Тошкент “Уламо жамияти”нинг Туркистон Мухториятига муносабати


Сақлаш
19:08 / 22.02.2022 1125 0

1917 йил февраль ва октябрь инқилоблари натижасида ер юзининг энг йирик мустамлакачи империяларидан бири бўлган чор Россияси тарихга айланди. Унинг ўрнида қисқа муддат давом этган қўш ҳокимиятчилик даврида сўз ва диний эътиқод эркинлиги пайдо бўлди, миллий-сиёсий бошқарув идоралари, мухтор шаклидаги республикалар тузиш имконияти туғилди.

 

Туркистонда янги жамият куртакларини шакллантириш учун ҳаракат бошланиб кетди. Ўлка ижтимоий-сиёсий ҳаётида мухторият масаласи асосий масала бўлиб қолди. Туркистонга мухторият мақомини бериш ғояси нафақат миллий зиёлилар, маърифатпарвар уламолар орасида, ҳатто оддий одамлар ўртасида ҳам анча оммалашиб борди.

 

1917 йил 16–23 апрелда Тошкентда бўлган Бутунтуркистон мусулмонлари I қурултойда туб халқларнинг мухторият томон қатъий интилиши, ўз анъаналари, урф-одатлари ва турмуш тарзини изчил туриб ҳимоя қилиши айтилди ҳамда демократик Россия таркибида Туркистон Мухториятини ташкил этиш ғояси олға сурилди. Бу ғоя Туркистон халқларининг ўз миллий давлатчилигини тиклаш йўлидаги дастлабки қадами эди.

 

1917 йилнинг 1720 сентябрь кунлари Уламо жамияти ташаббуси билан Тошкентда Туркистон ва қозоқ мусулмонларининг қурултойи бўлиб ўтди. Унда Туркистоннинг деярли барча ҳудудлари ҳамда Урал ва Тўрғай вилоятларидан беш юзга яқин вакиллар қатнашди. Қурултойнинг Туркистон Мухторияти тузишга қарор этганлиги матбуот саҳифаларидаги асосий мавзулардан бири бўлди (“Улуғ Туркистон” газетаси. 1917 йил 30 сентябрь. 2-б).

 

Бироқ, 1917 йил 25 октябрда (янги сана билан 7 ноябрда) қурол кучига таянган большевиклар зўравонлик йўли билан Петроградда ҳоқимиятни эгаллади. 1 ноябрда эса Тошкентда Мувақкат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзолари қамоққа олинди. Тошкентда ҳам зўравонлик йўли билан совет тузуми ўрнатилди.

 

Шундай таҳликали даврда Туркистоннинг миллий ватанпарвар кучлари ўлка тақдири учун халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўз давлатчилигини яратиш ҳуқуқини амалга оширишга қаратилган қатъий сиёсий позицияда турди.

 

Большевиклар билан ҳамкорликдан бош тортиш белгиси сифатида миллий демократия йўлбошчилари бошқарган марказий “Шўрои Исломия” аъзолари Тошкентни тарк этиб, Қўқонга кўчиб ўтдилар. Улар бу ерда 1917 йил 26 ноябрда IV Фавқулодда Умумтуркистон мусулмонлари қурултойини чақиришди. Бу қурултой Туркистонда давлат тузилиши ҳақидаги масалани ҳал этишни кўзда тутди. 28 ноябрда таркиб топаётган мазкур давлатчиликнинг номи аниқланиб, у Туркистон (Қўқон) Мухторияти деб аталди.

 

Таъкидлаш жоизки, айрим тадқиқотчилар мухториятчилик ғоясининг вужудга келишини бевосита Туркистон мусулмонларининг “Шўрои Исломия” ва “Уламо жамияти” каби миллий ташкилотлари фаолияти билан боғлайдилар. Гарчи улар орасида миллий давлатчилик масаласида айрим қарама-қаршиликлар бўлган бўлса-да, Туркистонда 1917 йил ноябрида вужудга келган аянчли аҳвол бу икки ташкилотни бирлашишга мажбур этган (Hayit, В. Turkestanzwischen Russland und Сhinа. Amsterdam, 1971, S.239; Basmatschi. Koeln. 1992. S. 27).

