Миллионер Сайфулмулкнинг советлар томонидан маҳв қилинган фарзандлари кимлар эди?


Сақлаш
17:20 / 15.04.2025 93 0

Ўтган асрнинг бошларида Туркистон бўлгасида тараққийпарварлик ғоялари ва жадидчилик ҳаракатининг кенг қулоч ёйишида турк ҳамда озарбайжон қардошларимиз қаторида татар маърифатпарварларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ушбу мақолада ўз даврида Туркистон матбуотида кўп учрайдиган Сайфулмулклар ва уларнинг Туркистоннинг илмий-сиёсий тараққиётига қўшган ҳиссалари ҳамда аянчли қисматлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Хонадоннинг асосчиси – ҳозирги Қозоғистоннинг Қазали (Казалинск) шаҳрида яшаган асли оренбурглик савдогар, миллионер Камолиддин Сайфулмулк эди. Камолиддин Сайфулмулк машҳур Ҳусайинов фирмаси таъсисчиларидан бўлиб, ўз вақтида Туркистоннинг кўплаб саноатчи бойлари ва савдогарлари билан иш ҳамкорлиги қиларди. Аммо, Ҳусайинов фирмаси Туркистонда савдо-саноат доираларидан ҳам кўра ўзининг ноширлик ишлари, китоб ва мактаб жиҳозларининг имтиёзли савдоси орқали жадид тараққийпарварлари орасида яна ҳам кўпроқ танилган эди.

 

Камолиддин Сайфулмулкнинг 1885 йил туғилган тўнғич фарзанди Муртазо Сайфулмулк асосан отасининг савдо ишларига кўмаклашган. Ҳокимиятга большевиклар келиши билан унинг капитал ва кўчмас мулклари давлат ҳисобига мусодара этилиб, ўзи таъқибга учрайди. Шундан сўнг Муртазо Сайфулмулк 1925 йилда Тошкент шаҳрига кўчиб келади.

 

Унинг 1887 йил туғилган иккинчи ўғли Мустафо Сайфулмулк 1912-13 йиллар Москва коммерсия институтини тугатгач, жадидчилик ғояси таъсири остида туркий мусулмон халқларнинг миллий мухторият олиши учун курашга киришади. Мустафо Сайфулмулк 1917-20 йиллар эсерлар партияси сафида Татаристонда муваққат ҳукумат тузишга киришади. Уфада мустақилликни сақлаб қолиш мақсадида Дутов билан қизил армияга қарши кураш олиб боради. Большевиклар таъқиби ортидан Тошкентга кўчиб келган Мустафо Сайфулмулк 1922 йил машҳур миллионер Яушевлар хонадонидан бўлган Розия Яушева билан оила қуради. Кейинроқ, Бухоро Шўро Жумҳурияти ҳукуматининг таклифига кўра Бухоро шаҳрига кўчиб келади ва 1922-1923 йилларда БХР Молия нозири вазифасида иш олиб боради. Унинг Бухородаги молия ва пул-товар муносабатлари юзасидан ёзилган қатор мақолалари бугунга қадар муҳим тарихий аҳамиятга молик[1]. Мустафо Сайфулмулк 1925-28 йиллар Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ССР молия халқ комиссарлигида масъул лавозимларда ҳам иш олиб борган. Кейин Тошкент шаҳрига кўчиб кетиб, ЎзССР молия халқ комиссарлигида консультант вазифасида ишлайди. 1938 йил 4 февралда эса қамоққа олиниб, Олимжон Идрисий ва немис разведкасига алоқадор шахс сифатида 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади... Мустафо ва Розияларнинг фарзанди Фарид Сайфуль-Мулюков кун келиб СССРнинг энг машҳур инсонларидан бири – халқаро журналист, телебошловчи, ёзувчи, арабшунос-шарқшунос бўлиб етишади.

