Адабиёт
Конигилдаги олтмиш кунлик тўй тантаналари ортда қолди. Меҳмонлар жўнаб кетди. Неча йилдан бери пайсалга солиб келинаётган сафарга навбат етди. Сафарда маликалардан Сароймулкхоним, Тўкалхоним ва Туман оқа, амирзодалар Мирзо Улуғбек ва Иброҳим Султон бирга эди.
Улар Оқсулотга етиб келганда қаттиқ совуқ бўлиб, қалин қор тушганди. Аёзнинг забти шунчалар баланд эдики, кўпларнинг қулоқ-бурунларини совуқ уриб кетди. Ўшанда оғиздаги тил танглайга ёпишиб, совуқ ҳатто қориндаги ҳомилаларга ҳам таъсир қилгани ҳақида манбаларда ёзиб қолдирилган.
25 декабрда Оқсулотдан қўшин йўлга чиқиб, Узун ота, Хўжа оға, Суткант, Қиморшоҳ ота, Султоншайх, Зарнуқ манзилларини босиб ўтди. Тошкент атрофи ва Туркистондаги қўшиннинг баронғор ва жавонғорига баҳор келишини кутмай йўлга чиқишга шай бўлиб туриш амр этилди. Олий ўрду илгари босарди. Сирдарёни қоплаган қалин муз устидан ўтиб, 1405 йил 14 январь куни Ўтрорга етиб бордилар.
Ўтрор (Турарбанд, Тарбанд, Фарад, эрамизгача I асрдан XVI асргача қадимий шаҳар) ўша пайтда мавқеи баланд қалъа-шаҳарлардан бўлиб, мўғуллар ғоратидан кейин Соҳибқироннинг ўзи қайта тиклаган ва обод қилган эди. Ундаги жомеъ масжиди, энг муҳими – бой кутубхонанинг шуҳрати муаррихлар томонидан манбаларда баланд пардаларда мадҳ этилган.
Буюк ипак йўлида жуда қулай ҳарбий стратегик нуқтада жойлашган бу манзил Чингизхон қўшинларига жиддий қаршилик кўрсатгани билан тарихда машҳур. Маълумки, Чингизхоннинг қимматбаҳо моллар ортилган 500 туядан иборат савдо карвони (уни 450 сарбоз кузатиб борган) 1218 йили Ўтрор волийси Иналчиқ томонидан қириб ташланади. Бундай шафқатсиз муносабатга қарши Чингизхон ҳам муносиб жавоб бермоқчи бўлади, бироқ саҳройи босқинчилар деярли биринчи марта шу жойда катта талафот кўрадилар. Мудофаа жанги узоқ – олти ой давом этади, охирида қалъа енгилгач, ғазабга келган Чингизхон жами тирик жонни (ҳайвонларни ҳам) қириб ташлаш, ҳатто ғиштларни майдалаб, қайта тикланмайдиган ҳолатга келтиришга фармон беради. Ўтрор фожиаси босқинчилик юришлари силсиласида энг даҳшатли воқеалардан бири сифатида эсланади...
Ўтрорга ҳоким этиб тайинланган Бердибек жиддий тайёргарлик билан Соҳибқиронни кутиб олади. Меҳмонлар тўла жойлашишга улгурмай, бир нохуш ҳодиса рўй беради: улар қўнган уйга ўт тушади. Шашти баланд оловни аранг ўчирадилар. Бу воқеа кўнгилга ғашлик солиб қўяди. Боз устига аъёнлар ҳар кеча ёмон-ёмон тушлар кўрарди. Ҳаво эса қаҳрига олиб баттар қор бўралар, совуқ кучайгандан-кучаярди. Гўё фалак кутилаётган бир фалокатдан хабар бераётгандек эди. Соҳибқирон танг бўлар, одам юбориб йўллардан хабар олдирарди. Хабарчилар йўлларни қалин қор босганини (баъзи жойларда икки-уч найза бўйи), асло ўтиб бўлмаслигини маълум қиларди.
Шу кунларда Тўхтамишхоннинг элчиси Қорахўжа мактуб билан келади. Хатда Тўхтамиш ўз пушаймонлигини изҳор этиб, кечирим сўраган эди. Соҳибқирон Хитой юришидан қайтгач, Жўжихоннинг улусини унга топширишни ният қилиб қўяди. Бироқ бу ва бошқа ниятлар амалга ошмай қолиб кетади – қазои қадар ўз ҳукмини бошқача ўқийди.
