
Тил тубидаги ганжа
Замон оғриғини теран ҳис қилган зиёлилар борки, улар мудом миллат тили атрофида жам бўлишган. Улар учун сўз – қурол, тил – руҳият, маърифат – чин маслак эди. ХХ аср бошларидаги ўзбек зиёлиларининг ичида Беҳбудий, Фитрат, Элбек ва кўплаб зиёлилар тилимизнинг маънавий қўрбошилари эди.
Ушбу минбардан фойдаланиб, камина учун янгидай кўринган айрим сўз ва мулоҳазаларни баён этсам. Беҳбудийни варақлаб, ажиб сўзга дуч келдим. Маърифатпарвар адиб ота-онасига ёзган мактубларида юксак ҳурмат ва эҳтиромини намоён қилар экан, бизнинг тилимизда гўё сийқаси чиққан бир сўзнинг янгича кўринишини келтириб ўтади. «Ташаккурнома», «Мақтов ёрлиғи» каби бир энлик қоғозлар Беҳбудий тилида «Офариннома» кўринишида янграйди:
«Марҳаматлик қиблагоҳим! Мактабға келгандан бери, алҳамдулиллоҳ, тинч ва сиҳатдурман. Бошқа шерикларим қаторинда сабоқ ўқуб турибман. Биринчи ўқуганларимни имтиҳон бериб «офариннома» олдим. Мактабга асло хафа бўлганим йўқ».
Жадидларнинг нафақат фавқулодда илми, балки келажак юз йилларни теран ҳис қила олиши мени доим ҳайратда қолдиради. Масалан, Беҳбудийнинг бир даъвати худди бугунги кунимизнинг юраги бўлиб турган сунъий интеллект, электрон технологиялар илмини ўрганишга ҳамоҳанг келади. Маърифатпарвар адиб ёзади:
«Эй мусулмонлар! Болаларингизға келар замон илмини ўргатингиз! Зероки, аларни Худо таоло халқ этди, сизни замонангиздан бошқа, яъни келар замон учун».
Профессор Фитрат тилимиз ислоҳига бел боғлар экан, туркий тилимиз қайси манбалардан озиқланиши лозимлигини уқтириб ўтади:
«Тилимизнинг соф шаклини даладағи эл-аймоқларимизда кўра оламиз. Далада яшаған эл-аймоқларимиз орасида унларнинг жон озиғи бўлиб турған достонлар, ашулалар, маталлар, лапарлар, қўшиқлар бор. Шунларнинг ҳаммасини буюк бир диққат билан ёзиб олиш керак, эл-улус орасида ёзув доирасиға кирган ...каби аристўкрат шоирларимизнинг асарлари бор. «Қутадғу билиг», «Ҳибат-ул ҳақойиқ», «Девону луғатит турк», «Муқаддимат-ул адаб» каби эски васиқалар бор. Шунларнинг ҳамасини қилни қирқ ёриб текширайлик; бир-бирига солиштириб, келиштириб, текли, тубли натижалар олайиқ...»
Чиндан ҳам олим шу жумлаи олами билан туркий тил ислоҳига борадиган жаридани аниқ-тиниқ чизиб бергандай. Адиб ҳар қандай «илмий ахтаришлар бўлмағунча бунларнинг биртаси ҳам бўлажақ эмас»лигини шу йўсинда таъкидлайди.
Яна бир маърифатпарвар Элбек томонидан тилимиз ҳимояси йўлидаги жонбозлик ҳар қанча эҳтиромга лойиқ. У «Туркистон» газетасида махсус тарзда «Луғат ва атамалар боби»ни очишни таклиф этиб, бунда фаол бўлмоққа кенг жамоатчиликни чорлайди. У тилимиздаги ўнлаб хорижий сўзларни матбуотда эълон қилар экан, уларнинг туркийча муқобилларини ҳам таклиф қилади. Масалан, мамлакат – ўлка, етим – ўксуз, дўхтир – эмчи, дорихона – эмлоқ, инқилоб – тўнкариш, мусобақа – ўзишма, тақдир – ёзмиш, мустақил – ўз бошли, тарафдор – ёқдираш...
«Тўнкариш»нинг яна бир халқона вариантини ўқиб қолдим – оёқланма! Бу сўз қўзғолон, исён, халқнинг оёққа туриши маъносида муомалада бўлган. Аҳат Андижоннинг «Туркистон учун кураш» асарида шундай ёзилади:
«Туркистонда Русияга қарши бирор исён чиқишига ишонмайман. Бундайин оёқланма содир бўлса, шафқатсиз бостирилади».
Истаймизки, бу топилмалар давомли-давомли бўлгай...
