларнинг унга бўлган хайрихоҳона муносабатига боғлиқ, деган фикрни қайта-қайта уқтиради. Хожа Аҳрор Валийдан кейин нақшбандиянинг барча арбоблари унинг ҳукмдорлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлиги тўғрисидаги фикрини қабул қилиб, унга тариқатнинг янги дастури сифатида амал қилганлар, тариқат ва халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда давлатдорлар билан яқин муносабатда бўлганлар.
Хожа Аҳрор Валий тариқат стратегиясининг ўзгаришига олиб келган бу илғор ислоҳотчилик фикрини бирдан кўтариб чиқмаган. Давлатдорлар билан муносабат ўрнатиш зарурлигини англаб етишдан олдин бу муаммо устида кўп бош қотирган, узоқ ва чуқур ўйлаган. Махдуми Аъзам мазкур ғоянинг илк бор Хожа Аҳрор Валий томонидан кўтариб чиқилганига ишора қилиш билан бирга, унинг оғир кечганини таъкидлаб ёзган: “Яна ул зот (Хожа Аҳрор Валий) айтган эканларки, мунча мулоҳаза қилдим, подшолар мадади, кўмагисиз ҳеч натижага эришиш мумкин эмас, демакки, ҳақ субҳона ва таоло мени подшолар билан ихтилот қилишга масъул қилди”. Демак, подшолар билан муносабатда бўлиб, халқнинг оғирини енгил қилиш Хожа Аҳрор бутун умр эзгу нияти ва доимий интилиши, унинг бутун фикр-зикрини банд этган олижаноб бир истак, ирфоний ва ижтимоий фаолиятининг асосий мақсади бўлган.
Махдуми Аъзам Хожа Аҳрор Валийнинг подшолар мададисиз тариқат фаолиятини ривожлантириш мумкин эмаслиги ҳақидаги хулосасини шарҳлаб ёзадики, “Аксарият халқ нодон ва жоҳиллиги боис шу тоифа (нақшбандийлар) завқу ҳолига мункир бўлиб, уларни ҳамиша такфир ва инкор этиб ташвишга солиб келганлар. Аммо агарда подшолар бу тоифага мухлис ва эътиқодманд бўлсалар, мункирлар ҳеч бир зиёнли иш қила олмайдилар. Агар подшолар бу тоифага эътиқодсиз бўлсалар, мункирлар ушбу тариқат тоифасига кўп ёмонликлар қилурлар”. Бу ўринда Хожа Аҳрор Валий тарих майдонига келгунга қадар, тариқат билан давлат ва расмий руҳонийлар ўртасида давом этиб келган мухолифатга ишора қилинган. Бироқ бу ҳодисалар боисини у фақат мункирларнинг нақшбандийлар “завқу ҳоли”ни тушунмаганликлари билан изоҳлаб, уларнинг давлатдорларга нисбатан мухолифатда бўлганлиги ва шу боисдан уларнинг озор-азияти ва таъқибига гирифтор бўлганликлари ҳақида сукут сақлаган. Ваҳоланки, Хожа Аҳрор Валий тариқатнинг зарур даражада ривожланмагани, унинг кенг ёйилмаганлигининг ана шу асосий сабабини англаб етган ҳолда тариқат ва давлат ўртасида давом этиб келган маълум низо ва келишмовчиликни бартараф этишга бел боғлаган эди. Мутасаввуф бу низони тариқат ривожи йўлида катта ғов деб билган ва бутун куч-ғайрати, фаолиятини ана шу ғовни бартараф этишга, ҳукмдорлар билан яқинлашиш, ихтилот йўлини тутиш, муроса ва ҳамкорлик қилишга сарфлаган. Нақшбандиянинг инсонпарварлик таълимоти руҳида улғайган, ҳамиша фақир-бечоралар ғами билан яшаган Хожа Аҳрор Валийнинг ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларидан бири подшо ва давлат арбоблари билан ихтилофда бўлиш орқали уларни адолат ва фуқаропарварликка чорлаш эди. Мутасаввуфнинг подшолар билан ихтилофи ана шу мақсадни рўёбга чиқариш учун реал имконият яратиб берарди.
