Сургун, отув ҳукми, ўттиз йилдан кейинги оқлов – Жиззах “Миллий иттиҳод” шўбаси аъзолари қисмати


Сақлаш
17:18 / 11.03.2022 1790 0

Мақола аввалида озгина лирик чекиниш қиламан. Анча йиллар олдин ЎзССР Соғлиқни сақлаш комиссари Карим Абдуллаевнинг ўғли Телман аканинг уйини топдим. Ёши 85 лар атрофидаги отахоннинг соғлиғи анча ёмонлашиб қолган экан. Ўзимни таништиргач, раҳматлик Телман ака жуда истаса ҳам фарзандлари суҳбатлашишга рухсат беришмади. Уларга тинмай телефон қилиб, охири розилигини олдим. Суҳбатда Телман аканинг ҳар гапида Шароф ака, Шароф ака деявериши менга ғалати туюлди.

 

У кишига Телман ака, мен Шароф ака ҳақида эмас, дадангиз, болалигингиз, умуман сизлар ҳақингизда гаплашмоқчи эдим, дедим. Тўғриси, ўзим Шароф Рашидовнинг улкан ишларини билсам-да, рус тили мавқеини юқори кўтарганликда, пахта монокультураси, Орол фожиаси, маҳаллийчиликни авж олдирганликда ўпкалаб юрардим.

 

Телман ака “Сен нима деяпсан! Болалигим эмиш, менинг болалигим муштипар онам, мунис опамни итдай қўриқлаб, уйма-уй дарбадарликда кечди. Онамни йиғлатмаслик учун ҳар куни кўнглини кўтарар, опамнинг орзуларига қанот бўлардим. Унинг фандаги ютуқлари менинг ҳаётим мазмуни бўлди. Ўзим яхшироқ ўқий ҳам олмадим. Аслида, муҳандислик институтига ҳам онамни хурсанд қилиш учун киргандим. Тошкент зилзиладан сўнг деярли қайта қурилди. Мен тез кўтарила бошладим. Кимдир отамнинг “Халқ душмани” эканини фош қилишидан онам қўрқса, ўзим ҳам ҳадикланар эдим. Бир куни ҳукумат йиғилишидан сўнг кетиш тараддудини кўраётсам, бир киши Сиз қолиб туринг деди. Бир неча дақиқа асрдай ўтди. Бир пайт Шароф Рашидов келиб, қўлимни тутди. Кўришдим. Секин Сиз Карим аканинг ўғлимисиз деди. Мен “Ҳа дедим-у, индамай қолдим. У киши “Отангизни танирдим, менинг устозим эди. Айтганча, шаҳар маркази Ц 1, Ц 2 мавзелари аҳолига тарқатилаяптими?” деди. Мен “Ҳа, лекин у ерларнинг аллақачон эгалари бор дедим. Шароф ака Телман, сиз раҳбарсиз, Файзулла Хўжаевнинг қизи Вилоят опа, Акмал Икромовнинг ўғли Ургут ака, яна икки-уч кишининг номини айтиб, албатта, уларга ёқадиган қуйи қаватлардан, каттароқ уйлар беринг, ўзингиз ҳам олинг. Шундай инсонларни топиб, ҳаммасини шу атрофга жойлаштиринг. Тошкентнинг энг яхши уйлари шу инсонларнинг фарзандлариники. Эҳ-ҳе,қанча-қанча устозларимни, дўстларимни йўқотдим. Ақалли фарзандларини рози қилиб, уларнинг арвоҳи олдида бир иш қилиб кетайлик. Эҳтиёт бўлинг, билингки, мен ҳамиша ёнингиздаман” деди.

 

Шундан сўнг мен айтилган одамларни биринчи бўлиб жойлаштирдим. Қатағон қилинганларнинг авлодларини ҳам қўллашга интилдим. Гарчи, Шароф аканинг олдида жуда кам кўринсам ҳам ҳамиша қўлловини ҳис қилиб турдим. Бугун сизлар у замонни англай олмайсизлар. Шароф ака доимо дордаги дорбоздай огоҳ яшади. Унинг ҳар бир қадами, ҳар бир сўзи ҳисобда эди. Олдига қўйилган “халқ ёзувчиси” ҳам, ҳурматли “халқ оқсоқол”ларининг кўпи кечаги чекистлар бўлиб, унга кўз очишга имкон бермасди. Шунинг учун ҳам мен Шароф акани гапираман, ҳеч ким у кишидан зиғирча ёмонлик кўрмаган” деди.

