Соябонлар тарихи Амир Темур саройига бориб тақаладими?


Сақлаш
16:33 / 16.04.2025 26 0

 

Испаниялик сайёҳ Клавихо эсдаликларида ёзишича, 1404 йил 3 сентябрь куни Амир Темур ўзининг «Дилкушо» боғида уни қабул қилган. Элчининг ушбу базм ҳақидаги тафсилотларида эътиборли бўлган бир жиҳат бор: «Малика билан уч юзга яқин аёл биргаликда келди. Маликанинг юзига офтоб тушмаслиги учун бир киши худди чодирнинг тепа қисмидек дум-думалоқ қилиб оқ шойидан ясалган ва ҳалқасимон ёғоч чивиққа тортилган соябонни тутиб борарди».

 

Катта эҳтимол билан Ғарбий Европада соябонларнинг урф бўлишига мана шу элчиларнинг юртимизга ташрифи давомида кўрган-кечирганлари сабаб бўлган. Зеро Францияда дастлабки соябонларнинг пайдо бўлиш санаси ХVII аср эканлиги бизда шу каби мулоҳаза уйғотади.

 

1341 йилда Чиғатой улусига мансуб мўғул хонларидан Қозонхоннинг хонадонида қиз фарзанд дунёга келади. Сарой кўрки, гавҳари бўлсин дея ният қилиб, унга Сароймулкхоним номи берилади. Мамлакатдаги низолар сабаб отаси тахтдан йиқитилиб, қатл этилганда Сароймулкхоним эндигина беш ёшга тўлганди.

 

У ёшлигидан аёвсиз курашларни кўриб катта бўлади. Малика балоғатга етгач, 1355 йил Мовароуннаҳр ҳукмдори амир Қозоғоннинг набираси Амир Ҳусайн никоҳига киритилади. Бироқ зиддиятларга тўла давр бу никоҳга анча эрта чек қўяди. Бунга Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасидаги кураш сабаб бўлганди.

 

Маълумки, 1370 йилда Амир Темур Амир Ҳусайнни енгиб, уни қатл эттиргач, Самарқанд тахтига ўтиради. Шу аснода Темур Мовароуннаҳр ҳукмронлигини ўз қўлига олади. Замон талабларидан келиб чиқиб, енгилган хон ҳарами ғолиб хонга ўтарди. Бу сафар ҳам шундай бўлади. Амир Темур Ҳусайн ҳарамидаги тўрт хотинни ўз ҳарамига олади ва идда муддати тугагач, уларни ўз никоҳига киритади. Сароймулкхоним ҳам ушбу завжалар қаторида эди.

 

Сароймулкхоним хон авлодига мансуб бўлгани боис ушбу никоҳдан сўнг Амир Темур «Курагон», яъни хон куёви унвонига мушарраф бўлади. Сароймулкхонимнинг насл-насаби ҳарамдаги барча маликалардан улуғлиги сабаб, унга «Бибихоним», яъни катта хоним унвони берилади. Албатта бу унвонга нафақат унинг келиб чиқиши, балки, ақл-заковати ҳам сабаб бўлганди. Ҳатто аёллар ҳақида ёзишни унча хуш кўрмайдиган Шарқ тарихнавислари ҳам бу аёл ҳақида тўхталиб, унинг юксак идрокли, ҳусн-латофатда беназир бўлганини таъкидлаган.

 

Хусусан, Амир Темур саройида яшаб ижод қилган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур» («Темур тарихида тақдир ажойиботлари») китобида Сароймулхонимга катта бўлмасада, эътиборли бир таъриф берилган: «Темурнинг хотинларидан энг муқаддами ва баркамоли Катта Малика (Сароймулхоним)».

 

Бундай баҳога Сароймулкхонимнинг хон саройидаги мавқейи ҳам сабаб бўлганди. Ўта мушоҳадакор ва қатъий Амир Темур катта тадбирларни амалга оширишда айнан шу маликанинг доно маслаҳатларига бот-бот мурожаат қилгани манбаларда қайд этилади.

 

Ўрта аср шароитида мамлакатга келган чет эллик элчиларни қабул қилиш маросимларида аёлларнинг иштироки ва уларнинг ўрни ўзини маданиятда энг устун, дея таърифлаб келган давлатларда ҳам кам учрайдиган ҳодиса эди. Ҳолбуки, Амир Темур саройида жорий этилган тартибларга кўра, ажнабий элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида унинг хотинлари ҳам иштирок қилган. Бу хусусда испан тарихчиси Клавихонинг эсдаликлари бизга жуда қимматли маълумотлар беради.

