Уларнинг “айби” ватанни севгани эди


Сақлаш
19:39 / 17.03.2022 1121 0

2022 йил 6 январда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида собиқ шўро тузуми даврида қатағон қилинган 120 нафар ватандошимизга нисбатан оқлов ҳукми эълон қилинди.

 

Ишларни қайта кўриш жараёнида юртдошларимизга қўлланган аксар айбловлар ҳеч бир исботсиз бўлганига қарамай, тоталитар тузум жазо органлари томонидан уларга ноҳақ ҳукмлар чиқарилгани аниқланди. Жумладан, илк ишда Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) ҳайъатининг 1925 йил 4 сентябрдаги махсус йиғилиши қарорига биноан Мирза Иброҳим Исмоилов раҳбарлигида 43 нафар инсонга нисбатан турли сиёсий айбловлар қўлланиб, мол-мулклари мусодара этилган. Улар асосан Бухоро амири Саййид Олимхон саройига яқин кишилар, куёви, амакиси, йирик диний уламолар, билимдон қозилар, таниқли савдогарлар, ҳоким ва беклар, турли даражадаги ҳарбий мулозимлар эди. Хўш, бу инсонларнинг шўро давлати олдида қандай айби бор эди?

 

Ҳа, уларнинг бор-йўқ айби ўз ватанини, дини ва миллатини севгани, давлати олдидаги бурчига, қасамёдига содиқлиги, аждодлари томонидан асрлар давомида кўз қорачиғидек асраб келинган қадриятларга ҳурмати, эътиқоди юксаклигида эди. Қуйида ноҳақ жазога тортилган миллатдошлардан айримларининг фаолияти ҳақида сўз юритамиз.

 

***

Носирбек Абдураҳимов 1890 йил Бухоро шаҳрининг Оқмачит гузарида яшаган Абдураҳимбий хонадонида дунёга келган. Отаси Зандана кенти амлакдори, ҳоким лавозимларида ишлаган. Носирбек эски мактаб ва мадраса таълимини олгач, амир қўшинида қоровулбеги лавозимида иш бошлайди. 1913 йил отасининг вафотидан сўнг мирохўр унвони билан амир саройига хизматга олинади. 1916 йил тўқсоба (полковник) унвонида Бухоро шаҳар мудофааси бўлимида хизмат қилади. 1918 йил Колесов ҳужумига қарши, 1920 йил августида қизил армияга қарши жангларда ўз йигитлари билан мардонавор курашади. Бироқ замонавий қуроллар билан қуролланган душман кучлари ҳужумига амир қўшини дош бера олмайди. Натижада амир додхоҳлари махфий тарзда бир гуруҳ ҳарбийларга амирни жанг майдонидан олиб Шарқий Бухорога зиён-заҳматсиз етказишни, қолган қўшинга эса вақтдан ютиш учун душманни чалғитиб мудофаа жанглари олиб боришни буюради. Носир тўқсоба Абдураҳимов мана шу лашкар таркибида амирни соғ-омон Душанбе шаҳрига, ундан сўнг Афғонистон ҳудудига олиб боради. Бироқ афғон ҳукумати большевиклар билан келишган ҳолда аввал берган ҳарбий ёрдам ваъдасини бажаришдан воз кечади. Аксинча, фақат амирнинг саломатлигини кафолатлаб, унинг атрофидаги ҳарбий мулозимларидан Афғонистон ҳудудини зудлик билан тарк этишни талаб қила бошлайди.

 

Бухоро давлатига содиқ ҳарбийлар амирни шундай ҳолда ташлаб кетиш хавфли эканлигини тушуниб, атроф қишлоқларга тарқалиб қўним топишга ва зарур пайтда амир ҳимоясига чиқишга қарор қиладилар. Мазкур шароитда Носирбек тўқсоба Кобулдаги Растаг бозорига ўрнашиб, савдо ишлари билан шуғуллана бошлайди. Афғон ҳукумати амир Олимхоннинг ҳарбий мулозимларига нисбатан сиқувни кундан-кунга ошириб боради. Уларни тутган заҳоти отиб ташлашгача бориб етди. Шундай пайтда амир Олимхон ўзининг ортидан келган барча ҳарбийларнинг қасамёдини бекор қилиб, ким қаерни танласа кетаверсин, деб қарор чиқаради. Шундай бир шароитда Носирбек тўқсоба Дониёрбек, Абдужабборбек тўқсобалар билан маслаҳатлашиб, Бухоро Халқ Республикаси (БХР) ҳукуматининг умумий афв тўғрисидаги қарорига ишониб, 1923 йил Ватанга қайтишга қарор қиладилар. Файзулла Хўжаев ҳукумати дастлаб улар мулкларининг маълум қисмини қайтариб ҳам беради. Бироқ Бухоро ҳукуматининг обрўсини тўкиб, ўз мавқеини оширишни истаган большевик ҳарбийлар уларнинг барчасини жисмонан йўқ қилишга киришди.

