Адабиёт
Мактабда бешинчи синфда ўқиб юрган чоғларимда ҳаётимга Ҳамид Олимжон кириб келган. Эсимда, мактабда она тили ва адабиётдан дарс берадиган онам кутубхонадан турфа китоблар олиб келарди. “Ойгул билан Бахтиёр”, “Семурғ” ёки “Паризод ва Бунёд” каби эртак-достонларини ўқиб, адабиётга меҳрим уйғонган. Расмли китобини ўқир эканман, ўзимни Ҳамид Олимжон достонларидаги ботирларга қиёслар, яхши инсон бўлишга интилар ва ёмонликнинг барибир мағлуб бўлишини англар эдим. Мурғак қалбимга яхшилик уруғини эка олган адиб эди Ҳамид Олимжон. Бахт ва шодлик куйчиси дейишарди уни. Ҳозирги болаларга ана шундай эртаклар ва достонлар керак. Болаларни эзгуликка, яхшиликка, ҳалолликка етаклайдиган достонлар керак. Адабиётимизга эса янги Ҳамид Олимжонлар керак. Байрам тадбирларида шоирнинг Ватанни севишга ундайдиган турли шеърларини ёд олганмиз. Ўсмирликка қадам қўйгач, қизларга муҳаббат мактублари битарканмиз, Ҳамид Олимжоннинг севги куйланган шеърларидан парчаларни илова қилганмиз. Қалбимизда муҳаббат ўтини ёққан шоир эди Ҳамид Олимжон. “Водийларни яёв кезадиган” ва “Ватан тупроғини ўпадиган” чинакам ватанпарвар ижодкор эди. Мен шоир ижодию таржимаи ҳоли ёки унинг қисқа умр кечирганлиги ҳақида сўзламоқчи эмасман. Зероки, шоир ўзи айтганидек, у ҳамон тирик, “халқнинг юрагида, эркнинг тилагида” яшаяпти.
Ҳамид Олимжон ҳар бир оққўрғонликнинг юрагидаги шоир. У гарчи Жиззахда туғилган бўлса-да, Оққўрғоннинг ҳам чин фарзандига айланган ижодкор. Туманимиздаги Ҳамид Олимжон номли МФЙда шоиримизнинг маҳобатли ҳайкали қад ростлаб, шоиримиз мағрур турибди. Ростини айтсам, эсимни танигунгача Ҳамид Олимжонни Оққўрғонда туғилган, деб ўйлардим. Чунки унинг номи қўйилган катта қишлоқ бор, – Ўзбекистон бўйича катта ҳайкалларидан бири шунда жойлашган, демак, у шу ерлик бўлса керак, деган хаёлга борардим. Оққўрғонда Ҳамид Олимжон номи абадийлаштирилишида 60–80 йилларда колхоз раиси бўлган Ҳасанбой Эргашевнинг хизмати беқиёс. Айтишларича, у Ҳамид Олимжоннинг чинакам мухлиси бўлиб, ҳар икки гапининг бирида шоирнинг байтларидан айтиб юришни хуш кўрган ва иш столининг устида Ҳамид Олимжоннинг китоблари доимий турган. Ҳасанбой Эргашев бундан 53 йил аввал севимли шоиримизнинг ҳайкалини ўрнатишга бош-қош бўлган. Оққўрғон тумани ва Қуйи Чирчиқ туманлари бир муддат бирлаштирилган вақтда ҳозирги Ҳамид Олимжон МФЙ ўша пайтлардаги шўролар давлати доҳийсининг номи билан аталарди. Ўз навбатида Қуйи Чирчиқ туманидаги ҳозирги “Янги ҳаёт” МФЙ ҳам айнан шу номда бўлган. Шу сабабли колхоз номини ўзгартиришга зарурат пайдо бўлди. Аммо маълумки, у даврларда доҳий номи билан аталган колхоз номини ўзгартириш ниҳоятда мушкул эди. 1963 йили Ҳасанбой Эргашевнинг ташаббуси билан колхозга Ҳамид Олимжон номини бериш таклиф этилади ва бу республика раҳбари Шароф Рашидов томонидан маъқулланади.
Ниҳоят, 1968 йили Ленинградда тайёрланган ҳайкал Оққўрғонга келтирилиб, шоир номи берилган колхоз марказига ўрнатилади. Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси, севимли шоирамиз Зулфияхоним ҳам ушбу очилиш тадбирида иштирок этганлиги маълум. Ярим аср аввал ўтган ҳайкалнинг очилиш маросимида оқ мато тортилгач, Зулфияхоним бир муддат ўзини йўқотиб қўяди ва кўзларидан ёш қуйилади. Дарҳақиқат, ҳайкал Ҳамид Олимжон сиймосини гавдалантирган эди.
2021 йил 12 декабрь куни Ҳамид Олимжон таваллудига 112 йил тўлди. Унинг шарафига айтилмаган мақтов ё мадҳия қолмаган. Юқорида таъкидлаганимдек, у болалару катталарнинг бирдек севимли шоири эди. Ижодкор – халқнинг фарзанди. Ҳамид Олимжон ҳам ҳар бир оққўрғонликнинг юрагига кириб борган шоир. У қалбимизда абадий қолади. Чунки у ўзига тириклигидаёқ ҳайкал ўрнатиб улгирган.
Отабек ЙЎЛДОШЕВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