 

 

Туроббек Тўрабеков

Туроббек Тўрабеков 1898 йилда Зоминнинг Аччиқ қишлоғида ўзига тўқ деҳқон оиласида туғилган. Туроббек аввал эски мактабда, кейин 5 йиллик рус тузем мактабида таълим олган. 1917 йил февралгача Зомин приставига тилмоч бўлиб ишлайди. Октябрь инқилобидан сўнг 1919 йилгача Қоратош волость ижроқўмида раис бўлди. Туроббек Тўрабеков Жиззах угорижроқўмига сайланади. Тўрт ой ўтиб эса Жиззах угормилицияда милиция бошлиқлигига тайинланади.

 

Туроббек Тўрабеков 1921 йил октябрда Самарқанд ЧКга ишга олинади. Шундан сўнг эса Жиззах ВЧК раҳбарлигига тайинланади. 1922 йил май ойида Туроббек Тўрабеков Жиззах угормилиция бошлиғи Маъмур Юлдашев, Жиззах волость ижроқўми раиси Абдулкарим Жонсўфиевлар барчаси 10 йигит билан миллий истиқлол курашчилари сафига ўтиб кетади. Улар Сангзорда самарқандлик Очилбек билан учрашади. Бу пайтда Зарафшон водийсида Очилбек, Ҳамроқулбек, Матчо беклари ҳамда Ўратепада Холбўтабеклар қизил аскарларга қарши жанг олиб борар эди. Т.Тўрабеков, М.Юлдашев, А.Жонсўфиевлар 200 йигит билан 1923 йилгача улар билан бирга большевикларга қарши кураш олиб боради. Уларга Анвар пошшонинг йигитларидан Юсуф Зиёбей, Заки Валидий Тўғон, беш-олти нафар татар ҳарбийлари маслаҳатчи эди. Бироқ, истиқлолчилар қизил аскарлар билан жангларда муттасил катта қурбонлар бера бошлади. Истиқлол курашининг айрим етакчилари шўролар билан келишиб кафолат хатлари ола бошлайди. Туроббекнинг юборган хатини Холбўтабек ҳам инкор этади. Йигитлар Афғонистонга чекинишга қарор қиладилар. Шу вақтда Тошкентдан Эшонжон ҳазрат Туроббекка хат йўллаб, муфти Садриддинхонни Афғонистонга безарар етказиш вазифасини топширади. Муфти Садриддинхон шогирди таниқли олим Фотиҳ Каримийнинг укаси Ориф Каримий билан келиб уларга қўшилади. Садриддинхон Афғонистон орқали Ҳиндистонга ўтиб, у ердаги мадрасаларга бориб жойлашишини айтади. Муфти Садриддинхон, Сомеъ пошшо, Абдукарим Жонсўфиевлар жами 150 киши Қоратегингача пиёда бориб, ундан Кўлоб томонга йўл оладилар.

 

Туроббек Тўрабеков Кўлоб йўлида уч-тўрт кун қолиб, ортидан келаётган акалари ва дўсти Маъмур Юлдашев, жами 12 кишини кутиб олди. Улар бир ой деганда Рустак, Хонобод орқали Афғонистонга кириб борадилар. Сомеъ пошшо Афғонистондаги Туркия консуллиги орқали бир миқдор пул олиб ҳамманинг Эронга ўтишига эришади.

 

Туроббек Машҳадга бориб 1927 йилгача турли ишлар билан машғул бўлди. Муфти Садриддинхоннинг олдига тез-тез бориб, унинг аҳволидан хабар олиб туради. Ватандошлар билан алоқани ушлаш учун шаҳарда этикдўзлик, саҳрода туркман туякашларига ёзарлик қилди. 1927 йил март ойида махфий тарзда Ватанга қайтиб, бир муддат яшайди. 1927 йил Эронга бориб, ўзининг Туркистонда кўрган-кечирганларини Заки Валидий Тўғон ҳамда Мустафо Чўқайларга ёзиб юборади. Унинг ахбороти “Янги Туркистон” газетасининг 1927 йил 5-6-сонида мақола сифатида чоп этилади ва унда советларнинг барча кирдикорлари фош этилган эди.

 

Туроббек Тўрабеков 1928 йил августда акалари Усмонбек, Ҳазратқул ва бошқалар билан СССРга қайтиб келади. Улар қишлоқда деҳқончилик билан кун кечира бошлайдилар. Бироқ, 1929 йилнинг кузида Мунаввар қори Абдурашидхонов ва унинг “Миллий иттиҳод” ташкилотига қарши очилган сохта жиноий иш доирасида барча жиззахлик зиёлилар қамоққа олинади.

 

 

Олимжон Орифжонов

Орифжон Олимжонов 1898 йил Жиззах шаҳрида дунёга келган. Орифжон жадид ва рус-тузем мактаблари таълимини олди. 1916 йил Жиззах қўзғалонининг етакчиларидан бири сифатида турмага ташланган отасини оқлаш мақсадида сиёсий кураш майдонига қадам қўйди. Орифжон Олимжонов 1919-1920 йиллар мусулмон ёшлари клубининг фаолларидан эди. У совет маъмурлари назарига тушиб, 1920–1922 йиллар Жиззахда ёшлар иттифоқида (комсомол) масъул котиб бўлиб ишлади.