 

Амир Темур 1402 йилда Испанияга хожа Муҳаммад Кешин бошчилигида элчилар йўллаган. Бир неча йилдан сўнг қироли Ҳенрих де Трастамар мана шу ташрифга жавобан бадавлат ва нуфузли оқсуяк испан оиласида тарбия топган Гонсалес де Клавихони элчи сифатида юборади ва унга илоҳиёт илмининг номзоди Альфансо Поэс де Санта Мария, қиролнинг махсус соқчиси Гомес де Салазарни ҳамроҳ қилади.

 

Амир Темур саройига элчи тариқасида юборилган бу шахслар Самарқандда бир неча йил бўлади. Элчи ўз кундаликларида ўша вақтда Амир Темур қўл остидаги мамлакатлар ва шаҳарларнинг умумий аҳволи, халқ турмуши, урф-одатлари, соҳибқирон саъй-ҳаракати билан тикланган турли иншоотлар, жумладан қасрлар, масжидлар, мадрасалар, хонақолар, савдо расталари, дўконлар, устахоналар, шунингдек Амир Темур давлатининг қўшни давлатлар, хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Олтин Ўрда, Мўғулистон ва бошқа мамлакатлар ила олиб борган муносабатлари, Темур саройидаги тартиб-қоидалар ҳақида ёзиб қолдирган.

 

Муаллиф соҳибқироннинг хотинлари, келинлари ва уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Тарихчининг назаридан сарой хонимларининг юриш-туришидан тортиб, уларнинг кийиниш маданияти, пардоз андози, яшаш тарзи, фойдаланадиган ашёлари ҳам четда қолмайди.

 

«У бундай кийинган эди: эгнида зарҳал билан тикилган, этаги ерда судралиб юрган узун ва кенг, енгсиз, ёқасиз, қизил шоҳи кўйлак. У белидан торайтирилмаган, этагигача кенгайиб борарди. Маликанинг юзига офтобдан сақланиш учун оқ упа шу қадар қалин қилиб суртилган эдики, чеҳраси бамисоли оқ қоғозга ўхшарди. Қишда ёки ёзда сафарга чиққан барча аслзода аёллар юзларига шунақа қилиб упа сурадилар. Маликанинг юзига юпқа оқ рўмол тутилган. Бошида худди урушларда кийиладиган дубулғага ўхшаш баланд қизил бош кийими. Рўмолнинг учлари хонимнинг елкасига тушиб турибди, қуйи қисмига матоҳ тутилган. Уларга дурра поёнлар, ёқут, феруза, ва бошқа хилма-хил қимматбаҳо тошлар жуда чиройли қилиб қадалган. Бош кийимнинг зарҳал билан тикилган ва хоним елкасига тушиб турган қисми ҳам қимматбаҳо тошлар ва дури ноб билан безатилган, унга чиройли тилла баргак қадалган. Қалпоқ учи чиройли, икки бармоқ йўғонлигида ял-ял ёниб турган тиниқ уч дона ёқут қопланган. Шунингдек, унга қадалган, узунлиги икки қарич оқ жиғанинг айрим парлари пастга эгилган, баъзилари юзу кўзга тушиб турарди. Зар иплар билан боғланган парлар ўрами охиридаги жиғага қимматбаҳо тошлар тикилган, уларнинг орасида оқ марваридлар ҳам бўлиб, улар юрганда пирпирайди», дея Бибихонимга таъриф берган Клавихо.

 

Кўринадики, либослар нафақат ташқи жиҳатдан кўримли бўлган, шунингдек, улар биз ҳозир европача деб таъриф берадиган аёллар либослари русумига ҳам жуда яқин. Клавихо эсдаликларида бизни қизиқтирадиган яна бир жиҳат мавжуд. Унда ёзилишича, 1404 йил 3 сентябрь куни Амир Темур ўзининг «Дилкушо» боғидаги элчиларни қабул қилган. Маросимда испан қироли юборган ҳадялар орасидан ҳукмдорга айниқса, қизил мовут маъқул бўлган ҳамда бу ҳақда ўз хотинлари, биринчи навбатда Сароймулкхоним билан фикрлашган. Аввало, бу деталь ҳам соҳибқироннинг аёлга муносабатнинг яна бир катта ва ёрқин намунасидир.

