
Илк навоийшунос
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ‒ Алишер Навоийнинг кичик замондоши, ёшлари ўртасидаги фарқ 42 йил. Демак, улар ўзаро ота-ўғил ёшида бўлган, лекин ҳаётда кўришмоқ насиб этмаган.
Профессор Абдуқодир Ҳайитметов илк навоийшунослар сафида Бобурни ҳам санаб, “Бобурнома” асарида Навоий ва у яшаган ижтимоий-сиёсий, маданий муҳит янгича қарашлар билан ёритиб берилди” деб ёзади (Ҳайитметов А. Илк навоийшунослар. “Нақшбандия” журнали, 2012 йил, 2-сон. 9-бет).
Бу икки сиймо муносабатлари озми-кўпми ўрганилган. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”даги мақоланинг бир фасли айнан шу масалага бағишланган (Сирожиддинов Ш., Аъзам А. Навоий. Амир Низомиддин Алишер. Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси. Тошкент, “Sharq”, 2014. 386–388-бетлар). Жумладан, уларнинг шахс сифатидаги ўхшаш жиҳатлари, Бобур лирикасига Навоий таъсирининг айрим қирралари, “Аруз” рисоласининг биринчи қисмида Навоийдан 26, иккинчи қисмида эса 264 байт мисол ўлароқ олингани, асарда фақат Навоийдангина бир неча ғазал тўлиқ келтирилгани, Бобур “эди” радифли ғазалини Навоийнинг бир воқеабанд ғазалидан таъсирланиб ёзгани баён этилади. Айни чоқда кичик замондошининг Навоийга танқидий муносабати ҳам эслаб ўтилади: “Бобурнома”да бундай юксак баҳолар билан бир қаторда Навоий ижодининг айрим жиҳатлари: “Мезон ул-авзон”, “Муншаот” асарлари ва форсий девонига нисбатан салбий баҳолар мавжуд. Бундай мулоҳазаларнинг туғилиши, бир томондан, Бобурнинг қўлига тушган қўлёзмаларнинг хатолар билан кўчирилгани (С.Ҳасанов) ёки Навоий ижоди билан тўлиқ танишиб улгурмаган пайтда айтилгани билан изоҳланади”. Мақола муаллифлари Бобурнинг Навоийга муносабатини белгилашда фақат “Бобурнома” билан чекланиш хатолигини қайд этиб, “Бобурнома”даги фикрларни муаллиф умрининг охирларида битган “Аруз” рисоласи ва Навоий шеъриятининг Бобур “Девон”ига таъсири билан бирга қараш лозим” дейдилар ва исбот тариқасида мазкур мисолни келтирадилар: Бобур “Аруз” рисоласида Навоий томонидан “Дарёи аброр” (Хусрав Деҳлавий) қасидасига жавобан ёзилган “Туҳфат ул-афкор” қасидасидаги каби матлаъ кам воқе бўлганини қайд этган экан. Хуллас, бу олимларимиз фикрича, “Бобур Навоийнинг ижоди ва сиёсий фаолияти билан яқинроқ танишиб борар экан, унга эътиқоди ҳам юксала борган”.
Бизнингча, бу далиллар Бобурнинг Навоийга танқидий муносабати буткул ўзгарганини тўлиқ исботлай олмайди.
Таниқли адабиётшунос Отабек Жўрабоев “Бобур ‒ навоийшунос” (“Жадид” газетаси, 2024 йил, 9 февраль) мақоласида икки улуғ зот муносабатларига оид қатор факт ва маълумотларни келтиради. Мақола муаллифи “Аруз рисоласи”да Навоийдан 215 та парча келтирилиб, биттасидагина унинг муаллифи очиқ айтилмаганини қайд этади, “Хазойин ул-маоний”нинг биринчи девонидан 88, иккинчи девонидан 38, учинчи девонидан 26, тўртинчи девонидан 24 шеърий парча келтирилганини аниқлайди. Бу жами 186 тани ташкил этади. “Қолган 37 та шеър (байт ва рубоийлар) эса “Хазойин ул-маоний” таркибида йўқ асарлардир. Албатта, уларнинг ҳам айнан Алишер Навоийники эканлигига ҳеч бир шубҳа йўқ” деб ёзади О.Жўрабоев. Келтирилган сонларни қўшсак, 215 эмас, 223 келиб чиқяпти, демак, бу ерда рақамларда озгина адашиш бор. Шунинг учун олимнинг ўзи таъкидлаган мана бу фикрга биз ҳам қўшиламиз: “Бобурнинг “Аруз рисоласи” устида ҳали илмий-қиёсий ва матний тадқиқлар давом этиши лозим”.
