
XXI аср инсоният тарихида иқтисодий тараққиёт, илм-фан ва технология жабҳаларида улкан ютуқлар даври сифатида муҳрланмоқда. Айни вақтда дунё тинчлигига таҳдидлар кўлами ҳам ортаётир. Ижтимоий-сиёсий буҳронлар, иқтисодий инқирозлар, урушлар бутун курраи арзда акс садо бераётир. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган мафкуравий таҳдидлар қаршисида ҳатто мутараққий давлатлар ҳам каловланиб, саросимага тушиб қолаётгани айни ҳақиқат. Мафкура жабҳасидаги ана шундай хатарлардан бири бу радикализмдир.
“Радикализм (лот. radix – илдиз) – сиёсий тузум ва ижтимоий институтларни тубдан ўзгартиришга қаратилган ғоя ва ҳаракатларни ифодаловчи сиёсий, диний оқим”, дейилади маънавиятга доир тушунчалар луғатида (Маънавият: асосий тушунчалар луғати. Тошкент, “Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти” нашриёти, 2021. 497-бет). Бу таъриф биз сўз юритаётган феноменнинг бир қиррасини ифодалайди, холос. Аслида, радикализм – кўп маъноли, кенг қамровли ижтимоий ҳодиса. Жамоатчилик уни кўпроқ сиёсий, диний феномен деб билади. Ваҳоланки, радикализмнинг ижтимоий, иқтисодий, миллий, мафкуравий кўринишлари мавжуд.
Радикализм – глобал сиёсий воқеликка, давлат ва жамият тараққиётига, ҳукуматлар ва халқаро тузилмалар фаолиятига таъсир этишга йўналтирилган; ижтимоий тузилмалар, маънавий асосларни ўзгартиришга қаратилган мафкура. У спорт, таълимдан то сиёсатга қадар – жамиятнинг деярли барча соҳаларида учрайди.
Радикализм – психологик террор усулидир. Радикал ҳаракатлар инсонлар онги, маънавияти ва дунёқарашига таъсир кўрсатиш орқали ўз мақсадини рўёбга чиқаришга уринади. Турли кайфиятдаги инсонлар, айниқса, ёшларни оғдириш, улар онгини заҳарлаш, дунёқарашини ўзгартириш, давлат ва жамиятга нисбатан норозилик уйғотиш орқали барқарорлик издан чиқарилади. Соф диний эътиқоддан адаштириш, фирқабозлик, айирмачилик, “оммавий маданият” ниқоби остида азалий қадриятларга ёт ғояларни сингдириш, ахборот тармоқлари орқали ғайриахлоқий одатларни тарғиб қилиш ҳам психологик террор хуружлари сирасига киради.
Радикализмга хос хусусиятлардан яна бири – ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда зўравонлик усулидан фойдаланиш; босим, тазйиқ ва таҳдидга мойилликдир. Бу тоифага мансуб шахслар, гуруҳлар жамиятдаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш имкони бўлгани ҳолда зулм, зўравонликни афзал кўради. Тарихнинг бурилиш нуқталарида, сиёсий танглик ва таранглик кучайган, маънавий таназзул, зиддиятлар кескинлашган вазиятларда у янада авж олади.
Араб тилида бирор масалага ҳаддан зиёд берилиш, муккадан кетиш, меъёр ва чегарани бузиш “ғулув” деб аталади. Бизнингча, ушбу истилоҳ радикаллашувнинг мазмун-моҳиятини мухтасар тарзда ифодалайди. Хоҳ диний, хоҳ дунёвий масалаларда бўлсин, ғулувга берилиш яхшиликка олиб келмайди.
Радикализмнинг легал ва нолегал шакллари мавжуд. Баъзи радикал ҳаракатлар расман рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатади, давлатнинг бошқарув стратегиясига ўз таъсирини ўтказади. Ҳозирда Европа мамлакатларида катта мавқе касб этаётган ўта ўнг қанотга мансуб партиялар айнан қонуний фалият юритаётган радикал ҳаракатларга мисол бўла олади.
Радикализмнинг нолегал шакли кенг тарқалган бўлиб, у охир-оқибат терроризмга олиб боради. Ноқонуний гуруҳлар, жиноий тўдалар, экстремистик ташкилотларнинг аксари шу тоифага мансуб.