Меҳмоннинг кўҳна обрўси
Меҳмоннинг туркий халқлардаги обрўйи ниҳоятда юксак мақомда бўлиб, отадай улуғлиги асло чўпчак эмас. Унга иззат-икром кўрсатиш, имкон қадар таомлантириш, хушхулқ бўлиш мезбоннинг маънавий бурчи. Бу анъана аввало оилада, сўнгра давлат миқёсида ҳам қадрият даражасида турган.
Алп Эр Тўнга жангномасида меҳмондорчилик ҳақидаги юксак фазилатларга урғу берилади:
Келса ума тушургил,
Тинсин анинг аруқлуқ.
Арпа саман яғутғил
Булсин ати яруқлуқ.
Яъни:
Меҳмон келса ўтқазғил,
Ҳордиқ олиб тинч бўлсин.
Оти ҳам ёруғлиқда
Арпа-сомонга тўлсин.
Туркийларнинг меҳмондўстлигига ойна тутадиган яна бир манбага дуч келдим. Араб географи ва сайёҳи Абу Исъҳоқ ал-Форисий ал-Истахрийнинг «Китаб масалик ал-мамалик» номли асари бор. Унда Мовароуннаҳр тасвирлари ва аждодларимизнинг гўзал фазилатлари ҳақидаги рост кечинмалар бор. Асарда Мовароуннаҳрликларга келган меҳмон хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, ўзини ўз уйида деб ҳис қилиши айтиб ўтилади.
«...Мовароуннаҳрда одамлар бир хонадон кишилари кабидир. Бир киши бошқасиникига ўз уйига киргандай тўхтайди. Мезбон йўловчининг бу ишида ёмонлик кўрмайди. Келган меҳмонни танимасада, ундан совға умид қилмай оғирини енгил қилишга бор кучини сарфлайди».
Жумлаларни давом эттирамиз: «Уларда ҳар бир киши борини ўзи ва уйига келган меҳмондан аямайди. Борсанг, катта қаср ва меҳмон учун хона қураётган жой эгасини топасан. Унинг вақти кечаси келган йўловчига шароит ҳозирлашга кетишини кўрасан...»
Бу кун бир замонлардаги туркий боболаримиз ер-мулк, бойлик эмас, меҳмон талашишган, десак лофга ўхшар. Аммо асарда шу хислат ҳақида очиқ-ойдин фактлар айтилади:
«...Бир йўловчи тўхтаса, унинг учун баҳслашиб, тортишадилар. Мовароуннаҳрда ҳеч ким на кечаси ва на кундузи одамлар бор жойда нарсасини йўқотиб қўйишдан қўрқмайди. Улар бу борада бошқалар давлат тўплашда баҳслашгани ва бойлиги билан мақтанганлари каби ўзаро беллашади».
Яқин-яқингача қишлоқ дарчаларимизга қулф тугул чўпак ҳам осилмас эди. Аммо асрлар аввал бунданда улуғвор замона мавжуд бўлган:
«...Мен Суғдда шундай ҳовлини кўрдимки, у юз йилдан кўпроқ вақтдан бери қулфланмайди, ҳамма вақт меҳмонлар учун очиқ. Тўсатдан бу хонадонга юз-икки юзлаб меҳмонлар келади, уй эгаси ҳеч қийналмай меҳмонларни от-уловлари билан жойлаштиради ва зиёфат қила олади».
Дарвоқе, замонавий ресторанларда оқ қўлқоп кийиб хизмат қиладиган официантларни кўп кўрганмиз. Бу манзара Европа маданиятининг бир қисмига айланиб бўлган. Аммо менинг ҳайратим ХВ аср бошларида Самарқандга, Амир Темур саройига келган Кастилия элчиси Руи Гонзалес де Клавихонинг иқрорларида бўлди. У зиёфатларда қўлида махсус қўлқоп кийган хизматкорлар меҳмонларга овқат тарқатаётганини таажжуб билан тасвирлайди. Чунки, бу пайтда Европада ҳали оддий гигиена қоидалари ҳам бир маромда эмас эди...
Сайёҳ «Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406 йиллар)» асарида шундай ёзади:
«...Чарм дастурхон устига шу қадар кўп гўшт қўйилган эдики, кўтарганда нақ йиртилиб кетиши мумкин эди. Гўшт келтирган хизматкорлар подшоҳдан йигирма қадамча нари кетганларидан сўнг, гўшт майдаловчилар ҳозир бўлдилар, олдиларига пешбанд тутган, қўлларига чарм қўлқоп кийиб олган гўшт майдаловчилар чарм дастурхон ёнига тиз чўкиб ўтирдилар».
Орадан вақтлар ўтсада, меҳмон ва унинг дастурхонига бўлган ҳурмат яшаб қолаверди. Туркий халқларимиз қай арконда яшамасин, шу ақидани доим ёдда тутдилар.