Хожа Аҳрор Валий ҳукмдорлар билан ихтилофда бўлар экан, уларга таъсир ўтказиб, уларнинг қалбида фуқаропарварлик туйғусини уйғотиш, уларни фуқароларга адл-инсоф билан муносабат қилишга ундамоқчи бўлган. Унинг ўз олдига қўйган асосий вазифаси – подшоларни адолат йўлига ундашни шараф билан бажаргани, бутун фикр-зикри ва фаолиятини шу мақсадни амалга оширишга қаратгани маълум. Хожа Аҳрор Валий ва ундан кейинги нақшбандия арбобларининг подшолар билан ҳамкорлик қилиши ҳукмдорларга тариқат пешволарининг ақл-заковати, тадбири, уларнинг фавқулодда нарсаларга қодир бўлган ладуний (ботиний) билимларидан мамлакат ва халқ манфаатлари учун фойдаланишга йўл очиб берди. Демак, Хожа Аҳрор Валий ақл-заковатининг маҳсули бўлган подшолар билан муносабатда бўлиш янги сиёсати ҳам тариқат ривожига, ҳам мамлакат ва халқ манфаатларига хизмат қилган. Хожа Аҳрор Валий очиб берган подшолар билан ихтилоф йўли тариқат ривожи ва обрў-эътиборининг ошишига олиб келган ҳамда ҳукмдорларга ижобий таъсир ўтказиш, уларнинг давлатдорлик фаолиятини фуқароларга нисбатан адолат мезони асосида назорат қилиш учун имконият очиб берган эди.
Бу тадбир Хожа Аҳрор Валийнинг диний-ирфоний фаолиятига ижтимоий тус берди, тариқат арбобини улкан жамоат арбобига айлантирди. Тариқат эса жамият ва дунёвий ҳаёт билан боғланиб, катта ижтимоий-сиёсий кучга айланди. Подшолар билан ихтилофда бўлиш тадбири нақшбандиянинг “суҳбат тариқаси” шиоридан келиб чиққан бўлиб, уни ривожлантирди, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол қатнашиш, давлат ишларида иштирок этиш даражасига кўтарди Хожа Аҳрор Валий XV асрда нақшбандия тариқатининг сиёсий фаоллигини аниқроқ ифодалаган, муҳими, уни амалиётда қўллаган. Манбаларда, унинг қуйидаги фикри келтирилган: “Биздан бурунги шайхлар авом ташвишлари бўйича амир ва подшоҳларга мурожаат қилмаган. Биз эса бунинг билан доимий машғулмиз... Биз буни зарурат деб биламиз”. Хожа
Аҳрор Валий ўзининг сиёсатга киришиб кетишини “замоннинг ёмонлашуви” билан боғлайди. Шунинг учун халққа ёрдам бериш мақсадида ҳукмдор саройида бўлиш афзал, пайғамбарлар динини юксак чўққига кўтариб, шу билан ҳукмдорга бориш лозим, чунки унинг тахт-у тожи иймон-эътиқод улуғворлиги олдида арзимас кўринсин, деб билади. Бундай мулоҳа-заларнинг асосий моҳиятида жамоанинг тинчлиги ва осойишталиги ётади. Хожа Аҳрор Валий мактубларида у кишининг тинчлик, аҳиллик, одил подшоҳлар тарафдори эканлиги ўз аксини топган. “Мажмуайи муросалот”да-ги № 500 (506) – рақамли мактубнинг мазмунидан баҳраманд бўлар эканмиз, аҳолини “номбардорлик” солиғидан озод қилишга қаратилганлигининг гувоҳи бўламиз: “Ниёзмандлик изҳоридан сўнг билдириладики, ушбу ниёзмандлик руқъасини элтувчи бу фақирдан жанобингизга мурожаат қилиб, иноят юзасидан уни фавқулодда “номбардорлик” (солиғи)дан халос этишингизни илтимос қилишимни сўради. Заруратан илтимос қиламанки, хотири шарифингиз шунга қаратилсаки, уни халос қилсалар. Ишонаманки, унга нисбатан ўз шафоатингизни дариғ тутмассиз”. “Номбардор” ёки “Мадад-и номбардор” XV асрда ҳарбий юриш вақтларида аъёнлардан подшоҳ теварагида юришга жалб этилган кишилар. Кейинроқ эса бу усул фавқулодда пул солиғига айланган ва махсус дафтарга қайд этилиб, ҳар йили аҳолидан йиғилган. Мазкур мактубда Хожа Аҳрор Валий жабрдийдани “номбардор” деган солиқдан озод қилишни ҳукмронлардан сўрайдилар. Синфий мафкурага асосланган жамиятда тарих ва жамиятшунослик фанлари мазкур тарихий ҳақиқат – Хожа Аҳрор Валийнинг эл-юрт манфаатларини кўзлаб тож-тахт эгалари билан муносабат ва ҳамкорлик қилганидан кўз юмган ҳолда, унинг бу интилишни бир ёқлама, ҳукмрон синф билан муроса қилиш, тил бириктириш маъноларида изоҳлаб келган эди.