 

Носирбек тўқсоба Абдураҳимов 1925 йил 14 апрелда аксилинқилобий фаолиятда айбланиб қамоққа олинади. Қарийб беш ойдан ортиқ давом этган жисмоний қийноқ ва таҳқирлар остида ўтган терговлар вақтида Носирбек ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасини тан олмади. Шунга қарамай 1925 йил 4 сентябрь куни унга ЎзССР ЖКнинг 61-, 67-, 69-моддаларини қўллаб, 3 йилга Соловец лагерига сургунга ҳукм қилинди. Носирбек тўқсабо Абдураҳимов 3 йил умрини Соловецда, яна 3 йилини Кустанадаги шўроларнинг машъум қийноқхоналарида ўтказди. У 1934 йилга келибгина она шаҳри Бухорога қайтиб келишга муваффақ бўлди. Носирбек Абдураҳимов бир муддат соғлиғини тиклаб олгач, Бухородаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасига қоровул бўлиб ишга киради. Шу меҳмонхонада супурувчи бўлган Зайнаб Магомедова исмли аёлга уйланиб, унинг 7 ёшли қизига ота бўлиб пешонасини силайди. Аммо гузарком, колхозчи кўринишидаги малъун НКВД хуфялари унинг ортидан бир зум қолмади. Унинг ҳар бир сўзи, кўз қараши ҳақида керакли идораларга тинмай етказиб туришди. Бу чақувларга ишонадиган бўлсак, Носирбек Абдураҳимов 1937 йил май ойида колхоз бозори олдидаги чойхонада “...йўқсиллар инқилоби натижасида нима ўзгарди, унга ишонган йўқсулларнинг ҳаммаси бир-бир очидан ўлаяпти, шуми коммунизмларинг” деган, сентябрь ойида эса “...советларинг Бухорои шарифда на жой номларида, на бошқарувда ўзбек тилини умуман қолдирмаяпти-ку” деган эмиш. Албатта, у киши шунчалик азоб-уқубат тортганига қарамай, бу сўзларни айтган бўлиши ҳам мумкин. Чунки бир пайтлар амирликнинг масъул амалдорларидан бўлган, “Ёш бухороликлар” партиясининг миллат, халқ равнақи йўлидаги соф орзуларини қўллаб-қувватлаган Носирбек ватанда кечаётган бу тубанликларга асло бефарқ қараб тура олмас эди.

 

Носирбек Абдураҳимов 1937 йил 15 ноябрь куни Бухоро шаҳри, Мирзо Мустафо гузаридаги 179-уйдан яна қамоққа олинади. 24 ноябрь санаси билан тўлдирилган ягона сўроқ баённомасида Носирбек ўзига нисбатан қўйилаётган барча айбловлар қуруқ туҳмат эканини ёзиб имзолайди. Бироқ 1937 йил 25 ноябрь кунги айблов хулосасида Носирбек Абдураҳимов “советлар бизни алдади, ҳаттоки конституциясида ҳам диний эркинлик йўқ-ку” деган, деб ёзилади. 1937 йил 28 ноябрь куни ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги (ИИХК-НКВД) ҳузуридаги машъум “учлик” йиғини унга ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси (аксилинқилобий тарғибот)ни қўллаб 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига (МТЛ) ҳукм қилади. Афсуски, Носирбек Абдураҳимовнинг кейинги тақдири ҳамон бизга номаълум.

