Олинма сўзлар хуружи, таржимадаги ишкалликлар, таъвия иборалар – она тилимиз чўри мақомига тушяптими?


Сақлаш
15:58 / 16.02.2022 1831 0

(Давоми)

 

Энди сўзнинг заволи ҳақида икки оғиз сўз...

 

Шундай дедим-у, иккиланиб қолдим. Сўзнинг заволи бўладими? Сўз ахир, безавол бир хилқат эмасми? Назаримда, сўзга завол эмас, залвор деган калима кўпроқ ярашади. Ҳар бир айтган сўзимиз залворли бўлса, қанийди! Чунки бу ёруғ оламда сўздан азиз, табаррук нарса йўқ. Шунинг учун ҳам Навоий, ўзидан аввалги малик ул-каломлар изидан маърифий-фалсафий достонлар битар экан, “Хамса”да  сўзга уч алоҳида боб бағишлайди, “Сўз гавҳари васфидаким, гавҳар сўзи анинг қошида гавҳар оллида бир қатра сувдек бўла олғай”, дея сўз шаънини кўкларга кўтаради. Бинобарин унинг қадрини баланд тутиш, уни ҳуда-беҳуда тўкиб-сочмаслик лозим бўлар экан.

 

Навоийдан беш аср ўтиб, Ғарб постмодернчилари бу маъно ифодасини янада конкретлаштириб, “дунёда фақат сўз бор, сўздан бошқа ҳеч нарса мавжуд эмас”, дея бонг уришганини ҳам биламиз. Бу гапни қуруқ олифтагарчилик, ақл ўйини дебгина қабул қилсак, фалсафа соҳасида ожизлигимиз билиниб қолмасмикин? Зеро, сўздан бўлак нима бор бу даҳри дунда? Нимаики мавжуд бўлса – номига эга, номи йўқ нарсанинг ўзи эса, Навоий тили билан айтсак – “нобуду номавжуд”. Масалан, математика фақат сўз: ундаги рақамлар, илдизлар, тенгламалар, ҳосилаларнинг бари сўзнинг қисқартмаси, шартли белгиси, холос. Бу гапни бошқа фанлар: геометрия, физика... татбиқ этавериш мумкин. Ижтимоий фанлар-ку, инчунин.

 

Агар сўз, тил бўлмаганида одамзот ҳали ҳам ўрмонларда мева териб еб, дарахт устида яшаб кун ўтказиб юрган бўлар эди.

 

Аммо сўз – миллий ҳодиса. Қовун ё қоғоз, той ёки тупроқ ўзбеккаю ҳабашга, испану японга бир хил кўрингани  билан, уларнинг ҳар қайсиси бу нарсаларни ўз тилида бошқача-бошқача ном билан атайди, демак, дунёни ўз сўзлари билан англайди, фарзандларига, ўзгаларга англатади.

 

Гап фақат сўзларда – нарсаларнинг отини, сифатини, миқдорини, ҳаракатини, тарзини англатувчи калималардагина эмас. Фикр-муносабатни баён этишда турли элларнинг ҳар бири бошқача-бошқача сўз ва ифода тарзини танлайди. Масалан, биз “хоҳламайман”, десак, руслар “не хочу” дейди. Шу оддий бир мисолда туркий халқлар аввал предмет (хоҳла)ни атаб, сўнг уни инкор қилса (+майман), ҳинд-европа тил оиласига мансуб тилларда сўзлашувчиларда бунинг акси: аввал инкор этиб (не), сўнг предмет (хочу)нинг нима эканини билдириши аён бўлади.

 

Бизда ҳозир бир қисм одамлар ана шундай ўзига хосликлар борлигини ё унутиб юборган, ёки англамайди. Оқибат, кўп фикрлар ҳиссиз, жонсиз ҳолда бошқа одамга етиб боради. Таржима тили жонли сўзлашув нутқига ҳам кучли таъсир ўтказа бошлаган ҳозирги замонда бу нарса жуда сезиляпти.

 

“Мен ўйлайманки...” (я думаю, что...), “бир сўз билан айтганда” (одним словом) деб гап бошлайдиган одамларнинг аксари ё ўзбек эмас, ёки она тилига бегоналашган ўгай ўзбек бўлиб чиқади.

 

Тилнинг миллий табиатини ҳис этмаган одам нимани таржима қилмасин, аслият тили жодусига берилиб, “аслига тўғри” қилиб ағдариб кета беради. Ана шундай мутаржимлар туфайли бизда “таржима тили” деган аросат пайдо бўлган: ўқисанг – англамайсан, айтсанг – биров тушунмайди. Ахир, масалан, “бандликка кўмаклашиш” нима дегани? Тили бузилмаган ўзбек бу гапни эшитса, кимдир (ишга) банд, унга ёрдам бериш керак экан, деб ўйлайди. Яна бу алмойининг “бандликни таъминлаш” (обеспечение занятости) деган алжойиси ҳам бор. Шунинг ўрнига, “иш топишга кўмаклашиш”, “иш топиб бериш” десак, ким нимани ютқизади?

