Жанубий Осиёга йўл


Сақлаш
15:03 / 09.03.2022 1056 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда, 3-4 март кунлари Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи чоғи қадимий Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган икки мамлакат халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос чамбарчас боғлаб туришини алоҳида таъкидлади.

 

Дарҳақиқат, Марказий ва Жанубий Осиё тушунчалари аслида XIX асрда оммалашган бўлиб, тарихан бу икки минтақа, икки маданият ҳамиша бир-бирини тўлдириб, бир-бирига елкадош бўлиб, маданий, сиёсий тадрижи давомида ўзаро чуқур муносабатларга киришиб келган. Бироқ XIX аср иккинчи ярмидан бошлаб дунёнинг қудратли империялари – Чор Россияси ва Буюк Британия икки минтақанинг яхлит кучини синдириш, умумий тарихий илдизлардан мосуво қилиш мақсадида жуда кўп сунъий тўсиқларни вужудга келтирдики, оқибат бу ягона макон иккига ажралиб қолди. Бир нарсани унутмаслик керак: тарих гувоҳ – биз қачон қудратли давлатга айланган эдик? Қачонки, минтақаларимиз интеграциялашган, бир-бирини қўллаб-қувватлаган даврлардагина буюк тамаддун қуриш бизга насиб қилган эди. Аксинча, ҳамжиҳатлик қўлдан бой берилган вақтдан эътиборан барчамиз учун синовли кунлар бошланган.

 

Икки минтақанинг тарихий ришталари ҳақида узоқ ўтмишга назар ташласак. Бундан уч ярим минг йил муқаддам Жанубий Осиёга қадам қўйган орийлар Марказий Осиёдан ўтар экан, бу орқали икки маданият ўртасида кўприк яратган эди. Кушон империяси даврида икки минтақа чегаралари, дини ва тилида умумийлик шаклланиб, буддавийликнинг Марказий Осиё орқали Хитой, Корея, Япония ва Тибетга тарқалгани қайд этилади.

 

Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар сабаб эфталлар кейинчалик Жанубий Осиёдан қўним топди. Ғазнавийлар салтанатининг бир чегараси Сайхун этакларида бўлса, иккинчи чегараси Ҳинд уммони соҳилларига туташар эди. Бу эса ана шу даврда туркистонлик алломаларининг илмий салоҳияти асосида ҳинд водийсидаги математик билимларнинг дунёга тарқалишига олиб келди.

 

Аждодларимиз нафақат математика, балки фалакиёт илмида ҳам ўлканинг илмий ва табиий имкониятларидан самарали фойдаланган. Хусусан, Нандана шаҳрида Абу Райҳон Беруний бошчилигида муҳташам расадхона бунёд этилиши бунинг яққол мисолидир. Покистон ҳукумати томонидан мазкур иншоотнинг туристик манзилга айлантирилаётгани икки минтақа илмий ришталари узоқ тарихга бориб тақалишидан, бу тарихга бўлаётган эътибор ва муносабат юксак даражада эканидан далолат беради.

 


 

XIII асрда жаҳон харитасининг тубдан ўзгаришига сабаб бўлган мўғул босқини даврида ўзбек халқининг миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳам 1221–1224 йиллар давомида ҳозирги Покистон ҳудудларида ҳукмронлик қилди. Минтақада барпо этилган Самарқанд қалъаси, Карачи яқинидаги масжид Султон Жалолиддиннинг фақатгина сиёсий ҳукмдор эмас, балки катта бунёдкор шахс сифатида ҳам гавдалантиради. Карачидаги қадимги Дебал шаҳри ўрнида барпо қилинган Султон Жалолиддин масжиди минтақадаги энг биринчи мусулмон ибодатхонаси эди. Бу, албатта, Покистонда истиқомат қилувчи 200 миллиондан ортиқ мусулмон аҳолида Жалолиддин Мангубердига нисбатан катта ҳурмат ва эҳтиром уйғотиши табиий.

 

Мамлакатда Жалолиддин Мангуберди тарихига оид ўнлаб тадқиқот ишлари қилинган, Насим Ҳижозийнинг “Сўнгги қоя” асари эса 100 мингдан ортиқ нусхада чоп этилган. Жанубий Осиёга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бошчилигида темурийларнинг кириб бориши Марказий Осиё билан боғлиқликни янада оширган. Улуғ ватандошимизнинг “Бобурнома” асари урду тилига ўгирилиб, Покистонда севиб мутолаа қилинадиган китобга айланган. Бундай асарлардан яна бири Гулбаданбегим қаламига мансуб “Ҳумоюннома” асаридир.

 

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг Покистон билан умумий илдизлари шунчалар чуқурки, бу уйғунлик халқнинг номдошлигида ҳам, қондошлигида ҳам акс этиб турибди. Зотан, покистонлик олим Муҳаммад Изҳор ул-Ҳақ айтганидек, “Покистон халқининг аксарият кўпчилик қисми ўзбек халқининг тўғридан-тўғри авлодлари ҳисобланади. Улар уламо, дин арбоблари, сўфий, сипоҳий ва савдогарларнинг наслидан бўлиб, замоннинг зайли билан Покистонга кўчиб келган ва қўним топган. Миллионлаб покистонликлар ўз исми ва насабини Бухорий, Самарқандий, Термизий, Ўзбек, Бег, Мирзо, Чиғатой, Барлос номлари билан атаган. Кўплаб покистонликларнинг аждодлари мўғуллар даврида ва ундан кейин шу ерларга келиб қолган. Ўзбеклар уруғининг дастлабки негизи Жалолиддин Мангберди Синд дарёсидан ўтган даврга тўғри келади. Ушбу уруғларнинг аъзолари Панжоб туманининг шимоли-ғарбий қисмида, ҳозирги Атток шаҳри ҳудудида ўрнашиб қолган. Улар ажойиб жангчи ва бошқарувчи саналиб, ўз ҳудудларини намунали бошқарган” (“Жалолиддин Мангуберди – Ватан ҳимоячиси” мавзусидаги халқаро конференция материаллари. “Фан”, 1999. 36–40-б.).

