
Бир қанча вақт аввал бир гуруҳ фольклоршунос олимлар ва «Забаржад медиа» нашриёти жамоаси «Ўзбек халқ оғзаки ижоди» тўпламини нашр қилди. Унда «Гўрўғли», «Рустамхон», «Авазхон», «Алпомиш» каби халқ достонлари(мазмунига зарар етказилмаган тарзда қисқартирилган), мақоллари, қўшиқлари ва эртаклари ўрин олган. Хўш, айни вақтда ўзбек нашри дунёсида катта таваккал бўлган ушбу ноодатий тўпламдан ўқувчи нималарни олади? Ушбу мақолада шу ҳақда ҳикоя қиламиз.
ЎЙИ, СЎЗИ, АМАЛИ ЧАМБИЛ БЎЛГАН АЛП – ГЎРЎҒЛИ
Ўзбек «Гўрўғли» достонларини баъзилар қирқ, кўпчилик етмиш икки, бошқалар юз йигирма достон деб таърифлайди. Бу хил саноқ уни қардош туркман, озарбайжон, турк, қрим-татар, қозоқ, қорақалпоқ, тожик ва бошқа версия ва вариантларда алоҳида ажралиб туришини ҳам таъминлайди. Ўзбекларда қаҳрамоннинг туғилишида бошланган воқеалар унинг ўсиб, камолга етиши, алп сифатида дунёга донг таратишию, юз йигирма ёшга бориб, умри поёнида Сулдузи ғорига кириб, ғойиб бўлишигача бўлган воқеалар тафсилотини сўзлайди. «Гўрўғлининг туғилиши», «Болалиги – Райҳон пошшодан ор олиши» достонлари туркумни бошлаб беради.
Айни пайтда барча вариантлар орасида Қўрғон бахшиларидан ёзиб олинган намуналар бадиий жиҳатдан юксаклиги, тафсилотларининг кенг баён этилгани, қўшимча образ ва мотивларнинг мавжудлиги билан ажралиб туради. Шу боис Пўлкан шоир ва Раҳматулла Юсуф ўғли вариантлари нашрга тайёрланиб, кенг китобхонлар оммасига етказилган. Қўрғон вариантида қаҳрамон отаси Равшан деб аталади. Ўзбек «Гўрўғли»сининг Хоразм версияси ва қардош озарбайжон ҳамда туркман достонларида эса Равшан қаҳрамоннинг яна бир исми бўлиб келади. Ушбу ном замирида «гўрўғли» сўзининг қадимий маъно қатламларига йўл топишимиз мумкин. Гўр/кўр сўзининг ёруғ, ойдин, нур, ёғду маънолари даврлар ўтиши билан архаиклашиб, сўнгги босқичда «равшан» номи асосий исм муқобили сифатида оммалашган.
Эпоснинг тили – рамз ва тимсоллар тилидир. Барча санъат асарлари қатори мумтоз эпос намуналарида воқелик бир неча қатлам маънога эга бўлади. «Гўрўғли» достонларида ҳам ҳаётий-маиший, ижтимоий-ғоявий ва эзотерик маъно қатлами мавжуд. Талқин этувчи қайси бир қатлам мазмунини асос сифатида олса, ушбу мазмуннинг юзага чиқишига асос бўлувчи манбаларни топади. Биргина мисол: достон аввалида эранлар Гўрўғлидан «От керакми, зот?» деб сўрайди. Гўрўғли отни танлайди. Ана шунда ОТ ва ЗОТ муаммоси ҳал бўлади. МУСБАТ қувват МАНФИЙга эврилади. Гўрўғлининг ОТга эгалигию ЗОТи йўқлиги улкан тимсол, чунки ҳеч бир халқ тепасида бир авлод, насл узлуксиз ҳукм юргизмайди. ЗОТлар алмашади, лекин ОТ давом этади. Улкан салтанат ОТи бир миллатга тегишли бўлиши мумкин, лекин унинг қувватини шу ном билан чеклаш ҳам моҳиятни тор англашдир. Аслида, салтанат тузувчи – Гўрўғлидек алплар бағрикенглик сиёсатини юргизган толерант шахслар ҳисобланади. Улар ўзи мансуб «локомотив» миллат атрофида кўплаб миллат, эл, элатларни бирлаштириб, уларнинг бирдек камол топишига шарт-шароит яратади. Гўрўғли Аҳмад сардордек маҳдуд, майда миллатчи, зотпараст эмас эди. Унинг салтанатида Авазхон (Гуржистондан), Ҳасанхон (Ваянгандан), Тўлакботир (Қандаҳордан), Холдорхон, Асад-Шодмон каби турли элат, уруғлардан бўлган қирқ йигит бирлашиб, Чамбилнинг – озод, эркин ўлканинг гуллаб-яшнашига ўз қувватини қўшишига имкон яратилган. Уларнинг барчаси чамбиллик бўлган, шу ўлка шаъни, шарафини улуғ тутган, Аҳмад сардордек торфеъллик бўлмаган.
…Ватан ва мамлакат тақдири, шаъни, шавкати билан нафас олувчи Эрлар бор экан, бу салтанат завол топмайди. Гўрўғли шундай Эр эди. Гўрўғлининг ўйи, сўзи, амали Чамбил билан боғлиқ эди. Ўйлаганинг ҳаётингга, айтганинг (ёзганинг), амалинг тақдирингга айланади. Эпос халқнинг бадиий тақдирномасидир. Эпоснинг сабоғи кўп. Эпосни ўқиб, ўтмиш, бугун, келажак моҳияти тушунилади, англаб етилади. Бу хил хулосаларни бутун туркумликни яхлит идрок этиш баробарида чиқариш мумкин.
«АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ...»
Қўрғон достончилари «Кунтуғмиш» достонини «Бузуқ» достон деб аташган. Бу ўринда «бузуқ» сўзи атамага айланган ва «трагик, фожиа» деган мазмунга эга. Достон «мурод-мақсадига етди», деб ниҳоялансада, воқеа баёнидаги фожиавий ҳолатлардан келиб чиқиб, бу хил баҳо берилган бўлса керак. Айниқса, Холбеканинг болаларидан айро тушган ҳолда:
Болаларим, эмингларда, тўйинглар,
Бу кундан кай эна дерни қўйинглар.
Бу кундан кай эна сенга қайдадир?
Охират либосин энди кийинглар,
– деб айтган қўшиғида, Кунтуғмишнинг болалари ва ёридан ажралиб:
Хонумоним бўлди чун барбод дастингдан, фалак,
Бўлмади ғамгин бу кўнглим шод дастингдан, фалак,
Қилмадинг асло дилим обод дастингдан, фалак,
То қиёмат дод этарман, дод дастингдан, фалак,
Дод дастингдан, фалак, бедод дастингдан, фалак,
– дея куйиниб фиғон чекиши каби ҳолларида янада аниқлашади.
«Кунтуғмиш» достонини меъёрига етказиб куйлаган Жуманбулбул билан боғлиқ бир ривоят янада ибратли ва достоннинг тингловчилар руҳиятига таъсирини янада аниқроқ етказа олиши билан қимматлидир.
Айтадиларки, Жуманбулбулнинг энг машҳурликка чиққан вақти, овози созига мос, эл орасида булбул номи билан шарафланиб, даврадан даврага ўтиб юрган давр экан. Уни Оқтов ортидаги қишлоққа чақиришган, оти яхши бўлганидан кеч бўлса ҳам, тез етиб оламан, деган мақсадда йўлга тушган экан. У замонлар Оқтов ораси ҳам қуюқ дарахтзор, қўриқлар кўп бўлганидан, одамлар белгили жойлардангина юрар, бошқа ерлардан от-уловнинг ўтиши оғир пайт экан. Овлоқ жой, қуёш ботиш арафаси, Жуманбулбул ёлғиз келаётганида икки қароқчи йўлни тўсиб чиқибди. Жуманбулбул йўлни тик зовга солиб, таъқибдан қутулиб, энг тепаликка чиқиб, пастда қолган қароқчиларни эрмаклаб, кучукболани чақиргандай: «гит-гит», деб калака қилибди. Қароқчилар зовга чиқа олмай доғда қолибди. Йўл четга оғиб, Жуманбулбул ҳам манзилдан адашиб, бир ёруғ чиққан манзилга борибди. Овлоқ меҳмонхона одамларга тўла экан. Жуманбулбулни таниганлар, овозасини эшитганлар даврада кўп экан, «Э, бахши келди», деб кутиб олибдилар. Бир пайт бояги икки йўлтўсар ҳам кириб келибди. Бу манзил қароқчилар йиғиладиган жой экан. Жуманбулбул: «Нима бўлса бўлди, у ёғини Оллоҳга солдим», деб ўтирибди. Овқатга фотиҳа айтилибди, «Энди бахшидан эшитамиз», дебди давра аҳли. Шунда Жуманбулбул «Кунтуғмиш»ни айтибди. Эшитганлар сел бўлиб оқиб, ёшларидан ёқалари ҳўл бўлибди. Тонг отибам достон тугамабди... Бояги қароқчилар ҳам, «Агар қўшиғинг бўлмаганда, ўлиб эдинга, Худо сени қўшиқ билан асради, деб чиқиб кетган экан...»
«Кунтуғмиш» ана шундай достон…
УЗОҚДАН КEЛАЁТИБМАН
«Равшан» достонини «Жуманбулбулнинг уч ҳайдалган шудгори», дейишади. ХИХ асрнинг ўрталарида Жуманбулбул ҳаётида улуғ муҳаббат қиссаси бўлган. «Анорхол сулув» номи билан боғлиқ бу қиссанинг бевосита «Равшан» достонига тегишли жойи бор. Эл орасида «Ўразматнинг отидай от, Анархолдай сулув ўтмас», деган ибора ҳам машҳур. «Равшан»да келувчи: «Журинглар, Чамбил кетамиз, санамлар, Туринглар, Чамбил кетамиз!», «Ёр, айланай, қалпоқ тиккан қўлингдан», шоҳбайтлари билан айтилувчи қўшиқларнинг тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб, давраларда айланиб юргани шунчаки гап-сўз эмас, айни ҳақиқат бўлган.
Равшаннинг Ширвон мамлакатига бориб, бир етим бола тусида ёлғиз кампир билан танишиб, она-бола тутинганининг тасвири бор. Достонда кампир шу хилда баҳоланади: «Равшанбек шундай қараса, бир кампир, ўзи қашқа кампир, бу кампирлардан бошқа кампир, билмайман кирибди неча ёшга кампир. Бели букрайиб қолган, қулоғи тикрайиб қолган, баччағарнинг тишлари омочдай, сочлари полочдай, манглайидан тарлон очган, икки чаккасининг гўшти қочган, бўйинлари тиришган, ҳамма ери қуришган, ияклари буришган, кўринган одам билан уришган, агар бошқа одам эринмаса, эринмасдан уришган кампир. Кўзлари ўтдай, манглайи чўтдай, калласи гов саватдай, қопадиган итдай, балки, баҳайбат бойтеватдай кампир. Чақадиган илондай, қари ҳам бўлса қулондай, бўйнин сузиб булондай, сувга келаётибди.
Равшанбек буни кўриб, кўргандан ранги ўчиб, тусининг қони қочиб: «У баччағар, отам айтганнинг ўзи; бу лаънати қайдан келиб қолди?» деб ёш эмасми, югуриб бир дарахтга чиқиб кетди. Ҳалиги кампир Равшанбек ўтирган супага келиб, уҳ деб ўтириб, кўзасини шу ерга қўйиб, сувга қараса, сувнинг ичида биров турибди. Кампир буни кўриб, дарахтнинг бошига қаради, Равшанбекни кўрди. Равшанбек ичида: «Ў баччағар, кўриб қўйди, энди қандай қиламан!» деб бола эмасми, қўрқаётир. Шунда кампир Равшанбекнинг қизил гулдай жамолини, ўн уч-ўн тўртдаги камолини кўриб, Равшанбекка қараб: «Сенинг тарзинг бизнинг элга келмайди, – деб сўз сўраб турибди». Биз бу тасвирнинг баён услубига диққат қаратмоқчимиз. Тингловчи, китобхонлар орасида достонлардаги насрий қисмлар шеърий парчаларни боғлаш вазифасини ўтайди, деган қараш мавжуд. Бу англам ҳам бекорга пайдо бўлган эмас, насрий қисмнинг бу хил хизмати ҳам бор, аммо уларнинг достон воқеаларини, образларини баҳоловчи, изоҳловчи, тушунтириб берувчи хизматини ҳам унутмаслик зарур. Энг муҳим жиҳати, достондаги қора сўз халқона бадиий матннинг мумтоз намунаси сифатида ҳам юз кўрсатади. Айниқса, Эргаш шоир, Пўлкан шоир, Фозил шоир ва Раҳматулла шоир айтган достон намуналарида бу ҳолнинг ёрқин мисолларига дуч келамиз. «Равшан» достонида ҳам халқона бадиий насрнинг гўзал намуналари мавжуд. Шу жиҳати билан ҳам бу достон алоҳида қадрга эга.