 

Дарҳақиқат, большевиклар туркистонликларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмаганларидан сўнг Туркистон Мухторияти ҳукумати вужудга келди. Бу ҳукумат қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Янги маҳаллий ҳукумат фақат Қўқонда ёхуд Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Қўқон мухторияти маҳаллий, Қўқон ва ҳатто Фарғона ҳаракатигина бўлиб қолмасдан, балки бутун Туркистоннинг умумий ҳаракати бўлган ва Туркистоннинг бутун туманларини эгаллаган, миллатидан қатъи назар бутун Туркистон буржуазиясини жалб қилган ва турли босқичларда Туркистон аҳолисининг бошқа қатламларини ҳам қамраб олган (Алексеенко П. Кокандская автономия. – Т., 1931. С. 27).

 

Мухториятнинг эълон қилиниши ўлка мусулмонлари орасида хурсандчилик ғалаёнини уйғотди, кўпсонлик митинглар ва намойишлар ўтказилди («Свободный Самарканд» газетаси. 1917 йил 20 декабрь. 4-б). Жумладан, 1917 йил 1 декабрда Наманганда 10 мингча киши иштирокида мухториятни қўлловчи йиғин бўлди, Жалолобод волостининг Хонобод қишлоғида 6 декабрда, Қўқонда 7 декабрда шундай намойишлар бўлди (“Улуғ Туркистон” газетаси. 1917 йил 20 декабрь. 2-б).

 

Барча қаторида 1917 йилнинг июнь ойида Тошкентнинг бир гуруҳ уламолари томонидан ташкил этилган “Уламо жамияти” ҳам мазкур Мухториятни олқишладилар, уни қўллаб-қувватлаш йўлида мусулмонлар орасида ташвиқот-тарғибот ишларини олиб бордилар. Даставвал, 1917 йил 6 декабрда Тошкентдаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжидида Мухториятни қўллаб-қувватлашга бағишланган 60 минг кишилик митинг ўтказилди. Унда шариатга мувофиқ идора қилинган тақдирда Мухториятнинг Муваққат ҳукуматига байъат, яъни итоат қилишга аҳд қилинди. Мухторият вужудга келгани учун шукрона айтиб, уламолардан мулла Тошпўлад қори ва Абдусамиъ қорилар томонидан Қуръон ўқилган (Тошканд хабарлари // “Ал-Изоҳ” журнали. 1917 йил 11 декабрь. 18-сон 278-б).

 

13 декабрда Тошкентда “Туркистон мухторияти учун” шиори остида ўтказилган намойишда ҳам уламочилар фаол иштирок этганлар. Бу намойишда мусулмонлардан ташқари руслар, яҳудийлар, арманлар, шунингдек, большевиклардан ташқари турли хил ижтимоий-сиёсий ташкилотлардан вакиллар иштирок этганлиги ҳақидаги хабар айниқса муҳим бўлиб, Туркистон Мухториятини ўлкадаги бошқа миллат вакиллари қўллаб-қувватлаганлигини тасдиқлайди (“Улуғ Туркистон” газетаси. 1917 йил 16 декабрь. 2-б).

 

Жамиятининг Тошкентда ҳафтада бир марта чиқадиган диний, илмий, адабий, сиёсий нашри – “Ал-Изоҳ” журнали саҳифаларида ҳам Туркистон (Қўқон) Мухториятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бир қатор мақолалар бериб борилган. Хусусан, журналининг 1917 йил 11 декбрдаги 18-сонида “Хўқанда бўлғон мусулмон краевой съезди қарори” сарлавҳаси билан Қўқонда Мухторият эълон қилинганлиги тўғрисидаги хабарни “Эл байроғи” газетасининг 28 ноябрдаги сонидан олиб бостирди ва хабарни “Яшасун Туркистоннинг эрлик мухторияти!”, деб якунлади. 1918 йил 1 февралдаги 22-сонида таниқли уламо, мударрис, шоир, олим, таржимон, публицист, мударрис Саидаҳмад Васлий Самарқандийнинг Мухториятни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган митинглардан бирида сўзлаган нутқи эълон қилинган. Васлийнинг митингда иштирок этаётган уламо, талабалар, бойлар ва ёшларга қарата қилган мурожаат барча Туркистон уламоларининг ўлкадаги давлатчилик масаласига, Ватан озодлиги, миллат равнақи йўлидаги қарашларини ифодалайди. “Омил ва якдил бўлсак саъид ва мухториятимиз устивор ўлур!”, деган иборалар билан нутқига хулоса ясайди.

