Александр Пушкин Кишинёв сургуни пайтида қизиқ бир ҳангомани эшитиб қолади. Гап шундаки, ХIХ аср бошида Россия марказий губернияларида яшовчи кўплаб деҳқонлар яқинда империяга қўшилган Бендера шаҳрига қочиб келишган эди. Полиция қочоқларни тутишга қанча ҳаракат қилмасин, уддасидан чиқа олмаган. Чунки қочоқлар марҳумларнинг номларига ҳужжат тўғрилаган эди. Натижада Бендерада бир неча йиллар мобайнида бирорта ҳам ўлим қайд этилмаган. Расмий тергов бошлангач, қочоқ деҳқонлар ўлганларнинг номини ўзлаштириб олгани ошкор бўлади. Орадан йиллар ўтиб Пушкин бу воқеани бирмунча ижодий тарзда Гоголга гапириб беради.
Дарҳақиқат, Россия империясида 1861 йилгача помешчикларда ўзига тобе деҳқонларга, уларнинг меҳнати ва мол-мулкига чексиз эгалик ҳуқуқи бўлган. Бундан жабр чеккан деҳқонлар чекка ҳудуд ва ўлкаларга кетишга мажбур эди. “Ўлик жонлар” асари бош қаҳрамони Чичиков губерниялардан биридаги N шаҳрига келади, у ердаги киборлар ишончига киришга ҳаракат қилади. Бунга осонгина эришади ҳам. Чичиков шаҳар казо-казолари иштирокидаги турли бал ва зиёфатларнинг мўътабар меҳмонига айланади. Шаҳар аҳли унинг асл ниятидан бехабар. Чичиковнинг мақсади “ўлган” деҳқонларни, аммо охирги тафтишда тириклар қаторида ҳисобга олинган крепостнойларни сотиб олиш ёки уларга эгаликни қўлга киритиш бўлган. Сўнгра “ўлик жонлар”ни васийлик кенгашига гаров сифатида тақдим этиб, эвазига мўмай пул кредитини ундирмоқчи эди. Помешчиклар ҳам бу “ўлик жонлар”ни сотишдан манфаатдор. Чунки ўлиб кетган ҳар бир крепостной учун худди тирикларга тўлагандай солиқ тўлашга мажбур этиларди.
Хуллас, 1842 йили “Ўлик жонлар”нинг илк нашри эълон қилинди. Чичиков тарихининг давомини бутун омма интиқ кутарди. Адиб ҳам китобнинг бир неча жилддан иборат бўлишини ваъда қилиб, ўз олдига улкан мақсадни қўйган эди. Иккинчи жилд Гоголнинг нақ ўн йил вақтини ўғирлади, аммо дунё юзини кўрмади. 1852 йил 24 февралда адиб қўлёзмаларни ёқиб юборди, ўн кундан кейин ўзи ҳам дунёдан ўтди.
Ёзувчи қўлёзмани нега ёққани тўғрисида бир талай тахминлар бор. Олимлар буни муаллиф энг аввало асардан қониқмагани билан, қолаверса, адибнинг феъл-атворидаги ғайриоддийлик билан изоҳлашади. Негаки, “Ўлик жонлар”дан ташқари яна илк асари “Ганц Кюхелгартен” романтик поэмасини ҳамда “Ака-ука Твердаславичлар” қиссасини ҳам ҳеч ким ўқишини истамаган ва буткул йўқотишга ҳаракат қилган. Ҳатто илк нашри танқидларга нишон бўлган “Ганц Кюхелгартен”нинг деярли барча нусхаларини муаллифнинг ўзи сотиб олиб, ёқиб юборган.