БОЛ АВАЗ ҲАҚИДАГИ ДОСТОНЛАРНИНГ БОШИ
«Гўрўғли» туркумида эранлар Гўрўғли от сўраб, зот сўрамай, афсус билан қайта фарзанд тилаб келган вақтида унга Ваянгандан Ҳасанхонни, Хунхордан Авазхонни келтириб, фарзанд қилиб олишини башорат қилган эдилар. Достонда куйланган тақдир ҳукми амалга ошади. Бахшилар туркумликнинг умум сюжетда Ҳасанхон ва Авазхоннинг Чамбилга келтирилишини алоҳида-алоҳида ҳикоя қилиб беради. Аввал «Ҳасанхон» достони, кейин «Авазхон» достони ижро этилади. Қўрғон достончилик мактабининг икки забардаст бахшиси – Пўлкан ва Раҳматулла шоирлар ижро қилган ушбу вариантлар туркумдаги мумтоз намуналардан саналади. «Гўрўғли» туркумлиги ичида янада тармоқланиб кетган наслий туркумлик «Авазхон» достони билан бошланади. Ҳатто Жанубий Ўзбекистон ҳудудидаги достончилик мактаблари бахши-шоирлари репертуарида Авазхон ва унинг саргузаштлари билан боғлиқ асарлар кўплиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Бу наслий туркумдаги «Авазхон», «Гулқизой», «Гулқизойнинг вафоти», «Авазхоннинг арази», «Аваз ўғлоннинг Румга қочиши», «Авазхоннинг ўлимга ҳукм этилиши», «Нурали ва қари Аҳмад», «Нуралининг ютилиши» каби достонларнинг ҳар бирида Авазхон иштирок этади.
«Авазхон» достонининг Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан оғзидан ёзиб олинган варианти фольклоршунос М. Саидов, З. Ҳусаинова томонидан нашрга тайёрланиб, 1967 йилда Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриётида чоп қилинган. Раҳматулла Юсуф ўғли томонидан ижро этилган «Авазхон» достони илк бор академик Тўра Мирзаев ва фольклоршунос олима, филология фанлари номзоди Зубайда Ҳусаинова томонидан нашрга тайёрланиб, 1997 йилда «Ёзувчи» нашриётида чоп этилган. «Авазхон» наслий туркумининг барча достонларида юрт парокандалигининг олдини олиш, оилавий муносабатларни тиклашга ҳаракат қилиш, отаси қайғусини аритишни ўзининг фарзандлик бурчи деб билиш том маънода асосий эътибор марказига олиб чиқилади.
ТУЛПОРЛАР СИНАЛУР ПОЙГАДА
«Қундуз билан Юлдуз» достонида шундай тасвир бор: «Анда Авазхон қаҳри келиб, илондай заҳри келиб, чўрининг қўлидан ёқут пиёлани олиб, ичидаги шаробни ичиб, оёқни узангига тираб, чўрига аччиғи билан қараб «Бибингнинг...» деб ёқут косани ерга қўйиб юборди. Қимматбаҳо ёқут юз бўлак бўлиниб кетди. Ҳар бўлагидан офтоб кўриниб ётар эди...» Шоир ва фольклоршунос Муҳаммадали Қўшмоқов ушбу тасвирнинг хос мухлиси эди, «Эргаш шоир ижодига ана шу тасвир мени йўллаган, ишқибоз қилган», деб айтишдан чарчамасди. Чинданда, «Қундуз билан Юлдуз» достонида бу хил тасвирларга кўплаб дуч келамиз. Асарнинг яна бир аҳамиятли ва алоҳида ажралиб турадиган жиҳати воқеалар баёнининг пойга шартига қурилганида кўринади. «Гўрўғли» туркуми достонларида келувчи таърифли асл тулпорларнинг сони еттита ва уларнинг шажараси (бевосита ва билвосита) сув тулпорига уланади. Достонда тингловчи дуч келувчи дастлабки тулпор Ҳолвачининг оти. Гўрўғлининг отаси – Равшан кўрнинг бадалига бу отни Шохдорхондан талаб қилади. Ҳолвачи ҳатто отининг тулпор эканини билмайди.
Ёби суратли от Равшан тарбиятидан кейин синсиз тулпорга айланади. Гаждумбек билан Равшан шу от сабаб юртга қайтади. Аммо от манзилга етганда ичи куйиб ўлади. Иккинчи тулпор Райҳон подшонинг оти. Гўрўғли сув отидан тўраган байталини шу отга қўшиб Ғиркўкка эга бўлади. Райҳон арабнинг оти Гўрўғли Зайдинойни олиб қайтганида ярадор бўлиб сафдан чиқади. Туркумда келувчи бошқа отларнинг мукаммал тасвири бевосита «Қундуз билан Юлдуз» достонида келган. …«Қундуз билан Юлдуз» достони туркум воқеаларини тўлдириб туриш баробарида етакчи образлар талқинларининг ўта мукаммал бадиий ифода этгани билан ҳам илмий аҳамиятга эга.
АЛП – ЎЛИМ ЕНГОЛМАЙДИГАН ҚАҲРАМОН
Адолат ўрнатиш учун ботир бўлиш зарур. Мақсадга етмоқ учун курашмоқ лозим. «Алпомиш»да мардликнинг тарғиб қилиниши ана шу ғоядан келиб чиққан. «Алпомиш» мардлик достонидир. Алпомиш – ўлим енголмайдиган одам тўғрисидаги достондир. Достонларда «Алплик тизими» билан боғлиқ тасаввурларнинг қатъий ўлчамлари мавжуд ва бундай тизим фақатгина қаҳрамонлик достонларида, хусусан, «Алпомиш»да ҳам учрайди:
Аввало, қаҳрамоннинг туғилмасданоқ ҳомий эранлар назарида туриши – назаркарда экани. Достонда айтилади: «Қирқ кун ўртадан аниқ вақт ўтди, боз равзадан овоз келди: «Бойбўри, сенга худойим бир ўғил, бир қиз берди, ёлғиз эмас эгиз берди; Бойсари, сенга худойим бир қиз берди, эгиз эмас, ёлғиз берди. Бундан борсанг, фарзандларни кўрсанг, халойиқларни йиғсанг, тўй-томошалар берсанг, тўйда қаландар бўлиб бориб, болаларнинг отини ўзим қўйиб келаман».
Чинакам алп учун қўйилувчи навбатдаги мезонлар қуйидаги тартибда келади: Бахтли юлдуз ойида туғилувчи бўлажак қаҳрамоннинг пайдо бўлиши ҳақида душман юрт коҳинларининг кароматлар айтиши. Уларнинг болани йўқ қилишга уринишлари. «Алпомиш»да «Гўрўғли» эпосида куйланганидек, ушбу мотивнинг аниқ тасвири йўқ. Аммо Алпомиш алп аталганида шундай дейилади: «Буни эшитган душманлар: «Бу бола зўр бўпти, назар топибди, буларга ҳеч ким баробар бўлолмайди, етти яшар бола шундай ишни қиладими?» деб хафа бўлиб ётди». Ушбу иқрор замирида душман юрт армони, афсуслари илғанади.