 

Бироқ, бу митингдан бир оз илгарироқ, аниқроғи “Уламо жамияти” томонидан 1918 йил 5 январда Тошкентдаги жоме масжидида Миён Фозил Қодир Миён Фазл ўғли раислигида тахминан 60 минг кишилик йиғилишда қабул қилинган қарорлар ўлканинг барча сиёсий кучлари, айниқса мусулмон аҳолисини жўнбушга келтирди. Халқ орасида “Уламо” аввал бизни Мухториятга ахд қилдирди, итоат қилишга қасам ичирди, энди эса уни тан олмасликка қарор берди, бу қандай мусулмончилик!”, деган танқидлар, таъналар, шов-шувлар авж олди.

 

Маҳаллий матбуотда ҳам “Уламо жамияти”нинг бу ҳаракатини қораловчи қатор мақолалар эълон қилинди. Жумладан, “Улуғ Туркистон” газетасининг 1918 йил 11 январдаги 50-сонда берилган “Мухторият ва Тошкент уламоси” номли мақолада “Агар “Уламо жамияти” ҳақиқатда биз эшитгон тарзда ё Мухториятка ва ё-да халқ тарафиндан сайланиб қўйилғон қозиларға қарши халқни қутурта турғон бўлса бу иш “Уламои киром” аталғон олий бир тоифанинг шаънига ёқишмайдур. Бутун Туркистон бир бўлиб дин ва миллатимизнинг ривож ва нуфузи учун тиришурға ва мухториятимизни кучли қилурға тейишли бир замонда ҳар хил ихтилоф ва жанжал чиқарувға хизмат этув ҳар ҳолда исломиятга хизмат бўлмаса керак.”, дейилади.

 

“Ишчилар дунёси” журналнинг 1918 йил 18 январдаги 2-сонидаги муҳим мақолалардан бири “Туркистон учун хўрлик” деб номланиб, у “Тошкент масжиди жомеъинда 5 январь, жума куни “Уламо жамияти” тарафидан катта йиғин бўлиб, Умумтуркистон учун зўр кўнгилсиз воқеа бўлиб ўтди. Тарихда Туркистон учун бир қаро саҳифа очилди” деб бошланади. Муаллиф бўлган воқеага имкон қадар холис баҳо беришга интилади ва уламоларнинг масжидда Туркистон Мухториятига нисбатан билдирган ишончсизлигини қоралайди. “Уламо жамияти”нинг шу кунгача Мухториятни қўллаб-қувватлаб келганлигини, афсуски “ҳеч нима фурсат ўтмасидан муваққат ҳукумат озми кўпми ишлаб турганида бир тўда лойқа сувдан балиқ овлайдирган иртижоъпараст мухторият душманлари масжиди жомеъда маъвизалар ўртасинда Мухторият хусусинда сўз қўзғотиб, содда халқнинг кўзига бир дона тухумни 70 хил қилиб бўяб кўрсата бошлади. Бечора бизим халқ камоли софдиллигидан бул жанобларнинг ноҳақ сўзларин ҳақ фаҳмлаб ҳаяжонга келдилар. Шул фурсатда нотиқ афанди уста таъбирлар билан халққа хитоб қилиб (Халойиқ Хўқанддаги ҳукуматни бизлар билмасмиз. Муваққат ҳукумат бизга керак (эмас) деган мазмунда сўзлаб, Хўқанддаги ҳукумат керак эмас деганлар қўл кўтарсин, деб бир неча соддадил қора халқни қўл кўтартириб олдилар.”, дея воқеа тафсилотларини баён қилади. Мақола давомида, “Шунинг баробаринда муҳтарам уламоларимиздан, суюклу ёшларимиздан ўтинамиз-ки, мундан буён ҳар икки тараф ҳам соф бўлиб ҳаракат қилингиз. Уламоларимиз қора халқ бизнинг орқамизда деб Туркистонга уят келтирадирган ишни ишламасунлар. Ёшларимиз ҳам ўз фойда зарарини ажратолмаган халқимиз учун кеча-кундуз раҳмат ўрнига лаънат эшитиб, бошдан оёқ куфр печати билан печатланиб, охири ўртада бирор қонли воқеа бўлиб, бадбахт Россиянинг аҳволи Аллоҳ сақласун, бизим Туркистон бошига тушмасин деб қўрқамиз”, деб ёзади.

