Бундай санъат асарлари эскирмайди – Аюб Шаҳобиддинов филмлари таҳлили


Сақлаш
14:28 / 24.10.2025 290 0

Машҳур ҳайкалтарош Родендан “Сиз оддий тошдан қандай қилиб шундай гўзал аёл сиймосини яратдингиз?” дея сўрашганда, “Мен ҳеч нарса яратганим йўқ, шунчаки тошнинг кераксиз жойларини йўниб ташладим, холос” мазмунида жавоб берган экан.

 

Кино санъатида ҳам аёлнинг ички олами, тийнати, жамият билан муносабатларига бағишланган ўнлаб дурдона филмлар бор. Алфред Ҳичкок, Кэндзи Мидзогути, Жузеппе Торнаторе, Ларс фон Триер, Педро Алмодовар, Вуди Аллен, Даррен Аронофский, Андрей Звягинцев каби кинорежиссёрлар ижодида ўзлигини излаётган, виждони ила муроса қилолмаётган, гоҳи инсонлар, тузуму мафкура билан зиддиятга йўлиққан турфа феълу сажиядаги аёллар образини кўрамиз. Ўзбек кино санъатида аёл образини янгича талқин эта олган режиссёрлардан бири эса, шубҳасиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аюб Шаҳобиддинов.

 

Аюб Шаҳобиддиновнинг деярли барча филмларида аёл шахсияти бўртиб кўринади. Унинг киноларида аёллар турли ёшу тутумларга эга, улар орасида мозийга дахлдори ҳам, замонавийси ҳам учрайди. Бири ҳаёси, қўл етмас юксаклиги ила фаришталарга менгзалса, бири жиноятчи деган тамға сабаб жамиятга қўшилолмайди; бирининг ҳусну малоҳати, закоси бошига бало бўлса, яна бири умрининг қисқалиги боис чин муҳаббатига етолмайди...

 

“Қор қўйнида лола”... Оташнафас шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг чўнг дард ила ёзилган шу номли ҳикоясини экранлаштириш Аюб Шаҳобиддинов чекига тушди (Ёлқин Тўйчиев билан ҳамкорликда) ва у кинорежиссёр ижодидаги илк филмга айланди.

 

 

Чўлпоннинг насри шеъриятидек тиниқ, тоза, жозибали; поэтик жилолари ила ҳар қандай ўқирманнинг юрак торларини чертмоққа қодир. Гарчи тушкун манзара, қорамтир ранглар устуворлик қилса-да, “Қор қўйнида лола” ҳикояси ҳам тил шаффофлигига маҳлиё бўлиб, роҳатланиб ўқилади. Хўш, адабиёт мулки бўлган ҳикоя кинематография тилига қандай кўчди?

 

Режиссёр филмни ҳикоядан фарқланувчи экспозиция билан бошлайди: илк эпизодда эшонга назр қилинган, ич-ичидан изтироб чекаётган дилпора қиз – Шарофатхон (Замира Бешимова) кўринади. Янгалардан бири қизнинг билагидаги кўзмунчоқни ечиб, отаси Самандарга чиқариб беради. Самандар (Саидкомил Умаров) кўзмунчоқни маҳкам қисганча, оталик ҳисси, меҳри ийиб, айни вақтда йўл қўйган хатосини англаб, қалбан тазарру қилади... Аммо энди кеч... Кейинги эпизодда ёр-ёр садолари остида оиласи билан хайр-хўшлашган қиз аравага яқинлашиб, ортига бир термулади-да, бошидаги рўмолни ташлаб, югурганича отаси бағрига ўзини отади... Айнан шу лавҳада режиссёр ота ва қиз ўртасидаги ғоят инжа, сўз ила таърифланмас ҳиссиётларни чизади: бунда меҳру муҳаббат, қайғу-ю ҳасрат, аламу фироқ бир-бирига қоришиб кетади...