 

Фарид Сайфуль-Мулюков

 

Камолиддин Сайфулмулк оиласининг учинчи вакили Бадриддин Сайфулмулк 1890 йил май ойида Қазали (Казалинск) шаҳрида дунёга келган. Бадриддин дастлабки таълимни Қазали ва Оренбург шаҳарларида олди. Сўнг Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, 1908-1914 йилларда «Ғалата сарой» лицейида ўқиди. 1914 йили Бельгиянинг Льеж шаҳридаги университетнинг математика факультетига муваффақиятли имтиҳон топширади. Бироқ, жаҳон уруши бошланиб кетгани туфайли Истанбулга қайтишга мажбур бўлади. 1915 йили Германияга келиб, Берлин университетининг медицина факультетига ўқишга киради. Бадриддин Сайфулмулк университетда ўқиш билан бир пайтда Вьюнсдорфдаги концлагерда имом бўлиб иш олиб бораётган дўсти Олимжон Идрисийга кўмакдош бўлади. Улар фронтда Германия томонидан асир олинган мусулмон ҳарбий асирлари учун таржимонлик қилади. Ҳарбий асирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун елиб югурадилар.

 

Брест-Литва сулҳидан сўнг Германия ҳарбий асирларни қайтара бошлади. 1919 йилда ҳарбий асирлар жойлашган илк вагон СССРга келди. Асирлар орасида бўлган Гади Игнатуллин Москва, Қозон, Бошқирдистонда бўлиб, большевикларнинг маҳаллий халқларга нисбатан ғайриқонуний ва ғайриинсоний ҳаракатларига гувоҳ бўлади. 1919 йилнинг ўзидаёқ Берлинга қайтиб, ҳарбий асирларнинг советлар давлатига қайтиши хавфли деган хулосани беради. Шундан сўнг Олимжон Идрисий, Бадриддин Сайфулмулк, Ибрагим Рамиев каби кўплаб татар зиёлилари тезкор ўқув курслари очиб, ҳарбий асирларга олмон тили ва бошқа фанларни ўргатишга киришадилар. Улар бир қанча ҳарбий асирларни Германиядаги завод-фабрикаларга ишга жойлаштиради. Ёшларни Европа илми, фан-техникаси ва касб-ҳунарларини ўрганишга чақириб, бир нечасини ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда университетларга ўқишга киритишга муваффақ бўлади.

 

Бадриддин Сайфулмулк 1921 йилда Берлин университетининг дентология (тиш шифокори) бўлимини битириб олий маълумот олади. Шу йили Бухорога келган Олимжон Идрисий Бухоро Халқ Республикаси раҳбари Файзулла Хўжаев таклифи билан Бухоро паспортини олади ва Бухоро ҳукумати томонидан Германияга таҳсил олишга йўлланган талабаларга раҳбар этиб тайинланади. Унга елкадош бўлган Бадриддин Сайфулмулк туркистонлик талабаларни Европа турмуш маданияти, илм-фани, техника соҳасидаги ютуқлари билан таништиради. Уларни ётоқхона билан таъминлаш, тезкор тил курсларига жойлаш, тил ўзлаштирганларига, ўқиш ва иш жойлари топишга бош-қош бўлади. Ўзи ҳам ёшларга немис, француз, рус тилларидан дарс беради.

 

 

 

Бадриддин Сайфулмулк 1925 йили Ўрта Осиё давлат университети директори Мейерсон таклифи асосида Европада олий маълумот олган дастлабки инсонлардан бири сифатида СССРга қайтади. У Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университетида гигиена фанидан дарс берди. 1926-1927 йилларда Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида кичик тиш касалликлари шифохонаси очиб, аҳолига хизмат кўрсатади.