Яна бир тахминга кўра, муаллиф “Ўлик жонлар”нинг иккинчи жилдини бошқа қоғозларга адаштириб ёқиб юборган. Инчунин, адибнинг замондоши Михаил Погодин “Гоголь вафоти” таъзияномасида бу ҳақда таъкидлаб ўтади. Қўлёзма ёқилганининг эртаси куни адиб ўша йилларда ўзи билан яқин муносабатда бўлган граф Александр Толстойга шундай деган экан: “Тасаввур этинг, ёвуз руҳ қанчалар қудратли! Мен аслида кераксиз қоғозларни ёқмоқчи эдим, аммо адашиб “Ўлик жонлар”ни ёқиб юборибман”. Ўта талабчан адиб буни атай қилгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хизматкор Семен хўжайинини қоғозларни ёқиб юборишдан қайтармоқчи бўлганида, адиб “Сенинг ишинг бўлмасин”, дея танбеҳ берган.
Иккинчи жилднинг ёқилмай қолган бешта боби қўлёзманинг охирги нусхалари эмас, балки дастлабки вариантлари ҳисобланиб, унинг сақланиб қолиши ҳам сирли. Адиб вафотидан кейин унинг хонаси қулфланиб, муҳрлангани тўғрисида баённома мавжуд. Баённомага кўра, ўша пайтда хона бўм-бўш эди, қўлёзма ҳам, портфель ҳам бўлмаган. Олти ойдан кейин гувоҳлар иштирокида очилганда ҳам хонада ҳеч нарса йўқ эди. Аммо қизиғи, икки кун ўтиб у ердан қўлёзманинг сақланиб қолган қисми топилган. Тахминларга кўра, қоғозлар шкафнинг орқасига тушиб кетган ёки портфелда бўлган. Хуллас, кимнингдир хайрихоҳ қўли қўлёзмани портфелга яшириб қўйган...
Гоголь ушбу асарини уч қисмдан, яъни “Дантенинг “Илоҳий кормедия”сига монанд яратишни мақсад қилган деган фараз ҳам мавжуд. Аммо бу тахмин тўқима. Тўғри, адиб кейинги жилдларда асар қаҳрамонлари дунёқараши, феъли-ахлоқини бутунлай ўзгартирмоқчи бўлган. Асарнинг сақланиб қолган боблари эса бундан далолат бермайди. Масалан, дастлаб салбий бўёқларда тасвирланган помешчик Манилов иккинчи китобда бирмунча ижобийлик касб этади. Аммо бунинг ортида кўнгил қашшоқлиги ва паразитлик яширингани тезда аён бўлади.
Асосий қаҳрамон – “аблаҳ” Чичиков ҳам иккинчи жилдда ўз ҳаётини тўғри йўлга солиш, оила қуриб рисоладагидек яшашга аҳд қилгандай кўринади. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, қаллоблиги учун қамоққа тушади. Шундан кейин ҳам ҳақ йўлга киришга Муразовга ваъда беради, гўё тавба қилишга тайёрдек кўринади. Аммо унга яна бир “бемаъни” таклиф тушиб, олижаноб ниятидан воз кечади.
Аслида ҳам Чичиков иккинчи жилдда биринчидагидан ҳам кўра гуноҳкорроқ. Аввалбошда фақат ўлик жонларни сотиб олади ва ҳеч қандай ёмон иш қилмайди. Ҳатто баъзан кимларгадир кўмак ҳам беради. Кейинги жилдда ҳақиқий муттаҳамга айланади ва кекса кампирларнинг васиятномаларини сохталаштириш билан шуғулланади. Асарнинг иккинчи жилдида қаҳрамонлар қайта туғилиши, марказий қаҳрамон ҳам инсофга келиб, ижобийлик касб этиши керак эди. “Асар Чичиковнинг тўғри йўлга тушиб олиши билан тугайди”, дея таъкидлаган эди Гоголнинг ўзи ҳам. Афсуски, муаллиф мақсади амалга ошмайди. “Ўлик жонлар”нинг иккинчи жилди мазмунидан қониқмаган адиб қўлёзмани ўз қўли билан ёқиб юборади.
Абдумажид АЗИМОВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