Адабиёт
Забардаст адиб Абдулла Қаҳҳор ўз замонасида юз берган янгиликларга, ижобий ўзгаришларга, ўша давр таъбири билан айтганда, халқнинг озодлиги ва меҳнаткашларнинг фаровонлигига мухолиф бўлган тоифани очиқ-ойдин қоралади. Дарҳақиқат, у ёзувчи сифатида маънавий қашшоқлик, онгсизлик, жаҳолатга буткул қарши эди. Бундай қусурлар жамиятни фожиага етаклашини яхши биларди. Шунинг учун у ўз асарлари орқали, аввало, маърифатсизликка қарши курашди. “Сароб”, “Қўшчинор чироқлари”, “Синчалак”, “Шоҳи сўзана”, “Оғриқ тишлар”, “Тобутдан товуш” ва бошқа кўп асарларида ҳалол инсонларни улуғлаб, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган мансабпараст, худбин кишиларни, бойлик учун ҳеч қандай гуноҳдан қайтмайдиган шахсларни қоралади, шафқатсиз танқид остига олди. Шу тариқа у ҳам моҳир сўз устаси, ҳам ҳаёт ҳақиқатини теран англайдиган донишманд ҳамда ҳалол курашчи сифатида халқимиз меҳрини қозонди.
Унинг асарлари хориж тилларига таржима қилинди. Э.Брюммер унинг “Синчалак” қиссасини олмон тилига ўгириб, 1961 йили чоп эттирди. Китоб1962 йили қайта босилди.
Таржимон бежиз “Синчалак”ни танламаган, албатта. Қисса қаҳрамони бўлмиш Саида содда, самимий, нозик, лекин билимли, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган, атрофда рўй бераётган воқеаларга мустақил фикр-муносабатга эга, ўзаро қарама-қаршиликларни енгиб ўтишга қодир, мард қиз сифатида олмон ўқувчиларига ҳам маъқул тушган. Асарда “Бўстон” колхозининг тажрибакор раиси, кўп меҳнат қилган, аммо манманликка берилган, эскича дунёқарашли Қаландаровга катта ҳаётга эндигина кириб келаётган, ёш ходима Саида рўпара қилинади. Уларнинг тенгсиз тўқнашуви орқали ёзувчи бутун жамиятдаги долзарб воқеаларни, камчилик ва хатоларни кўрсатади, уларнинг сабабини ҳам ёритади.
Қисса олмончага атоқли адиб Константин Симонов амалга оширган русча таржимадан ўгирилди. Э.Брюммернинг ютуғи шунда эдики, у ишга киришишдан олдин ўзбек халқининг ижтимоий ҳаёти, туриш-турмушини синчиклаб кузатди, муаллиф билан кўп бора учрашиб, маслаҳатлашди, адибнинг бошқа асарларини ҳам чуқур ўрганди. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, гарчи Э.Брюммер ўзбек тилини билмаса ҳам, таржима жараёнида ўзбекча асл матнни ҳам ёнма-ён қўйиб иш кўрган.
Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётида ёрқин из қолдиргани, ўз асарларида халқ дардини акс эттиргани сир эмас. Олмон таржимони ўша давр муаммоларини аниқ-тиниқ сеза билди, ўзбек адибининг нималар учун курашаётгани, асосий мақсади нимадан иборат эканини обдон тушунди.
Абдулла Қаҳҳор асарларини олмончага таржима қилиш давом этяпти. Қувонарлиси, энди ўзбек ижодкори Ойбек Остонов адиб ҳикояларини маҳорат билан ўгирмоқда. У илгарироқ Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссаларини таржима қилган эди. Яқинда эса Абдулла Қаҳҳорнинг талай ҳикояларини олмончага ўгириб, китоб ҳолида чоп эттирди. Бадиий таржима ҳамиша халқларни халқларга яқинлаштиради, дўстликни кучайтиришга муносиб ҳисса қўшади. А.Қаҳҳор асарлари таржимаси ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.
Содиржон ЁҚУБОВ
ЎзМУ доценти, филология фанлари номзоди
“Тафаккур” журнали, 2020 йил 4 сон.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