 

Бадриддин Сайфулмулк Ўзбекистонга келиши билан халқимизнинг тиббий маданиятини ошириш йўлида ўзи Европада ўзлаштирган барча илм-фан сирларини жорий этишга киришади. Бу йўлда бир зум тиним билмади. Ҳар куни матбуот учун бир мақола битди[2], китоб ва ўқув қўлланмалари ёзди. Германиядан олиб келган немис, француз тилларидаги илмий китобларни таржима қилишга киришди. Етти тилни мукаммал билган ёш олим Бадриддин Сайфулмулк ўзининг илми, маҳорат ва тажрибаси билан ҳам халқ орасида, ҳам совет маъмурлари орасида жуда қисқа муддатда улкан обрў қозонади. Турмуш ўртоғи Султонгали Яушевнинг кенжа қизи Робия Яушева билан ўғли Рустамни улғайтира бошладилар. 

 

 

Шундай бахтли кунларнинг бирида қора кучлар унинг ҳаётига қўққисдан чанг солди. 1929 йил 5 ноябрь куни ОГПУ Ўрта Осиё бўлими Бадриддин Сайфулмулкни гўёки М.Султонгалиев иши доирасида қамоққа олишга ордер беради. 6 ноябрь тунида унинг Тошкент шаҳри, Сталин тумани, Воронцов кўчасидаги хонадонига оддий қоғозга қаламда чизилган харита билан ГПУ ходимлари бостириб келди. Ўта махфий тутилган ҳибс ва тинтув далолатномасидан уйдан ҳеч қандай арзирли ашёвий далил топилмагани англашилади. Қамоққа олиш тўғрисидаги қарорга Германияда таҳсил олган, Германиядаги россиялик мусулмон ҳарбий асирларга хизмат қилган, шунингдек, аксилинқилобий «Турон» ташкилотининг аъзоси, туркистонлик талабаларнинг Берлин шаҳрида жойлашишига ёрдамлашган каби айбловлар ёзилган.

 

1929 йил 12 ноябрь куни ўтказилган илк сўроқда Бадриддин Сайфулмулк оила аъзолари ҳақида – укаси Аҳмад ва амакиси Мидхат билан бирга яшашини, отаси Камолиддин Сайфулмулк Оренбургда, ака-укалари Муртазо, Мустафо, Аҳмад ва Азизиддин Тошкентда яшашларини айтади. 1929 йил 20 ноябрь куни навбатдаги сўроқда Германияга борган ёшлар асосан у ердаги илм-фанни чуқур ўзлаштириш йўлида мунтазам ўқиб-изланишлари, талабаларнинг уюшмалари эса асосан уларнинг иқтисодий таъминоти ва илмий мубоҳасалари учун шароит яратиш билан машғул бўлганини билдиради. Бироқ 1929 йил 27 ноябрда иш материалларини кўриб чиққан ОГПУ раҳбарлари Бадриддин Сайфулмулкни ҳеч бир далилсиз немис жосуси деб топиб, ЎзССР ЖКнинг 58-14, 70-моддаларини қўллайди. Муттасил қийноқ ва таҳқирлар остида ўтган тергов Бадриддин Сайфулмулкни бутунлай ҳолдан тойдиради. Бироқ 1930 йил 10 февралдаги сўнгги сўроқ давомида ҳам у ўзининг беайб эканини, Олимжон Идрисий ҳам ҳеч қачон хоин, жосус бўлмаганини таъкидлайди. Ўрта Осиё ОГПУ томонидан тайёрланган айблов баённомасига у «ўзимни айбдор деб билмайман», деб имзо чекади. Шунга қарамай, 1930 йил 28 май куни Бадриддин Сайфулмулк ОГПУ ҳарбий коллегияси қарори асосида 5 йилга концлагерга ҳукм этилди. У 1936 йили жазони ўташ вақтида Сибирдаги лагерлардан бирида вафот этади. Орадан вақт ўтиб, 1959 йил 4 июнда Туркистон Ҳарбий округи ҳарбий коллегияси «ишда жиноят аломатлари йўқ» деб Бадриддин Сайфулмулкни оқлайди ва бу ҳақида Москвага, унинг оила аъзоларига хабар йўллайди.