 

“Хизмат кўрсатиш” деган иборани эшитгансиз, “хизмат кўрсатиш соҳаси” деган бутун бошли иқтисодият тармоғи бор. Лекин, хизмат... кўрсатиладиган нарсами? Бу... русчадаги “оказание услуги”нинг ҳижжама-ҳижжа ағдармаси эмасми? “Оказание”ни “показание” деб тушунган қайси бир чаққон гаранг шундай деб ўгириши ҳамон у оммалашиб кетган. Шунинг учун энди қаерда “хизмат” сўзи келса, “кўрсатиш” деган эгизаги ҳозиру нозир. Артист ёки чорвадор... хизмат кўрсатган бўлар эмиш. Шунақа пайтда ўз ёғимизга қоврилавермай, қўшни эллар бу атамани ўз тилида нима дейишаркан, деб бир кўз ташлаб қўйилса, зиён қилмасди. Масалан, қирғиз биродарларимиз “меҳнат сингдирган” дейишади (Қирғизистонда меҳнат сингдирган артист) – узукка кўз қўйгандек чиққан. Шу тарзда, “хизмат кўрсатиш”ни “хизмат бажариш” десак (хизмат бажариш соҳаси), лўндаю одмироқ бўлмайдими?

 

Русча “принимать” – энг кўп қўлланадиган, аммо ғиж-биж хато ўгириладиган сўзлардан бири. Ҳа, унинг илк маъноси – “қабул қилмоқ”дир. Аммо исталган ўринда эмас-да. «Мы приняли решение» деган калима ўзбек тилида “Биз шундай қарорга келдик” бўлади, “Биз шундай қарор қабул қилдик” эмас. Ахир, қарорни кимдан қабул қилиб оламиз? Шу тариқа, “Парламент принял закон”ни тили бузилмаган ўзбек “Парламент қонун чиқарди” дейди, “Указ, принятый Президентом” жумласи “Президент чиқарган фармон” бўлади, чунки давлат раҳбари фармонни бировдан қабул қилиб олмайди, акс ҳолда, фармон берган эмас, бажариш учун қабул қилган бўлиб қолади.

 

Умуман, юридик асарлар матнида русчадан сўзма-сўз олинган ифода шакллари кўп. Мана, “ўрнатилган тартибда” деган тараққосни қаранг. Русча “в установленном порядке”нинг таржимаси бу. Ҳолбуки, “белгиланган тартибда” десак, кифоя! Устун, симёғоч, эшик-дераза... хуллас моддий предметлар ўрнатилади, тартиб эса белгиланади. “Установить”нинг биринчи маъноси “ўрнатиш” бўлса, барча ҳолатга шуни жорий этиб бўлмайди-ку?

 

Аксар таржимонлар бошқа тилдаги ҳар бир сўз маъносини тўғри тушуниб, ўз она тилида аниқ акс эттиришга ҳаракат қилишади, аммо шу аснода аслият тилига хос гап тузишга берилиб кетишади. Ҳуқуқий тарздаги ифода шаклларидан яна бири – установленный законом”, “охраняемый законом тарзидаги ифода шакллари кўп. Ҳозирга қадар аксар ўгирмачилар бу калимани “қонун билан ўрнатилган”, “қонун билан ҳимоя қилинади”, деб таржима қилишади. Ўзбек тилида “билан”нинг бундай вазифаси йўқ, бу кўмакчи биргаликни ифодалайди. Бизнингча, уни “қонунда белгиланган”, “қонун асосида муҳофаза этилади”, деб ўгирсак, ўзбекча чиқади. Ана шунда бу хилдаги қонун матнини ўқиб тушунмай, боши оғриб юрганларга сал кўмаклашган бўламиз.

 

Албатта, таржима – мураккаб жараён, у хилма-хил ҳолатларнинг ҳар бирида ягона тўғри вариантни топишни тақозо этади. Чунончи, ҳозиргина айтганимиз – “порядок” ва “установить” сўзлари сал бошқача тарзда келиб, “восстановить порядок” бўладиган бўлса, бунда “тартиб белгилаш”ни талаб қилиш хато, “тартиб ўрнатилди” дейиш ҳам русча шаклда бўлиб қолади, бас, “тартибга туширилди” десак тушунарли бўлади.

 

Кўп таржимонларимиз “ўзбек шунақа деб гапирадими?” деб ўзига савол бермайди, аксинча, ўрислар қанақа гапирса, ўша шаклни ўзбек сўзлари билан ифода этишга интилади. Бу нарса айниқса диалогларда яққол кўринади. Ўзбекчада “бақирди”, “чақирди”, “жавоб берди”, “ўшқирди”, “қичқирди” ва ҳоказо феъл шакллари диалогда келса, албатта, унинг олдига “деб” деган ёрдамчи сўз қўшилиши шарт. Рус тилида эса бундай эмас.

 

 Айни хато шунчалар оммалашдики, энди ҳатто ўзбек адиблари ҳам ўристахлит диалог тузишга ўта бошлашди. Мана, дуч келган бир мисол:

 

Нозим, – Ҳусниянинг заифроқ овози эшитилди.

Ҳа, нима дейсиз?

Ўша ёқдан ўшқирасанми, ялқов? – Ҳусния энди овозини баралла кўтарди.

– Бу ёққа кел. Дастурхонни йиғиштириб, идишларни юв.

 

Ҳолбуки, ўзбек тилида ҳар икки ҳолатда ҳам (“Ҳусния”дан аввал) “деб”, “дея” каби равишдош қўйилиши шарт. Бусиз жумла ўрисча чиқади.

 

“Средство” деган жўнгина сўз бор русларда. Исталган луғатни қаранг, илк маъноси – “восита” деб ёзилганини кўрасиз. Аммо бу тилда, унинг қурол, дори-дармон, маблағ сингари яна бир неча маъноси ҳам бўлса-да, бизнинг мутаржимлар уни фақат “восита” деб ўгиришади. Масалан, “средство от мух”ни пашшадори деб қўя қолмай, “пашшаларга қарши восита” дея “аниқ” таржима қилишга уринишади. Ана шундай ҳолларда булар “Гугл”дан эмас, “Гугл” мана шунақа таржимонларнинг тутумидан ибрат олганмикин, деб ўйлайсан, киши. Жўнгина “дори” уларнинг шарофати билан бугун “дори воситаси”га айланди.

 

Таржима асносида тил бузилишига кўника-кўника, энди таржима бўлмаса ҳам, ўзимиз русча қиёфада гап туза бошладик. Мана, бугун, 24 ноябрь тонгда “Ўзбекистон 24” каналида “Жиззах вилоятида 130 та катта кўприклар бор”, деган гап айтилди. Тавба, ахир иккита.. тўртта бўлса ҳам, “лар” ўлгурни ўзбек гапига қўшмайди, 130 та кўприк деса кифоя-ку.   Седананинг ўзи қора дона (сияҳ дона) деган сўздан келиб чиққан бўлса (русча – чернушка), ҳозирги реклама табиблари уни... “қора седана” деб аташяпти, буни ҳар кун, ҳар соатда радиою телевидениенинг ҳали у, ҳали бу каналидан уқиб турибмиз. Қора седана – шакарни ширин дегандай гап-ку?

 

Рус тилида қалампир ҳам, мурч ҳам бирдай “перец” деб аталади. Фарқлаш учун «красный перец», «чёрный перец» деб аниқловчи қўшишади. Ана энди ўзбек тилида пайдо бўлган “қизил гармдори”, “қора мурч” сингари таъвия ибораларга нима дейсиз. Мен куйиниб, ТВдагиларга “қора седана” – тавтология эканини, тил бузилаётганини айтсам, елка қисишди – реклама роликлари аллақайси гўрда тайёрланар, ўзгартиришга ҳақлари йўқ экан...

 

Кўряпсизми, реклама ҳатто она тилимизга ҳам зуғум ўтказа бошлабди, пул жаноби олийларининг олдида онамиз – она тилимиз бир чўри мақомига тушибди. Аҳвол шу даражада бўлгач, “давлат тили”, “Давлат тилини ривожлантириш департаменти” деб гапиришнинг ўрни борми ўзи?

 

Йўқ. Тилимиз – бизнинг олий қадриятимиз. Шунчаликки, агар дунёнинг энг улуғ донишманди битган бир шоҳ асар ўзбек тилига ўгириладиган бўлса-ю, асар услуби тақозосига кўра таржимада ўзбек тилининг миллий хоссаларини бузишга тўғри келса, ҳар қанча табаррук бўлса-да, ўша асарнинг ўгирилмай қўя қолгани афзал миллат учун. Бусиз... биз ўзлигимиздан ажраламиз.

 

                                             Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

                       Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,

2021 йил 26 ноябрь, 48 (4655)-сон.

“Таржима ва тил” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//