 

Муаллиф “Оҳ, ... бу қандай хўрлиқ! Қандай уятсизлиқ! Такрор айтамиз-ки, уламоларимиз, ёшларимиз мундан буён эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилмасалар, ҳозирги Россиянинг бадбахт ҳоли бизни Туркистон бошига келадир... (Туркистон учун хўрлик // “Ишчилар дунёси” журнали. 1918 йил 17 январь. 5-б), деб фикрини якунлайди.

 

“Уламо жамияти” томонидан ўтказилган мазкур йиғилишда халқ норозилигига сабабчи бўлган қарорлар “Ал-Изоҳ” журналининг 21-сонида “Тошкандда улуғ митинг қарорлари” сарлавҳаси билан қуйидагича эълон қилинган: 1. Хўқанд шаҳринда ташкил эдилмиш ҳукумат аъзоларина норози ўлгонлари сабабли аларға протест “норозилик” баён этуб, муттафиқ ўлгонлари ҳолда бир оғиздан аларни ҳукумат аъзоси деб тонумасға қарор бердилар; 2. Тездан (Тошканд шаҳрина хос бўлса керак) Муваққат ҳукумат аъзоси ташкил этмоқ хусусинда “Уламо жамияти”ға ихтиёр беруб тобшурдилар; 3. Мухторият эълони кунинда халқ фоидасиға йиғилмиш ақчаларни ҳар кимда бўлса олиб, янгидан бўладурғон милицияға сарф этмакни “Уламо жамияти”ға топшурдилар.

Дарҳақиқат, ушбу қарорлар бир қарашда “Уламо жамияти”нинг даставвал Мухториятга бўлган муносабати ва шунга яраша қилган амалларига зид келади. Шубҳали вазиятга жамиятнинг ўзи мазкур мақола сўнгида қуйидагича тушунтириш беради: “Ушбу кунларда “Уламо жамияти” афтонумия (Мухторият)ға қарши дегон сўзни ҳар заҳгўй (беҳудагўй)лардан эшутмакдамиз. Огоҳ бўлингиз бул сўз фақат ихтилоф ва адоват ва фитначиликдан ҳосил ўлғон. “Уламо жамияти” борасина туҳмат ва таънадур.

 

Хўқанд ҳукумат аъзоларин тонумасликдан Афтономияға қаршулиқ чиқодурму?

 

Ҳар бир киши, ҳатто гўдакға-да ҳурриятнинг биринчи самараси деб тонилмиш ва орзу эдилмиш Афтономияға “Уламо жамияти” қаршу бўлмоғи тугул “Жуҳало жамияти”да қарши ўлмас.

 

 

Сизлар ҳам яхши билиб эсларингизға қўюнгиз! (Тошкандда улуғ митинг қарорлари // “Ал-Изоҳ” журнали. 1918 йил 12 январь. 21-сон. 316-б).

 

Воқеалар силсиласида, 1918 йил 18 январда Тошкентда очилган солдат, ишчи ва деҳқонлар съездига “Уламо жамияти” тарафидан қуйидагича таклифлар киритилган: “1-ҳозирдаги большевиклар ҳукумати жойида тўхтасин ва аммо ҳукуматини ва маслагини Туркистонда тургувчи урусларга ва ажнабийларга юргузсин ва ҳам Руссия жумҳуриятининг Туркистондаги муштарак ишларига назорат қилиб тўхтасун.

 

2-Туркистонга эълон қилинган мухторият то Туркистон учредителний собрания (таъсис мажлиси)га қадар мусулмонларга махсус бўлсун ва мусулмонлар ўз олдиларига алоҳида ҳукумат ташкил қилсунлар. Жами дохилий ишларни шариатга мувофиқ ижро қилиб турмоқлари учун...