 

Камолиддин Сайфулмулкнинг тўртинчи фарзанди Азизиддин Сайфулмулк 1892 йил дунёга келган. Азизиддин 1903-1908 йиллар Оренбургдаги Ҳусайния мадрасасида, 1908-1913 йиллар Оренбург реал билим юртида ўқиди. Азизиддин Сайфулмулк шу даврда ҳаётини тиббиёт соҳаси билан боғлашга қарор қилади ва 1913-14 йиллар Москвада лотин тили курсида таҳсил олади. 1914 йили Қозон давлат университетининг медицина факультетига ўқишга кирган Азизиддин талабалик йиллариданоқ фаол сиёсий курашга киришиб кетади. 1917 йил февраль инқилобидан сўнг Қозон шаҳрида ташкил этилган Миллий Шўрода котиб вазифасига сайланади. Бироқ, кўп ўтмай дўсти Заки Валидий Тўғон билан Тошкент шаҳрига келиб, сиёсий жараёнларда, хусусан, Туркистондаги илк сиёсий партияни тузиш, унинг маромномасини тайёрлаш ишида фаол иштирок этади. Азизиддин Сайфулмулк Туркистон Ўлка мусулмонларининг Марказий Шўроси котиблигига сайланиб, Шўронинг нашри афкори «Кенгаш» газетасида Туркистон Ўлка мусулмонларининг Марказий Шўроси ахборотлари[3], мавжуд партияларнинг дастур ва низомлари ҳақида туркистонликларга кенг маълумотлар бериб борган.[4] Шунингдек, Шўро қошида Мунавварқори Абдурашидхонов ташаббуси билан очилган икки ойлик муаллимлар курсида Америка университетида таҳсил олган Бурҳон Ҳабиб, Истанбул университетида таълим олган Муҳаммадамин Афандизода, ўз замонасининг етук муаррихи Аҳмад Заки Валидийлар билан бирга Қозон ҳайъати аъзоси Азизиддин Сайфулмулк ҳам «Ҳифзи сиҳат» фанидан дарс беради[5]. 1918 йил Қозон шаҳрида «Қурултой» номли газета чиқариб, миллий мухторият учун жиддий курашга киришади.

 

1918 йил сўнгида Томск шаҳрида қизил армияга қарши Колчак армиясига хизматга киради. Колчак чекинганидан кейин Томск давлат университети медицина факультетида ўқишни давом эттиради ва 1919-21 йиллар қизил армия сафида врач бўлиб ишлайди. 1922 йил Тошкентга келган Азизиддин ҳам дўсти Олимжон Идрисий билан бир қатор талабаларни Туркистондан Германияга юборишда иштирок этади. Турмуш ўртоғининг синглиси Марвар Арабовани ҳам Германияда ўқишга йўллайди. У бу даврда ўта фаол тарзда илмий тадқиқот ишларини олиб боради. САГУ медицина факультетида талабаларга дарс берди, амалиётда иш олиб борди, олий таълим учун дарсликлар ёзди, матбуотда мақолалар битди[6].

 

1937 йил 13 август куни тўсатдан Азизиддин Сайфулмулкни ЎзССР ЖК 62-моддаси билан жосусликда айблаб, қамоққа олиш учун ордер берилди. Унинг ортида онаси Шамсикамол ая (65 ёш), турмуш ўртоғи Равзахон (41 ёш) ва қизлари Гулнар (16 ёш) Настя (14 ёш)лар ёлғиз қолади. 1937 йил 21 август, 1937 йил 7 сентябрь кунларидаги сўроқларда Азизиддин Сайфулмулк ўзига қўйилган жосуслик айбловини мутлоқ рад этади. Бироқ, 1937 йил 27 ноябрь куни машъум «учлик» йиғини Азизиддин Сайфулмулкни ЎзССР ЖК 66-моддаси, 1-банди билан, яъни аксилинқилобий ташвиқотда айблаб, 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилади.