Чингизхон салтанатида ҳам Бовурчи («дастурхончи») лавозими бўлиб, у «овқат ва ичимлик мудири», кейинчалик хоннинг асосий ошпази (баковул) бўлган. Буларнинг бари меҳмоннинг иззат-ҳурмати учун эди.
Яна бир ҳайратим, мезбон меҳмоннинг кўнглини олишдан ташқари у билан келган жонлиқларга ҳам масъул бўлган. От-улов қорни тўйғазилган. Бу ҳам мезбоннинг зиммасидаги бурч эди. Шунингдек, чорвадор кўчманчи туркийлар пой-пиёда узоқ йўл босиб келган меҳмонга қайтарда от туҳфа қилгани достонларимизда ҳам, тарихий манбаларда ҳам келтирилади.
Мирзо Бобур «Бобурнома»да дарбадарлик чоғларида ҳам меҳмон сифатида улуғлангани, ҳатто отларига ҳам ғамхўрлик кўрсатилгани ҳақида ёзади:
«...Сешанба куни вирд (дуо) уқиб, Ёнбу лоқ йўли билан Кобулга қараб жўнадик. Аср намози вақти Алгату дарёсидан кечиб, намозшом пайти Қорабуғага келиб отларга ем берилди. Тезда озгина овқат ҳозирладилар, отлар арпасини еб тугатгач, яна йўлга тушдик».
Меҳмон ва мезбон маданияти бурунги хонликларимизда ҳам давом этди. Саройда нафақат маҳаллий, балки хорижлик элчиларни қабул қилишга мутасадди бўлган шиғовул, дастурхончи, мунший, овқат сузувчи ва ичимлик қуювчи – тўқсоба каби лавозимлар бўлгани барчамизга аён.
Туркийларнинг «Онт коса»си
Онт ичиш ва унга амал қилиш туркийлар учун ор-номус, ҳаёт-мамот масаласи эди. Ҳатто ичилган онт учун халққа белги бериш мақсадида ош ва сув тарқатилган. Яъни, бирор мақсад йўлида қасам ичилгани шу тарзда элга билдирилган. Бу амалнинг кўпнинг кўзи олдида қилиниши аҳдга вафони янада мустаҳкамлаган.
Камина фаолиятим юзасидан кўп ҳарбий қисмларда ватан ўғлонларининг қасамёдларига гувоҳ бўлганман. Эл-улус олдида ичилган онт чиндан инсонни бошқа кишига айлантиради.
Нега онт ичилади? Бунингда тарихий асоси борлигига шубҳам йўқ эди. Манбаларни ўқир эканман, онт ичиш хусусидаги ажиб фактларга дуч келдим.
Қадимда Скифлар нафақат ватан ҳимоясини, балки дўстликни ҳам бузилмас қасам билан мустаҳкамлар экан. Ичилган онт бир умрга содиқлик, вафодорлик рамзи эди. Ундан аввалги кўчманчилар жамиятида ҳам қасамёд маросимлари юксак даражада ўтказилган экан.
Онт атамаси қаердан пайдо бўлди? Бунинг бир қанча далиллари бор. Маъно-мазмуни бўйича энг ишонарлиси, назаримда «Ант (онт) косаси»дир. Милоддан аввалги даврларда Хунлар ва Хитой элчилари ўртасида «онт (ант) косаси» бўлгани, битимлар шу косаларда ичимлик ичилган ҳолда тузилгани ҳақида маълумотлар бор.
Яна бир манбада Чингизхон салтанатида тахтга ўтирган кишининг онт ичиши учун Толу деб номланган коса бўлгани ҳақида айтилади. Онт косаси бўлмиш «Толу» мўғуллар учун шу қадар муҳим эдики, ҳатто Чингизхон ўғилларидан бирининг исми ҳам Толуй (Тулу) эди.
Кейинчалик бу коса халқларни бирлаштирадиган бирдамлик рамзига ҳам айланган. Қадимги туркийлар «онт косаси»ни қимизга тўлдирар, қасамёд қилганларнинг бари билагини кесиб, томчи қонини оқизар эди. Сўнгра жамоа ўша аралашмани навбати билан ичар, қонлар бирлашуви уларга руҳий яқинлик, жипслик бағишлар эди.
Маҳмуд Кошғарий «Девон»ида ҳам туркийларнинг темирга бўлган улкан эътиқоди, унинг номи билан онт ичилиши ўзига хос рамзни ифодалайди. Улар қилични олдиларига кўндаланг қўйиб: «Бу кöк кирсüн, қıзıл çıқсун» дейдилар. Маъноси: «ваъда бузилса, бу кўк кирсин, қизил чиқсин, яъни қонга беланиб чиқсин. Бу аҳд бузилса, темир сени ўлдирсин, ўч олсин».