... Бу воқеалар рўй бергандан сўнг йиллар ўтгач, буюк Темурнинг ҳаёти кўплаб ривояту ҳикоятларга мавзу бўлди. Гоҳ тарих ҳақиқатига яқинлаштириб, гоҳ соф афсонавий руҳда ровийлар қиссалар тўқиди, олимлар асарлар ёзди, шоирлар қасидалар битди. Улар қанча гўзал, мукаммал бўлмасин, Соҳибқироннинг ҳаёти мислсиз ва ягоналигича қолаверди.
Халқ китоби “Темурнома”да нақл қилинишича, Мовароуннаҳрда Соҳибқирон туғилганини, у кўплаб мамлакатларни фатҳ этиб, ҳукмдорларни тахтдан маҳрум этишини Рум, Ироқ, Хуросон, Ҳиндистон, Фаранг, Хитой, Ўрус мамлакатлари подшолари тушида кўриб, Бухоро ҳукмдори Баёнқулихонга (тарихий далиллар бўйича Баёнқулихон амир Қазаған ҳукмронлиги даврида қўғирчоқ хон (1348–58) бўлиб турган) чопарлар юборадилар ва алоҳида белгили чақалоқни топиб, ўлдиришни талаб қиладилар. Мозори Шайхда яширинган сандиқ ичидаги олти ойлик Темурбекни маҳв этишга келган элчиларни ғойибдан бир қўл пайдо бўлиб, бошини танидан жудо қилиб ташлайверади. Фақат Хитой элчиси бу илоҳий фаришталарнинг иши эканини, фаришталар эса итдан қочишини билади, мозорга итни киритиб юборади ва болани қўлга олади. Воқеани баён этар экан, қиссахон ўлдирилган олти элчининг мамлакати Темурга тиз чўкишини, Хитой эса бундан холи эканини қайд этади.
Бир манбада эса Кашмирдан топилган “Мажму фи аҳком ан-нужум” (“Юлдузлар ҳукми асрори”) деган фолбинлик қомусида биринчи Соҳибқирон 33 йил умр кўради, иккинчиси пайғамбарлик мақомига эришади ва биринчисидан 30 йил ортиқ умр кўради, учинчиси бутун дунёни эгаллайди ва иккинчи Соҳибқирон кўрган умрдан (63) биринчи Соҳибқирон яшаган йиллар рақамларини қўшгандан (33–3+3=6) кўп умр кўради (63+6=69) деб ёзилгани баён этилади. Балки Оллоҳ томонидан мислсиз куч-қудрат билан сийланган зотнинг умри поёнига етиб бораётганини ўзи ҳам сезгандир ва чала қолиб келаётган бир юмуш – Хитой билан орани очиқ қилишни тезроқ адо этишга шошилгандир.
“Самарқанддан 76 йиғоч узоқ”ликдаги (Шарафиддин Али Яздий) Ўтрорда қаҳратон совуқ давом этар, ҳар бир ўтаётган кун бир синоатдан гувоҳлик берарди.
Шаъбон ойининг 10-санаси – чоршанба (11 февраль) куни Соҳибқироннинг мизожи ўзгариб, иситмаси кўтарилади. Касаллик аломатлари анча олдин зоҳир бўлган, ҳазрат тез-тез оғриниб турарди.
Энди катта юриш арафасида тоби қочиши Соҳибқиронга ёмон таъсир этди ва астойдил тавба-тазарру қилиб, Оллоҳдан шифо сўради. Машҳур табиб Мавлоно Фазлуллоҳ Табризий тинимсиз муолажа қилди. Бироқ бир дардни даволаса, бошқаси хуруж этарди. Соҳибқироннинг касали авж олса-да, ақл-ҳуши жойида, қўшиннинг аҳволини мунтазам суриштириб турарди.
Дард чекинавермагач, унинг бедаво эканини билди ва ҳазрат қазога ризо бериб оиласи ва яқин сафдошларини ҳузурига чорлаб, кўнглидан кечаётган иқрорини баён этди: “Фаҳм этяпманки, руҳ қуши қалб қафасини тарк этишни ихтиёр қилди, Оллоҳ даргоҳидан паноҳ тилайман ва сизларни унинг марҳаматига топшираман.
Мен дунёдан кетсам, оҳу фиғон қилмангларки, ҳеч фойдаси йўқдир. Фақат Яратгандан гуноҳларим учун кечирим сўрангиз ва руҳимни фотиҳа, дуо, такбир билан шод этингиз.
Алҳамдулиллоҳким, бугун Эрону Туронда бирор кишида мажол йўқки, бизга мухолифат қилса. Бу ҳол мен юритган сиёсатнинг мукофотидир. Оллоҳ таолодан умидим борки, агарчи гуноҳим кўп бўлса, бир жиҳатдан менга раҳмат қилғай – мазлумларни золимлар дастидан ҳимоя қилдим. Менинг давримда зўрлардан ожизлар зулм кўрмади.