Энди мустақиллик шароитида синфийлик мафкурасидан озод бўлган ижтимоий фанларимиз Хожа Аҳрор Валийнинг ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама, холис ўрганиб, унга янгича баҳо бермоқ имкониятига эга бўлди. Шу тариқа Хожа Аҳрор Валийнинг халқимиз тарихидаги энг буюк хизмати ҳукмдорларни адолат ўрнатишга ундагани ва бунга имкон қадар эришганида экани ҳам ойдинлашади. Гарчи Хожа Аҳрор Валий ўз ҳаётининг кўп қисмини Самарқандда ўтказган бўлса-да, лекин Тошкентдаги маданий-маънавий ҳаётда ҳам фаол иштирок этган. Унинг шахси нафақат ХV, балки кейинги асрларда ҳам Тошкент маънавий муҳитида катта из қолдирган. Тошкентдаги Хожа Аҳрор Валий номи билан боғлиқ мадраса ва масжидлар бунинг далилидир. Мазкур асарда ушбу мадраса ва масжидларнинг XIX асрдаги қиёфаси тасвирлаб берилган. “Тарихи жадидаи Тошканд” асарида Хожа Аҳрор Валий фаолиятига доир айрим маълумотларни ҳам учратамиз. Масалан, муаллифнинг сўзларига қараганда, Кўкалдош мадрасасининг шарқи ва Катта кўча оралиғидаги ерлар Хожа Аҳрор Валий туғилган жой деб тушунилган ва у “Хожа Аҳрор Валий майдони” деб аталган.
1274–1857 йил Тошкент ҳокими Аҳмад Қушбеги Хожа Аҳрор Валий туғилган жойда алоҳида бир гумбаз ва мадраса қурдирган. Бу мадраса Мўйи Муборак деб аталган. Хожа Аҳрор Валий томонидан 1451 йил қурдирилган мадраса эса, Муҳаммад Солиҳхожа сўзларига қараганда, 20 та ҳужра, бир дарсхона ва масжиддан иборат бўлган. “Тарихи жадидаи Тошканд”да келтирилишича, Хожа Аҳрор Валий бу мадрасадан ташқари, Шайх Хованд Таҳур мақбарасидаги чиллахонада бир гумбаз қурдириб, унинг ўртасига тош лавҳ ўрнатган. Хожа Аҳрор Валийнинг маърифат ривожининг раҳнамоси бўлганлиги ҳақида Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида шундай ёзилади: “Хожа Аҳрор Валий билим эгаларини севар, мажлиси ҳамиша олимлар билан тўла эди. Шу сабабдан илм аҳллари учун у ерда бир олий мадраса солдирди”. Хожа Аҳрор Валий ҳақида эътиборли тадқиқотлар олиб борган олим Ботирхон Валихўжаев бу мадрасанинг Самарқанддаги “Мадрасайи Сафед” эканлигини таъкидлайди. Хожа Аҳрор Валий ўз диний марказларида кўплаб шогирдларни жалб қилганки, натижада, бошқа марказлар ёпилишига олиб келган. Ҳофиз Таниш Ал-Бухорийнинг “Абдулланома” асарида Хожа Аҳрор Валийга қутблар қутби ва ақл эгаларининг қиблагоҳи, йўл кўрсатувчиларининг қибласи, деб таъриф берилади. Алишер Навоий “Ҳайратул-аброр” асарида қуйидаги мисраларни ёзган:
У жаҳон мулки экинзорининг деҳқони,
Балки жаҳон мулкининг посбонидир.