Таҳлилий онг, танқидий тафаккурнинг заифлиги кишини мутаассибликка етаклайди. Бундай шахслар мафкуравий таъсирга тез берилади, агрессив ҳаракатларга мойил келади. Уларни психологик беқарорликка тушириш, манипуляция қилиш, ғояларга кўр-кўрона эргаштириш осон кечади.
XXI аср бошларига келиб радикализмнинг мафкуравий асослари, таъсир доираси, мақсад ва вазифалари яққолроқ намоён бўла бошлади. Унинг миллатлар, элатлар, маданиятлар, цивилизациялараро мулоқот мувозанатини бузиши, инсониятнинг эркин ва фаровон ҳаётига рахна солиши аниқ-равшан маълум бўлди.
Радикализм дунё давлатларининг барчасига дахлдор воқелик экани сир эмас. Ер курраси “улкан ягона қишлоқ”қа айланган глобаллашув шароитида мафкуравий хуружлар халқаро хавфсизлик тизимларига бевосита таъсир кўрсатиб, ўта хатарли ҳолатларни юзага келтирмоқда.
* * *
Соғлом фикрли шахс дабдурустдан мутаассибона ғоялар домига тушиб қолиши мумкинми? Психологлар кишининг радикал ғояларга берилиши дафъатан кечмаслиги, бу ҳол болаликдаги тарбиядан то ижтимоий муҳитга қадар – кўплаб сабаб-омилларга боғлиқ эканини таъкидлайди.
Радикаллашувга сабаб бўлувчи омиллар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:
болаликдаги тарбия усули (авторитар, зулмкор, “оила кумири” феномени ёки фарзандни бутунлай назоратсиз қолдириш, чекловларсиз ўстириш);
шахснинг психологик хусусиятлари (ўзига паст баҳо бериш, ишончсизлик);
шахс онгининг бузилиши (тобелик, хавотир, қўрқоқлик, ҳасадгўйлик, такаббурлик);
фақат ўз манфаатларини юқори қўйиш ортидан худбинона хулқнинг шаклланиши.
Шунингдек, ёшлардаги ҳаётий тажрибасизлик ва ҳиссиётга берилувчанлик, онг ва дунёқарашнинг тўлиқ шаклланмагани, руҳий тушкунлик, яқинлар эътиборидан четда қолиш, ишонувчанлик каби жиҳатлар ҳам хатарнок йўлга кириш хавфини оширади.
Жамият миқёсида радикаллашувни кучайтирадиган сабаблар эса қуйидагилардир:
мафкуравий бўшлиқ, маданий вакуумнинг юзага келиши;
қашшоқлик, иқтисодий ночор умр кечираётган тоифа вакилларида норозиликнинг ортиши, ялпи тушкунлик, ҳокимиятга ишончсизлик кайфиятининг пайдо бўлиши;
жаҳолат, чаласаводлик, илмсизлик оқибатида аҳоли, айниқса, ёшларнинг тарғибот тўрига тушиши;
ташқи кучлар томонидан маҳаллий қадриятларга ёт бўлган ғояларнинг сингдирилиши;
радикализм тарғиботи билан шуғулланадиган ҳаракатларга қарши тура оладиган инфратузилманинг мавжуд эмаслиги.
Иқтисодий қийинчиликлар шароитида ўсган, таҳқирларга нишон бўлган болада ёшлик давриданоқ борлиққа, жамиятга нисбатан нафрат, шафқатсизлик, исён туйғулари шаклланиб боради. Кейинроқ яра газак олиб, хасталик янада хавфли тусга кириши ҳеч гап эмас.
Террорчилар, жангариларнинг насл-насаби, ҳаёт тарзи суриштирилганда, аксари қашшоқ оилалардан чиққани, ночорликдан рисоладагидек таълим олмагани, тўйиб овқатланмагани, камситишларга учрагани аниқланган. Лекин уларни бу йўлга бошлаган мафкуравий йўлбошчилар кўпинча ўзига тўқ, ўқимишли, сиёсий дунёқараши шаклланган, аниқ мақсад, манфаатларни кўзлаган шахслар бўлади.
