Янги дўмбирага эҳтиёж борми?


Сақлаш
17:03 / 10.03.2022 2043 5

Яқинда радиода эфирга узатилган бир хабар эътиборимни тортди. Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ташаббуси билан бахшичилик санъатини ривожлантиришга бағишланган анжуманда замонавий кўринишдаги янги дўмбира чолғуси тақдим этилибди. Қизиқ, ҳозирги пайтда ҳам велосипедни қайта кашф қилиш мумкин экан. Ахир, қадим замонлардан бери яшаб келаётган миллий чолғумиз – дўмбира ўз садоси билан миллионлаб одамларнинг юрагига кириб борган-ку, қулоғимиз ўрганган-ку. Шундай экан, янги дўмбира яратишга эҳтиёж бормикан? Саволимизга жавоб олиш мақсадида узоқ йиллардан буён халқ оғзаки ижодини ўрганиб келаётган фольклоршунос Ўктам ҲАКИМОВга мурожаат қилдик.

 

– Сиз кўп бахшилар қатори эл орасида машҳур бўлган дўмбира ясовчи усталарни ҳам яхши биласиз. Улар ҳақидаги маълумотларни китобларингизга киритгансиз. Биз билан ҳам дўмбира ясаш ҳақидаги билганларингизни ўртоқлашсангиз.

 

– Йигирма йилдан бери кўпдан кўп бахшилар, дўмбира ясовчи усталар билан гурунглашганман. Бахшилар оғзидан терма ва достонларни ёзиб олганман. Дўмбиранинг қандай ясалишини ўз кўзим билан кўрганман. Бу ҳақда “Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам” номли китобимда ҳам айтиб ўтганман.

 

Дўмбира халқимизнинг жуда қадимий чолғу асбоби, кўплаб чолғу асбобларининг онаси деб айтсак хато қилмаймиз. Миллий дуторимиз, қозоқларнинг домбраси, русларнинг домраси айнан бизнинг қадимий дўмбирамиздан улгу олиб ясалгани турли тарихий манбаларда келтирилган. Буни хорижий ва маҳаллий олимлар ҳам эътироф этишган.

 

– Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда бахшилар, дўмбира ясовчи усталар, ҳунармандлар ҳақида мунтазам фото ва ведио маълумотлар жойлаб борасиз. Хўш, дўмбира чолғуси ясашнинг қандай сир-асрорлари бор?

 

– Ота-боболаримиз дўмбирани фақат мевали дарахтнинг ёғочидан ясаб келган. Усталар кеч кузда – ноябрь ойи охири декабрнинг аввалида, ҳамма дов-дарахтлар уйқуга кетганда, мева бермай қолган дарахтни кесишган. Дўмбира ясаладиган ёғоч камида олти ойдан тўққиз ойгача, баъзан бир йилгача ерга кўмиб қўйилган. Одатда битта дўмбира тайёр бўлиб, бахшининг қўлига етиб боргунча камида икки йилча вақт кетар экан.

 

 

Дўмбирасоз усталардан бири Нормурод ака Шайдилов қизиқ бир воқеани айтиб берган эди. Уста узоқ йиллар бошқа соҳада меҳнат қилган. Бир куни тушига дўмбира ясовчи усталарнинг устозларидан бири Тожи бобо Оллоёров кириб, дўмбира ясанг, фақат мевали дарахтдан ясанг деб, устага дўмбира ясашнинг сир-асрорларини айтган экан. Нормурод аканинг бу гапларини эшитиб ўйлаб қолдим. Дўмбира ясашда ҳам бир илоҳийлик бордай. Фикри ожизимча, ҳамма ҳам бахши бўла олмаганидай, ҳамма ҳам дўмбирасоз уста бўлолмайди. Аслини олганда, бахши ҳам, жиров ҳам, дўмбира ясайдиган усталар ҳам танланган одамлар бўлади.

 

Албатта, вақт ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказгани сингари дўмбирани ҳам ўзгартирган. Авваллари дўмбиранинг тори қўйнинг ичагидан ясалган. Бахшилар аудиторияси кенгайиб боргани сари дўмбиранинг садоси ҳам баланд чиқиши талаб этилган. Шунинг учун ҳам ҳозирги пластик торларга эҳтиёж сезилган. Қайсидир маънода дўмбира замон талабларига мослашган бўлса-да, бу нарса дўмбира садосига ҳам, тузилишига ҳам таъсир қилмаган.

 

– Андижонлик уста томонидан ясалган, Миллий бахшичилик санъатини ривожланиш босқичлари мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида тақдимоти ўтказилган дўмбира ҳақида қандай фикрдасиз? Билишимизча, сиз мазкур конференцияда қатнашган, янги дўмбира ҳақида сўз айтган экансиз, шундайми?