 

 

Шундан сўнг асосий тафсилотларга ўтилади, яъни тўйдан икки ой бурунги ҳаёт кўрсатилади. Дов-дарахтлар, табиат қўйнида “ҳа-ю читтигул” айтиб, қувлашмачоқ ўйнаётган қизлар орасидан қаҳрамонимиз – Шарофатхон ажратиб олиниб, томошабинга танитилади. Бу ўринда операторнинг маҳорати, аёл суврати ва сийратини нозик ҳис этиши намоён бўлади. Дарахтга суянган кўйи хаёлга чўмган қизнинг нигоҳлари, сўнг бармоқлари йирик планда кўрсатилади, қуёш шуъласида Шарофатхоннинг табиий гўзаллиги, беғуборлиги, покиза дунёси акс этади. Қиз навниҳол, балоғатга етган, сочлари қирқкокил ўрилиб, белигача тушган; бошида қалпоқ, чин ўзбек қизи, ҳа-ҳа, худди Чўлпон бобо таърифлаган Шарофатхоннинг ўзгинаси.

 

Филмга ҳикояда йўқ янги воқеалар ҳам киритилган. Хусусан, Шарофатхон кўчада фойтунда кетаётган ўрис аёлини учратади ва унинг эрки, ҳурлигига ҳавас қилади. Эшонга унаштирилгач, яна шу аёлни учратади ва дунёни бошига кўтарганча, “Мени олиб кетинг” дея ортидан югуради. Бу эпизодда ўз ҳаётига эгалик қилолмай, қор қўйнида нобуд бўлган юзлаб лолалар – Туркистоннинг мазлум қизларига ишора бор. Шарофатхон тимсолида уларнинг умумлашма образи яратилган.

 

Филм мунгли бир ҳикоянинг экран варианти эмас, миллат қизларининг изтироби, қайғуси, дарду кечинмалари ҳақидаги янги асар. Кинони кўргач, нафс қулларининг қурбони бўлган, якунда ҳаёти фожиага айланган не-не хотину қизларнинг оҳу ноласи, фарёдини тинглагандек бўласиз. Филм ҳикояга нисбатан янада қуюқроқдек, ғамгинроқдек туюлади.

 

“Қор қўйнида лола”дан сўнг кинорежиссёр давр ёшлари, уларнинг туйғулари, кечинмалари ҳақида филм олишга қарор қилди. Кўп ўтмай “Севинч” филми катта экранларга чиқди. Мазкур картина ўз вақтида ёшлар орасида яхшигина шов-шувга сабаб бўлган. Соф, ҳижронли муҳаббат куйлангани учунми ё таниқли эстрадачилар қатнашгани туфайлими, хуллас, айни кинонинг мухлису муҳиблари етарли эди. Камина ҳам бир гуруҳ синфдошлар ила филмни кинотеатрда кўрганим ҳамон эсимда. “Севинч” экранга чиққанига йигирма йилдан ошибдики, ҳануз уни ширин носталгия, ўзгача ҳаяжон билан томоша қилгувчилар бор.

 

 

Филм покиза, аммо армонли муҳаббат ҳақида. Севинч (Лола Йўлдошева) ва Дониёр (Бобур Йўлдошев) бир-бирига кўнгил қўйган, икки ёш бахтнинг масрур онларидан завқланиб, еттинчи осмонда ҳаёт кечираётир... Бир қарашда ҳамма нарса тугал, гўё уларни бир-биридан ҳеч нарса айиролмайди. Иттифоқо, воқеалар ривожи кутилмаган ўзанга бурилади: Севинч бошидаги оғриқдан озурдаҳол бўлиб, шифокорга мурожаат қилади. Таассуфки, қиз саратон хасталигига чалинибди, саноқли ойлари қолибди... Шу зайлда баҳордек яшнаб, бахтдан сарафроз юрган Севинчнинг ҳаёти зумда кузакка айланади. У узлатга чекинади. Ҳеч кимга қўшилмайди, чекка-чеккаларга беркиниб, аламу изтиробдан кўз ёш тўкади. Севгилиси Дониёрдан ҳам юз ўгиради, “бир-биримизга мос эмас эканмиз” дея ора очди қилади. Йигит бу ҳолни тушунолмай гаранг: айби нима?

 

Эслатганимиздек, филмда асосий қаҳрамонларни эстрадачилар ижро этган. Жумладан, Севинч ролини Лола Йўлдошева, дугонаси Наргизни Зилола Мусаева сингари қўшиқчилар гавдалантиради. Ўша 2000-йиллари хонандаларни кинофилмларга жалб қилиш анча оммалашган эди. Эҳтимол, уларнинг ёшлар орасида машҳурлиги режиссёрларни шундай йўл тутишга ундагандир. Бироқ ҳақиқатни айтганда, қўшиқчиларнинг профессионал актёр эмаслиги сезилади, айниқса образнинг руҳиятига киришда, ички туғёнлар, кечинмаларни ҳис этишда уларга тажриба, актёрлик уқуви етишмайди. Драматургия ва ижродаги камчиликларни хонандалар ижросидаги қўшиқлар ила хаспўшлашга интилиш билиниб қолади.