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази покистонлик олимлар билан кенг миқёсда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Мазкур мақола муаллифларининг ўтган йили ўзбек, инглиз ҳамда урду тилларида нашр этилган “Султон Жалолиддин Мангуберди Покистонда” асари икки мамлакат дўстлиги тарихини ёритадиган манба сифатида кенг жамоатчиликка тақдим қилинди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан келгусида ҳам Покистонга илмий сафарлар уюштириш, Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Мангуберди ва бошқа аждодларимиз тарихининг ўрганилмаган саҳифаларини тадқиқ этиш ишлари режалаштирилган.

 

Покистон адабиёти ва маданияти тамал тошини қўйган аксар ижодкорларнинг аждодлари ҳам ўзбекистонликдир. Масалан, Покистон адабиётига катта таъсир ўтказган Мирзо Бедил (1644–1721) ва Мирзо Ғолиб (1797–1869) асли туркистонликдир. Мирзо Ғолибнинг “Девон”и Покистонда энг харидоргир китоб ҳисобланади.

 

Икки минтақа ўртасидаги савдо йўллари тарихи ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Жанубий ва Шарқий Осиё оралиғи табиий тўсиқ – Ҳимолай тоғ тизмалари билан ёпилгани сабабли бу икки минтақа савдогарлари Буюк ипак йўлидан фойдаланган. Ибн Баттутанинг хабар беришича, ўрта асрларда Марказий Осиё савдо карвонларининг Ҳинд водийсига қатнови мунтазам тус олган. Айниқса, Туркистон отлари, Хоразм қовунлари жанубий ўлкаларда қиммат баҳоланган.

 

Икки халқ ошхонаси ва таомларида ҳам муштаракликни кузатиш мумкин. Палов, сомса, ҳолва, шир ҳурмо, телдег, кабоб ва бошқа кўплаб ўзбек таомлари кейинчалик маҳаллий озуқаларга аралаштирилиб Ҳайдаробод, Лакнау, Лаҳор ва Пешавор мусулмонлари томонидан ривожлантирилган. Энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, Покистоннинг миллий тили бўлган урду ва минтақадаги бошқа барча тиллар ўзбек тили билан ҳамоҳанг ва мазмун жиҳатдан ниҳоятда яқин. 2021 йил Тошкентга ташриф буюрган Покистон Бош вазири Имрон Хон Президент дўстим Шавкат Мирзиёев билан суҳбатимиз узоқ давом этганидан, мулоқотимиз охирига бориб мен у жаноб сўзлаётган сўзларни тушуна бошладим. Чунки урду ва ўзбек тиллари бир-бирига яқин. Яна кўпроқ мулоқот қилсак, таржимонга ҳожат қолмас экан”, дея таъкидлаган эди.

 

Ушбу мисоллардан икки минтақа тарихида бугунги чамбарчасликнинг асл илдизларини кўриш мушкул эмас. Мазкур ришталар илмий-маърифий, маданий муносабатлар ривожида мустаҳкам пойдевор бўлиш билан бирга ўзаро дўстлик, ҳамкорлик йўлини аждодларимиз минг йиллардан буён ёритиб келишаётганини ҳам англатади.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида давлат ташқи сиёсатини амалга оширишда устувор вазифалардан бири сифатида қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига амалий ёрдам кўрсатиш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган транспорт йўлагини барпо этишга катта аҳамият берилаётгани бежиз эмас.

 

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида бу борада бир қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, 2018 йил декабрда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл компаниялари раҳбарлари учрашувида “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши юзасидан қўшма ишчи гуруҳ ва молиявий консорциум ташкил қилиш ҳақида келишиб олинганди. Дастлабки хомчўтларга кўра, лойиҳа қиймати 5 миллиард долларни, темир йўл узунлиги эса 573 километрни ташкил қилиши белгиланган. Янги темир йўлдан йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш мумкин бўлади. Ушбу лойиҳа рўёби Марказий ва Жанубий Осиёнинг янада жадал тараққий этишига хизмат қилади, албатта.

 

2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашуви натижасида икки мамлакат, икки минтақа ўртасидаги тарихий ришталар қайта жонланиб, яна бир поғонага кўтарилди. Буни иқтисодий алоқаларга оид кўрсаткичларда кўришимиз мумкин. Хусусан, 2017–2020 йилларда Ўзбекистоннинг Покистон билан ташқи савдо айланмаси 3,4 баравар ошди ва 36,2 млн доллардан 123,1 млн долларга етди. Товар айланмаси ўсиши экспортнинг ўсиши ҳисобига рўй берди ва белгиланган даврда 10,2 млн доллардан қарийб 10 баравар ошиб, 98,3 млн долларга етди.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи чоғи “Биз Покистон билан биргаликда нафақат икки мамлакат, балки стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этяпмиз”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Маънавий илдизлардан куч ва илҳом олаётган алоқаларимиз келгусида ҳам халқларимизнинг орзу-интилишларига ва ҳукуматларимиз бугун тузаётган катта-катта режаларга мос равишда янги марраларга кўтарилишига ишончимиз комил.

 

Бекзод АБДИРИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими раҳбари

 

Васим САЖЖАД,

Исломобод фан ва технологиялар

университети тадқиқотчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 69
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10474
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//