 

– Замонавий дўмбира ясаган уста Абдумалик Мадраимов ўз ишининг устаси, моҳир мутахассис. Устанинг маҳоратига зиғирча ҳам шубҳам йўқ. ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни рўйхатга олиш лойиҳаларида эксперт бўлиб иштирок этган чоғларимда Абдумалик Мадраимовнинг устахонасига борганман. Ғижжаки Бобурий, Дилнаво, Хушнаво каби қадимий чолғуларга қайта ҳаёт бахш этган уста сифатида биламан.

 

У  киши ясаган  янги дўмбира ҳақида баъзи фикрларимни айтсам, биринчи навбатда янги дўмбиранинг ташқи кўриниши менга ноодатий туюлди. Гап бу ерда дўмбиранинг ўлчами ҳақида кетаётгани йўқ. Қайсидир уста дўмбиранинг дастасини узунроқ, бошқа бирови калтароқ ясаши мумкин. Ўлчам қандай бўлишидан қатъи назар, дўмбира ясашнинг анъанавий йўллари бузилмаслиги керак. Асосийси, қўл меҳнати сақлаб қолиниши шарт. Бугунги замонда дўмбирани дастгоҳларда ясаб ташлашдан осон иш йўқ, албатта. Лекин қўлда қилинган меҳнатда эса гап кўп. Айтиб ўтганимдай, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни рўйхатга олиш талаби ҳам шу. Битта уста бир йил давомида ўн дона дўмбира ясади, дейлик. Бироқ унинг дўмбиралари ҳеч қачон бир хил чиқмайди. Бировининг ўлчамида, бировининг товушида, албатта, фарқ бўлади. Бу аввало, дўмбира ясалган дарахтга, қолаверса, устанинг юрак қўри, меҳрига боғлиқ.

 

Бизда турли хил достончилик мактаблари бўлган. Масалан, Сурхондарёда Шеробод, Кофирун, Қашқадарёда Қамай, Чироқчи, Шаҳрисабз, Самарқандда эса Булунғур ва Қўрғон мактаби вакиллари айнан дўмбира чертиб достон ва термалар айтиб келишган. Ҳар бир мактаб вакилининг ижро услуби, репертуари, овоз, оҳанг, нағмасида, ҳатто чертаётган дўмбирасида ҳам ўзига хос жиҳатлари бўлган. Айтайлик, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй музейида бахши чалиб айтган дўмбираси бор. У жуда ихчам ва кичкина. Дўмбиранинг узунлиги тахминан қирқ-эллик сантиметр. Савол туғилади: каттароқ дўмбира ясаш учун ёғоч етишмай қолганми? Йўқ, бу мактаб аъананалари билан боғлиқ жараён. У ҳам ота-боболари, устозлари чертган шакл-шамойилдаги дўмбирани маъқул кўрган. Яъни анъаналар сақланиб қолган.

 

Абдумалик Мадраимов ясаган дўмбирага эса замонавий бўёқларда ишлов берилган, яъни локланган. Менингча, бу дўмбиранинг садосига салбий таъсир қилади. Мақсад дўмбиранинг ташқи кўринишини чиройли қилиш керак бўлганда, минг йиллар илгари ота-боболаримиз табиий рангларда уни чиройли қилиб бўяган бўлардилар. Дўмбира ясашнинг ҳам ўз анъаналари, сир-асрорлари бор. Қолаверса, илоҳий кучнинг ҳам таъсири катта. Уста Абдумалик Мадраимов ясаган дўмбиранинг ҳам яхши томонлари бордир. Ҳар қандай мусиқий чолғу аниқ соз бериши керак. Мусиқа тили билан айтганда, фалш овоз бўлмаслиги лозим. Бу борада Абдумалик Мадраимов профессионал уста. Шу кунгача дўмбира ясаб юрган усталар билан маслаҳатлашиб, улар билан ҳамфикрликда анъанавий услубда дўмбира ясаса, менимча, нур устига аъло нур бўлар эди.

 

– Конференцияда Абдумалик Мадраимов ясаган дўмбирани бахшилар чертиб кўрибди. Уларнинг бу ҳақдаги фикрлари билин қизиқиб кўрмадингизми?       

 

– Бахши эли тортинчоқ, оғир ва вазмин келади. Давраларда фикрларини очиқ-ойдин айтишдан тийилиб туради. Ўша куни ҳам бахшиларимиз томонидан на яхши, на салбий гап айтилди, ҳисоб. Ўзбекистон халқ бахшиси Абдумурод Раҳимов ўша ерда янги дўмбирани чертиб кўрган эди. Бахшининг айтишича, янги дўмбирада нимадир етишмагандай бўлиб туюлибди. Худди дуторга ўхшаб қолгандай, овози ҳам бошқачароқ эмиш. Қисқаси, янги дўмбира бахшининг кўнглидан жой ололмабди.