 

 

Назаримда, кино санъатининг профессионал талаблари нуқтаи назаридан баҳолаганда, “Севинч” – Аюб Шаҳобиддинов ижодида ҳодиса бўлгулик филм эмас. Аммо картинада аёл образи, муҳаббатнинг инжа тасвири бор: ўз орзуларига етолмай, армон ила кетган қизнинг туйғулари, қалб изҳори яширин. Режиссёрнинг аёл сийратини нақадар чуқур ҳис қилиши, кечинмаларини кино тилида ифодалай олиши эътиборга лойиқ.

 

Маълумки, ҳар қандай яхши филмнинг асоси биринчи навбатда сценарийга боғлиқ. “Севинч”даги хатолардан тўғри хулоса чиқарган режиссёр кейинги филмларида сценарий танлашга жиддий эътибор қаратди ва бирин-кетин “Ўтов”, “Телба” сингари муваффақиятли филмларни суратга олди.

 

 

2012 йилда катта экранга чиққан “Паризод” филми эса кинорежиссёр ижодидаги энг яхши асарлардан бирига айланди. Атоқли адиб Эркин Аъзамнинг “Фаришта” киноқиссаси асосида суратга олинган картинада аёл зотининг фариштамонанд пок тийнати, ҳаёси, руҳияти тасвирланади. Сценарийнинг адабий жиҳатдан пухталиги, тасвиру ифоданинг ғоят тиниқлиги, тил жозибаси филм муваффақиятида ҳал қилувчи омилга айланди.

 

Хўш, филм нима ҳақида? Бир қараганда буни англаш қийин. Қишлоқда врачлик қилувчи Жонибек исмли йигит мотоциклини миниб, бемору хасталар ҳолидан хабар олиши асносида тасодифан харсангтошда мук тушиб ўтирган фариштамисол қизни учратиб қолади. Савол берса, жавоб йўқ, пари бир оғиз ҳам гапирмайди.

 

 

Жонибек ҳайрон: бу не синоат бўлди? Эшон бобоникидан кетар чоғи ҳамроҳи “Йўлингизда фаришталар учрасин!” деб дуо қилганди. Чиндан фариштага йўлиқдими? Йигит кўп ўйлаб ўтирмай, қизни мотоциклига ўтқазиб, уйига олиб келаверади. Ана энди нақд қиёмат бошланади! Аввали она, кейин опасининг дийдиёси, қишлоқ аҳлининг гап-сўзи, дард устига чипқон бўлиб, унаштирилган ёри – Ойтуманнинг айниши... Шу тариқа Жонибек маломату таъналарга қолади, маромида оқаётган ҳаёти издан чиқади.

 

Топилдиқ қиз ҳақиқатан пари, кўҳликкина, назари тушган одамнинг юрагига чўғ ташлайди. Энди ундан қутулишнинг ягона йўли: кимгадир никоҳлаб бериш, акс ҳолда йигитнинг қишлоқда бош кўтариб юриши амримаҳол. Уйдагиларининг қийин-қистовидан кейин у париқизни дастлаб сўққабош Расул муаллимга, сўнг ўрта ёшлардаги Абдурашидга, охирида ишратпараст Исмат бойваччанинг уйига элтиб беради. Аммо бирор кас париқиз билан қовуша олмайди, парининг соф вужуди, фитрати, фариштамисол руҳи бунга йўл бермайди.

 

 

Париқизни ижро этган актриса Зарина Низомиддинованинг кўзларида алланечук мунг бор; у филм давомида лом-мим демайди, лекин томошабин ҳар лаҳза қизнинг ичидан ўтаётган ҳисларни, туғёнларни сезиб туради. Актрисанинг маҳорати шундаки, у сўз ишлатмаган ҳолда юз ифодаси, имо-ишоралар, пластик тебранишлар (Исмат бойваччанинг уйидаги рақс) орқали парининг ботини, дарду дунёсини очиб беради.