Хожа Аҳрор Валий мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. 1447 йили темурийлар бош ҳукмдори Шоҳрух вафот этади. 1449 йили эса Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек қатл қилинади. Шундан сўнг бир неча йил темурий шаҳзодалар орасида тахт учун кураш боради. 1451 йили шаҳзодалардан бири Абу Саид Мирзо Тошкентда бўлиб, Хожа Аҳрор Валийни ўзига маънавий мададкор деб танийди ва шу йили Мирзо Абдулло билан бўлган жангда қўли баланд келиб, Самарқандни эгаллайди ҳамда Хожа Аҳрор Валийни Тошкентдан Самарқандга кўчириб келади. Хожанинг Самарқандда муқим туриши ана шу 1451 йилдан бошланади. Унинг мамлакатдаги сиёсий жараёнларида фаол иштироки эса 1454 йилга оид бўлиб, шу йили Хуросон ҳокими Абдулқосим Бобур Самарқандни қамал қилганида Хожа Аҳрор Валий шаҳар ҳимоячиларига бош бўлиб, душманни сулҳ тузишга мажбур этади. Шу билан Хожа Аҳрор Валийнинг шахзодалар орасидаги низоларни сулҳ билан якунлаб, мамлакатда осойишталик ўрнатишга қаратилган сиёсий фаолияти умр бўйи тўхтамайди. Унинг 1458 йили Шохрухияда ўзаро қонли тўқнашувга тайёр уч ҳукмдор: Султон Абу Саид (1451–1469)нинг ўғиллари Султон Аҳмад Мирзо, Умаршайх Мирзо ва Юнусхон (1462–1487)нинг ўғли Султон Маҳмуд орасидаги низони сулҳ билан бартараф қилганлиги манбаларда кўп таъкидланган. Хожа Аҳрор Валийнинг тинчлик, аҳиллик ва ижтимоий ҳимояга оид қарашлари бўйича хулоса қилиб қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
– Нақшбандия таълимотида Хожа Аҳрор Валий томонидан ижтимоий ва сиёсий ҳаётга фаол иштирок этишга ислоҳот бошланди;
– Хожа Аҳрор Валий тариқат арбобининг жамоат арбоби сифатидаги ўрнини нақшбандия таълимотида илк бора кўрсатиб берди ва унинг фаол инсон сифатидаги ҳаракат доирасини кенгайтирди;
– Хожа Аҳрор Валийнинг давлатдорлар билан ўрнатган муносабати нақшбандиянинг давлатдорга муносабат масаласида янгича ёндошишга, унга нисбатан янги мавқени эгаллашига олиб келди. Хожа Аҳрор Валий томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган нақшбандия фаолиятидаги бу бурилиш тариқат учун муҳим аҳамиятга эга бўлди;
– Хожа Аҳрор Валий подшолар мададисиз тариқат фаолиятини давом эттириш мумкин эмас, деб ҳисоблаган. Шунинг учун ҳукмдорлар билан яқинлашиш, муроса ва ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлди. Хожа Аҳрор Валий томонидан ишлаб чиқилган йўл нақшбандийлик таълимотида бурилиш ясади, дейиш мумкин;
– Хожа Аҳрор Валий бошлаган давлатдорлар билан муросаю-мадора йўлини унинг шогирдлари Муҳаммад Қози, Махдуми Аъзам ва бошқалар давом эттирдилар;
– Хожа Аҳрор Валийнинг ташаббуси билан давлат ва дин аҳли ўртасидаги мухолифатга барҳам берилди;
– Хожа Аҳрор Валий катта мулкдор сифатида тарихда ном олганлар, аммо ўзларининг мол-мулкидан халқнинг осойишталиги, фаровонлиги учун фойдаланган.
Анвар ЯХШИЕВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