Жабҳалар
Бизнингча, Бобурнинг Навоийга муносабатини қуйидаги тўрт йўналишда ўрганиш зарур: Бобур лирикасига Навоийнинг таъсири; “Аруз рисоласи”да Навоий шеъриятига муносабат; “Бобурнома”да Навоий ижодига берилган ижобий баҳо; “Бобурнома”да Навоий ижодига нисбатан танқид.
Кўриб ўтилган тадқиқотларда буларнинг ҳар бирига оид озми-кўпми мулоҳазалар бор. Ҳеч бўлмаганда, улар илмий масала қилиб ўртага қўйилган. Келажакда шу тўрт жабҳа бўйича жиддий ва йирик тадқиқотлар ёзиш керак.
Танқид устига танқид
“Бобурнома”да муаллифнинг Навоийга юксак эҳтироми юқорида кўрсатилган ишларда, айниқса, Отабек Жўрабоев мақоласида баён этилган, аммо бир жиҳат – “Бобурнома”да Навоий ижодига танқидий муносабат очиқ қолган. Хўш, шунча юксак эҳтиромига қарамай, Бобур нега Навоийга баъзан беписандроқ муносабатда бўлади?
Одатда чин мухлис ихлос қўйган инсонидан айб қидирмайди. Ғарбона қарашда ифодаласак, “кумир” деб билган кишисида айб кўрса-да, уни кўрмасликка олади. “Беайб – Парвардигор” деб қўяқолади. Навоий Султон Ҳусайнда айб кўрмаган деб ўйлайсизми? Ахир, буюк мутафаккир умрининг ярмидан кўпи, аниқроғи, 31 йили бевосита ёки билвосита айнан шу ҳукмдор хизматида кечган-ку. Асарларидаги шоҳларга хос қанчадан қанча иллатлар танқидида зимдан ўзи дохил бўлган саройда кўрган-кечирганларининг таъсири йўқми? Бор. Ё Султон Ҳусайн шу даражада танқиддан холи, яъни фаришта зот эдими?..
Нега Бобур Навоийга нисбатан шундай дипломатик йўл тутмади?
Бу саволга жавоб бермоқ учун “Бобурнома”даги Навоий танқид қилинган барча парчаларни кўриб ўтишга тўғри келади. Аён бўладики, Бобур дастлабки навоийшунослардан бири, шу билан бирга, унинг дастлабки ашаддий танқидчиси ҳамдир.
Навоий “тақлидчи”ми?
Бобур “Хамса”, “Лисон ут-тайр” ҳамда “Хазойин ул-маоний”ни тилга олади. Албатта, булар ўзбек адабиётини жаҳон сўз санъати даражасига олиб чиққан асарлар. Шундан сўнг бирдан танқид бошланади: “Яна баъзи мусаннафоти борким, бу мазкур бўлғонларға боқа пастроқ ва сустроқ воқеъ бўлубтур. Ул жумладин, иншоларини Мавлоно Абдураҳмон Жомийға тақлид қилиб жамъ қилибтур. Ҳосили калом, ҳар кимга ҳар иш учун ҳар хатким, битибтур, йиғиштирубтур” (Бобурнома. Тошкент, “Фан”, 1960. 233-бет).