 

Ушбу тартиблар то Туркистон учридительний собрания (Туркистон идора усули) тасдиқ қилинганича жорий бўлиб турсун ва аммо учридительний собранияни чақирмоқ тартибини большевиклар ҳукумати Мусулмон мухторияти билан иттифоқлашиб чақирсун” (Уламо жамиятининг таклифи // “Ишчилар дунёси” журнали. №3. 1918 йил 1 февраль. 5-б). Таклифлардан кўриниб турибдики, Тошкент уламочилари Мухторият ҳукуматини мутлақо рад этган эмас. Аксинча, таъсис мажлисигача Туркистоннинг туб аҳолиси учун масъул ҳукумат сифатида тан олмоқда. Демак, асл зиддият жадидлар ва уламоларнинг халқ олдидаги етакчилик учун интилишлари натижаси эди. Мавжуд кўнгилсизликлар эса уламоларнинг ҳам, ёшларнинг ҳам орасида бўлган айрим “хуфя”ларнинг “буюрма” асосидаги қилмишларининг самараси бўлган деб тахмин қилишимизга имкон беради (Б.Ирзаев. Туркистон Мухторияти тарихини ўрганишда муҳим манба. Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли. Конференция материаллари тўплами. – Тошкент. Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2017 й. 103-б).

 

Туркистон Мухторияти ташкил қилинган биринчи кунидан бошлаб большевикларнинг бор қудрати ва адоватини ҳис қила бошладилар.

 

Болшевиклардан А.Черневский ўлка деҳқонларининг IV фавқулодда съездида (15–22 январь, Тошкент ш.) сўзга чиқиб “Қўқон мухторияти афсонадир, зеро мусулмонлар ҳали мухторият учун етишганларича йўқ, инқилоб эришган барча натижаларни ушлаб қололмайдилар ва ўзлари бизнинг ҳузуримизга келадилар” («Свободный Туркестан» газетаси. 1918 йил 24 январь. 1-б), деган сўзларни айтади.

 

1918 йил 19–26 январда бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси советларининг IV қурултойида Туркистон мухториятини тугатиш масаласи очиқдан-очиқ кўрилди.

 

1918 йилнинг 19 февралида Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукумати қизил қўшиннинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди. Ҳукумат ағдарилгач, Қўқон ва унинг аҳолиси қирғинга учради.

 

Шоир Тошкандий Камийнинг Қўқонда содир бўлган ана шу фожиали воқеага бағишланган “Афсуснома Хўқанд фожеасина” сарлавҳали шеъри “Ал-Изоҳ” журналининг 26-сонида (21 март 1918 йил) эълон қилинади. Шеърда қуролли босқинидан кейинги Қўқон шаҳрининг аянчли манзаралари шундай ёритилади:

 

Вой, юз войки, Фарғона хароб ўлди, дариғ,

Зулм ўқи бирла букун гарду туроб ўлди, дариғ...

 

Фожиаларнинг асл сабабчилари бўлган большевикларнинг кирдикорлари ҳам тиғли қалам билан очиқ фош қилинади:

 

Большевикларнинг зулмими ё феъли бади,

Зару амволларин қўймади мундоғ, талади,

Бўлмайин қолмади тарож гиламу намади,

Монеи зулму таъадди бўла олмай ҳади...

 

Жамиятнинг расмий журналида бу каби шеърнинг эълон қилиниши ҳам “Уламо жамияти”нинг Қўқон Мухторияти тугатилишига қандай муносабатда бўлганлигини англатади.

 

Туркистон Мухторятининг 1918 йил февралида ҳарбий куч орқали тугатилиши миллий масалада зиддиятларнинг чигал тугунини юзага келтирди. У большевикларнинг маҳаллий аҳоли билан алоқаси йўқлигини очиқ-ойдин кўрсатди ва айни пайтда, минтақадаги миллий озодлик ҳаракатининг кучли ва етуклигини намоён этди.

 

Мухторият ҳукумати қисқа фурсат (1917 йил 27 ноябрь – 1918 йил 22 февраль) фаолият кўрсатган бўлса ҳам, у тарихимизда чуқур из қолдирди.  У эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. Янги Ўзбекистон бунёд этилаётган бугунги кунда миллий давлатчилигимизнинг тарихи ҳақида ёш авлодга кенгроқ маълумот беришда Туркистон Мухторияти ҳукуматининг қисқа фурсатда амалга оширган тадбирлари, туб ерли аҳолининг бу ҳукуматни қўллаб-қувватлаши масалаларини илмий асосда таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, Мухториятнинг тор-мор келтирилиши билан боғлиқ жараёнларда ўша даврдаги миллий-сиёсий ташкилотлар, хусусан “Уламо жамияти”нинг қандай таъсир кўрсатганлиги тўғрисидаги шубҳали фикрларни чуқур таҳлил қилиш, янги фактлар асосида қайта ўрганиш ҳам тарихшуносликда долзарб муаммолардан бири саналади.

 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи

директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//