 

– ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни рўйхатга олиш ишларида эксперт сифатида қатнашгансиз. Аслида ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига киритилиши учун қандай талаб ва қоидалари мавжуд?

 

– Номоддий маданий меросимиз бешта  асосий йўналишдан иборат. Унинг айнан бешинчи йўналиши аънанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмаларни ўз ичига олади. Мусиқий чолғу асбобларини ясаш ҳам шулар жумласидан. Лекин ЮНЕСКО томонидан қўйиладиган бир қатор талаб ва тартиб-қоидалар ҳам бор. Масалан, номоддий маданий мерос сифатида рўйхатга олинаётган элемент, у хоҳ чолғу асбоби бўлсин, хоҳ ижро саънати бўлсин ҳозирги кунда ҳам яшаётган бўлиши шарт. Фақат яшаётган нарсаларгина замонга мослашиши мумкин. Замонга мослашишнинг ҳам ўз тартиб ва талаблари бор. Анъанавий усуллар ва йўллар сақланиб қолиши лозим. Шу маънода дўмбира ясашда ҳам қадим замонлардан буён авлоддан-авлодга ўтиб, яшаб келаётган анъаналар сақланмоғи даркор. Бундан қилинадиган хулоса шуки, дўмбирамизни кўз қорачиғимиздай асраб-авайлашимиз керак.

 

Азим РЎЗИЕВ суҳбатлашди

5 Изоҳлар

Abduhakim

06:01 / 01.01.1970

Замонавий дўмбира ясаб, тақдимот қилган устанинг меҳнатини, янгилигини эътироф этган ҳолда, ўз фикрларимни билдирмоқни жоиз деб билдим. Менимча, янгилик яратиш яхши. Масалан, кимдир янгилик киритиб, доирани айлана/думалоқ доира ўрнига тўртбурчак ёки олтибурчак шаклда ясаб, терини тортиб янги замонавий мусиқий чолғу асбобини ясади дейлик. Бу мусиқа асбоби айнан бўлмасада доиранинг овозига яқинроқ садо ҳам чиқариши мумкин. У янги соз сифатида қабул қилинганда ҳам, энди унга янги Ном ҳам бериш керак бўлади. Яъни, мутлақо янги замонавий мусиқий чолғу асбоби деб қабул қилиш керак. Дўмбирага ўхшаш янги замонавий мусиқа асбоби яратилса, унга янги ном бериб, амалиётга жорий қилиш керак, офарин дейиш керак. Миллий чолғу асбобларимиз қаторига яна битта янги соз қўшилади. Уни келажакда созандалар яхши қабул қилишса нур устига нур! Лекин, илтимос, бир неча минг йиллик тарихимиздан, маънавиятимиздан, маданиятимиздан дарак бериб келаётган, аждодларимиздан авлодларга мерос бўлиб келаётган, бахшилар достон ва термалар айтиб чертганда, садоси Алпомиштелбан миллатимизнинг юраклари-да килкиллатиб юборишга қодир ДЎМБИРАМИЗга тегманглар, ҳурматли Ҳурматлилар! Доимо янгиликларни қабул қилиш тарафдори бўлиб келганман, кимнингдир кўнглини ранжитиш ниятим ҳам йўқ. Лекин маданий меросимизни кўз қорачиғидек, аслидек асрашимиз лозим.

Курбонниез Панжиев саньатшунослик фанлари номзоди, доцент

06:01 / 01.01.1970

Биз мусикамизни, миллий чолгуларимизни аслини саклаб колишимиз шарт. Бу уринда фольклоршунос У.Хакимов хар жихатдан хак. Айрим номутахассислар томонидан куйилган кадам миллий мусика анъаналаримизнинг пойдеворига курт каби зарар етказади.

Хасанбой

06:01 / 01.01.1970

Халқимизнинг миллий чолғу асбоблари орасида дўмбирамизнинг алоҳида ўрни бор. Қадимий анъаналаримизни, урф одатларимизни асрашга аввало ўзимиз ҳисса қўшмоғимиз лозим. Шу маънода таниқли олим Ўктамжон дўстимизнинг ОЛИБ бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Furqat

06:01 / 01.01.1970

Ijodkorning yaratgan musiqiy asboblari taqdirini bir nechta odam hal qilmasligi kerak, Dòmrani bahshilar va musiqachilar ihtiyoriga topshirish lozim zotan yoqsa chaladi yoqmasa yoq!

Furqat

06:01 / 01.01.1970

oliy malumotli va tajribali musiqachi sifatida aytamanki ijodga hech qanday tosiq qoyilmasligi kerak

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси