“Очилмаган пластинкалар туяларда кўплаб километрга олиб юриларди” – Юз йил аввалги Туркистон манзаралари қандай суратга олинган? (фото)


Сақлаш
18:03 / 11.03.2022 1273 0

202йилда АҚШ Конгресси кутубхонасида “Россия деган империяда” номли кўргазма бўлиб ўтди. Ундаги рус черковларининг олтин қуббалари, Самарқанд ва Бухородаги қадимий осори-атиқалар, ўша давр инсонлари суратга олинган 122 та фото бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди. Томошабинлар орасида бу рангли фотоларнинг юз йил аввал тасмага муҳрланганига ишонмаганлар ҳам бўлди. Боиси ўша даврда Россия ҳудудида олинган аксарият фотолар оқ-қора рангда бўлар эди. Аммо суратлар муаллифи Сергей Прокудин-Горский - Россиядаги рангли фото кашшофи эди...

 

 

С.М.Прокудин-Горский 1863 йилда Владимир губернияси Муром шаҳрида  туғилган. У ёшлигида Германияга сафар қилиб, Шарлоттенбургдаги Олий техника мактаби фотокимё кафедраси профессори Адольф Митедан рангли суратга олишни ўрганади. Германия сафаридан сўнг, фотограф босмахонасида рангли тасвирларни учламчи негативдан кўпайтиришнинг махсус усулини ишлаб чиқади. Бу усул расмни хромолитография ёки растрда ишлашда юз берадиган ранглар чаплашиб кетиш жараёнига йўл қўймасди.

 

 

Гарчи бугун Сергей Прокудинни ўзбекистонликлар у қадар яхши билишмаса-да, аслида у олган суратларга кўп бора дуч келишган. Ўша машҳур Бухоронинг сўнгги амири Муҳаммад Саид Олимхон рангли портрети, 19 асрдаги Шердор, Мирзо Улуғбек мадрасалари каби суратларнинг муаллифи у. Ушбу суратлар фотографнинг Туркистонга қилган сафарларида олинган бўлиб, бир қадар қийинчиликлар эвазига эришилган. Буни Сергей Михайловичнинг 1906 йилда ёзган қуйидаги сўзлари тасдиқлайди: "Чекка ҳудудларга қилинган сафарларда суратга олиш воситалари мутлақо ишдан чиққан ҳолатлар бўлган эди. Очилмаган пластинкалар туяларда кўплаб километрга олиб юриларди. Аксарият фотолар қисман намликдан, қисман пластинкаларнинг бир-бирига ишқаланиши туфайли яроқсиз бўлиб қоларди”.

 

 

Прокудин 1907 йил кузида Туркистон ҳудудида қуёш тўлиқ тутилишини кузатиш мақсадида  уюштирилган экспедиция аъзоси сифатида Тошкентга келади. Бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли уларнинг барча саъй- ҳаракатлари бесамар кетади. Қуёш тутилишини суратга олиш у ёқда турсин, балки кузатув олиб боришга ҳам имкон бўлмайди. Осмон қалин булут билан қопланган, устма-уст қор ва ёмғир ёғарди. Аммо асосийси, сафар давомида фотограф Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилишга муваффақ бўлади. Бироқ сураткашнинг тор форматли объективи кенг панорамаларни суратга ололмайди, расмлар иморатнинг бир қисми  ёки озгина кўча бўлагини қамраб оларди, холос.  

 

 

Аммо уларда Туркистоннинг кундалик ҳаёти, турли касб эгалари фотолари акс этгани катта ютуқ эди. Самарқанддаги Шоҳи-Зинда мақбараси ансамбли ва бозор, мачитлар олдидаги одамлар суратга олинган.

 

 

Айниқса, қадим шаҳарнинг ғаройиб ва бетимсол меъморчилиги фотографга чинакам экзотика эди. Буни муаллифнинг қуйидаги фикрлари тасдиқлайди: "Қурилиш шаклларининг гўзаллиги, мукаммаллиги, рангли сирланган ғиштлардан кўтарилган деворларнинг ажойиб мозаикаси диди ҳаминқадар бўлган одамни ҳам мафтун этади. Мозаик деворлар ва миноралар суратлари шунчалар нафис ва мукаммалки, нима учун  янги бинолар қурилишида бу қадимий намуналардан фойдаланишмайди, деб ҳайрон қоласан киши”. Бухорода у Пойи Калон ансамбли, Арк қалъаси дарвозалари (амирнинг асосий қароргоҳи), Ширбудундаги сарой ичкариси ва шаҳар четидаги Фатҳободни суратга муҳрлайди.

 

 

Фотограф кейинроқ 1911 йилда яна Туркистонга келади. Прокудин Туркистонга сафарини одатидан ташқари январь ойи охирларига режалаштиради. У хотираларида ушбу саёҳатдан мақсади ҳақида шундай ёзади: "Император Археологик комиссияси илтимосига кўра, кўп ҳолларда баланд дарахтлар қуршовидаги эски масжид ва мақбаралар тасвирини февраль ойи бошларида суратга олишим керак. Масжидларнинг баъзилари шу қадар абгорки, Илмий комиссия хулосасига кўра, тез орада улар бутунлай бузилиб кетишини ҳисобга олиб, апрелгача бунга улгуриш зарур”. Бу сафарда у Бухоро амири  Сайид Олимхон портретини  уч нусхада ишлайди.

 

 

 1912 йил Бутунроссия рассомлар қурултойида фотографнинг Туркистонга тааллуқли 35 та сурати намойиш этилган. Қурултойда Прокудин Бибихоним масжидига алоҳида эътибор қаратиб шундай дейди: "Бу Самарқанддаги энг аянчли ҳолатдаги ёдгорликлардан биридир. Гап шундаки, тўрт йил аввал мен қуёш тутилишини суратга олиш учун сафарга борган эдим. Ўшанда гумбаз бутун эди. Энди эса у деярли йўқ: ундан улкан ёриқлар билан кичик бир бўлакча қолди, навбатдаги биринчи зилзиладан кейин эса ҳеч нарса қолмайди. Мaсжид ичига  кириш қўриқланмаётганига ҳайрон қолиш керак, у ерда юриш хавфли..." Афсуски, фотограф Туркистонга бошқа сафар қила олмаган. 1917 йилги октябрь инқилобидан сўнг юртини тарк этган фотографнинг кўплаб суратлари турли йилларда йўқолиб кетади. Аммо унинг бизгача сақланиб қолган суратлари бугунги авлод учун қимматли асарларга айланиб улгурди.  

                                                                           Абдумажид АЗИМОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси