Тарихдан маълумки, инсон цивилизацияси тараққиётида от алоҳида аҳамиятга эга бўлган. У инсоннинг ишончли йўлдоши, кўмакдоши сифатида турмушнинг турли соҳаларида хизмат қилган. Қадимдан от ишлаб чиқариш фаолиятида, ҳарбий ишларида, савдо-сотиқ ва алоқа тизимида беқиёс ўрин тутган. Шу боис ҳам қадимдан барча халқлар отни инсониятнинг моддий ва маънавий маданиятида муқаддас тимсол сифатида эъзозланган.
Умар Ҳайёмнинг «Наврўзнома» асарида отнинг фазилатлари алоҳида таъкидланиб, «тўрт оёқлилар ичида отдан яхшиси йўқ, чунки у тўрт оёқлиларнинг подшоҳидир» дея қайд этилади. Муаллиф турли халқлар отга қандай номлар берганини ҳам ёдга олади: «...форслар уни «боджон» (елжон), румийлар «бодпой» (шамол оёқли), турклар «қутлуғ қадам» ва «бахтиёр этувчи», ҳиндлар «тахт-и равон», араблар эса ердаги Буроқ деб атайди». Халифа Маъмун от ҳақида «От қандай яхши, у осмон-и гардон ва тахт-и равондир», дея таъриф берган.
Қадимги туркий халқларда отга нисбатан муқаддас қараш мавжуд бўлиб, улар қуёш гардунини кўтариб юрувчи фаришта суратини от образида тасаввур қилган. Туркий ёзма ёдгорликлари, жумладан, «Култегин» битиктошида ҳам отнинг аҳамияти ва турмушдаги ўрни ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.
Тарихий тараққиёт жараёнларига назар ташланганда, арғумоқ, тарлон, ёби, чубур, байир, қорабайир, тўриқ, жийрон, саман, самантўриқ, бедов, тулпор, хоса тулпор, бурул, чавкар каби от зотлари номини учратиш мумкин. Улар ер ҳайдаш, дон экиш, ҳосил йиғим-теримида, чорвачиликда, савдо йўлларида муҳим восита ҳисобланган. Бундан ташқари, ҳарбий ҳаракатлар ва урушларда ҳам асосий ўрин тутган. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши даврида 262 нафар отлиқ аскар қаҳрамон сифатида эътироф этилган, юз минглаб отлиқлар орден ва медаллар билан тақдирланган.
От меҳнат ва улов воситасидан ташқари, урф-одат, маросим ва маънавий қадриятларнинг рамзи ҳисобланиб, у оғзаки ижод, маросим, амалий билимлар ҳамда ҳунармандчиликда чуқур из қолдирган. Шунинг учун отчилик феноменини ЮНEСКО белгилаган номоддий маданий мерос (НММ) таснифи асосида таҳлил қилиш илмий жиҳатдан муҳимдир.
Оғзаки анъаналар ва ифода шакллари
Турон халқларида от образи билан боғлиқ кўплаб афсона, ривоят, мақол ва маталлар мавжуд. Қадимий эпик мерос – «Алпомиш», «Манас», «Гўрўғли» каби достонларда от қаҳрамоннинг энг яқин сафдоши, жангдаги ғалаба ва муваффақият калити сифатида талқин қилинади. Хусусан, «Алпомиш» достони қаҳрамони отидан ажралганида кучсизланиб, от билан бирлашгач қудрат топиши, халқ тасаввурида отнинг қаҳрамонлик, вафодорлик ва мардлик тимсолида кўрилганидан далолат беради.
Отнинг рамзий ва маънавий аҳамиятини мустаҳкамловчи халқ мақоллари ҳам ниҳоятда кўп. Масалан, «От – йигитнинг қаноти» ибораси отнинг инсон учун ҳаётий зарурат сифатидаги ўрнини кўрсатади. Бундан ташқари, «Оти борнинг – қаноти бор», «Минганинг яхши от бўлса, олисни яқин бил», «Яхши от – ярим ризқ», «Отли йигит – бахтли йигит», «От қадрини чопган билади», «Чопқир от – ўткир пичоқ» каби мақоллар халқ тафаккурида отнинг ўрни нақадар беқиёс бўлганини, «Отли йигит – Алпомиш», «Отли йигит – ботир, Оти йўқ – ётир» каби иборалар отнинг ижтимоий мақом ва шахсий мардлик тимсоли эканлигини ифодалайди.
Ижро санъати (қўшиқлар, рақслар, маросим ижролари)
Отчилик анъаналари мусиқий меросда ҳам ўз аксини топган. «Ёввойи от» ёки «Чавандоз қўшиқлари» сингари куй ва ашулалар халқ орасида кенг тарқалган бўлиб, улар маросимларда ижро этилган. Отчилик анъаналари туркий халқларининг мусиқий меросида чуқур из қолдирган. Масалан, отга бағишланган қўшиқлар кўпинча байрамлар, турли тантаналар ёки кўпкари каби халқ ўйинларида ижро этилган. Бу қўшиқларда отнинг шижоати, югуришдаги чаққонлиги, қуввати ва чиройи мадҳ этилади.
Шодмон бахшининг «Жийрон отга бағишланган термаси», Фаррух бахши Нуралиевнинг «Дўстим от» термаси бунинг яққол мисол. Улар қўллайдиган мусиқий оҳанглар, дўмбира ва бошқа халқ созлари ҳамроҳлиги, шунингдек, шеърий матннинг бадиий куч-қудрати отнинг халқ ҳаётида тутган беқиёс ўрнини янада равшан намоён қилади.
Шунингдек, Алижон Исоқовнинг «Жийрон», Муҳаммадбек Яхшибоевнинг «От, Ҳосила Раҳимованинг «Кўпкари», Тошпўлат Маткаримовнинг «Оқ тулпор» ва «Қорабайир», Наргиза Азимованинг «Кўпкари», Адҳам Собиров ижросидаги «От» қўшиғи ҳамда Маҳмуд Намозовнинг «Тулпор» қўшиқлари орқали отчилик билан боғлиқ мусиқий мероснинг узлуксиз равишда сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётганини кузатиш мумкин.
Жамиятдаги урф-одатлар, маросимлар ва байрамлар
Той боланинг от миниб келиши, от совға қилиш каби удумлар «Оилавий маросимлар» НММ намунаси, «От пойгаси», «Чавандозлик беллашувлари» каби мусобақалар халқ байрамларининг ажралмас қисми бўлиб келган.
Кўпкари (улоқ тортиш, кўк бўри) қадимий халқ ўйини бўлиб, у жисмоний куч ва маҳоратни синовдан ўтказиш, жамоатчиликни бирлаштириш, ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлаш ҳамда урф-одатларни авлоддан-авлодга етказишда муҳим ўрин тутади. У минг йиллик тарихга эга бўлган ҳолда Турон халқлари маданиятида дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда. Бугунги кунда ҳам у Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон халқларининг севимли ўйинларидан бири сифатида давом этмоқда.
Тарихий манбаларга кўра, кўпкари дастлаб чорва молларига зарар етказган бўриларни қувиб, уларга қарши жасур йигитларнинг курашиш амалиётидан келиб чиққан. Улар от устида тезлик ва эпчилликни намоён этиб, бўрини қўлга олиш ва уни қўлдан-қўлга тортиш жараёнида машқ қилганлар. Кейинчалик мазкур жараён рамзий тус олиб, бўри ўрнига сўйилган улоқдан фойдаланиш урф бўлган.
Ҳозирда от спортининг машҳур кўринишлари сифатида қиз қувиш, папах ўйини, жигитовка, ағдариш (саис), итариш, қайчи ўйини, ердан рўмол кўтариш, сюр-папах, оммавий пойга, чеҳен бурти, от устида кураш, чавгон ва иссинди каби беллашувлари ўтказилмоқда.
Табиат ва коинотга оид билим ва амалиётлар
Турон халқларининг табиат ҳақидаги қарашларида от муҳим ўрин тутган. Отнинг юлдузлар, вақт ўлчовлари, об-ҳаво белгиларига оид халқона билимлар билан боғланганлиги кузатилади. Масалан, отларнинг хатти-ҳаракатига қараб ёмғир ёки қурғоқчиликни башорат қилиш одати мавжуд бўлган. Шунингдек, от билан даволаш, яъни от сути (қимиз), ёғи ва бошқа маҳсулотларидан фойдаланиш халқ табобатида кенг тарқалган.
Отларни парваришлаш ва боқишда табиат қонуниятлари муҳим роль ўйнаган. Чорвадор халқлар отни йил фаслларига қараб яйловдан яйловга олиб ўтган. Шунингдек, халқ орасида отнинг ҳатти-ҳаракатлари коинот белгиларига боғлаб талқин қилинган, хусусан, от безовталаниши ёмғир ёки бўроннинг белгиси сифатида қаралган.
Бундан ташқари, от билан даволаш анъаналари ҳам қадимдан мавжуд бўлган. Халқ табобатида от сути (қимиз), гўшти ва ёғи турли хасталикларни даволашда фойдаланилган. Қимизга шифо манбайи деб қаралган. Масалан, Абу Райҳон Беруний «Китоб ас-Сайдана фи-т-тибб» асарида қимизни инсон саломатлигини тикловчи ичимлик сифатида эслаб ўтади. Ибн Сино эса «Ал-Қонун фи-т-тибб» асарида от сутини овқат ҳазм қилиш, қувват бериш ва айрим асаб касалликларини даволашда фойдали эканини қайд этади.
Тиббий манбаларда қимиз сил касаллигини даволашда энг самарали воситалардан бири сифатида таърифланади. У овқат ҳазм қилиш безлари фаолиятини кучайтиради, ошқозон-ичак тизими қисқарувчанлигини меъёрлаштиради, қон таркибини бойитади ва гемоглобин миқдорини оширади. Шунингдек, асаб тизими фаолиятини мувозанатга келтиради.
От ёғи ўзининг кимёвий таркиби билан қорамол ёки қўй ёғидан фарқ қилади. У тез эрийдиган бўлиб, сифати жиҳатидан паррандалар ёғи ва ўсимлик мойига яқин туради. Таркибидаги тўйинмаган ёғ кислоталари организмда холестерин алмашинувини тезлаштиради, қон томирлар деворида тўпланиб қолган моддаларни эритишга ёрдам беради.
От гўшти ўзбек миллий таомлари орасида қадимдан қимматли озуқа ҳисобланиб келган. У ўзининг юксак тозалиги, тўйимлилиги ва шифобахш хусусиятлари билан бошқа турдаги гўштлардан ажралиб туради. От гўштидан қази, норин, бешбармоқ, қорин ва чигирма, қази-қурт, қозон кабоб, шўрва, қовурдоқ каби таомлар тайёрланади.
Шунингдек, от миниш инсоннинг жисмоний саломатлиги учун фойдали бўлиб, бел, бўғим каби таянч ҳаракат ва асаб тизими касалликлари, ошқозон-ичак ҳамда юрак-қон томир касалликлари, ақлий заифлик, тутқаноқ (эпилепция), шизофренияни даволашда, полиомиэлит асоратини йўқотишда қўлланилган.
Бугунги кунда бу усул «иппотерапия» номи билан илмий асосланган ҳолда ривожланмоқда.
Машҳурахон ДАРМОНОВА
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Санъат
Тарих
Тил
Тил
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