Ахир, Навоийнинг мактублари ҳам юксак қалам соҳиби тарафидан битилган-ку! Қолаверса, улар улкан тарихий аҳамиятга эга: шу асосда китобхон шоир шахсининг кўп-кўп қирралари, жумладан, ижтимоий фаоллиги, замон кишиларига муносабати, ҳаётий позицияси, давлат ва жамият, дин ва тасаввуф масалаларига аралашуви ва ҳоказоларни билиб олади. Хатга хат талаби билан ёндашиш керак, бадиий асар талаби билан эмас. Иккинчидан эса, мактубларини Жомий каби йиғиб, тўплам ҳолига келтиришининг нимаси ёмон? Бир муаллифнинг ўз хатларини жамлашини анъана деб билсак, Навоий шуни давом эттирган, холос. Учинчидан, мабодо, бу камчилик бўлганида ҳам, Бобур айтмай кетиши мумкин эди-ку...
Навоий арузни Бобурчалик билмаганми?
“Яна “Мезон ул-авзон” отлиқ аруз битибтур, бисёр мадхулдур. Йигирма тўрт рубоий вазнида тўрт вазнда ғалат қилибтур. Баъзи буҳурнинг авзонида ҳам янгилибтур, арузға мутаважжиҳ бўлғон кишига маълум бўлғусидур”.
Бу ерда “бисёр мадхулдур” дегани мақтов (мадхул ‒ дахлдор дегани). “Мезон ул-авзон”да туркий аруз вазнлари тасниф қилинган. Бундай соф туркий аруз илмий таҳлил этилган асар Навоийгача яратилмаган эди. Унда бирорта форс-тожик тилидаги шеърдан мисол йўқ. Хўш, нега Бобур шундай буюк тадқиқотда хатолар кўрди? Профессор Уммат Тўйчиев Бобур хато деб ҳисоблаган ўринларга тўхталиб, унинг қўлидаги асар хаттотлар хато кўчирган нусха бўлганини айтади. Аммо буни ўша қўлёзмани кўрмай туриб исботлаб бўлмайди. Чунки Бобур қайси қўлёзмани ўқигани маълум эмас. Бинобарин, “Мезон ул-авзон” Бобурнинг танқиди асосида жиддий ўрганилиши зарур.
Жомий ва Бобур баҳоси нега зид?
“Форсий девон ҳам тартиб қилибтур. Форсий назмда “Фоний” тахаллус қилибтур. Баъзи абёти ёмон эмастур, вале аксар суст ва фурудтур”. Бобур “Девони Фоний”даги шеърларни нега “бўш ва паст даражада” деб таърифлаган? Ё ҳақиқатан ҳам шундайми? Унда Мавлоно Абдураҳмон Жомийдек улуғдан улуғ зот “Хирадномайи Искандарий” достонида Навоий ҳақида мана бундай демаган бўлар эди:
Ба туркӣ забон нақше омад аҷаб,
Ки ҷодудамонро бувад мӯҳри лаб.
...Бубахшид бар форси гавҳарон,
Ба назми дарӣ дурри назмоварон,
Ки гар будӣ он ҳам ба лафзи дарӣ,
Намондӣ маҷоли сухангустарӣ.
Ба мизони он назми мӯъҷазнизом,
Низомӣ кӣ будию Хисрав – кадом?
Мазмуни: туркий тилда шундай бир ажойиб нақш келдики, жодугару сеҳргарлар ҳам тилларини тийди... Ҳали ҳам у форсий тилда гавҳар сочиб, форсийда дурларни назмга солувчиларни аяди. Бордию у ҳам форсийда ижод қилганида эди, уларнинг сўз айтишга мажоли қолмас эди. Унинг пухта-пишиқ, ихчам назми олдида Низомий ким бўлар эдию Деҳлавий ким? (Жомий ва Навоий. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989. 20-бет).
Нима, Жомий ёлғон ёзганми? Муболағадан фойдаланганми? Навоийга хушомад қилганми? Йўқ. Бизнингча, униси ҳам, буниси ҳам эмас.
Биноий мудом Навоийни мот қилганми?