Агарчи дунёнинг тайини ва саботи йўқ экан. Негаки, менга вафо қилмади – сизларга ҳам вафо қилмайди...”
Соҳибқирон ана шу изҳорида набираси Пирмуҳаммад Жаҳонгир Мирзони тахт вориси этиб тайинлайди, бошқалардан унга итоатда бўлиб, бўйин сунишни сўрайди: “Сизлар, керакки унга мутиъ бўлиб, иттифоқ билан унинг айтганларини бажарсангизлар, салтанат бузилмайди ва мусулмонларга ташвишу заҳмат етмайди. Шунда менинг неча йиллик меҳнатларим зое кетмайди”.
Шундан кейин ҳозир бўлган амирзодалар ва беклардан бу васиятга оғишмай амал қилишлари ҳақида онт ичишларини сўради. Соҳибқирон ҳузурида бўлган набиралари – Мирзо Улуғбек, Иброҳим Султон; энг яқин беклари – Шоҳмалик, Шайх Нуриддин ва бошқалар изтиробга тушиб йиғладилар. Айниқса, садоқатли лашкарбошилари Шоҳмалик ва Шайх Нуриддиннинг алами зиёда эди. Улар Соҳибқироннинг деярли барча юришларида сафдош бўлдилар, унинг бир ишораси билан денгизларда тўфон қўпганинию қуруқликда бўрон кўтарилганини кўп бора кўрдилар. Музаффар лашкар қаршисида мамлакатлар ва ҳукмдорларнинг қай тахлит таъзимда турганига гувоҳ бўлдилар. Бугун эса ана шундай мислсиз ғалабаларнинг раҳнамоси фано ва бақо оламида муаллақ қолган.
Бекларнинг қирғинбаротлардан тош қотган дийдаси ёшга тўлди, ўзларини ҳар ёнга уриб: “Жонимиз садақа, кошки сизнинг эмас, бизнинг жонларимизни олса”, деб фарёд чекдилар. Соҳибқирон: “Фойдаси йўқ, кетмоқ фурсати келди. Сизлар ишларингизда мардона бўлинглар”, деди. Беклар яна қайта-қайта онт ичдилар. Улар яқин атрофдаги фарзандларга хабар юборсак, сизнинг дийдорингизни кўрсалар, деб таклиф билдирдилар. Ҳазрат вақт танглигини, дийдор қиёматга қолганини изҳор этди. Фақат сўнгида “Магар фарзанд Шоҳрухниким, бу замонда уни кўрмадим”, деди.
Бу сўзларни эшитган Сароймулкхоним ва бошқа аёллар ташвишга тушиб, Соҳибқироннинг аҳволидан безовта бўлдилар. Ҳазрат Соҳибқирон фарзандлари томон қараб, охирги насиҳатларини баён этди: “Мамлакат ҳаёти ҳақида айтган ҳар бир гапимни қулоғингизда тутинглар, камбағаллар ва фақирларнинг тирикчилигидан бохабар бўлинглар. Қиличнинг сопини маҳкам ушланглар, токи мендек подшоҳликда муродга етгайсиз...”
Касаллик хуруж қилди. Ташқарида ҳофизлар Қуръон тиловатини давом эттирдилар, улардан бири Мавлоно Ҳайбатуллоҳга ичкарига кириб, Соҳибқироннинг бош тарафида хатми Қуръон қилиш ишораси бўлди.
Кеч тушди. Буюк ҳаёт шоми яқинлашган, умр офтоби ботиб борарди. Намозшом ва хуфтон орасида ҳазрат Соҳибқирон “Тавҳид” калимасини қайта-қайта такрорлаб, омонатини Яратганга топширди. Бу воқеа ҳижрий 807 йил, шаъбон ойининг 17-санаси (1405 йил 18 февраль)– чоршанба куни рўй берди.
Шундай қилиб қуёшнинг уфқ сари сафари Ўтрорда поёнига етди. У ўз сайрини жаннаторо Шаҳрисабз (Кеш)дан бошлаган эди. То тириклик дунёси мавжуд экан, бу сайру сафар, бу қаҳрамоннома қайта-қайта ривоят қилинаверади. Бу ривоятлар кеча ва кундузнинг такрорланиши сингари давомий бўлаверади. Зеро, ҳаёт бардавом, тириклик бардавом. Бинобарин, қуёш ҳам яна қайта чиқиш учун ботади, дейдилар.
Ҳаким САТТОРИЙ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