“Ўзбек аёли бўлиш қийин деб ўйлайман” – хорижда яшаётган ўзбек аёллари билан суҳбат (2-қисм)


Сақлаш
20:42 / 14.03.2022 1974 0

 

Oyina.uz турли давлатларда яшаб фаолият юритаётган аёллар билан жамиятда уларнинг ўрни ва ўзбек аёли бўлиш нимани англатиши ҳақидаги туркум суҳбатларни давом эттиради.

 

Мукаррамхон Қаҳрамоновна, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонасининг  ижтимоий ва  молиявий соҳадаги ҳамкори

 

Одатда, ўзбек аёли кўз ўнгимда итоаткор, сабрли, камтарин образда гавдаланади. Ўзбекистонда аксарият ҳолларда қизларни болалигиданоқ ўчоқ ва онанинг ёрдамчиси бўлишга тайёрлашади. Анъаналар туфайли унда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақидаги тушунчалар шаклланиб бораверади. Аммо аёлга оила бекаси сифатида қараш билан бирга, унинг жамият учун керакли шахс эканини ҳам унутмаслик лозим. Масалан, Абдурауф Фитрат “Оила” асарида “Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур: аёллар фақат уй-рўзғор, бола тарбияси билан банд қолмаслиги керак”, деб таъкидлайди.

 

Расмий тенглик, қонунда аёлларга нисбатан камситишнинг таъқиқланиши кўпинча эркаклар ва аёллар учун тенг танлов имкониятларини таъминлаш учун етарли эмас. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, гендер тенглигига қабул қилинган анъаналар, урф-одатлар, дин ва аёллар мақоми ҳақидаги стереотиплар катта таъсир кўрсатади. Бундай ҳолларда давлат гендер сиёсатини олиб бориши талаб этилади.

 

 

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида аёллар меҳнат ҳаққининг муҳим қисми тўланмасдан, тан олинмасдан ва кам баҳоланганлигича қолмоқда. Ўзбекистон ва Ғарб мамлакатларининг ҳуқуқий нормаларини қиёслайдиган бўлсак, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзига хос қонун ҳужжатларига эгалиги билан ажралиб туради. Аммо Ўзбекистонда сўнгги вақтларда гендер сиёсатида ўзгаришлар, яхшиланишлар кўзга ташланаётгани қувонарли.

 

 

Шоҳиста Ортиқова Камранли, филолог, таржимон, Озарбайжон

 

Маданияти, урф-одатлари, анъаналари ўзбекларга яқин бўлган Озарбайжон халқи учун ҳам оила муқаддас саналади. Аёлга бўлган иззат-ҳурматни ҳам олқишласак арзийди. Кўча-кўйда, жамоат транспортларида бунга кўп гувоҳ бўлганман. Булар бирданига шаклланган анъаналар эмас, аёлларга ҳурмат бу халқнинг қонига сингган. Тарихдан ҳам биламизки, Озарбайжон Республикаси Шарқ мамлакатлари ичида аёлларга сайлаш ҳуқуқини берган илк мамлакат ҳисобланади.

 

 

Ўзбек ва озарбайжон халқининг илдизи бир бўлгани учун дунёқарашлар ҳам ўхшаб кетади. Бу ерда ўзбек аёли ҳақида ижобий фикрлар кўп учрайди – улар ҳақида оила тиргаги, ҳаёли, иболи, миллий атлас матодан тикилган кўйлакларининг ўзига ярашиши-ю, меҳнаткашлиги айтилади. Ўзга юртда ўз миллатинг ҳақида ижобий фикрларни эшитиш, албатта, ёқимли. Бугунги кунда Озарбайжонда таржимон сифатида фаолият юритаман. Бир аёл ҳам севган касбида ишлаш, ҳам оилани саранжом-саришта қилиш учун жамиятда унга бўлган қарашнинг ҳам ўрни катта. Мен бу ерда мана шу вазифани қўлдан келганча бажара олаётганимдан бахтиёрман.

 

 

Гўзал Хидирова, блогер, АҚШ

 

Ўзбек аёли бўлиш қийин деб ўйлайман. Чунки унинг айтадиган сўзи ҳам, бажарадиган иши ҳам менталитет ва қадриятларга мос бўлиши керак. Ёшликдан қизларга бериладиган тарбия, сўнгра келинлик уйидаги юмушлар ўзбек аёли умрининг ярмини ўтказиб юборса керак.

 

Агар аёлларнинг сўзларига ва бажараётган ишларига ҳеч ким қаршилик қилмаса, устидан кулмаса, нима дейиш ва нима қилишни буюриб, ўргатиб турмаса, у жамиятда эркин ва мустақил яшай олади. Биласизми, аёл агрессив бўлса, ўзини ёлғиз ва кучсиз ҳис қилса, бахтсиз ҳисобласа, бу ҳолат фарзандлар келажагига ҳам салбий таъсирини ўтказади.

 

 

Америкадаги ҳаётим давомида эркин фикрлаш борасидаги қарашларим, мустақил қарор қабул қилишга бўлган интилишим – барчаси тўлақонли амалга ошди. Ўзбекистонга келганда эса, албатта, ўзбек келиниман. Қанчалик мустақил бўлмай, ўзбек хонадонининг тартиб-қоидаларига амал қилиш вазифам эканини биламан. Ўзбек аёли мана шундай характерга эга, менимча. Аммо қаерда бўлишимдан қатъий назар, доимо ўз қарашларимга содиқ қолишга, фарзандларимнинг ҳам мустақил фикр эгаси бўлиб улғайишига ҳаракат қиламан!

 

Ўхшаш мақолалар:

 

Ўзим истаган эмас, жамият истаган аёл бўлишга ҳаракат қилардим – Ватанда ва хорижда яшаётган ўзбек аёллари билан суҳбат

 

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19119
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//