 

Азизиддин Сайфулмулк 1956 йил 20 март санаси билан ёзган аризасида 10 йил лагерга ноҳақ ҳукм этилганини ёзади. Жазони аввал Угличда, ундан сўнг уруш туфайли Нижний Тагилга ўтаганини маълум қилади. 1944 йил 24 августда озодликка чиққач ҳам Тошкентда оиласи билан яшашга рухсат берилмаганини ва ҳозирда Янгийўл тиббиёт муассасада мудир эканини айтиб, оқлашларини талаб қилади. Шу аризадан сўнг иш қайта кўриб чиқишга топширилади. Натижада собиқ меҳнат тузатиш лагери маҳбуслари ака-ука Азизиддин, Нуриддин ва Мустафо Сайфулмулклар 1957 йил 30 сентябрда СССР Ҳарбий суди коллегияси томонидан сталинча қатағон қурбонлари қаторида оқланадилар.

 

Камолиддин Сайфулмулкнинг кейинги ўғли Нуриддин Сайфулмулк 1893 йил дунёга келган. Нуриддин ҳам аввал жадид мактаби ва мадрасаларда таҳсил олган. Оташнафас жадид муаллими ва билимдон мударрис сифатида танилган Нуриддин Сайфулмулк татар матбуотида ўткир мавзудаги мақолалари билан қатнашарди. Нуриддин Тошкентга февраль инқилобидан сўнг келади ва «Улуғ Туркистон» газетасининг илк сонидан таҳририятда иш бошлайди. Кабир Бакир муҳаррир бўлган мазкур газета татар матбуоти дейилса-да, барча туркий халқлар – ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман каби Туркистоннинг туб миллатлари манфаатини акс эттирарди. Газетада Нуриддин Сайфулмулк ўта муҳим мавзуларда, жумладан, «Халқ жумҳурияти» мақоласида ўқувчиларга бошқарувнинг демократик республика усули ҳақида кенг қамровли маълумот берса[7], «Туркистонликлар ҳам аскарий хизмат» мақоласида миллий армия тузиш аҳамияти ҳақида тўхталади[8]. У 1918 йил 1 декабрдан «Маориф» журналида иш олиб борди. Шундан сўнг совет мактабларида дарс берди, дарсликлар йўналишида таржимонлик қилди[9]. Кейинроқ қишлоқ хўжалиги институтига кириб, агрономия йўналишида олий таълим олади.

 

Афсуски, Нуриддин Сайфулмулк ҳам 1937 йилги «Катта қирғин» ўпқонига тортилди. 13 август куни Нуриддин Сайфулмулкни жосусликда айблаб, акаси Азизиддин билан бир вақтда қамоққа олиш учун ордер берилади. Узоқ давом этган таҳқирли терговлардан сўнг 1937 йил 27 ноябрь куни машъум «учлик» йиғини Нуриддин Сайфулмулкни ҳам оғаси Азизиддин Сайфулмулк каби ЎзССР ЖК 66-моддаси, 1-банди билан аксилинқилобий ташвиқотчи сифатида 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилади.

 