Қаҳрамоннинг душманларни доғда қолдириб, улғайиш давомида «алплик дарди»га йўлиқиши. Одатда алп халқнинг қуввати мудраётган, омма инерт (суст) ҳолатга тушган бир даврда уни кучга эндирувчи ўзига хос «уйғотувчи» сифатида пайдо бўлади. Бу даврда суст авлод ичида пассионар (бунёдкор) авлод туғилади. Алп пассионар авлод вакилигина эмас, дарғаси – йўлбошчиси ҳисобланади. Ҳамиша пассионар (фаол) авлод инерт (суст) омманинг «ҳаловати»ни бузади. Бу жараёнсиз этнос қувватга кирмайди. Яъни янги сифат босқичига чиқмайди. «Алпомиш»даги «закот» масаласининг кун тартибига чиқиши ва элнинг бу янгиликдан безовта бўлиб кўчиши ана шу икки авлод ўртасидаги курашнинг ифодасидир. Достондаги «закот» мотиви асосида «алплик дарди» бадиий кодлари турибди. Баъзан инерт (суст) омманинг сояси алпнинг хатти-ҳаракатларига ҳам таъсир ўтказади. Алп эса бу даврда йўл қўйган хатолари бадалини улғайганда тўлайди. Этноснинг савобу гуноҳи алпнинг тақдирида, Алпнинг савобу гуноҳи этноснинг тақдирида намоён бўлади. «Алплик дарди» нафақат алпнинг, балки этноснинг янгиланиш бўсағасидаги «дарди», уйғониш, ҳаракатга келиш «оғриқ»лари бўлиб бадиий талқинлар олади.
«Алплик дарди» «танланган» (алп) ва «танловчи»чилар – ҳомий эранлар ўртасида бевосита мулоқотнинг бошланганини билдиради. Янада аниқ айтилса, «алплик дарди» қаҳрамоннинг ерда туғилиб, маълум муддатга «ёввойилашган» руҳ ва танини эранлар иқлимига мослаштириш муддатидаги қаршиликлари ва уйғунлашув жараёни ҳисобланади.
Эранларнинг ўз маконида қаҳрамоннинг жисми ва руҳини илоҳий нур ҳамда шароб билан тоблаб, эмлаб (бамисли асов тулпорни жиловлаб) дарддан халос этишидир. Қаҳрамонга эранларнинг алплик сиру синоатларини ўргатишлари, қаҳрамоннинг алп сифатида қайта яралишига сабаб бўлади, натижада қаҳрамоннинг алплик куч-қудратига, билимига, сеҳрли хусусиятларига, белгиларига эга чиқади, эранлардан алп сифатида бажарадиган вазифаси – ердаги муқаддас вазифаси ва тақдирини (ибтидо ва интиҳо) билиб олади. Айни талаблар Алпомишнинг Алпинбий ёйига эга бўлиши, чилтонлар ҳузурида Барчин ва Алпомиш руҳининг учрашуви ҳамда бошқа тафсилотларда акс этганини аниқ кўрамиз. Эранларнинг қаҳрамонга ҳамкор қилиб ўз шерикларидан бирини қўйиши ҳам «алплик тизими»нинг таянч нуқталаридан ҳисобланади. Достонда бу миссия бобо Қултой зиммасига тушган. Қултойнинг: «Алпомишнинг белгиси шул эди, ўнг эгнида Шоҳимардон пирнинг беш панжасининг доғи бор эди, чап эгнида ўзимнинг беш панжамнинг белгиси бор эди», деб айтиши фикримизни далиллайди. Бир сўз билан айтилса, «алплик тизими» қаҳрамонлик достонларининг «умуртқа»си ҳисобланади. Алпомишнинг ўлим енголмайдиган одам – алплиги достонда шу тартибда бадиий тасвир топади.
ҚЎШИҚ МАЗМУНИНИНГ КАЛИТИ
Халқ қўшиқларидаги рамзлар маъносини билмаслик уларда ифодаланган асл мазмунга парда тортиб, анъанадан узилган авлод учун бегона, тушунарсиз ҳодисадек туюлади. Рамзлар – қўшиқлар мазмунини тушунишда бир калит. Калит қопқани очади. Қопқадан кириш, хазинага эга бўлиш очгувчига боғлиқ. Ҳар қандай бойлик қадрланса, баҳоси билинади. Баҳосини олган нимаики бор, янгидан туғилиб, қайта қувватга киради. Қуйида халқ қўшиқларида келувчи асосий рамзий образларнинг туб маъноларини келтириб ўтамиз:
1. Қушлар (қуш қиёфасидаги образларнинг аксарияти хабарчи мазмунига эга). Турна – хабарчи, элчи. Ўрдак – ёмон хабар, душман. Қалдирғоч – хабарчи. Қарға – хабарчи, ёмон хабарчи, душман. Ғоз – яхши хабар, дўст.
2. Ҳайвонлар. Илон – суюмли ёр, идеал муҳаббат рамзий маъноларига эга. От – мурод-мақсад рамзи.
3. Нарса-буюмлар. Дўппи, салла, телпак, чўгирма – эркак, эркак ҳаётининг рамзи. Ойна – эзгу ният, хайрли тилак, амаллар рамзи. Рўмол – оила рамзи. Сақич – ғийбат, гап-сўз. Соч, соч турмаги – қиз бола, бўй қиз, келинчак, аёллик даври кечинмаларининг рамзий образи. Тамаки (чилим) – ҳирс, инсоннинг интим майллари билан боғлиқ ҳолатларни тасвирлашда қўлланилади. Хол, табиий хол – гўзаллик, ҳусн кўрки, садоқат рамзи. Бир жўра хол – вафодор ҳалол жуфт бўлиш. Ясама хол, ўрмалаган хол, тушган хол, тишлаб олган хол – бевафолик, хиёнатни билдиради. Қошиқ – ризқ рамзи.
4. Ўрин-жой рамзлари. Бозор – ишқий муносабатлар рамзи. Боғ – оила, ёр, севишганлар учрашадиган висол жойи, ҳаёт қувончлари каби рамзий маъноларга эга. Бутун борлиқ улкан олам деб англанса, боғ кичик олам моделидир. Иморат – оила қуриш. Битмай, чала қолган иморат – амалга ошмаган оила орзуси, режаси. Том – оила, оила тақдири, оила бошлиғи рамзий маъноларига эга. Халқ орасида бош қанчалик азиз, улуғ деб қадрланса, иморат (уй)нинг томи ҳам муқаддас саналади. Тана – уй (иморат) тасаввури кенгайиб, уй (иморат) билвосита инсон ва унинг оиласи маъносини ҳам олган. Иморат (уй) – оила тимсоли ҳам ягона тана – кичик олам сифатида қаралган. Бу иморатнинг томи эса оила бошлиғи ҳисобланади.
5. Мевали дарахтлар. Анжир – оилавий ҳаёт, тақдир, никоҳ билан боғлиқ талқинларга эга. Анор – аёл тимсоли. Аёл гўзаллиги, жозибаси, серфарзандлик рамзи. Жийда – фарзанд, бахтли турмуш маъноларида келади. Баъзи ўринларда жийда ўсимлигининг ғайритабиий сеҳрли таъсири, турли демонологик кучлар тўпланадиган жой сифатидаги тасаввурлар бу образ талқинларида ҳам акс этади. Олма – фарзанд, муҳаббат, севги рамзи. Олма рамзининг ибтидоси дарахт ва ҳосилдорлик топинчларига, ушбу асосда пайдо бўлиб ривож топган маросимларга уланади. Олма образининг ҳомила уйғотувчи мева замиридан келиб чиққан фарзанд, мавсумий маросим тизимидаги магик ёр танлаш удумига боғланувчи севги маънолари халқ қўшиқлари учун ўзак рамзий маъно ҳисобланади. Тут – балоғат, орзудаги жуфтлик рамзи. Шафтоли – ёлғон муҳаббат, ўткинчи севги рамзий мазмунида келади. Кўпчилик ўринларда шафтоли олма образига зид маънода қўлланилади.
