Ҳамма нарса бўлиши мумкин


Сақлаш
18:56 / 16.03.2022 921 0

(Hier ist noch alles möglich)

 

Яқинда “Академнашр” нашр қилган Жианна Молинарининг “Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин” романини ўқиб, беихтиёр Толстойни, Маркесни, Хессени,  Памуқни, Муракамини эсладим. Сабаби, бу адиблар ташқи дунёдан қочиб, узлатга интилган, ёлғизлик истаган, цивилизациядан, одамларнинг гап-сўзларидан ва муаммоларидан ўз қалбларини, тафаккурларини ҳимоялашга жаҳд билан уринган ижодкорлар эди. Толстой Ясная Полянани, Маркес Макондо (ўз хаёлий дунёси)ни, Хессе қишлоқдаги хилват уйини, Памуқ эса сершовқин Истанбулнинг ичида ўз хотираларига беркиниб яшашни афзал билди. Мураками ҳам шундай тоифадан.

 

Бугунги шиддатли замонда одам ўзидан қоча оладими? Қаерга қочади? Нимага, нимадан қочади? Бугун инсоният инсонийликни ва соф муносабатларни бузаётган тараққиётдан, сунъийликдан қочмоқда. Одамларнинг хаёл суришга ҳам, ёлғиз қолишга ҳам вақти йўқ. Вақт жуда тез ўтмоқда. Швейцариялик ёш адиба Жанна Молинари ҳам шу замоннинг синчков ва новатор қалам соҳибаси бўлиб, тезкор ва пўртанали  XXI асрда ҳам одамзод ёлғизликка ташна эканини, ўз ички “мен”и билан суҳбатлашишга қанчалик муҳтож эканлигини мазкур китобида чиройли баён этиб беради.

 

Муаллиф Жианна Молинари 1988 йилда Базелда туғилган. Ҳозирда Цюрихда истиқомат қилади. Ёзувчилик бўйича Берлинда таҳсил олган ва 2018 йилда мазкур “Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин” романини ёзган. Роман барча  эски адабий анъаналар ва услублардан буткул холи бўлиб, янги сўз, янги шакл излашнинг ажойиб намунаси, тажрибаси бўлди. Унинг романи тез орада  ўз ўқувчисини топди ва ҳамон топишда давом этмоқда.

 

Жианна Молинари асар баёнида ўз ички дунёсини муфассал таҳлил қилиш билан бирга ташқи дунёга ҳам ўзгача назар ташлайди, фикрлари билан китобхонни ортидан эргаштиради. У объект қилиб олган фабрика – ўзи истаган хилват, фабриканинг ташқариси эса – Европа. Европа ғалаёнлар ва нотинчликлардан бўшамаяпти. Унда тинимсиз намойишлар, урушлар, тўнтаришлар бўлади, уларнинг дастидан бахтли кишилар қочқинларга айланмоқда. Бу эса ҳеч бир инсоннинг ички дунёсига таъсир қилмай қолмайди.

 

Асарда ёпилаётган эски фабрикага қоровул бўлиб келган аёлга янги вазифа юкланади. У ошпаз кўриб қолган “ахлат титувчи” бўрини қопқонга тушириши лозим бўлади. Шериклари ҳам унга ёрдам беришга ҳаракат қиладилар. Лозе, Клеменс, ошпаз сингари кам сонли персонажлар романда лоқайд ва фойдасиз кишилардир. Фабрикадаги ҳамма бўри ҳақида гапиради. Ҳатто бошлиқ ҳам. Камералар ҳам бўрини ушлаш учун ўрнатилганди. Фабрикадан ташқаридаги дунё эса уларни қизиқтирмайди. Ҳамма узлатга, танҳоликка чекинган.

 

Романнинг сюжетида детектив асарлардаги каби шиддат ва ўткир сюжет ҳам, воқеалар тизгини ҳам йўқ. Барчаси унинг ички дунёсида, хаёлида содир бўлади. Барча постмодернистик асарлар сингари асосий маъно – матн ичига, сўзларнинг қатига сингдирилган, беркитилган. Бош қаҳрамон чизадиган расмлар ҳам ўз ичига турли маъноларни жамлаган. Битта сўз, ҳатто биргина ҳарфга ҳам маъно юкланган.

 

“Вақт нақадар ўзгарувчан, истаганимча унинг оқимини ўзгартираман, секинлаштираман ёхуд тезлаштираман.”

 

“Инсон умри давомида қанча бармоқ изи қолдирар экан. Мен шу пайтга қадар қаерларда ва қанча бармоқ изларимни қолдирдим экан?”

 

“Дунёдаги энг тинч жой – товуш ўтказмайдиган камера. Бу камерада коинотдаги сукунатга кўникиш учун тайёргарлик кўргандир. Вазнсизлик ҳолатидан қувонгандир.... кукун ҳолидаги олма шарбати ва музлатилган картошка пюреси егандир, вазнсизлик шароитида моддаларнинг ёниши ва металларнинг эришини ўргангандир.”

 

“Кимдир дунё тўртбурчак дейдиган бўлса, бунга бажонидил ишонган бўлардим.”