* * *
Радикализм тарғиботчилари, аввало, одамзоднинг энг ҳассос туйғуси – диний эътиқод орқали унга ҳукм ўтказишга уринади. Тараққиётнинг бешиги, жаҳон динлари ватани ҳисобланган, йирик империялар манфаатлари тўқнашган Яқин Шарқ минтақасида радикаллашув ҳолатлари кўп учрамоқда. Оловли минтақадаги ижтимоий-сиёсий беқарорликлар умумжаҳон тараққиётига ҳам таъсир кўрсатаётир (Rooney C. Creative Radicalism in the Middle East. London, SOAS University of London Press, 2021. P. 52).
Бугун жаҳон ҳамжамияти Афғонистондаги сиёсий вазиятни, ИШИД, “Ал-Қоида”, “Боко Ҳарам” (Нигерия), “Ансор Байт ал-Мақдис” (Миср), “Ан-Нусра” (Ироқ) каби радикал ташкилотлар фаолиятини синчковлик билан кузатиб бормоқда. Чунки бу каби ҳаракатлар фаолияти маҳаллий, минтақавий доирадан чиқиб, аллақачон глобал характер касб этган.
Араб ва ислом дунёсидаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, табақалашув, бирдамликнинг йўқолиши, ишсизлик, тенгсизлик, камбағаллик даражасининг ортиб кетиши, саводсизлик каби салбий ҳолатлар аҳоли норозилигини ошириб, радикал оқимларнинг сиёсат майдонига кириб келишига замин яратди.
Мусулмон дунёсидаги радикал оқимлар соф исломга хос бағрикенглик, тинчликсеварлик тамойилларини рад этади, танқид қилиш ҳуқуқини тан олмайди, маърифат устуворлигини инкор қилади, хатоларни тузатиш заруриятига ишонмайди.
Таассуфки, жаҳон ҳамжамияти ислом сиймосида илм-маърифатга ошно илоҳий динни эмас, балки кўпроқ радикал ҳаракатларни кўрмоқда. Бу, ўз навбатида, цивилизациялараро мулоқотга рахна солаётир. Араб тадқиқотчиси Исмоил Усмоннинг ушбу фикрлари эътиборга моликдир: “Биз диний таълимотлар моҳиятини тўғри тушунишимиз, ақидапарастларнинг тажовузкор ҳаракатларини асло дин билан боғламаслигимиз керак. Шу билан бирга, бағрикенглик ва тотув яшаш маданиятини тарқатиш, маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, хатоларни тан олиш ва бошқаларнинг танқидини қабул қилиш орқали диний муросасизликка қарши курашмоғимиз лозим” (Усмон И. Экстремизм ва диний муросасизлик, уларнинг сабаблари ва уларга олиб келадиган омиллар. Триполи, “Илм-фан ва жамият” халқаро журнали, 2017).
Парадокс шундаки, радикаллашувга қарши курашнинг ўзи муросасиз, радикал тусга кирмоқда. “Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади” деганларидек, радикаллашувга қарши кураш исломни халқаро миқёсда ёмонотлиқ қилиш кампаниясига айланмоқда. Малайзия собиқ бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад “Бугунги кунда исломнинг эзгулик ва бағрикенглик дини экани унутилгандек. Уни радикализм ва экстремизм маншаи сифатида қоралаш нафақат мусулмон бўлмаган, ҳатто либерал қарашли мусулмон жамиятларда ҳам учраб турибдики, бу ўта ачинарли ҳолатдир”, деганида ҳақ эди (Mohammad M. Islam and the Muslim Ummah. Selected Speeches. Putrajaya, Pelanduk Publications Press, 2000. P. 59).
Жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида “исломчилар”, “исломий жангарилар”, “ислом фундаментализми”, “ислом экстремизми” каби атамалар кенг қўлланмоқда. Бизнингча, соф исломий таълимотга буткул зид йўлни танлаган шахслар, гуруҳлар ва ҳаракатларга муқаддас динимиз номини нисбат бериш тўғри эмас. Мусулмон оламидаги нуфузли уламолар ҳам бундай ёндашув нораво эканини таъкидламоқдалар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам муқаддас динимизни экстремистик ва террорчи ташкилотлар билан ёнма-ён қўйишни кескин қоралади. “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари БМТ минбарида (Мирзиёев Ш. Халқимиз розилиги – бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 2018. 253-бет).