“Бобурнома”да Навоий ва Биноий муносабатлари, ўрталаридаги қаттиқ-қуруқ ҳазил-мутойибалар нисбатан кенгроқ баён этилади. Бир мисол келтирамиз: “Алишербекки, қалин нималар ихтироъ қилиб эди ва яхши нималар ихтироъ қилиб эди, ҳар кишиким, ҳар ишга бир нима пайдо қилди, ул ниманинг ривож ва равнақи учун “Алишерий” дер эди. Баъзи зарофат била Алишербекка иснод қилурлар эди. Нечукким, Алишербек қулоқ оғриғида ёғлиқ (рўмол) боғлағон учун хотунлар кўк ёғлиқни қийиқ боғлағонни “нози Алишерий” от қўйдилар. Бу жумладин, Биноий Ҳиридин азимат қилур вақт эшаги учун полондўзга (тўқимчига) ғайримуқаррар (ўзига хос, бошқача) полоне буюрур, отини “Алишерий” дер, “полони Алишерий” машҳур бўлди”.
“Бобурнома”да келтирилган эпизодларда худди юқоридагидек ҳамма вақт Биноий Навоийни мот қилган бўлиб чиқади. Ҳолбуки, бу сира гап талашишларда Навоий жуда кўп ўринларда ютган ҳам.
Бобур бир қўпол ҳазилни битар экан, икки нарсани унутмайди: воқеа баёнидан кейин “ва-л-уҳдату ал-ар-ровий”, яъни “бунинг тўғри ёки хатолиги менга шу ривоятни айтган кишининг гарданида” деб ёзади. Демак, бу ҳазил-мутойибага Бобурнинг ўзи бевосита гувоҳ бўлмаган. Яна китобхон ҳузурида бир оз хижолат чекиб “Маъзур тутунг. Мунча зарофатким, бўлди, Тенгри учун хотирингизға кечурманг” дея қўшиб ҳам қўяди.
Танқид ҳуқуқи
Хўш, нега Бобур Навоийдек улуғ зотга беписандроқ муносабатда бўлди? Бизнингча, бунинг уч сабаби бор: 1) Бобур табиатан ўта реалист шахс эди. Борини борича, ҳеч нарсани яширмасдан ёзиш унинг қатъий ақидасига айланган. Ҳатто ўз отаси ва амакилари, бошқа яқинларига баҳо бераётганда ҳам шу жиҳатни сезиш қийин эмас; 2) Бобур темурий ҳукмдор эди. Ёзаётганида у Тангри таолодан бошқа ҳеч бир зот олдида ўзини бурчдор ёки жавобгар ҳис қилмас, Навоий мақом нуқтаи назаридан шоҳ олдида бир вазир эди. Унинг ҳаёти ва ижодига баҳо бераётганида Бобур айнан шу позициядан туриб ёндашди; 3) Абусаид мирзо Бобурга ота томондан бобо бўлиб, 1451 йили Самарқанд тахтига ўтиради. Абулқосим Бобур вафотидан кейин (1457 йил 21 январь) Ҳирот тахти учун кураш бошланиб кетади ва бу курашда Абусаид мирзо ғолиб бўлади. Навоий Абулқосим Бобур саройида хизмат қилган мулозим, бундан ташқари Ҳирот тахти учун курашган Султон Ҳусайннинг яқин дўсти эди. Шунинг учун Абусаид Навоийни Ҳиротдан сургун қилди. Бу ҳақда “Билмон, не жарима била Султон Абусаид мирзо Ҳиридин ихрож қилди” деб ёзади Бобур.
Дастлабки икки сабабни батафсил шарҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Аммо учинчи сабабни кенгроқ талқин этишга тўғри келади.
Наҳотки, Бобур ўз бобосининг Навоийни нима сабабдан сургун қилганини билмаса? Ахир, у Абусаид мирзо Навоийнинг икки тоғасини қатл эттирганини очиқ ёзади-ку. Ким икки тоғасини қатл эттирган подшоҳга эл бўла олади? Бобур Навоий тоғаларининг ўлдирилиши сабаб Султон Абусаидга душманга айланганини билган.