 

“...дунё диск эмас. Дунё фақат нимадандир иборат ҳам эмас. Дунёнинг ҳеч нарсадан иборат қисмлари ҳам мавжуд. Бўри – айнан шу қисмлардан бири.”

 

“Уммонлар ҳақида хаёл сураман. Қатламлар остида нима бор экан, сиртқи ва ички мантия, тошлар, ташқи суюқ ядро, ядронинг ўзи қанақа экан? Ўша чуқурликларда ҳукмрон юқори даражали иссиқлик ва катта босим ернинг қоқ марказида мавжудлигига ақл бовар қилмайди.”

 

“Ернинг ҳар куни 50 см.га кўтарилиб, пасайиши... Ер вазмин ва унсиз эмас, у серҳаракат ва сершовқин... Европа ва Америка қитъалари йилига уч сантиметрга  узоқлашишади... Ернинг товуши бор экан. Уни инсонлар эшитмас экан. Бу товуш чуқур ва барқарор экан...”

 

“Ер қобиғининг қалинлиги билан солиштирганда биз қазиган 3 метрлик чуқурлик унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Дунёдаги энг чуқур қазилган чоҳ 12 км. бўлган экан.”

 

“Тўртбурчак шўрва. Бунақасини коинотда фазогирлар ейди...”

 

“Айиқ ҳужум қилганда одам ўзини ўлганга солиб ётиши, бўйнини қўли билан тўсиши керак, чунки улар ўз ўлжасини айнан шу еридан ушлаб ўрмон ичкарисига тортади.”

 

“Ўпкамнинг юза қисми қандай тузилган экан, қон томирлар қанчалик зич жойлашган...”

 

Бу романни кўпчилик Самуэль Беккетнинг “Годони кутиб” пьесасига ўхшатади. Сабаби, кутилаётган одам ёки ҳодиса асар бошидан тилга олинаверади, эсланаверади. Воқеалар ўз йўлига кетса ҳам, ўша одамни ҳамма кутиб юраверади. Лекин ўзи қатнашмайди. Ушбу романда ҳам бош қаҳрамон аёл фабрикага оралаши кутилган бўрини қопқон билан роса кутади. Кўпинча ҳамкасблари билан ўша бўри ҳақида суҳбатлашади, расмлар чизади, хаёлнинг минг бир кўчасига кириб юради... Бўри эса ҳадеганда келавермайди. Ахийри у бўрини тасаввур қилади. У билан суҳбатлашади, расмларини чизади. Қоровул аёл (муаллифнинг ўзи)нинг ўй-хаёллари сарҳад билмайди.   

 

“Бўрилар ўз яқинлари галаларини тарк этишганида жуда қаттиқ увиллашармиш... увиллаш орқали улар ўз меҳрларини изҳор этишармиш...”                  

 

Осмондан ерга қулаб, ҳалок бўлган номаълум камерунлик учувчи ҳам “персонаж” сифатида қатнашиб ўтади. Ўша хабашнинг фожиаси асардаги ягона кульминация бўлса керак. Аммо бу кульминация қоровул аёлнинг ичида содир бўлади. У ёлғизлик ҳақида эмас, энди ўлим ҳақида ҳам, одамнинг ҳаётдаги бефойда умри ва унутилиши борасида ҳам фикрлай бошлайди.

 

“8000 метр баландликда одам танаси аста-секин музлайди.

 

“...қабрлар оралаб юрарканман, тошлардаги туғилган ва ўлган саналарни кўздан кечираман. Ҳаёт бўлган йиллар туғилган кун ва ўлган кун орасидаги биргина чизиқча холос. Бутун умр бир чизиқчада мужассам. Ҳаяжонли, тиконли, қайғули, армонли, зерикарли ёхуд хатарли умр йўллари, ўн саккиз йил давом этганми ёки саксон йилми, барибир чизиқчалар бир хил. Қаторнинг охирида унинг қабрига кўзим тушади. ...туғилган сана ёзилмаган. Чизиқча ҳам йўқ.

 

“Унинг на юзи бор ва на номи. Оиласи унинг вафот этганидан ҳам хабар топмайди, қабри қаердалигини ҳам билмайди.”

 

Бу камерунлик унинг ички дунёсига қаттиқ таъсир қилса ҳам, бўри ҳақида фикрлайверади. Авваллари қопқонга туширишни истаган бўрисига энди у муҳтож бўла бошлайди. Чунки, унда ҳеч нимага ишонч йўқ эди. На ҳаётга, на ўлимга, на ўзига.

 

“Ҳеч нарсага ишонч йўқ: биз турган заминга, биз чиқаётган самолётга, чегаранинг нариги томонига” дейди ахийри. Лекин милтиллаган умид барибир сақланиб қолади. Фабрикадаги бўрини тутса ва у ер ёпилиб кетса, балки янгича ҳаёт бошлаб оларман деб орзу қилади. Бу билан у ҳар қандай зулмат, ғам-ғусса ва танҳоликнинг давоми ёруғликка уланганига ишора қилаётгандек.

 

Айтиш жоизки, таржимон – Г.Набиева асарни немис тилидан ўзбек тилига сифатли ўгирган ва бунинг самараси ўлароқ роман енгил ўқилади.

 

Тимур ТАНГРИБЕРГЕНОВ,

таржимон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10344
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//