 

У 1922-1923 йилларда Самарқанд вилоят қомсомол котиби, 1924-1925 йилларда Самарқанд вилояти АПО мудири лавозимларида фаолият юритди. 1925-1926 йилларда қишлоқ хўжалик техникуми директори, 1926-1927 йиллар Самарқанд вилояти халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлади. Орифжон 1927 йил Эрондан қайтиб келган собиқ сафдоши ва дўсти Туроббек Тўрабековга уйида яшашга рухсат беради.

 

Орифжон Олимжонов 1928–1930 йиллар Янги турк алифбоси маркази кенгашининг масъул котиби бўлди, айни пайтда Самарқанд округ компартияси ташкилий бўлими мудири ўринбосари вазифасини ҳам бажарди. Бу вақтда Орифжон Олимжоновнинг “Маориф ва ўқитғувчи” журналида лотин алифбосига бағишланган қатор мақолалари чоп этилди. Орифжон Олимжонов 1930 йил март-июн ойларида Андижон округ колхоз иттифоқи раиси, 1930 йил июндан ЎзССР МИК раисининг шахсий котиби лавозимида иш бошлайди. Бироқ, у 1929 йил ноябрь ойида тўсатдан 1923 йилда Эронга ва Туркияга пул йўллаган деган айблов билан ҳибсга олинади. 1932 йил 14 октябрда эса ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 10 йилга меҳнат-тузатиш лагерига ҳукм этилади. У жазони Соловец лагерида ўтаётган вақтда, 1937 йил 9 октябрда Ленинградга келтирилиб, машъум “учлик” ҳукми билан отиб ташланади.

 

Орифжон Олимжонов 1974 йил 30 августда ЎзССР Олий суди томонидан оқланган ва бу хабар ўғли тиббиёт фанлари доктори, профессор Ўктам Ориповга етказилган.

 

 

Муҳиддин Хўжаев

Муҳиддинхўжа Нуриддинхўжаев 1898 йил Жиззах шаҳрида савдогар оиласида дунёга келган. У аввал жадид, сўнг рус-тузем мактабларида ўқиган. 1914 йилдан Жиззахдаги реал мактабда ўқиди. Дастлаб, ота касбини тутиб ипак савдоси билан машғул бўлди. 1916 йил отаси халқ қўзғолони қатнашчиси сифатида Жиззах турмасига ташланган. Муҳиддинхўжа мана шу жараёнда сиёсий кураш майдонига кириб, “Ёш бухороликлар” партиясига аъзо бўлади. Ҳокимиятга советлар келиши билан хусусий савдога чек қўйилади.

 

Муҳиддин Хўжаев 1920-1921 йиллар Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, 1921–1923 йилларда Жиззах шаҳар милицияси бошлиғи, 1923-1924 йиллар Жиззах уезд ижроқўмида бўлим бошлиғи, 1924 йилдан 1926 йилгача Жиззах шаҳар ижроқўми раиси вазифаларида фаолият олиб борган. Кейинчалик Самарқандга келиб, ЎзССР Озиқ овқат министрлигида масъул лавозимларда хизмат қилган.

 

Муҳиддин Хўжаев 1931 йил 7 ноябрда Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи вазифасида иш олиб бораётганида гўёки Бауманнинг уйига ҳужум уюштирган деган сохта айблов билан ҳибсга олинади. Асл сабаб эса 1922 йил баҳорида унинг хонадонида Самарқанддан келган турк офицери Савур афанди шарафига ўтказилган зиёфат эди. Унда Орифжон Олимжонов ва кўплаб жиззахлик зиёлилар қатнашади, Савурбей афандининг сўзидан сўнг Туроббек Тўрабеков яқинда биз ҳам истиқлолчиларга қўшиламиз, дейди. Бу меҳмондорчилик тафсилотлари терговда маълум бўлгач, унда қатнашган барча учун асосий айбловга айланади. Дарҳақиқат, бу инсонларнинг шўро маъмурлари олдидаги ягона айблари ўз Ватанларини ҳеч кимнинг қўлига топшириб қўймасликка интилишлари эди.

 

Муҳиддин Хўжаев 1932 йил 14 октябрда ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 10 йилга концлагерга ҳукм этилди ва 1941 йил 15 мартда жазони ўташ даврида вафот этди.