Икки тоғанинг қотили
Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг иккинчи мажлисига икки тоғасини ҳам киритган. Биринчи тоғаси Мир Саид Кобулийнинг “туркчага майли кўпроқ” эканини қайд этиб, бир туюғини келтиради. Биз учун муҳими шуки, уни ким ўлдирганини ҳам айтади: “Султон Абусаид мирзо илгида Сарахс қўрғонида шаҳид бўлди”. Иккинчи тоғаси Муҳаммад Али Ғарибий янада истеъдодлироқ, хушсуҳбат, хушхулқ экани, мусиқий илмидин ҳам хабардорлиги, хати чиройлилигини ёзади. Надоматлар бўлсинким, шундай йигитни ҳам Абусаид ўлдиртиради: “Султон соҳибқирон хизматидин ғариблик ихтиёр қилиб, Самарқандда қолғонда оғасининг қотили шаҳодат мартабасиға еткурди”.
Мажлисийни ўлимдан сақлаган мукофот
Ҳасанхожа Нисорийнинг (XVI аср) “Музаккири аҳбоб” (“Дўстлар ёдномаси”) тазкирасидаги бир боб чиғатой султонларига бағишланган. Ҳолбуки, бу султонларнинг Чиғатойхонга (1183–1241) бевосита авлодлиги йўқ. Гап шундаки, бизнинг юртимизни Чингизхон иккинчи ўғли Чиғатойга берган, Мовароуннаҳрнинг қарлуқ-чигил лаҳжасида сўзлашадиган ўтроқ аҳолиси бора-бора “чиғатойлар” деб аталган. Эски ўзбек адабий тили шу лаҳжага асослангани учун “чиғатой тили” деб юритилган. Шу тариқа киши исми миллат номига айланиб кетган. Чиғатой султонлари деганда эса ўша замонларда темурий ҳукмдорлар тушунилган.
Хуллас, тазкирада қизиқ бир воқеа баён этилган: Мавлоно Мажлисий Заҳириддин Бобурга қасида ёзиб, ҳукмдор мажлисида ўқиб беради. Бобур шоирни 7 минг танга билан сийламоқчи бўлади. Қасида ҳали тугамай туриб, шоҳнинг хаёлига чиғатой улуси таҳқирлаб ёзилган, Муҳаммад Солиҳга нисбат бериладиган бир рубоий тушиб, шеърини тугатиши билан Мажлисийдан “Муҳаммад Солиҳ бу рубоийни не сабаб билан ёзган?” деб сўрайди. Мажлисий “Бу рубоий подшоҳга ёққанга ўхшайди” деб ўйлаб, “У шеърни мен ёзганман, айримлар билмасдан Муҳаммад Солиҳга нисбат беришади” дейди. Бобур Мирзонинг авзойи бузилади, шоирни қатл эттирмоқчи бўлади. Лекин Худо кўнглига афв солиб “Қасида сийлови учун тайин этилган 7 минг танга унинг хун баҳоси бўлсин, аммо ўзини дарҳол бу ердан даф қилинглар!” деб буйруқ беради (Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. Дўстлар ёдномаси. Тошкент, “Халқ мероси”, 1993. 80-81-бетлар).
Атоқли адабиётшунос Натан Маллаев Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида келтирилган, Муҳаммад Солиҳ Шайбонийхоннинг темурийларга ҳужумини мақтаб ёзган мана бу рубоийни Бобурнинг ғазабини қўзғаган шеър деб тахмин қилади:
Мискин чиғатойки, кундузи тундур анга,
Аҳволи паришон-у, қаро тундур анга.
Мағрур бўлуб, сиғмас эди Ер юзига,
Сичқон тушуги эмди минг олтундур анга
(Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. XVII асргача. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1976. 634-бет).
Бобур она тарафдан Чиғатойхоннинг авлоди эди. Шунинг учун чиғатой улусига отилган тош унинг юрагига икки карра тегар эди. Узоқ аждодини ва халқини таҳқирлаб ёзган шоирдан шундай ўч олган қайси невара кўнглида ота тарафдан бобоси Абусаид мирзони ёмонлаб, тарихда бадном қилиб кетган шоирга нисбатан кек сақламайди?..
Ҳар қанча кечиримли бўлмасин...
Бобур билар эдики, Навоий унинг бобосини аввал Самарқанддан устози Саййид Ҳасан Ардашерга йўллаган шеърий мактуби – “Маснавий”да, кейин эса “Садди Искандарий”да қаттиқ танқид қилган. Мактубда Ҳиротда аҳвол ниҳоятда оғирлашгани тасвирланади, Самарқанд эли Ҳирот аҳлини талагани, асир қилгани ёзилади – Самарқанд эли бошида эса Бобурнинг бобоси турган эди.
“Садди Искандарий”нинг 29-боби Абусаид ҳақида. Унда душман тараф Абусаид лашкарини етарли маош билан таъминлагани, лашкар шу боис ғаним тарафга ўтиб, мирзонинг қатл этилишига ёрдам қилгани, Бобурнинг бобоси шармандаларча ҳалок бўлгани ёзилади. Мана, бобнинг сарлавҳаси: “Султон Абусаид Кўрагон наввара марқадаҳу ҳикоятиким, ройи уқдакушойи била кўп мамлакат олди ва тиғи умрфарсойи била кўп элга ошуб солди ва лекин сипоҳи рози эмас эркандин иш вақти борча қўзғолди ва ўзи аъдо (душман) аро маҳлакага (таҳликага, хавфли вазиятга) қолди, балки хасм (душман) ул сарафрознинг тиғи кин била бўйнин чолди” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 11-том. Тошкент, “Фан”, 1993. 198-бет).
Навоий Абусаид мирзода жаҳонгирлик даъвоси кучлилиги, унга ғайб олами кўп ҳунар берган бўлса ҳам, бир айби борлиги – эли ва лашкарини кўп танқис тутиши, яъни сипоҳига дуруст маош бермаслиги, шу тариқа бисёр хазина тўплашга майли борлиги, бундан ўзи хурсанд-у, халқи эса қаттиқ норозилигини очиқ битади.
Султон суягини хўрламас, деганларидек, ҳар қанча адолатли ва кечиримли бўлмасин, бу танқид Бобурга ёқмагани аниқ.
Жомий нега Ҳиротни тарк этди?
“Хамсат ул-мутаҳаййирин”да йўл-йўлакай айтиб ўтилган, лекин жаҳон адабиёти тарихи учун муҳим бир маълумот бор: Абдураҳмон Жомий Шоҳрух Мирзо ҳукмдорлигининг ўрталаридан то Абусаид Мирзо подшоҳлигининг аввалига қадар пойтахт Ҳиротда, кейин шаҳар четидаги Хиёбон деган жойда пири Саъдиддин Кошғарий қабри бошида яшаган. Навоий “Маснавий”сидаги тасвирлардан Жомий пойтахтни бекордан-бекорга тарк этмаган бўлса керак деган тахминга борамиз. Чунки Абусаид Мирзо бошчилигидаги Самарқанд лашкарининг Ҳиротдаги талон-торожи, босқинчилиги нақшбандий пирни бу нотинч жойни тарк этишга мажбур қилган бўлса ажаб эмас. Навоий буни очиқламаган бўлса ҳам, ишора билан китобхонга билдириб ўтади.
Лаъл устунми ёки тош қозон?
Навоий замонасида форс-тожик тилидаги мана бу байт жуда машҳур бўлган: “Лаъл санг асту деги сангин санг, // Лек андар миён тафовутҳост” (мазмуни: лаъл ҳам, тош қозон ҳам тош, лекин ўртада фарқ бор).