Қасамёд қилиш тарихимизнинг барча этник ва замонавий қатламларида бўлган ва бўлаётир. Амир Темур қўшинидан тортиб Бобур лашкаригача муқаддас онтнинг мавқейи баланд сақланган.
Мирзо Бобур қўшин ичида юриб, улар билан бирга қасамёд қилар эди. «Бобурнома»да шундай ёзилади:
«Тангри таоло бундай саодатни бизга насиб қилибди ва бундай давлатни бизга яқин айлабди. Ўлган – шаҳид, ўлдирган – ғозий. Барчангиз Тангрининг каломи номи билан бу урушдан ҳеч ким юз ўгиришни хаёлига келтирмаслиги ва то танасидан жони чиқмагунича, бу жанг ва урушдан чиқиб кетмаслигини айтиб, онт ичмоғингиз керак...»
Шу аснода барча бек ва навкарлар муқаддас Қуръонни қўлига олиб, юқорида айтилган жумлаларни такрорлаганча қасам ичишган. Бундай йиғинлар одатда барчанинг кўз ўнгида ўтказилиб, яқин-йироқдаги дўсту душманнинг юрагига қўрқув солар эди.
Бугун тилимиздаги айрим сўзларнинг маъноси тарихан онт ичишга тенглигини сизу биз ёддан чиқаргандирмиз эҳтимол. Масалан, индалло сўзи. Гапнинг индаллоси шу, деймиз баъзида. Худди, пўсткалласини, лўндасини айтаман, дегандай.
Сўзнинг луғавий маъноси «Аллоҳнинг ҳузурида», «Аллоҳга яқин», «Аллоҳнинг ёнида» дегани. Яратганнинг ҳузурида ёлғон гапириб бўлармиди? Демак, Аллоҳ олдида айтилган сўз бажарилиши шарт бўлган онтга тенг.
Сўз билан улфатлик...
Дарвоқе, ёндафтаримга тез-тез бирнималарни ёзиб юраман. Халқ оғзаки ижодидан, Навоийдан, Бедилдан, Анбар Отиндан, Абдулла Қодирийдан...
Уларни на замон, на давр боғламасада, сўз қудрати олдидаги жасорат ва маҳорат бирлаштиради. Кутилмаганда бахши шундай дейди:
Сени миниб, доим тўдада чопдим,
Яхши улфатларнинг кўнглини топдим.
Қаранг, гўё чавандознинг от миниб, гулгун давраларда чопгани кўз олдингизга келади. Аслида маъно ўзани бошқача. Бекмурод Жўрабой ўғлига тегишли ушбу термада бахши «Сени миниб, доим тўдада чопдим» дея учқур тулпорга эмас, дўмбирасига мурожаат қилмоқда.
Бахшининг маҳорати, сўз ўйини устаси экани шунда эмасми?
Ҳазрат Навоий «Муншаот»ида узоқни кўра олувчи, ақли ҳар нарсага етадиган кишиларни нима деб атаганини ўқиб, мириқдим. Дурбин деган. Бу сўз форсчада «узоқни кўра олувчи» маъносини англатади. Дастлаб инсоннинг заковати, тафаккурига нисбатан ишлатилган бу сўз кейинчалик узоқни яқинлаштириб кўрсатадиган асбоб, яъни дурбинга нисбатан ишлатила бошланган. Ноёб топилма, шундайми?
Мирзо Бедилда ҳам бебаҳо сўз заргарлигини кўраман. Шоир ёзади:
Нақши маъкуси нигин аз сажда мегардад дуруст,
Сарнавишти вожгунро рост месозад намоз.
Муҳр ўйилган узукка терс хат нақш этилган. Бармоқ букиб нигин қоғозга босилса, муҳрнинг терс хати ўнг бўлади. Эй, инсон, сенинг ҳам пешонангга тақдир хати чаппа ёзилган. Уни ўнг хатга айлантириш учун пешонангни саждага қўй. Сенинг халоскоринг намоздир. Бир муҳрга берилган таърифнинг гўзаллигини қаранг. Яна бир қиёси шундаки, узук оқ қоғозда букилиб сажда қилгани учун у доим эъзозда. Ажиб қиёс, бедилона чуқур фалсафий байт!
Чиндан ҳам халқнинг ҳар сўзи ҳикмат. Абдулла Қодирий уни таърифлар экан, шундай дейди: «Халқ ҳикматлари турмуш онасининг дард чекиб туққан ўғли».
Ажабо, бахши дўмбирани тулпор қилиб чопар, сўз мулкининг султони узоқни кўра олувчи донишмандни дурбин атар, Бедил муҳр орқали инсон «тақдирни ўнглар»га, Қодирий эса халқ оғриқларини ҳикматга йўяр. Буларнинг барчаси тил тубидаги ганжа, сўз қудрати қаршисидаги саждадир.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