Радикализм аталмиш балои азим инсоният бошига мусибатлар ёғдираётган бир вақтда ислом бешиги ҳисобланган араб диёрларини жаҳон ҳамжамиятидан узиб қўйишга уринишлар ҳам кузатилмоқда. Бундай ёндашув муаммони ҳал этишга эмас, билъакс, миллатлараро, динлараро, маданиятлараро мулоқотнинг издан чиқишига олиб келади. Аслида, радикал кучларнинг мақсад-муддаоси ҳам шу.
* * *
Ғарб сиёсий доираларида радикализм ва диний фундаментализм фақатгина ислом динига хос деган стереотип тарқалган. Мазкур бирёқлама нуқтаи назар баъзи исломофоб давлатлар, сиёсий ташкилотлар, гуруҳлар томонидан халқаро доирада шунчалик кўп тарғиб қилиндики, афкор омма онгида янглиш тасаввур шаклланиб қолди. Ҳолбуки, радикализм наинки дин, балки миллат, маданият ва чегара билмас хатардир.
Ўрта асрларда масиҳийликни ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилган салиб юришлари замирида диний мотив қобиғига яширинган сиёсий мақсадлар ётар эди. Кейинги даврларда ҳам дунёнинг турли бурчакларида радикал ҳаракатлар томонидан босқинчилик урушлари амалга оширилди. Японияда самурайлар, Камбожада қизил кхмерлар, Ҳиндистонда сикҳлар каби тоифа, гуруҳлар фаолиятида радикализм аломатларини кўриш мумкин.
ЭТА (Испаниядаги миллий айирмачилар ташкилоти), “Қизил бригада” (Италиядаги инқилобий-пролетар гуруҳ), “Тупамарос Ғарбий Берлин” (Германиядаги сиёсий-миллий радикал ташкилот), Ирландия республикачилар армияси, Курдистон ишчи партияси, Хунта (Лотин Америкасидаги миллий-радикал ташкилот) каби тузилмалар ҳам радикализмнинг жуғрофияси биз ўйлагандан кўра кенг эканини кўрсатади.
1995 йили Токио метросида газ воситасида уюштирилган ҳужум бошида “Аум Синрикё” ибодатхонаси вакили, ҳаракат раҳнамоси, необуддист Шоко Асаҳара турган эди. Террор ҳаракати деб таснифланган бу ҳодиса буддавийлик сингари тинчликсевар эътиқод ҳам радикализмдан холи эмаслигини кўрсатади.
Христиан черкови ўтмишда илм-фан равнақига қарши аёвсиз курашгани, бу борада шафқатсиз жазо усулларидан фойдалангани маълум. Ҳозир ҳам насронийликнинг айрим адашган оқимлари давлат ва жамият қуриш назарияси, инсон ҳаёти, турмуш тарзи, асрлар давомида шаклланган диний қарашларни тубдан ўзгартиришга қаратилган радикал назарияларни илгари сурмоқда.
Эътиқодий қарашларнинг замонавий трансформацияси сокин кечмайди, албатта. Яҳудийлик динида ҳам жиддий муноқашалар юз бераётганини кузатиш мумкин. Тавротга мувофиқ ҳаёт кечиришни даъват этувчи яҳудийлар билан ислоҳот тарафдорлари ўртасида зиддият мавжуд. Жумладан, ўта ортодоксал тоифага мансуб яҳудийлар Тавротдан узоқлашиб бораётган ислоҳотчиларга қарши кескин кураш эълон қилган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Исроилда “неокараизм” радикал оқими вужудга келди. Ушбу ақидапараст оқим “давлатнинг диндан узоқлашиб бораётгани”, “жамиятда динсизлик ортиб бораётгани”ни танқид қилади. Ҳаракат асосчиси Шабтай Бен Дов Исроил давлатининг араб ва мусулмон мамлакатлари билан ҳар қандай муносабатларига қарши чиқади. Ушбу радикал гуруҳ вакиллари Фаластин ерлари тарихан яҳудийларга тегишли эканини даъво қилиб, Ақсо ва Қуббат ас-Саҳро масжидларини араблардан тортиб олиш, уларни яҳудийларнинг муқаддас даргоҳига айлантиришга чақиради. Бироқ Исроилдаги мўътадил фикрли раввинлар араблар билан илиқ муносабатларни сақлаб қолиш, беқарорликка йўл қўймаслик, тинчлик ўрнатиш афзаллигини таъкидлайди.