Камолиддин Сайфулмулкнинг кенжа фарзанди Аҳмад Сайфулмулк 1904 йил ҳозирги Қозоғистоннинг Қазали шаҳрида дунёга келган. 1922 йил Оренбургга келган Олимжон Идрисий Бадридин Аҳмаднинг ҳам Германияда таҳсил олишини истаётганини айтади. Аҳмад отасининг розилигини олгач, 1922 йил Оренбург ЧКга ариза беради. Кўп ўтмай Оренбург советидан расман ижобий жавоб олади. Шундан сўнг у Москвага бориб, хорижга чиқиш учун паспорт олишга киришади. 1922 йилнинг октябрь ноябрь ойларида ҳужжат ишларини якунлаб, Германияга етиб боради. Бироқ, у Бухоро ҳукумати стипендиясини қўлга кирита олмайди. Отасининг ҳомийлиги асосида дастлаб Берлиндаги ўқув курсларида немис тилини ўрганади. Сўнг Виттенгаузендаги қишлоқ хўжалиги институтида ўқишга киради. Аҳмад Сайфулмулк иқтисодий етишмовчилик туфайли ўқишни давом эттира олмайди. 1925-27 йилларда Берлин қишлоқ хўжалик Олий мактабига киради, бироқ 2 курс ўқигач, 1927 йил март ойида СССРга қайтишга мажбур бўлади. У фақат 1931 йилдагина Ўрта Осиё қишлоқ хўжалик институтини тамомлаб, олий маълумот тўғрисидаги дипломни қўлга киритади. Бироқ, 1929 йил Германияда таҳсил олиб СССРга қайтган олий маълумотли шифокор акаси Бадриддин Сайфулмулк НКВД ходимлари томонидан қамоққа олинганди. Бу ўз навбатида Аҳмад учун ҳам кўпгина эшикларнинг ёпилишига сабаб бўлади.

 

ЎзССР Халқ хўжалиги музейида илмий ходим сифатида ишларкан, ўзи билан Германиядан келтирган аграномияга доир кўплаб ўқув қўлланмалари ва дарслик китобларини таржима қилишга киришади, «Қишлоқ хўжалиги» журналида мақолалари билан тез-тез чиқишлар қилиб туради. Турмуш ўртоғи Фотихий Сайфулмулюкова (1905) билан ўғиллари Асхад (1927) ва Эрик (1932) тарбиясида машғул бўлади. Бу пайтга келиб Сайфулмулкларнинг деярли барчаси Тошкентга кўчиб келган эди. Азизиддин Сайфулмулк Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигида шифокор, Мустафо Сайфулмулк Молия халқ комиссарлигининг бош бошқармасида ғазначи, Атоулла Сайфулмулк Тошкент универмагида мутахассис бўлиб ишларди. Бироқ зиёли оиланинг барча аъзоларига нисбатан НКВД ёт унсур сифатида қарай бошлаганди. Уларнинг ортидан умумий назорат йўлга қўйилиб, барчалари НКВДнинг ўлим рўйхатига киритилади. Бунинг учун фақат бир бахя, бир баҳона зарур эди. Кўп куттирмай ўша қиёмат сури чалинди. Сталин ва Ежов томонидан ташкил этилган «Катта қирғин»га старт берилди. Ўзининг ҳалол меҳнати билан кун кечираётган Аҳмад Сайфулмулк ҳам НКВД қотиллари нишонига айланди.

 

1937 йил 21 августь куни ёш олим Аҳмад Сайфулмулкка қарши қаратилган қарорга ЎзССР НКВД ўринбосари Леонов имзо чекади. Унда Аҳмадга «Мустақил Туркистон» ташкилоти аъзоси, Германия жосуси Атоулла Сайфулмулк билан алоқада деган айбловлар битилган эди. 1937 йил 21 август кунининг ўзида қамоққа олиш учун ордер берилиб, унга тегишли Тошкент шаҳри, Октябрь тумани, М.Горкий кўчаси, 12-уйда тинтув ўтказилади. Уйидан чиққан барча буюм ва ҳужжатлар хатланиб, олиб кетилади.

 

1937 йил 22 августда илк сўроқда Аҳмад терговчи талаби билан ўзининг Германияга бориш тарихи, у ердаги ҳаёти ва барча қариндошларини санаб беради. 1937 йил 12 октябрда А.Сайфулмулк терговчи томонидан унга қўйилган жиноятларни ҳеч қачон содир этмаганини айтади. Бироқ, 1937 йил 20 декабрь куни Аҳмад Сайфулмулк даҳшатли қийноқлар остида ўзига бўҳтон битилган қоғозларни имзолашга мажбур қилинди.

