Ер юзидаги ҳамма аёл ҳам истаганидек яшолмайди, истаганидек ўз сўзини айтолмайди. Ривожланган давлатларда нозик ҳилқат вакиллари кўплаб муваффақиятларга эришиб келаётган бир пайтда, дунёнинг бошқа ҳудудларида бундай шароит-у имтиёзларга орзуманд аёллар қанча. Жаҳон статистикасига қарасак, 130 миллиондан ортиқ қиз мактабга бориш ҳуқуқидан бутунлай маҳрум. Аслида, аёллик – машаққат, унга қўйилган чегаралар эса бу машаққатни минг карра оширади.
Аёл ким? Ҳозирда жамиятда уларнинг ўрни қандай? Ўзбек аёли бўлиш нимани англатади? Айни кунда турли мамлакатларда яшаётган ва ҳар хил соҳаларда фаолият юритаётган қаҳрамонларимиз – ўзбек аёллари шу каби саволларга жавоб беради.
Камола Собирова, Artel компаниясининг ахборот сиёсати масалалари бўйича бошқарув раисининг ўринбосари, Ахборот хизмати раҳбари. Ўзбекистон.
Охирги йилларда аёлларимизнинг муаммолари ечими борасида Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлар кўпгина амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Гендер тенглик сиёсатига қаратилаётган эътибор ва шарт-шароитлар юртимизнинг аёлларига нисбатан эътиборнинг кучайганидан далолат беради. Албатта, ҳали қилинадиган ишлар кўп, айрим қабул қилинаётган қарорларнинг ижросини эса масъул мутасаддилар юзаки эмас, балки масалани тубдан кўриб чиқишини истардим. Масалан, қизларнинг илмга қизиқишини ошириш ва илм, диплом нима учун муҳим эканлиги тўғри етказилса, ўйлайманки, ҳозирда биз мажлису тадбирлар орқали ҳал этмоқчи бўлган бир қанча аёлларимиз муаммолари ўз-ўзидан йўқолиб кетади.
Биз ўзимизни тараққиёт асрида яшаяпмиз деб ҳисоблаймиз. Тўғри, техник кашфиётлар жиҳатидан анча илғор ютуқларни қўлга киритдик. Аммо ҳаётнинг формуласи ҳеч бир даврда ўзгармайди. Ҳамма замонларда ҳам инсон, айниқса, хотин-қизлар билим олмаса, дунёқараши кенг бўлмаса, кучли тафаккур эгалари қадрланмаса, техник юксалишнинг қадри, қиймати ҳам бўлмайди.
Иш фаолиятимни турли ташкилот ва давлат идораларида босқичма-босқич ўтадим. Илк босқичларида шунчаки қизиқиш ва моддий томонни ўйлаб ишларкансан, кейин эса эътироф учун, ўйлайманки, бир неча йиллар аввал ана шу илк поғоналардаги мақсадларимга эриша олдим. Очиғини айтсам, энди кўпроқ одамларга фойдали ишларни қилишни мақсад қилиб қўйганман. Аёлларнинг дарди эса мени ҳеч қачон бефарқ қолдирмаган. Уларнинг муаммолари эътиборим марказида. Аниқ мақсадим туфайли қаерда ишлашимдан қатъий назар мана шу масалада доим фаол бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳеч ким олдида мажбуриятим йўқ, аммо ҳаётим давомида қийналган аёлларни кўп кўрганим учун уларга ёрдам беришни ўзимнинг миссиям деб биламан.
Бугунги кунда дардли ва ҳаётнинг тўсиқлари туфайли боши берк кўчага кириб қолган аёлларнинг овози бўлиб яшаяпман. Чорасизликдан ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёлларнинг ҳаётга қизиқиши қайта уйғонишига қайсидир маънода сабабчи бўлган овоз бўлиб яшаяпман! Ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги сабаб фарзандлари билан кўчада қолган аёлларга кўмак овози бўлиб яшаяпман. Бир кунлик тўй ва маросимларга учиб, илм олишнинг ўрнига "эрга тегиш"ни асосий мақсад қилиб қўйган қизларимизга маслаҳат берадиган овоз бўлиб яшаяпман.
Яна бир бор таъкидлаб ўтаман, буларни мен мажбурлигимдан эмас, балки инсонийлик бурчимдан келиб чиққан ҳолда қилмоқдаман. Мамлакатимиз фаол аёллари бир бўлиб қанчалик уларга ёрдам қўлини чўзмайлик, аёлларимиз саводини оширмаса, илмли бўлиб ўзининг капиталига эга бўлмаса, бари ҳаракатлар вақтинчалик бўлиб қолиб кетаверади. Юқорида айтиб ўтганимдек, аёл миллат тарбиячиси, миллатимиз ривожи ҳамда юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган муносиб фарзандларнинг тарбиясига ҳам кўпроқ аёллар масъул!
Дилсора Фозилова, қонуншунос-социолог, British Kolumbia университети ўқитувчиси, Канада.
Тадқиқотларга қараганда уйдан ташқарида ишлайдиган, кўпроқ пул топадиган аёллар, уйда ўтирадиган ва топиши унча бўлмаган аёллардан кўра кўпроқ камситилар эканлар. Нега? Кучли аёл бизнинг жамиятда йўқланилмайди. Кучли аёл қадрсиз. Унинг севикли бўлиши қийин. Кучли аёл хавфли. У эрининг ҳимоясига, ёрдамига, таъминлашига муҳтож бўлганда, ожиза бўлганда кўпроқ севилади, эъзозланади. Чунки эркак ўзини керакли, оила бошлиғи, умумий қилиб айтадиган бўлсак, эркакдек ҳис қилиши ҳам аёл зиммасида, ҳаммаси аёлнинг масъулияти. Мен ҳам аёлликнинг бир нечта босқичини босиб ўтдим, деб ўйлайман. Аввало, жамият истаган аёл бўлишга ҳаракат қилдим. Тикиш-бичиш, пазандалик, уй-эшикни саранжом тутишга, меҳрибон она, севикли рафиқа бўлишга ҳаракат қилдим. Аммо қанчалик ҳаракат қилмай, кетма-кет ҳаёт қийинчиликларига, тақдир зарбаларига дуч келавердим. Гўёки фақат бошқалар учун яшардим. Ўзим истаган эмас, жамият истаган аёл бўлишга ҳаракат қилардим. Ва ниҳоят, яшаб қолиш учун аёл кучли бўлмоғи зарурлигини тушундим. Аёл ўзига ишонган бўлиши кераклигини ҳис қилдим. Аёл ўзига ишониши учун у билимли ва ўзини таъминлайдиган бўлиши, атрофидагиларнинг ҳурматини қозониши керак деган фикрга келдим ва тўхтовсиз ўз устимда ишладим.
Канадага келган пайтларим тил билмасдим. Ресторанларда идиш-товоқ ювиб, одамларни уйини тозалаб, кирини ювиб тил ўрганганман. Ўзимни ҳурмат қилишни, ҳимоя қилишни, одамларнинг кўзига тик қарашни, зарур бўлса бешафқат бўлишни билдим. Университетда ўқидим, олдин бакалавр, кейин магистратура, кейин докторантура… Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, оила масъулиятини бўйнимга олдим. Биз яшаётган дунёда эркакка нисбатан аёлга оғирроқ.
Аммо Канада аёл ва эркак учун бир хил имкониятлар яратишга интилиб келаётган давлатлардан бири. Фарзанд кўриш, бола тарбияси ва оила масъулияти аёлнинг касбий рақобатбардошлигини камайтириб юборади. Шу боис уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинади. Керак жойларда унга кўпроқ овоз, иқтисодий ва маънавий кўмак берилади. Канадада аёл қалбининг, фикрларининг ва илмининг қудрати етган ҳар қандай ишни қилиши мумкин.
Мен ўзбек аёлиман ва ўзбек аёлининг камоли учун курашиб яшайман. Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқи ва эркинликларининг фақат давлат томонидан таъминлангани етарли эмас. Чунки улар эрга теккунча ота-оналари, эрга теккандан кейин эри ва унинг оиласи лойиқ кўрадиган ҳуқуқ ва эркинликлардангина фойдалана олади. Бу дегани аёл тақдири, ҳаёти ўз қўлида эмас дегани. Аёл илм олишга, ўзи истаган мутахассис бўлишга, ўзи хоҳлаган инсон бўлишга, ўзи севган инсонга турмушга чиқишга, зулм қилсалар улардан кетишга, бахтли бўлишга, ўзи хоҳлагандай яшашга ҳақли.
Нафиса Омон, Туркия жумҳурияти Кастамону университети магистранти, шоира, Туркия.
Аёл – инсон. Аёл ва эркакни синфлаш, ажратиш, таснифлаш, фарқли қараш жуда сийқаси чиққан мавзу. Ҳаммамиз жинсимиздан, қарашларимиздан, миллатимиздан қатъи назар инсонмиз. Жуда оддий ҳақиқат шу бўлиши керак. Бизнинг хатойимиз ҳамиша синфланишимизда, қайсидир гуруҳга, табақага оид бўлишга ҳаракат қилишимиздадир. Чегаралар инсонни ўстирмайди. Мутаассиб қилиб қўяди. Дунё яралибдики, одамзод инсонийлик даражасига тўлақонли ета олмаган, деб ўйлайман. Улар ўзлари ўйлаб топган занжирлар билан миясини бир шаклда барибир кишандбанд қилаверади. Яратилмишнинг табиатига хосликлари ҳақида гапирмаяпман. Албатта, бу нуқтаи назардан қарасак, аёл эркакдан зариф, жисман нозик ҳилқат. Аммо руҳан ва маънан ҳеч ким бир-бирини ҳеч қандай сифат билан ажратишига ҳожат йўқ.