Ёки ҳиндуийлик динига мансуб сикҳлар ўзини Ҳиндистоннинг асл эгалари деб даъво қилади, бошқа диний эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсизлигини яширмайди. Ушбу тоифанинг мутаассибона қарашларини давлат хавфсизлигига таҳдид деб билган мамлакат бош вазири Индира Ганди 1984 йилда уларга қарши кескин чораларни қўллашга мажбур бўлган эди. Охир-оқибат суиқасд қурбони бўлган И.Ганди диний бағрикенглик давлат ва жамият барқарорлигининг муҳим кафолати эканини исботлай олди.
Радикал ғоя давлат мафкурасига айланса, у хатарли кучга дўниб, бутун бошли жамиятни роҳи ростдан адаштириши мумкин. 1930-йилларда Германияда Адольф Ҳитлер бошчилигидаги национал социалистлар партиясининг ҳокимиятга келиши нафақат олмон давлати, бутун инсоният бошига улкан фожиалар солди. Миллатни бирлаштириш, халқ фаровонлигини таъминлаш каби баландпарвоз шиорлар билан майдонга чиққан мазкур партия шовинизм, экстремизм, ирқчилик, антисемитизм, аксилдемократизм, ирқий гигиена каби вайронкор мафкураларни илгари сурди. Пировардида жаҳон муҳорабасини бошлаб миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлди.
* * *
Радикализм, диний фундаментализм, экстремизм каби иллатларга қарши курашда омма норозилигига сабаб бўладиган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш бирламчи вазифа бўлмоғи лозим. Шунингдек, таълим, маданият, тиббиётни ривожлантириш, диний муассасалар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаро шахсини шакллантиришга ҳисса қўшадиган бошқа институтларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати муҳим ўрин тутади. Жамиятда радикал ғоялар тарқалишининг олдини олишда қуйидаги чора-тадбирларга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:
➢ ушбу хатарга қарши самарали курашиш механизмлари аниқ белгиланадиган, давлат ва жамиятнинг турли бўғинлари фаолияти мувофиқлаштириладиган концепциялар ишлаб чиқиш;
➢ мутаассибона ғояларга берилган шахсларнинг янглиш йўлга кириш мотивларини илмий асосда аниқлаш ва унга жавобан оқилона чоралар кўриш;
➢ “жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида диний мавзуларда мулоқот, суҳбатлар доирасини кенгайтириш, соф диний таълимотга асосланган таълим дастурларини йўлга қўйиш, жамиятда эътиқодий муносабатлар тадрижини мониторинг қилиб бориш;
➢ барча босқичлардаги таълим даргоҳларида умуминсоний туйғулар, тарбия, ватанпарварлик, маърифатпарварлик, диний бағрикенгликка оид ўқув дарсларини жорий этиш;
➢ эҳтиёжманд оилаларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоялаш тизимини янада яхшилаш; ёшларнинг ўқиши, ишлаши, умуман, муносиб ҳаёт қуришида кўмак тизимини такомиллаштириш.
Ҳуқуқий, маъмурий ислоҳотларнинг мунтазамлиги, қонун устуворлиги, коррупцияга қарши муросасиз курашиш ҳам жамият аъзоларини радикал ғоялар таъсиридан муҳофаза этиш шартлари сирасига киради.
Мақола муқаддимасида таъкидлаганимиздек, радикализм сарҳад билмас хатарга айланди. Бинобарин, унга қарши кураш Ўзбекистон учун ҳам долзарб вазифа ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 8 май куни мамлакатимиз Бош қомусида Ўзбекистоннинг дунёвий давлат экани мустаҳкам белгилаб қўйилаётгани, жамиятда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган эди. Ушбу мафкуравий хатарга қарши курашда нафақат мутасадди идоралар вакиллари, балки зиёлилар, ижод, фикр ва санъат аҳли ҳам жонбозлик кўрсатиши муҳимдир.
Сарваржон ҒАФУРОВ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Ғулув ҳалокатга етаклар” мақоласи
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