 

Шундан сўнг Аҳмад Сайфулмулк 1937 йил 22 декабрдаги сўроқдан қатъий бош тортади. Жисмоний ва маънавий таҳқирлар остида маҳв этилган А.Сайфулмулкка ўзининг қандай улкан «жиноятчи» бўлганини эшитиш насиб этмади. У 1938 йил 31 июл куни Тошкент турмасида қийноқлар оқибатида ҳалок бўлди. А.Сайфулмулкка тегишли жиноий иш унинг вафот этиши муносабати билан тўхтатилади.

 

1957 йил 8 октябрда турмуш ўртоғи Фотихий Сайфулмулюкова Тошкент шаҳри, Бешоғоч кўчаси, 182-уйдан Туркистон Ҳарбий Округининг ҳарбий прокурорига ариза ёзади. Унда 1939 йил 26 феврал куни Куйбишев туман ЗАГС бюроси эрининг 1938 йил 31 июлда турмада ўлгани ҳақида хабар берганини ёзади. Аризада Аҳмад Сайфулмулк ҳақида қисқача маълумот бериб, унинг давлат ва халқи олдида ҳеч қандай жинояти бўлмаганига ишонч билдиради ҳамда унинг оқланишини сўрайди. Акаси Азизиддин Сайфулмулк ҳам «У ҳеч қачон жосус бўлмаган, аксинча, ҳалол, билимдон ва меҳнатсевар инсон эди. Унинг изидан НКВД тартибли кузатув қўйган эди. Бироқ, улар ҳеч қандай далилсиз укамни 1937 йилда қамоққа олган эдилар», деб ёзади. Шундан сўнг Аҳмад Сайфулмулкнинг иши ҳам қайта кўришга тортилади ва у 1957 йил 5 ноябрда оқланади.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори


[1] Мустафо Сайфулмулк. Яна оқча масаласи // Учқун. № 2. 1923 йил 1 апрель. — Б. 22-28.

[2] Б-и (Бадри Сайфулмулк). Бадан тарбияси (физкультура) // Ер юзи. № 6. 1926 йил 5 март.; Бадри Сайфулмулк. Испурт // Ер юзи. № 13. 1926 йил 30 сентябрь.; Бадри Сайфулмулук. Чақолоқ ва бешик. // Ер юзи. № 15. 1926 йил 7 ноябрь.; Бадри Сайфулмулк. Бешикнинг ўрнига кроват. // Ер юзи. № 17. 1926 йил 20 декабрь.

[3] Марказий Шўро ахборотлари // Кенгаш. №5. 1917 йил 6 август.

[4] Азизиддин Сайфулмулк. Биринчи сиёсий имтиҳон // Кенгаш. №7. 1917 йил 6 август.

[5] Тошкентда икки ойлик муаллимлар курси // Кенгаш. №4. 1917 йил 25 июл

[6] Азизиддин Сайфулмулк. Соғлиқ ва биз // Инқилоб. № 4. 1922 йил.; Азизиддин Сайфулмулк. Сифлис ва Туркистон // Инқилоб. № 9-10. 1923 йил.; А.Сайфулмулк. Қўтир касали ва ундан қутулиш чоралари // Туркистон. № 124. 1923 йил 4 май.

[7] Н.Сайфулмулк. Халқ жумҳурияти // Улуғ Туркистон. №6. 1917 йил 20 май.

[8] Н.Сайфулмулк. Туркистонликлар ҳам аскарий хизмат // Улуғ Туркистон». №12. 1917 йил 31 июн.

[9] Нуриддин Сайфулмулук. Жуғрофия. Ўздавнашр. 1925 йил.; Н.И.Балашов. Ўзбекистон ва унинг қўшни жумҳуриятлар ҳамда вилоятлар (жуғрофий иқтисодий маълумот). (Н.Сайфулмулк тарж.). Ўздавнашр. 1926 йил.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17905
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//