6. Мевасиз дарахтлар. Гул – қиз, умуман, аёл рамзи. Чинор – узоқ умр, чинордай бўй, гўзаллик рамзи. Терак – йигит, эр, оила бошлиғи рамзий маъноларини ифодалайди. Терак образи «қўш» сифати билан ҳам келган ўринларда ота-она, эр-хотин маъноларида қўлланилади. Тол – ошиқ йигит, эркак киши туб поэтик маъноларида келади.
7. Коинот ва вақт ҳисоби билан боғлиқ рамзий образлар. Юлдуз – фарзанд рамзи сифатида маъно ташийди. Сунбула – меҳрсиз маъшуқ рамзи.
8. Ранг символикаси. Алвон – келинлик даврининг рамзи. Бўз – бўз йигит – уйланмаган, ҳали оила қурмаган, фарзанд кўрмаган йигитдир. Бирор бир экин экилмаган, ўзлаштирилмаган ерга ҳам бўз ер дейилади. Бу маъноларнинг негизи битта. Оқ – эр киши, эркак рамзи. Сариқ – айрилиқ, ҳижрон рамзи. Қизил – қиз, аёл рамзи. Қора – бахтсиз турмуш, рақиб, душман, ёмон ният, айрилиқ, хиёнат, мотам, қайғу-алам каби рамзий маъноларда келади.
9. Касб-ҳунар билан боғлиқ рамзлар. Боғбон – ота, оила бошлиғи поэтик образи.
Вазиятга боғлиқ рамзий образлар:
1. Бедана – ожизлик, имконсизлик, беқарорлик рамзи.
2. Бедапоя – ошиқларнинг учрашув жойи.
3. Буғдой – заҳмат, қийинчилик. Маросим қўшиқларида ҳосилдорлик маъносига эга.
4. Занжир – тақдир, ҳаёт йўлидаги боғлиқлик.
5. Зардевор – ота-она, қариндош, яқин мазмунида келади. Том оила рамзи бўлса, девор том, иморат таянчи сифатида оила яқинларини рамзий ифодалайди.
6. Каклик – беқарорлик, ўринли-ўринсиз гап-сўз, ғийбат маъноларига эга.
7. Кўйлак – манфаат, фойда.
8. Мўйлов – ўспиринлик, йигитлик, балоғат рамзи.
9. Оёқ босиш – никоҳга ўтиш, оила қуриш рамзи.
10. Остона (бўсаға) – киши ва омма, оила ва жамият ўртасидаги чегара маъносини ифодалайди.
11. Сақич – гап-сўз, ғийбат, миш-мишлар рамзи.
12. Сирға – сингил, қаллиқ, келин маъноларида келади.
13. Соқол – ўрта ёш, кексалик ифодасидир.
14. Тариқ – кўнгилсизлик, беқарорлик рамзи.
15. Туз – тақдир, ризқ рамзий маъноларида келади.
16. Шам, шамчироқ – умр нури, ҳаёт қувончининг акси бўлган ғам-ташвиш маъноларини ифодалайди.
17. Ялпиз – висол, учрашув орзуси.
18. Қамиш – киши, шахс, инсон тақдири рамзий маъноларига эга.
19. Қош – хушсувратлик, гўзаллик, ишқий майл мазмунларига эга.
Шомирза ТУРДИМОВ,
филология фанлари доктори, профессор
ИШҚ ВА ҚАҲРАМОНЛИК ДОСТОНИ
«Рустамхон» достони ўзбек халқининг ишқий-қаҳрамонлик эпосининг юксак намунаси ҳисобланади. Достон шу ном остида ўзидан ташқари «Муродхон», «Султонхон», «Офтоб пари», «Рустамхоннинг яралиши» достонларини ҳам бирлаштириб, алоҳида туркумликни ташкил этади. Худди «Гўрўғли» туркумидаги барча достонлар эпик макон – Чамбил атрофида бирлашгани каби «Рустамхон» туркумидаги достонлар сюжети ҳам Оқтош номли юрт билан боғланади.
«Рустамхон» достони, тахминан, ХВ–ХВИ асрларда яратилган деб қаралади. Достонда ватанпарварлик, мардлик, чин муҳаббат ва адолат каби ғоялар улуғланади. Бу нашрда берилаётган вариант 1937 йили Фозил Йўлдош ўғли томонидан ижро қилинган бўлиб, Ҳоди Зариф ёзиб олган. Туркумлик ичида энг кўп нашр қилинган ва тадқиқ учун тортилган достон ҳам айнан «Рустамхон» достонидир. Гарчи бу достонда ҳам қаҳрамоннинг ишқий саргузаштлари куйлансада, бошқа достонлардан фарқли ўлароқ асосий урғу Рустамхоннинг қаҳрамонликларига қаратилади. Отаси юборган жаллодлар қўлидан онасини қутқариб олиши, дев билан жанги, Офтоб пари юртига хавф солиб келаётган аждаҳорни енгиши билан боғлиқ лавҳаларда Рустамхоннинг қаҳрамонлиги улуғланади.
Айрим тадқиқотчилар «Рустамхон» достони сюжетини Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си билан боғлашга уринади. Тўғри, паҳлавон Рустам ҳақида Шарқ халқларида кўпгина ривоят ва афсоналар мавжуд. Бироқ, назаримизда, ўзбек халқ достони бўлган «Рустамхон»нинг «Шоҳнома»га ҳам, шоҳ Рустам билан боғлиқ афсоналарга ҳам мутлақо алоқаси йўқ. Бу нашрда чоп қилинаётган «Рустамхон» достонининг Фозил Йўлдош варианти асар мазмунига таъсир қилмайдиган ҳолатдаги баъзи қисқартиришлар билан ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган.
ПОДШОҲНИНГ ЙЎҚСИЛ БОЛАСИ – МУРОДХОН
«Муродхон» достони «Рустамхон» туркумлигига кирувчи соф ишқий-романтик достон ҳисобланади. Бу достон ҳам худди «Рустамхон» сингари кўп бора нашр қилинган. Подшоҳ отаси эрта вафот этгани туфайли аёли ва ўзи қувғунга учраган Муродхон йўқсилликда, ўтинчилик қилиб кун кечиришга мажбур бўлади. Амалдаги бефарзанд шоҳ ҳам вақти-соати етиб вафот этгач, юртнинг кекса оқсоқоллари қадимдан қолган одат, дея халқни тўплаб, бахт қуши учиради. Бахт қуши ҳар сафар Муродхоннинг бошига қўниб, у Оқтош юртига хон қилиб кўтарилади. Асардаги кейинги воқеалар хон қилиб кўтарилган Муродхоннинг овга чиқиши, у ерда бир парини кўриб ҳушдан айрилиши ва шу парига етишиш йўлида бошдан кечирган саргузаштлар ила давом этади.