“Хамсат ул-мутаҳаййирин”да ёзилишича, бир куни ҳазрат Жомий ҳузурида биров шу сатрлардан, лаъл билан тош қозон ўртасидаги ўхшаш ва фарқли тарафлардан сўз очади. Шунда Жомий бир шайхнинг бу ҳақда айтган гапини келтиради: “Тош қозонда ҳар хил лазиз таомлар пиширилади, ундан каттаю кичик ҳамма манфаат кўради. Лаълдан эса халойиққа турли зарарлар етади”. Юзаки қараганда, бу суҳбат бир байт маъноларининг талқинидан бошқа нарса эмас. Шоҳга, замонга, сиёсатга ҳеч ҳам алоқаси йўқдек. Аммо Навоий бу кичик имкониятни ҳам қўлдан чиқармайди – алоқа топади ва буни Абусаид Мирзо сиёсатига боғлайди: “Ўша кунлари Султон Абусаид Мирзо Ҳиротда ҳар кишида жавоҳир бўлса – олиб, бўлмаса – тинтув ўтказиб, элга ҳар хил азоб ва зарар етказаётган ва бу байт ўқилган мажлисда эса тош қозонда ош пишаётган эди”. Бу ерда ҳам Абусаид Мирзонинг зулмкорлиги, босқинчилиги ва адолатсизлиги қайд этиб ўтилган.
Қистириб ўтилган танқид
Ёзувчилик қизиқ касб: ёзадиганингизни биринчи ва иккинчи даражалига ажратиб олишга мажбурсиз. Китобхонга кейингисининг ҳеч қизиғи йўқ-да. Уни айтмаслик керак, вассалом. Хўш, Навоийдек буюкдан буюк соҳиби қалам шу оддийдан-оддий қоидани билмайдими? Билганда қандоқ! Лекин...
“Хамсат ул-мутаҳаййирин”да Жомийнинг авлиёлигига мисол сифатида бир воқеа баён этилади: Хожа Деҳдор деган кишининг тушига ҳазрат Жомий кириб “Қуръон ўқи!” дебди. Орадан етти-саккиз йил ўтиб, Хожа Деҳдор буни Навоийга айтади. Улуғ шоир “Модомики, пири комилимиз тушингга кириб “Қуръон ўқи!” деган бўлсалар, энди Каломуллоҳни ёд ол” дейди унга. Хожа Деҳдор бу маслаҳатга кириб, кучли қори бўлиб етишади. Бу туш кўрилганидан ўттиз беш йил ўтганидан кейин Жомий жон узаётганида бошида Қуръон ўқиш учун қори топилмайди. Хожа Деҳдорни Навоий Астрободга юборган эди, у Навоийнинг бу ердалигини билиб етиб келади ва Жомийнинг охирги нафасида бошида Қуръон тиловат этиб туради.
Бор гап шу, Абусаид мирзога дахл қиладиган ҳеч ери йўқ. Лекин... масала шундаки, Хожа Деҳдор бу тушни кўрган маҳалда Абусаид Мирзо хизматида эди. Навоий ўша йили “Султон Абусаид Мирзо аввал қатла Шоҳрухия қўрғонин бориб қабаб эрди, ул юрушта Хожа Деҳдор билан эрди” дея султоннинг босқинчилигини қистириб ўтади.
Навоий нега Машҳадга борди?
“Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” маноқибида Навоий Машҳадга боргани, у ерда бетоб бўлгани, Паҳлавон Муҳаммад хабар топиб, уни даволашга ҳисса қўшгани ҳақида сўзлайди. Аммо баҳонада Ҳиротни тарк этгани сабаби ҳам айтилади: “Султон Абусаид Мирзо замонидаким, Хуросон аҳли Самарқанд аҳлиға асир эрдилар ва ҳар навъ зулм ва тааддики (тажовуз), алардин воқеъ бўлса, бу асирлар мутеъ ва фармонпазир. Бу фақирни айни ифлосу фалокат ва сарнавишу ранжуриш Машҳад сори тортиб, элтти...” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 15-том. 114-бет). Маълум бўладики, Навоий Абусаид Мирзо дастидан Ҳиротдан чиқиб кетганда аввал Самарқандга эмас, Машҳадга борган.
Бобур нега Навоийнинг укасига иш бермади?
“Яна Дарвеш Алибек эди. Алишербекнинг туқған иниси эди. Неча маҳал Балхнинг ҳукумати мунда эди. Балхда яхши бекликлар қилди. Тийра мағз ва беҳунарроқ киши эди. Султон Ҳусайн Мирзо аввал Қундуз ва Ҳисор устига келганда тийра мағзлиғидин туттурдилар. Балх ҳукуматидин маъзул бўлди. Тарих тўққуз юз ўн олтида мен Қундуз келганда менинг қошимға келиб эди, масх (башараси ўзгарган) ва мабҳут (ҳайрон қоларли) эди. Беклик қобилиятидин дур (узоқ) ва ичкилик салоҳиятидин маҳжур (тушкун). Ғолибо, Алишербек воситасидин мунча риоят топқандур” (“Бобурнома”, 235-бет).
