Алишер Навоий Темурийлар Уйғониш даврининг даҳо сўз санъаткори, мумтоз муаррихи, қомусий олими, буюк мутафаккиригина эмас, балки ушбу шонли даврнинг ақл ва қўл ихтиролари, бунёдкорлик ишлари ҳамда муҳташам ва инновацион характердаги умумбашарий ғоя ва эзгу ниятларнинг ислоҳотчиси ҳам ҳисобланади. Улуғ Навоийнинг ўзи, унинг буюк шахси, бир-биридан ўқишли 30 дан ортиқ дурдона асарлари темурийлар Ренессансининг маҳсули ҳисобланади. Алишер Навоий ижодий онгининг ҳамда янгича фикрлашнинг гўзал ихтироси сифатида “Хамса”дек буюк бадиий обидани бани башарга тақдим қилди.
Даҳонинг ушбу бунёдкорлик ишлари билан боғлиқ олмос қирраларини подшоҳ ва шоир Бобур сўзлари билан эътироф қилсак, у қизғин даврнинг тенгсиз даражадаги мураббий ва муқаввийси ҳисобланади. Алишер Навоий бадиий адабиётда ҳам жанрлар тараққиётида, такомилида, умумбашарий ғоялар ва бадиий образларнинг янгиланишида ёки ўзи самарали ижод қилган лириканинг ўн олти жанрини навоиёна услуб билан ривожлантирди. Бадиий ва тарихий образларнинг гўзал талқинларини яратишда ижтимоий фикр ва поэтик талқиннинг тараннумчиси ҳамдир. Маълумки, бу юксак эътироф Навоий даврида яратилган адабий ва тарихий, хусусан, “Матлаъи Саъдин”, “Рисола”, “Баҳористон”, “Тазкират уш-шуаро”, “Бадоеъ ул-вақоеъ”, “Ҳабиб ус-сияр”, “Макорим ул-ахлоқ” сингари манбаларда яхши ёритилган, қимматли маълумот, хабар, эслатмалар битилган.
1. Алишер Навоий темурийлар давлатида кадрлар заҳирасини таъминлаган, иқтидорли ёшларнинг қўл ва ақл ихтироларини қўллаб-қувватлаган буюк ихтирочи сиймодир. Масалан, бунинг ёрқин исботи қилиб унинг фозил шаҳар Ҳиротда туриб, Ренессанс Самарқандда – Амир Темурнинг залворли тахтида давлат бошқараётган ёш темурий шаҳзода Бобурни излашидир. Унга умид берувчи мактубни йўллашидир. Бу ҳақда таниқли навоийшунос Мақсуд Шайхзода ўзининг 1939 йилда ёзган “Алишер Навоий ва Бобур” номли мақоласида фахр ва эътироф туйғуси билан махсус тўхталган. Ҳақиқатан ҳам, Бобурдаги бор иқтидорни Алишер Навоий сезган эди ва ўзи ташаббус кўрсатиб Бобурга мактуб йўллайди. Навоийнинг бу ташаббуси бизнинг давримиз учун ҳам гўзал бир намунадир. Ёки шоир Шаҳзода Шоғариб Мирзо, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод, ҳаттотлик санъатида якқалам деб шарафланган Султонали Машҳадий, машҳур муаррих Хондамир, назариётчи олим Атоуллоҳ Ҳусайний, адиб Зайниддин Восифий кабиларнинг камол топишида ҳам буюк хизматлари борлиги айтилган. Ҳатто бу ҳақда унинг ўзи “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ўз даврининг ҳам ихтирочи, ҳам шоир, ҳам табиблари ҳақида хабарлар битган. Мисол сифатида биз ихтирочи олим Хожа Муҳаммаднинг “Сандиқли соат” ихтиросини ёки сеҳрли мўйқалам соҳиби Камолиддин Беҳзоднинг Алишер Навоийнинг ўзига бағишлаб чизган “Алишер Навоий боғда” миниатюра тасвирини ёдга олиш мароқлидир. Беҳзоднинг мазкур тасвири, яъни картинасининг айнан ўзи бизга етиб келмаган бўлса-да, аммо Зайниддин Восифий “Бадоеъ ул-воқоеъ” асарида бу ноёб картинанинг яратилиши, тасвири, Навоийга кўрсатилиши билан боғлиқ маълумотлар гапирилган.
Яна Навоий Ҳирот маданий муҳитининг фаол ва фидойи раҳбари сифатида кўплаб шоир, адибларнинг тўғри йўл топишида, баракали ижод қилишида, уларнинг моддий-маънавий муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиб, бир-биридан ўқишли шеърлар, асарлар яратилишида ва мамлакат бўйлаб ёйилишига сабабчи бўлган. У ўз даврида яратилган бошқа ақл ва қўл ихтироларининг мамлакат бўйлаб ёйилишида ҳам раҳнамолик қилган.
2. Алишер Навоий ўз даврининг бунёдкори ва буюк шахси сифатида темурийлар бошқарувида бўлган Хуросон давлатининг Ҳирот, Машҳад, Астробод, Марв каби фозил шаҳарларида кўплаб ижтимоий характердаги бинолар, боғ-роғларнинг тархи ва бунёд бўлишига ўз маблағи ҳисобидан ҳомийлик қилган, хуллас у шаҳарсозлик маданиятининг равнақ топишида ўз ҳиссасини қўшган. Бунинг намуналарини Бобур 1506 йилда 20 кун муддатда Ҳиротда бўлар экан, бу хусусида муҳташам “Бобурнома”да уларни кўзи билан кўргани, зиёрат қилгани ва бирма-бир санаб кўрсатгани фикримиз исботидир.
3. Бизга маълумки, кўплаб ижодкорларнинг асарларида инсоннинг кўнгил мулки, кўнгил ободлиги билан боғлиқ масаласи тараннум қилинган бўлса, улуғ Навоий эса инсоннинг нафақат кўнгил ободлиги, балки мулки миллат ишидаги ободлик масаласининг ёрқин тасвир ва поэтик лавҳаларини яратган. Шунинг учун у янгилик сифатида мулк иши ва кўнгил иши тушунчаларини маҳорат билан алоҳида қўллай олган ёки кўнгилни Каъбага менгзаш ҳам улуғ шоирнинг бадиий сўздаги ихтиролари, топилмаларидан бири эди.
4. Алишер Навоий асарларида ижод қилган бош қаҳрамонларнинг фикрлаш тарзидаги янгиланиш ҳам унинг ихтиросидир. Биз шоҳ Искандар ва ҳакимлар, Фарҳод, Ширин, Ахий каби бадиий образлар ёки Амир Темур, Шоҳрух, Гавҳаршодбегим, Султон Ҳусайн Бойқаро, Шайх Қайс Розий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хожа Аҳрор, Абдураҳмон Жомий, Бибичаи Мунажжима каби бунёдкор ҳукмдор ва шахсларнинг портрет ва тасвирини асарларида санъаткорона, янгича усулда баён қилганини кўрамиз.
5. Алишер Навоий давлат арбоби сифатида давлатчилик масалалари билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий қарашларнинг ҳам маълум маънода ислоҳотчиси ҳисобланади. Давлатшоҳ Самарқандий у яшаган уйни, яъни Унсияни мана шундай ижтимоий-сиёсий аҳамиятидан келиб чиқиб “Фуқаролар мурожаатгоҳи” деб юксак баҳолаган. Бу эса инсонпарвар шоир ўз даврида халқ билан мулоқот шаклини гўзал тарзда йўлга қўйган, нафақат асарларда, балки кундалик фаолиятида ҳам инсон қадрини улуғлаган, адолат ва инсофни гувоҳ сифатида, афв фазилатини нафақат қадрият, балки афв институти даражасида ҳамда оналарнинг табиий ҳуқуқларини бадиий талқин қилган дейишимизга имкон беради.
Хулоса ўрнида биз юқорида таъкидлаб кўрсатган моддий ва маънавий бунёдкорлик масаласи бугунги давримиз учун, биринчидан, катта бир сабоқ бўлса, иккинчидан, Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва мафкуравий соҳадаги ишларига пойдевор вазифасини ўтайди десак, тўғри бўлади. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан ҳазрат Алишер Навоий ижодини юртимизда ва жаҳонда кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бунинг яққол ифодасидир.
Буробия РАЖАБОВА,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти етакчиилмий ходими,
филология фанлари номзоди
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