Жаббор Эшонқулов,
Абдукамол Абдужалилов
ОСМОНДА ЯШОВЧИ МАШРИҚО
«Машриқо» достони Шаҳризар маликаси Машриқонинг Гўрўғли ҳақида эшитиши ва унга ғойибона ошиқ бўлиб қолиш воқеаси билан бошланади. Машриқонинг юрти Шаҳризар эпик макон сифатида осмонда жойлашгани билан туркумдаги бошқа достонлардан ажралиб туради. Туркумдаги достон воқеаларининг аксари Ер юзида содир бўлган эсада, «Маликайи айёр» ерости мамлакати – Торкистон билан боғлиқ. «Машриқо» эса айни шу достонга эпик макон жиҳатидан қарама-қарши туради. Бундан кўринадики, «Гўрўғли» туркумидаги достонлар воқеалари ерости, ерусти ва осмон оламларида кечади. «Машриқо» достонини чуқур ўрганиш «Гўрўғли» туркум достонлари эпик оламини теранроқ англашга ёрдам беради. Атоқли бахши Эргаш Жуманбулбул айтган «Ойсулув» достони юртимизнинг қадим тарихида бўлиб ўтган ва афсонага айланган шахс ва воқеалар сюжетига асосланади. Тўмариснинг Ойсулув, ўғли Спарангизнинг Кунботир тарзида достонда намоён бўлиши бунинг яққол исботидир.
АЙЁР МАЛИКАНИНГ СИРИ
«Малика Айёр» достонининг ўхшаши йўқ. Китобни ўқиб чиқиб, кўзларингизни юмиб, бир дам тин олинг ва асардаги бадиий воқеликни бошдан оёқ қамраб олишга уриниб кўринг. Нималарни англадингизу, нималарни тушунмадингиз? Сизда савол туғдирган ўринлар тўғрисида ўйлай бошласангиз, достон қатидаги сирлар очила боради. Малика Айёр?! Малика айёр эмаску! Аксинча, Гўрўғли доғули: ўзини пинҳон тутиб, ишини битиради. Балки, парининг исми аслида фонетик ўзгаришга учрагандир? Достоннинг вариант ва версияларида Маликанинг Ой малика Ҳуббон ёки Ойтўти каби исмлар билан аталишини, қолаверса, бахшиларимиз ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида куйлаб, уни Ойяр, Ойёр сингари талаффуз қилганини билганингизда, мана шу уч фактни бир қаторга қўйиб, бир-бирига боғлаб, қандай хулосага келардингиз? Ҳа, топдингиз: бу ерда калит сўз – Ой! Кашфиётингизни ҳозирча, худди математика дарсидаги каби дилда сақлаб турасиз.
Малика юртини Торкистон, Гўристон, Шаҳри Шабистон деб атайди, бу манзилларнинг ҳаммаси зимистон ўлкаси деган маънода изоҳланади. Қўшимчасига, уни ер устидан тополмаслигини таъкидлайди. Воқеалар ривожида сал илгарилаб кетсак: Шоқаландар, Шозаргар, Авазхон учови Торкистонга борганида таърифланади: «Бу қоронғилик дунёга ёруғ дунёнинг куни билан ойининг шуъласи урмас эди…» Эслаб қоламиз: ой, қоронғилик, ер ости.
Синчков китобхон чиллахонада тўшини захга босиб ётган Гўрўғли ҳол сўраб кирган Авазхонга, ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ, «Арботиндан Мақотил келдими?» деб савол беришидан таажжубланади. Қаердан? Ким у? Достонда масала ўзгача қўйилганку! Ишқ дарди. Нима учун аллақандай баҳайбат махлуқ сюжетга суқилиб кирган? Малика юбормаган бўлса. Маликага ошиқликда Гўрўглига рақиб бўлмаса. Исмидан маълум, у қотил – жон олгувчи.
Шу ерда муҳтарам ўқувчига китобда йўқ бир маълумотни шипшиб қўйишим керак. Достоннинг бошқа вариантида Гўрўғли ўзини ўлганга солиб, сохта мотам маросими ўтказади, икки хотинига марция айттиради. Тағин бир бахши талқинида эса Авазхон ясама тилла шер ичига киргач, унга атаб икки қаландар аза очади. Занжиримиз узайиб боряпти: ой, қоронғилик, ер ости, қотил, мотам.
Халқ достонларини тизимли равишда ўқиган бўлсангиз, бир савол туғилгани аниқ: нега қаҳрамонлар ҳар гал ўзга юрт маликаларини олиб қочаверади, бундан бўлак ташвиши йўқми уларнинг?! Яна денг, Гўрўғли ёки Авазхон неча-неча ҳурлиқога уйлансада, кейинги достонда улар эслаб ҳам қўйилмайди, доимги хотинлари билан яшайверадилар. Мен сизга айтсам, илк сюжетларда муаммо ранг-баранг бўлган. Бадиий тафаккур ишқий-романтик босқичга ўтиш асносида тингловчилар талабидан келиб чиқиб ичкин кечинмалар, ҳис-туйғулар, севги саргузаштлари воқеалар марказига кўтарилган.
Муҳаббат можаролари гўзал тараннум этилган «Малика Айёр»дай достон ҳақидаги ширин таассуротларингиз пачавасини чиқарган бўлсам, маъзур тутасиз. Мен қизиқарли воқеалар ортидан қувадиган, ҳаётни фақат ёрқин рангларда кўрадиган китобхонларни назардан қочирибман. Тўғри, бадиий асардан бадиий завқ олиш бирламчи. Аммо ҳар нарсанинг тагига етиш, қават-қават сандиқни бирин-сирин очиб, ичидаги, ичидаги ва яна ичидагини билиш ундан ҳам завқли деб ўйлайман.
Сиз достонни шундай мутолаа қила бошласангиз, олдингиздаги китоб йўқолиб қолади. Тунги гулхан атрофидаги қурда пайдо бўласиз. Бахши кўз ўнгингиздаги асрлар пардасини сидириб ташлайди, кейин Сизни минг йиллар аввалги даврларга олиб ўтади. Шунда ижродаги сакталиклар, масалан, мисраларнинг ёзма адабиётдагидек равон эмаслиги, шеърий бандларнинг тўрт ёки саккиз сатрлик тугал такрорланмаслиги, қофияларнинг ҳамиша ҳам изчил келмаслиги, баъзида оч, баъзида тўқлиги, қаҳрамонлар гоҳи сизлашиб, гоҳи сенсирашиб кетиши… мутолаага халақит бермай қўяди. Ҳа, достон оғзаки жанр. Бахшилар ҳофизларга ўхшаб ёдаки эмас, бадиҳагўйлик билан жонли ижро қилади. Шундан, жузъий камчиликлари узрли.