 

Элчининг тафсилотларида яна бир эътиборли жиҳат бор. У ҳам бўлса, Соҳибқирон аёлларига бўлган ҳурмат ва эътибор: «Малика билан уч юзга яқин аёл биргаликда келишди. Маликанинг юзига офтоб тушмаслиги учун бир киши худди чодирнинг тепа қисмидек дум-думалоқ қилиб оқ шоҳидан ясалган ва ҳалқасимон ёғоч чивиққа тортилган соябонни тутиб борарди (ким билади Ғарбий Европада соябонларнинг урф бўлишига мана шу элчиларнинг юртимизга ташрифи давомида кўрган кечирганлари ҳам сабаб бўлгандир, ҳар қалай Францияда дастлабки соябонларнинг пайдо бўлиш санаси ХVII аср эканлиги бизда шу каби мулоҳаза ҳам уйғотади).

 

Ҳарам оғалари хоним ва аёллардан олдинда борарди. Шундай қилиб, хоним улуғ амир ўлтирган кўшкка келиб, Темурбекдан бироз орқароққа бориб жойлашди... Хонимни кузатиб келган аёлларнинг ҳаммаси кўшкдан ташқарида жойлашди. Хонимнинг ёнида учта аёл унинг бошидаги қизил қалпоқ тушиб кетмаслиги учун уни тутиб турарди».

 

Бу каби илтифот Темурнинг бошқа аёлларига ҳам кўрсатилган. Улар ҳам навбати билан келиб, худди шунча хос канизаклари билан тилга олинган тартибда ўзлари учун белгиланган жойдан ўрин олган.

 

Шу йилнинг 17 сентябрида Сароймулкхоним томонидан берилган катта зиёфатга таклиф этилган элчининг эътиборини энди Бибихонимнинг соч турмаги ўзига тортади ва бу ҳақда у шундай ёзади: «Хонимнинг тим қора сочлари елкасига тушиб турарди. Улар, умуман, бу ерликлар қора сочни юксак қадрлайди. Ҳатто сочни янада қорайтириш учун уни бўяйди».

 

Элчиларни хонтахта қаршисидаги олтин дарахт, айниқса ҳайратлантиради. Бўйи одам баландлигича келадиган ушбу дарахт олтин товоққа ўрнатилган. Дарахтнинг танаси одам оёғи йўғонлигича бўлиб, унинг шохлари эман барглари сингари япроқлар билан қопланган. Унинг йирик-йирик, думалоқ ажойиб мевалари бўлиб, улар сарғиш, қизил, зангори ёқутлар, зумрадлар, ферузалар ва марваридлар билан безакланган. Бу каби қимматбаҳо тошлар нафақат меваларга, шунингдек дарахт танасига ҳам ўйиб ўрнатилган. Дарахт меваларига қўниб турган олтин қушчалар бунданда, ажойиб. Улар гўё турли ҳолатларда «қотиб қолган». Турли ранглар билан сайқал берилган қушчаларнинг баъзиси энди қўняпти, бошқаси меваларни чўқиб еяпти, яна бошқаси тушиб кетаётгандек шохчага зўрға илиниб қолган. Айримлари дарахтдаги ёқут, феруза, марварид ва бошқа тошлардан ишланган меваларни тумшуқлари ила чўқиб кўряпти.

 

Клавихо бундан манзарадан завқланиб, барчасини кундаликларига туширган.

 

Амир Темур вафотидан сўнг Самарқанд тахтига унинг набираси Халил Султон ўтиради. Ибн Арабшоҳнинг маълумотига кўра, Халил Султоннинг хотини Шод Мулк бегим 1408 йилда Сароймулкхонимни заҳарлаб ўлдирган. Сароймулкхонимнинг жасади ўзи қурдирган мадраса ёнидаги мақбарага дафн қилинган.

 

1941 йил июнь ойида Гўри Амир мақбарасида ётган Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо ва Улуғбек Мирзоларнинг қабри очиб текширилгач, Сароймулкхоним қабри ҳам очилиб, унинг жасади текшириш мақсадида Тошкентга олиб келинган. Кейинчалик жасад қайтадан қабрга қўйилган.

 

Ғарбий Европа олимлари, хусусан, Бретшнейдер Шоҳруҳ Мирзо Сароймулкхонимдан туғилган, деб ёзган бўлсада, тарихий маълумотлар Амир Темур бу маликадан фарзанд кўрмаганини таъкидлайди. Аммо Соҳибқирон ўғли Шоҳруҳ Мирзони, набиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзолар тарбиясини бевосита Сароймулкхонимга ишониб топширган.

 

Дилфуза Раҳматуллаева

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17635
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//