 

1956 йил 15 ноябрда Тошкентдан Умрухон Файзулина, Шарофат Авазова ва Қимматхон Алимжоновалар ТуркВО Прокурорига хат йўллаб, турмуш ўртоқларининг 25 йил олдин қамаб юборилганини билдириб, уларнинг қисмати ҳақида сўрайди. Шу ариза асосида 1957 йил 9 октябрда уларнинг иши қайта кўрилди. Бироқ, айблов ўз ўрнида қолдирилди. 1965 йил 2 декабрда Шароф Рашидовнинг аралашуви билан иш қайта кўрилиб, уларнинг аксари оқланган. Муҳиддин Хўжаев 1974 йил 8 октябрда Ориф Олимжонов билан бирга оқланади.

 

Ватан озодлиги йўлида қўлига қурол тутиб, қизил аскарлар билан мардонавор жанг олиб борган Туроббек ва оғалари Усмонбек, Ҳазратқул Тўрабековлар эса ҳамон оқланмаган. Шубҳасиз, бу инсонларнинг аччиқ қисматидан Шароф Рашидовнинг хабари бўлган. Балки, унинг кўп армонларидан бири шу бўлгандир.

 

 

***

Қуйида “Миллий иттиҳод” ташкилотининг Жиззах бўлими аъзолари сифатида қатағонга учраган ватандошларимизнинг рўйхатини келтираман. Ўйлайманки, у инсонларнинг авлодлари бўлса ёхуд уларга тегишли маълумотларни билувчилар бўлса, алоқага чиқадилар.

 

ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 1932 йил 14 октябрда отувга буюрилганлар:

 

1.Туроббек Тўрабеков (1898) Зоминнинг Аччиқ қишлоғидан;

 

2. Ҳазратқул Тўрабеков (1896) Зомин тумани Аччиқ қишлоғидан;

 

3. Усмон Тўрабеков (1887) Зомин тумани Аччиқ қишлоғидан;

 

4. Муроджон Файзуллин (1897) жиззахлик, ЎзССР Наркомсавдода ишлаётганида қамоққа олинган;

 

5. Муҳиддин Хўжаев (1900) жиззахлик;

 

6. Бойқўзиев Абдураҳмон (1874) Зомин тумани Аччиқ қишлоғидан;

 

7. Аллоходжаев Муродхон (1891) Самарқанд вилояти Сиёб туманидан;

 

8. Холмуҳаммедов Исҳоқ (1884) жиззахлик;

 

9. Дўстбеков Тошбек (1890) Жиззах вилояти Работ қишлоғидан;

 

1932 йил 14 октябрда ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан отув жазоси 10 йиллик концлагерга алмаштирилганлар:

 

10. Орифжон Олимжонов (1900) жиззахлик;

 

11. Муҳаммаджон Файзуллин (1901) жиззахлик, угорижроқўм раиси;

 

12. Мулло Исо Эрназаров (1887), Янги Қўрғоннинг Гадой қишлоғидан, халқ судида ишлаган;

 

1932 йил 14 октябрда ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 10 йиллик концлагерга ҳукм қилинганлар:

 

13. Хидвер Юлдашев (1873) Зомин тумани Ём қишлоғидан;

 

14. Турдибек Юсупов (1901) зоминлик, давлат банки бухгалтери;

 

15. Оллоберди Бекмуродов (1898) зоминлик, қуролли ҳаракат йигитларидан;

 

16. Аҳмад Қулбоев (1904) Зомин тумани Аччиқ қишлоғидан;

 

17. Абдусаттор Шукуров (1900) Зомин тумани Аччиқ қишлоғидан;

 

18. Тангриберганов мулло Норқул (1898) Зомин тумани Бургун туруқ қишлоғидан;

 

ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 1932 йил 14 октябрда 5 йиллик концлагерга буюрилганлар:

 

19. Норматов мулло Зиёд (1881) Жиззах вилояти Ардак шон қишлоғидан;

 

20. Саттор Худойбердиев (1889) Зомин тумани Тигрик қишлоғидан;

 

21. Караматулла Алланазаров (1894) Зоминдан;

 

22. Мансур Турсунов (1894) жиззахлик уста;

 

23. Маъмур Мансуров (1908) жиззахлик уста;

 

24. Исҳоқ Қурбонов (1908) Жиззах вилояти Тошлоқ қишлоғидан;

 

25. Асатилла Муҳсинов (1899) самарқандлик эрони;

 

26. Пови Жўлиев (1887) Туркманистоннинг Эрон билан чегарадош Душак қишлоғидан;

 

27. Қули Омонов (1892) Туркманистоннинг Эрон билан чегарадош Душак қишлоғидан;

 

28. Мулло Муқим Фозилов (1869) Жиззах вилоятидан;

 

ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 1932 йил 14 октябрда 3 йиллик концлагерга буюрилганлар:

 

29. Ражаб Эгаммурадов (1900) Туркманистоннинг Эрон билан чегарадош Душак қишлоғидан;

 

30. Гесейн Алиев (1895) Эроннинг Мушлия қишлоғидан.

 

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//