 

* * *

Раҳматуллахўжа Низомиддин ўғли Бухоро амирлигига узоқ йиллар садоқат билан хизмат қилган амалдор хонадонида дунёга келган. Отаси Низомиддинхўжа 1873 йилдан бошлаб 30 йил давомида саройда дастлаб амир котиби, Зиёвуддин беклиги беги, сўнг Бухоро амири Қушбегиси лавозимларида ишлаган. Раҳматуллахўжа 12 ёшгача мактабда, сўнг мадрасада таҳсил олади. Сўнгра тўқсоба унвонини олиб, амир саройига хизматга киради. 1918 йили амир Олимхон унга додхоҳ унвонини бериб, Нурота тумани беги этиб тайинлайди. Раҳматулла додҳо 2 йил давомида Нуротада солиқ ишларига ҳам масъул бўлади. 1920 йил ёзида мамлакатга большевиклар ҳужуми туфайли урушга тайёрланиш ҳақида маҳфий буйруқ олади. У ҳудуддаги ботир йигитлардан аскар жамлаб, шай бўлиб ҳукмни кутиб турди. Бироқ амирликнинг режаси ўхшамайди. Бухородаги амир қўшини замонавий қуроллар билан қуролланган қизил армиянинг биринчи зарбасидаёқ мағлубиятга учрайди. Шу куннинг ўзида Нуратога “уруш тугади, Амир қочиб кетди” деган хабар келади. Раҳматуллахўжа Низомиддин Қушбеги ўғли қўшинини тарқатиб, ўзи Карманага, ундан Бухорога келади. Ўн беш кун давомида вазиятни кузатиб, БХР ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаевга алоқага чиқади. Файзулла Хўжаев уни Бухоро шаҳрининг Эски шаҳар ижроқўмига ишга олади. Кўп ўтмай Раҳматуллахўжа Бухоро Фавқулодда қўмитаси (БухЧК) томонидан қамоққа олиниб, 7 ой давомида ҳибсда сақланади. Шундан сўнг Бухоро ҳукумати вакилларининг аралашуви билан қамоқдан озод қилинади ва 1922 йилгача Бухоро шаҳрига, сўнг эса Қарши шаҳрига ушр комиссиясига бошлиқ этиб юборилади. Орадан бир ярим ойча ўтиб, унга ишдан олинганини айтишади. Раҳматуллахўжа ўз хўжалигида деҳқончилик билан кун кечира бошлайди. Бироқ 1925 йил апрелда Раҳматуллахўжа Низомиддин ўғли ҳам аксилинқилобий фаолиятда айбланиб қамоққа олинади. Раҳматулла додхоҳ 1925 йил 4 сентябрда Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қарори билан 3 йилга Соловец оролидаги лагерга ҳукм этилади. У 1927 йил 14 июнь куни даҳшатли қийноқлар ортида ўша ерда ҳалок бўлди.

 

* * *

Мирзо Фармонқул Бердимурод ўғли 1868 йил Хатирчи шаҳрида дунёга келган. Мирзо Фармонқул мадраса таҳсилини тугатгач, аввал Хатирчи беги Насруллобекка котиб, сўнг амлокдор бўлиб ишлаган. 1901 йил Насруллобек тавсияси билан қоровулбеги лавозимида (поручик) амирнинг хизматига олинади. Мирзо Фармонқул отаси вафотидан сўнг мирохўр, 1917–1920 йилларда додҳо даражасигача кўтарилади. 1920 йил август ойида қизил армия билан жангда Мирзо Фармонқул додхоҳ қўшини шахсан амир ўрдаси ҳимоясига масъул этилган эди. У амирни Ғиждувонгача ҳимоя қилиб боради. Шундан сўнг қизил армияга бас келиб бўлмаслигини англагач, амирни яширин тарзда Шарқий Бухорога чиқариб юборишга қарор қиладилар. Муҳаммад Аминбек додҳо Остонақулибек ўғли амирнинг ҳашаматли ўрдаси билан секин-аста Арк томонга чекина бошлайди. Мирзо Фармонқул додҳо қўшини эса ҳар тарафдан келган ёрдам кучлари билан душманни чалғитиш мақсадида гоҳ шиддатли ҳужумга ўтар, гоҳ турли томонга тарқалиб, Хатирчи томонга чекина бошлайди. Амирни тириклай тутишга ишонган большевиклар Мирзо Фармонқул додҳони таъқиб этишга асосий қўшинини йўналтиради. Душманнинг тузоқдалигини ва амирнинг анча узоқлашганини сезган Мирзо Фармонқул қўшинига зудлик билан ҳар тарафга яширинишга ва кейинроқ амир ортидан Душанбега етиб боришга буйруқ беради.

 

Мирзо Фармонқул 40 кун ўтиб, энг яқин одамлари билан амир Олимхоннинг олдига етиб боради. Тез орада амирнинг Душанбеда узоқ тура олмаслиги маълум бўлади. Боиси, бу ерда катта қўшин учун на озуқа, на бир мудофаа иншоотлари мавжуд эмасди. Қизил армиянинг чегарани ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаётгани маълум бўлгач, амир Олимхон афғон амири Омонуллахондан вақтинчалик бошпана сўрашга мажбур бўлади. Мазкур илтимоснома хатни Омонуллахонга етказиш ҳам Мирзо Фармонқул додхоҳга топширилади. У музокаралар давомида амир хавфсизлиги таъминланадиган бўлса, ёнидаги ҳарбийлар билан Афғонистонни тарк этишга сўз беради. Шундан сўнг амир Олимхон яқин инсонлари билан афғон заминига ўтишга тайёргарлик кўра бошлайди. Мирзо Фармонқул додҳо эса амирнинг шахсан рухсати билан ватанга қайтиб келади.

 

Фармонқули додҳо Бухорога келган вақтда қўлга олиниб, 10 кун давомида тергов қилинади. Сўнг БХР ҳукумати томонидан Ер ишлари нозирлигида котиб лавозимига тайинланади. Бироқ бу ишни ташлаб, 1921 йилдан Хатирчига қайтиб, деҳқончилик билан машғул бўлади. 1922 йил БХР ҳукумати уни яна ишга чақириб, Каттақўрғонга амлокдор этиб тайинлайди. 1924 йилгача шу лавозимда ишлаб, кейин Хатирчи қозисига котиб бўлади.

 

1925 йил 22 апрель куни Мирзо Фармонқул Бердимурод ўғли Хатирчининг Каттачек қишлоғидан қамоққа олинади. Унинг ортида турмуш ўртоғи Хадичахон, қизи Робия, ўғиллари Барот, Абдураҳим, Аллақуллар қақшаб қоладилар. Фармонқул терговда ҳеч нарсани яширмайди, ўзининг амир Олимхоннинг додхоҳи бўлганини ва шу туфайли уни жон-тани билан ҳимоя қилганини, афғон амири Омонуллахон билан алоқаларда иштирок этганини, фақат унинг розилигидан сўнг Бухорога қайтиб келганини таъкидлайди. 1925 йил 4 сентябрь куни Мирзо Фармонқул Бердимурод ўғли ОГПУ йиғини томонидан 3 йилга Сибирга сургун қилинади. 1928 йил 20 апрель куни эса ҳеч бир асоссиз у яна 3 йилга жазо лагерларга кўчирилди...

 

* * *

Муҳаммад Аминбек 1886 йил Бухоро шаҳрида Остонақул қушбеги хонадонида дунёга келган. Муҳаммад Аминбек 12 ёшгача отасининг қарамоғида мактабда ўқийди. Сўнг мадрасага кириб, 16-17 ёшларида закотчи лавозимида иш бошлайди. 1906 йил тўқсоба унвони билан Нуротага йўлланади, 1909 йил бий унвонини олиб, Зиёвуддин беклигига амлокдор этиб тайинланади. 1915 йил додхоҳ унвонини олиб, Зиёвуддинда бош амлокдор бўлади.

 

Муҳаммад Аминбек Остонақул ўғли 1920 йил воқеаларида Ғиждувонга чекиниб, ўрдаси билан амирсиз Аркка чекинган эди. Шундан сўнг бутун қўшини билан қизил армияга таслим бўлади. Ўрдада амир Олимхоннинг йўқлигини кўрган большевик қўмондонлар жазавага тушади. Муҳаммад Аминбек, отаси Остонақул қушбеги – барчаси ЧК томонидан қамоққа олиниб, икки-уч ой давомида қийноқли терговларга тортилади. 1921 йил июнда қамоқдан қутилгач, Остонақул Қушбеги БХР ҳукумати солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, Муҳаммад Аминбек эса БХР ҳукумати ушр комиссиясига кассир бўлиб хизматга олинади. Улар 1923 йилгача масъул лавозимларда ишлайди. Бироқ битта қарор билан аксар собиқ амир даври амалдорлари ишдан олинади.

 

1925 йил 13 апрель куни Хатирчи тумани солиқ бошқармасида ишлаб турган Муҳаммад Аминбек ҳам қамоққа олинди ва 1925 йил 4 сентябрь куни ОГПУ ҳайъати қарори билан 3 йилга Соловец оролидаги концлагерга ҳукм қилинди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тaрих фанлари бўйича фалсафа доктори 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//