Сирга қайтамиз. Ой, қоронғилик, ер ости, қотил, мотам. Ана энди айтинг: тирик Авазхон кириб олган тилла шер ҳайкали нимани ёдга солади? Тобутни, деган жавоб кутяпман. Айтганча, бу дунё ва Торкистон орасида Кўкламтоғ туради, унинг 360 дараси бор. Мактабдаги дарслардан биламизки, доира 360 даражага бўлинади. Демак, афсонавий тоғ ер юзини гир айлана ўраган, ундан ошиб ўтгач, нариги дунёга тушилади.
Бахши достон охиригача яшириб келган сир – Шоқаландар аслида Гўрўғли бўлиб чиқади. Кулоҳу жанда киймоққа на ҳожат эди? Бу билан кимнинг кўзини шамғалат қилмоқчи? Йўлдаги асосий ғовлар – девлар султондан қўрқади, уларни тиз чўктириш учун фақатгина Гўрўғли номини тилга олиш ҳам етарли. Баймоқдев эса унинг Шоқаландар қиёфасида келишидан ҳам хабардор. Мақотилни алдаш зарурати қолди, холос. Унга Авазхон балогардон бўлади. Сир ҳам очилди, ҳисоб.
«Малика Айёр» достони сюжети ерости оламига сафар мотивига қурилганини кўпгина олимлар таъкидлаган. Достоннинг ўзида ҳам очиқ айтилган, зотан. Аммо ушбу сафарнинг қандай маросимлар билан амалга оширилганини, мана, ҳозир Сиз кашф этдингиз! Энди хулосаларни умумлаштирамиз: қоронғилик ўлкасининг маликаси Ой ёр (маъбуда) каптар кўринишида учиб келиб, Гўрўғлини гўристонга олиб кетгани Мақотил (ажал) йўлга чиққани хабарини беради. Султон уни чалғитиш учун сохта мотам маросими ташкил этиб, ўзининг ўрнига ўғли Авазхонни рўпара қилади. Чунки ўлим фариштаси фақатгина буюрилган одамнинг жонини олиши мумкин, шу боис савашда енгилади. (Икки иноқ дўст тўнини алмаштириб, Азроилни алдамоқчи бўлгани ҳақидаги нақл ҳам бор.)
Нариги дунёда ҳам Авазхон отасининг ўрнига тобутга киради. Хуллас, қадим-қадимги одамлар ўлимни англашга, унинг чангалидан омон қолишга уриниб, турли урф-одатлар ўйлаб топишган. Ҳар мавсум бошида, яъни баҳорда қабилага кучли сардор танлаш маросими ўтказилган. Кимнинг қўли баланд келса, келгуси мавсумгача тўдабошилик қилган. Аввалига биологик куч устунлик берса, кейинчалик тажриба ўз сўзини айта бошлаган. Кекса сардор мақомини сақлаб қолиши учун ёшлар кучини гўёки унга кўчирадиган маросимлар ўйлаб топилган. Мана, достон тубида ётган мифни тикладингиз.
Агар кимдир гапларингизга ишонқирамаса, тахминан бир ярим минг йил аввал Самарқандга келган хитойлик элчи Йилбоши байрамида марҳум шаҳзоданинг суягини қидириш маросими ўтказилгани ҳақида гувоҳлик берганини айтинг. Бу ҳам қаноатлантирмаса, икки ярим минг йил илгари Ҳерадот фиръавнлардан бири қизини ўлдириб, тилла сигир кўринишидаги тобутда сақлагани, майитга йилда бир марта қуёшни кўрсатиши ҳақидаги ғаройиб маросимни ёзиб қолдирганини эслатинг.
ХХ аср бошида Самарқанд яқинидан ёзиб олинган достоннинг беш минг чақирим наридаги Мисрга нима алоқаси бор, дейсизми? Орада фақат масофа эмас, неча минг йиллик вақт ҳам борлигини унутманг. Дунё яхлит. Олам бус-бутун. Сизнинг генларингиз минг йил аввал Болқонда, икки минг йил аввал Олтойда… бўлган чиқар. Ер юзидаги уммонларда сув қандай тўлқин уриб турса, қуруқликда қавмлар ана шундай бориб-келиб кўчиб юрган. Ҳозир ҳам шундай!
Худди одамлар сингари Сир ҳам Ер юзига сочилиб кетган. Ҳеч ким тугал эга чиқолмайди. Косамизга сиққунича баҳраманд бўламиз. Фозил Йўлдош ўғли Айёр малика сирини бизга имкон қадар етказиб берган, аммо тугалроқ тасаввур ҳосил қилиш учун бошқа бахшиларга ҳам мурожаат этишга мажбур бўлмоқдамиз. Ҳозир Сиз билан биргаликда «Малика Айёр» достони қатидаги бир тутам сирни очдик. Ҳали тилга кўчмаган қанча гаплар қолди дилда. Аминманки, достонда худди фойдали қазилмалар каби қават-қават хазиналар яширин. Агар Сиз янги сирларни кашф этсангиз, мени ҳам хабардор қилишни унутманг!
Фаррух ЖАББОРОВ
ТАФТИШ ҚИЛИНМАЙДИГАН ҚАТЪИЙ ҚОНУНЛАР
Туркий халқлар орасидаги мақолларни бир жойда жамлаш ва уларнинг мазмунни изоҳлаш юмушини қомусий олим Маҳмуд Қошғарий бошлаб берди. Аллома «Девону луғати-т-турк» асари муқаддимасида: «Мен бу китобни махсус алифбо тартибида ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, қўшиқлар, ражаз ва наср деб аталган адабий парчалар билан безадим. Қаттиқ жойларини юмшатдим, қийин ва қоронғи жойларини ёритдим»[1], деб ёзар экан, туркий халқ мақолларининг илк тўпловчиси ва талқинчиси ўзи эканини далиллайди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан ХИ асрда қўлланган 295 мақол бизга қадар етиб келди[2].
Ўзбек мақолларини қуйидаги кўринишда тасниф этиш мумкин:
а) олам ва одам ҳақидаги «Дунёнинг иши – мири кам икки»;
б) табиий ҳодиса ва эврилишларга доир «Кун қизариб ботса, қизингни узат, тонг қизариб отса, томингни тузат»;
д) миллий ўзига хосликни ифодаловчи «Айтган жойга эринма, айтмаган жойда кўринма»;
э) оила, қариндош-уруғ, қўшничиликка оид «Ҳовли олма, қўшни ол»;
ф) миллат табиатига муносабат «Ўзбек бойиса, уй солар, қирғиз бойиса, мол олар»;
г) миллий қадрият ва урф-одатларни ифодаловчи «Меҳмон – атойи худо»;
ҳ) замон ва макон билан боғлиқ «Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши – ёруғ» каби мақоллар халқнинг яшаш жараёнидаги кузатувлари асосида шаклланган.