Хўш, Султон Ҳусайн Навоий ҳурматидан унинг укасини ҳоким қилган экан, Бобур нега унга иш бермади? Бу ҳам майли. Навоийнинг ҳурматидан муаллиф Дарвеш Алибекнинг шу камчиликларини айтмай кетса ҳам бўлар эди-ку. Боз устига, Ҳусайн Мирзо Навоийнинг ҳурматидангина унга Балх беклигини берганини ҳам писанда қилиб ўтади...
Табрик мактуби
Бобур иккинчи бор Самарқандни олганда Навоийдан табрик мактуби келади. Самарқандда ким ҳукмдор бўлиши Султон Ҳусайн подшоҳлигидаги Хуросон давлати учун ҳаёт-мамот масаласи эди. Хуросон давлатида “муқарраби шоҳий” (шоҳнинг энг яқин кишиси) мартабасига эга, бошқача айтганда, давлатнинг бош мафкурачиси сифатида Навоийнинг Бобурни табриклаши табиий эди. Бобур ҳам унга жавоб мактуби йўллаган. Охирида бир туркий байт ҳам битган: “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим. Жавоб келгунча тақриқа ва ғавғо бўлди” (“Бобурнома”, 142-бет). Чунки Бобур бунгача Самарқандни тарк этишга мажбур бўлган. Шу тариқа бу икки хат матни ҳам қўлимизда йўқ, Бобур битган мактубга жавоб ёзилган-ёзилмагани ҳам тарих жумбоғи бўлиб қолган.
Шоҳ эшигидаги тиланчи
Навоий Абусаид Мирзо ҳукмронлигидан қаттиқ норози кайфиятда бўлгани ва буни у ҳукмрон бўлган кезларда ҳам яширмаганини замондошлари асарларидан ҳам билиб оламиз. Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”ида мавзуга дахлдор бир воқеа тасвири бор. Навоий устози Паҳлавон Муҳаммад билан Ҳиротдаги “Боғи сафед”ни кезиб юрган маҳали Юсуф деган кишига дуч келадилар. Паҳлавон Муҳаммаднинг таниши бўлган бу одам айрим вазирлар унинг сувини тортиб олганидан шикоят қила кетади. Подшоҳга арз қилмоқчи бўлса, ясовуллар ичкарига киритмабди. Аҳволи шу қадар ночор бўлибдики, ҳар куни одамлардан бир бурда нон тилаб, жон сақлаб юрган экан. Буни эшитган Навоий унга “Гадое, ки нон аз дари шоҳ ҷуст, // Бибояд зи оби худаш даст шуст” деган байтни айтади (мазмуни: шоҳ эшигидан нон тилаган тиланчи ўз сувига қўлини ювиб, қўлтиғига урсин) (Ғиёсиддин Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. Тошкент, “Akademnashr”, 2017. 180-181-бетлар).
Хондамир бу воқеа айнан Абусаид Мирзо ҳукмронлиги замонида юз берганини алоҳида қайд этиб ўтади. Демак, Навоий бу шеъри билан халқнинг Абусаиддан адолат талаб қилиши мутлақо бефойдалигини у ҳукмронлик қилиб турган замоннинг ўзида очиқдан очиқ айтган. 1501 йили ёзиб тугалланган “Макорим ул-ахлоқ”дан Бобур бехабар бўлмаган, албатта.
Кўринадики, Навоий ва Бобур ўртасидаги муносабатлар унчалик оддий бўлмаган. Бу мақолани тарих жумбоғини ойдинлаштириш йўлидаги дастлабки уриниш сифатида қабул қилгайсиз, азиз муштарий.
Султонмурод ОЛИМ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.
Адабиёт
Мафкура
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