 

Филм рамзу тимсолларга бой, уларни уқиш, моҳиятига етиш томошабиндан синчковлик, зийраклик, фаҳму идрок талаб қилади. Хусусан, Жонибек париқизни олиб юрадиган мотоцикл шунчаки улов эмас, қизнинг ҳаё қўрғони, у шу ердагина ўзини бахтли, хотиржам ҳис қилади. Ҳар гал кажавадан тушаётганида, недир қўрқув, ҳадик билан юзлашади. Филм охирида Бозор дев исмли кимса қизнинг номусини поймол этгач, шунинг рамзи ўлароқ мотоцикл кажавасини қоядан пастга итқитиб юборади: гўё парининг иффат истеҳкоми барбод этилгани ушбу рамзда аёнлашади.

 

Бундай дардчил, маҳзун кечмиш орқали муаллиф ва кинорежиссёр аёл зотининг фаришталарга менгзалувчи пок руҳи, ҳаёси, гўзал қалбини ифода этиш билан бирга, жамиятнинг уларга муносабатини ҳам кўрсатишга уринади. Хўш, биз бугун аёлларни қай даражада қадрлаяпмиз? Асли онамиз, хотинимиз, опа-сингилларимиз ёнимиздаги фаришталар эмасми? Назаримда, филм хаёлий парилар ҳақида эмас, балки аёлни тушунишни, унинг туйғулари билан ҳисоблашишни хоҳламаётган жамият ҳақида.

 

Аюб Шаҳобиддиновнинг аёл ва жамият мавзусини давом эттирувчи филмларидан яна бири – “Рангсиз тушлар” картинаси. Бош қаҳрамон Кашмира (Феруза Саидова)нинг ҳаёти рўё (туш)га айланган, гўё яшашидан маъно-мазмун қолмагандек. Қасддан одам ўлдиргани сабаб ўн етти йил қамоқда ўтирган аёл уйига қайтиб, ҳаётини қайтадан бошлашга, ўтмишдаги аччиқ, аламли хотираларидан халос бўлишга интилади. Бироқ оила, атроф-муҳит, жамият бунга йўл бермайди: уйдагилари, яқинлари ўзини олиб қочади, иш сўраб борса рад жавоби олади. Хуллас, Кашмира учун ҳамма эшиклар ёпиқ, гарчи озодликка чиққан бўлса-да, жиноятчи деган тамғадан қутулмаган.

 

 

Филмда ғоят долзарб ижтимоий муаммолар кўтарилган. Хусусан, хотину қизларнинг хатоларини қонун кечирса-да, жамият кечирмаслиги, илмий истилоҳ ила айтганда, маргинал (муайян шахсларнинг ижтимоий муҳитдан четлаштирилиши, бегоналашиш) қолипларнинг нормага айлангани, аёл шаънига тушган биргина доғ абадулабад тавқи лаънат бўлиши ва яна бир қатор фожиалар акс эттирилади.

 

Таассуфки, миллатнинг муруввати, кечирувчанлиги эркагу аёлга баробар эмас. Тан олмоқ лозим, аксар омма наздида аёл зотининг қусурлари, хатолари эркакникидан каттароқ, хавфлироқ кўринади. Эҳтимол, филмдаги Кашмиранинг ўрнида йигит киши бўлганида, бу қадар яккалатиб қўйилмас, машҳур ҳикоя қаҳрамони айтганидек, “дунёни панжарадан ҳам бир кўриб қўйдим-да, зиён қилмас” деган “ёрлиқ” ила ҳамма маломату тақиқлардан қутулар эди. Кўпинча эркак қавмининг айбларини “йигитчилик”ка йўямиз, илло аёлларга нисбатан бундай “имтиёз” йўқ.

 

Аюб Шаҳобиддиновнинг “Рангсиз тушлар” картинасига бош қаҳрамон сифатида айнан аёл кишининг танланиши ҳам шундан. Режиссёр бу муаммога нозик хилқат орқали назар ташлайди: хўш, бугун минбарларда қайта-қайта гапираётганимиз “гендер тенглик”ка омма қай даражада амал қилмоқда? Қонун, ҳукумат, давлат кечирмоқда. Аммо оила, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй сингари ижтимоий қатламлар-чи?..