Мақоллар халқнинг дунё, ҳаёт, турмуш ҳақидаги энг ихчам, тафтиш қилинмайдиган қатъий қонунлари саналиб, улар замирига сингдирилган мазмун ҳамда ғояни ҳар бир ўқувчи ўзи қалбида муҳрласа ва ўзлаштирса, том маънодаги «Ота боласи эмас, одам боласи бўлиши»дан умидимиз катта.
Шомирза Турдимов,
Йўлдош РАҲМАТОВ
СЎНГСИЗ КУРАШЛАР ИНЪИКОСИ
Шимолий Америка ҳиндуларининг қарашларига кўра, бир инсон танасидаги икки айиқ унинг қалбини эгаллаш учун ўзаро абадий курашга маҳкум этилган. Айиқларнинг бири ўзида мурувват, муҳаббат ва ишонч каби барча эзгу ҳисларни мужассамлаштирган бўлса, иккинчиси қўрқув, шармандалик ва умидсизлик каби бадбин туйғуларни ифодалайди. Бу курашда кимнинг ғолиб чиқиши тана эгасининг қайси томонга хайрихоҳлик билдиришига, аниқроғи, қайси айиқни озиқлантиришига боғлиқ экан. Шарқий Осиё халқларининг «Ин-Ян» деб аталувчи рамзий белгисида ҳам инсон ботинида кечадиган адабий зиддият ўз аксини топган. Бинобарин, ҳис-туйғулар учун ўлим ва завол тушунчалари бегона. Улар вақтинчалик чекиниши, таслим бўлиши, заифлашиши мумкин. Илло, бутунлай йўқолиб кетиши имконсиз.
Демак, эртагу достонлардаги ўтда ёнмас, сувда чўкмас, қилич ботмас қаҳрамонлар хаёлий фаразлар ҳосиласи эмас. Уларнинг ҳар бири муайян фазилат ёки қусурнинг поэтик ифодаси ўлароқ намоён бўлади.
Халқ эртакларидаги бош қаҳрамон ва антагонист ўртасидаги жанг тасвирида ҳам ўз хислатларини тарбиялаётган ва ўз нуқсонларини бўйсундираётган, бошқача айтганда, комиллик сари интилаётган соликнинг ҳаёт йўлини кўрамиз. Ёки бой ва камбағал ўртасидаги низо, бир вақтлар бизга уқтиришганидек, синфий курашни эмас, балки ҳирс ва қаноат ўртасидаги зиддиятни ифодалайди. Кишиларни ўлимга маҳкум этган подшони бу фикридан қайтарган, унга жўяли маслаҳат бериб, одамлар ҳаётини сақлаб қолган вазир ёвузлик бандида жон сақлаб қолган раҳмдилликнинг инъикоси, десак, адашмаган бўламиз.
Кундалик турмушимизда фақатгина ёмон хислатларни намоён этадиган ва бу иши билан мақтанадиган ёки бошдан оёқ фазилатга бурканган одамни топиш мушкул. Аммо халқ эртакларида бундай қаҳрамоннинг бўлиши мутлақо табиий ҳодиса сифатида қабул қилинади. Мисол учун, «Зумрад ва Қиммат» эртагидаги ўгай она ва унинг қизини гавдалантирган образларда бирор эзгу хислатни кўрмаймиз. Зумрад эса гўёки бекаму кўст инсондек таассурот қолдиради. У ўзини кимсасиз ўрмонга ташлаб келган отасидан ҳам ранжимайди. Демак, доно халқимиз бир қиз тимсолида барчага бирдек эзгулик соғинадиган, қуёшдек бепоён меҳр туйғусини бадиий акс эттирган. Отанинг ўз қизини адаштириб келиши эса таҳдид ва ваҳима исканжасида қолган инсонларнинг энг азиз туйғулардан осонгина воз кечишига ишора бўлса, не ажаб.
Аммо бир муддат етарлича қадр топмаган меҳр изсиз йўқолиб кетмайди, у зулмат қўйнида куч йиғиб, яна асл ватанига – инсон қалбига қайтади. Қалбда меҳр ва эзгулик доминантлик қилаётган бир пайтда эса қаҳр ва ёвузликка ўрин қолмайди. Она ва қиз аждарҳо домига тушади. Шу тарзда янги бир кураш даврининг ибтидосига замин яратилади. «Беш жонлини бежон қилган Баҳодир» номли эртакни бемалол ўз қўрқувини енгиш борасидаги ўзига хос концепция дейиш мумкин. «Кенжа ботир» эртагида ҳам эътиборга молик мажозий ифодалар келтирилган. Мазкур эртакда уч ака-уканинг саргузаштлари ҳикоя қилинади. Фольклоршунослар фикрича, эртаклардаги ака-укалар инсон умрининг, руҳиятидаги эврилишларнинг турли босқичларини ифодалайди. Яъни катта ака шахснинг фақат моддий эҳтиёжлар учун қилган ҳаракатларини, ўртанча ўғил эса танани поклаб, зоҳиран тозаланиш жараёнларини ифодалайди. Маънавий юксалиш борасидаги оғриқлар, бу йўлда чекилган изтироблар кенжа ботир тимсолида ўз аксини топади. Акаларнинг ғафлат босиб, ухлаб қолиши, қийинчиликларга чидамсизлиги шундан. Ҳасад ва хиёнат уларнинг қўлидан келадиган ягона амал, охир-оқибат бу қусурлари ўзларини ҳалокат сари элтади. Мазкур эртакда кенжа ука кесилган бош ортидан бориб, ўлим салтанатига сафар қилади. У ерда девлар қўлидаги маликани озод этади.
Шу ўринда девлар ва малика образларига яширинган тимсолларга эътибор қаратмоқ жоиз. Гўзал малика инсон доимо интиладиган орзу-ниятларнинг, олий мақсадларнинг инъикоси ўлароқ намоён бўлади. Айнан ўша мартабага эришмоқ, манзилга етмоқ учун эса йўлдаги барча тўсиқларни бартараф этмоқ – девларни ўлдирмоқ керак.
Бир сўз билан айтганда, халқ эртакларидаги ҳеч бир образ, ҳеч бир эпизод шунчаки эрмак ёки воқеаларни қизиқарлироқ қилиш учунгина ўйлаб топилмаган. Уларнинг ҳар бири ўша эртакни яратган халқнинг кўп асрлик ҳаётий хулосалари, эпик тафаккури, орзу-армонларини ифодалайди. Эртакларни ўқиб, уларнинг замиридаги ҳақиқатни англаган инсон башарият тарихи, унинг истиқболини кўра олади. Бунинг учун тимсоллар тилини тушуна олсак, кифоя.
Элбек ЖУМАНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
________________________________________
[1] Кошғарий М. Девону луғати-т-турк. 1-том. – Тошкент: Фан, 1963. – Б. 34.
[2] Асардаги мақоллар индекс-луғатда 21-мавзу асосида берилган. Девону луғати-т-турк. Индекс-луғат. – Тошкент: Фан, 1967. – Б. 529-541.
Мафкура
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