Мен яшаётган жамият ҳам мен туғилиб, суягим қотган жамиятдан тубдан фарқ қилмайди. Дунёнинг ҳамма жойида шу аҳвол деб ўйлайман. Аёл-эркак. Оқ-қора. Дин-дунё. Минг хил миллату элатлар аҳмоқона одатлар қолипига тиқилиб бўғиладиган одамлар…
Жамият аёлларни ожизсан деб кўпинча айёр, текинтомоқ, хийлакор қилиб қўяди. Қусурни аввал тамғалашади. Сўнг шу қусурдан безбетларча фойдаланадиганлар ҳам кўп. Аёлни ақли калта дейишади. Кейин атайлабдан ҳам “калта” бўлишни маъқул кўрадиганлар бор. Эркакман деб, ҳамма нарса мумкин деб қабул қиладиганлар қанча. Одамзод фожиасининг аввалбоши шу деб ўйлайман.
Мен туғилганимдан шу пайтгача бир хил яшаганман. Аёл бўлганим учун ўзим ҳам, атрофимдагилар ҳам чеклов қўймаган. Чунки аёлман деб чиранмаганман. Кимгадир ўзимни исботлаш истаги бўлмаган. Муносабатларимда ҳам, оиламда ҳам, жамиятда ҳам бир инсон сифатида яшаяпман, деб ўйлайман. Ҳа, атрофдагиларни фикри, қарашлари жамиятлардаги қарашлари менга унчалик таъсир қилмайди, сабаби, кўп нарса истаганим ҳам, ҳаракат қилганим ҳам йўқ.
Нилуфар Абдуллаева, таржимон, ўқитувчи, Жанубий Корея.
Аёл бу кимнингдир фарзанди, сингли, опаси, онаси, ёридир. Фикримча, ўзбек аёли дунёдаги энг сабрли, энг меҳрибон, энг меҳнаткаш аёл. Буни ҳар битта ўзбек аёли тимсолида айтишим мумкин. Чунки ҳаётда жуда кўп қийналган ўзбек аёлларини биламан. Лекин уларнинг аксарияти сабр-қаноат билан яшайди. Турмуш ўртоғининг топганига, уйидаги бор нарсаларга қаноат қилади. Ҳаттоки ноҳақликларгаям. (Лекин буни доим ҳам яхши деб айтолмайман).
Ўзбек аёллари оиласига жуда меҳрибон. Фарзандини, эрини, яқинларини ўйлайди. Ўзини эса энг охирги ўринга қўяди.
Кореяда таҳсил олаётган кўплаб ўзбек қизлари ҳам ўқишади, ҳам ўзларини эплаш учун қийналиб ишлашади-ю, шунда ҳам оиласига пул юбориб, ёрдам беришга ҳаракат қилишади, уйларидан ёрдам олишмайди. 2015 йил ўқишга кирган бўлсам, мен ҳам мустақил пул топишга ҳаракат қилдим, инглиз тили, корейс тилларидан дарс бердим. Ишламаган йилим бўлмаган, оиламга ёрдам бўлсин деганман, ҳозиргача оиламга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Кореяда аёлларнинг ўрни жуда баланд. Баъзан оилада эркак кишидан устун жиҳатлар ҳам бор, баъзан иккаласининг ўрни тенг дейишимиз мумкин. Масалан, рўзғордаги харажатларни кўпроқ аёл назорат қилади, бирор қарор қабул қилаётганда аёл кишининг фикри тингланади. Лекин сиёсий лавозимларда, компанияларда эркаклар нисбатан кўп. Уларга аёлларга қараганда кўпроқ маош тўланади. Аёл туғруқ таътилига чиқаётганида иш жойи сақланмайди, ўрнига бошқаси олинади. Шу сабабдан ҳам баъзан норозиликлар бўлиб туради. Умуман олганда, ҳали ечилиши керак бўлган муаммолар борлигига қарамай, Кореяда аёлларнинг ҳурмати юқори.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА
Oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
kvadrat kvanta
12:01 / 01.01.1970
yaxshi maqola... shunga o'xshash maqolalarni ko'paytiring....
Гулхумор
12:01 / 01.01.1970
Ажойиб макола , укиб утириб хайрият аёлларни чиндан тушунадиганлар бор экан дедим.