«Ҳодиса фақатгина содир бўлган жойдагина ҳақиқатга айланади» – адабиёт бўйича Нобель соҳиби Ласло Краснахоркаи


Сақлаш
11:16 / 19.10.2025 12 0

Лав сингари сокин  оқувчи қоронғу бир ёзув дарёси...

 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти Ласло Краснахоркаига “қиёмат даҳшати шароитида санъатнинг кучини яна бир бор тасдиқлаган ишончли ижоди учун” берилди.

 

Венгер ёзувчиси Ласло Красзнахоркаи 1954 йилда Венгриянинг жануби-шарқидаги Гюла шаҳрида туғилган. У кўплаб роман, эссе ва ҳикоялар муаллифи бўлишига қарамай, ўттиз йил давомида у билан ҳамкорлик қилган  венгер режиссёри Бела Тарр орқали танилган. Асосий ижод услуби дистопик ва меланхолик характерига кўра постмодернизмга оид деб қаралади. Отаси Дёржи Красзнахоркаи адвокат, онаси Юлиа Палинкась эса ижтимоий хавфсизлик хизматчиси бўлган. Йозувчи 1972 йилда Жозеф Аттила университети ҳуқуқшунослик факультетида ўқишни бошлаган ва уни Будапештда давом эттирган. Ижтимоий фанлар соҳасида илмий даража олган. Адабиётни ўрганиш давомида Гондолат Конкйвкиадо нашриётида ишлаган. 1985 йилда ёзилган “Шайтон тангоси” романи унга жуда катта муваффақият келтирган. 2013 йилда романнинг инглизча нашри “Энг яхши таржима қилинган китоб” мукофотига сазовор бўлган. Красзнахоркаи 1987 йилда Ғарбий Берлинга боради. Шарқий Берлин қулагач, дунёнинг турли жойларида ёлғиз яшаган. Мўғулистон ва Хитойга қилган саёҳати “Урга асири” ва “Жаннат остидаги ҳалокат ва қайғу” асарларининг пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Уруш ва Уруш” асарини ёзиш жараёнида Европа бўйлаб турли нуқталарда истиқомат қилган. “Сеёбо пастда” романи 2014 йилда “Энг яхши таржима қилинган китоб” мукфотини олган. Оилавий ҳаётига аёли Анико Пелиҳе билан 1990 йилда ажрашгач путур етади. 1997 йилда эса Дора Копксанйи билан турмуш қурган. Ҳозирда учта фарзанди бор. Ёзувчининг яна қуйидаги асарлари мавжуд:

 

“Барон Венкҳеимснинг уйга қайтиши” 2016 йил нашр қилинган, 2019 йилда инглиз тилига ўгирилган. “Ҳерсхт” 2021 йилда Магвето томонидан инглизчага таржима қилинган. “Сўнгги бўри” (2009), “Қаср учун тайёргарлик” (2018), “Гомерни кузатиш” (2019). Шунингдек, “Охирги қайиқ”, “Багданович ҳикояси”, “Қопқонга тушган Рай”, “Устанинг ўлими”, “Бекат изқувари” каби кўплаб ҳикоялар муаллифи.

 

Красзнахоркаининг “Қаршилик меланхолияси” (Az ellenállás melankóliája) номли романи 1989 йилда ёзилган бўлиб, асли венгер инглиз шоири Жорж Сзиртес томонидан 2000 йилда инглиз тилига таржима қилинган ва бу унинг инглиз тилида нашр этилган биринчи асари бўлган. Асар Сюзан Сонтаг ва У.Г.Себалд томонидан катта мақтов билан кутиб олинган. Сонтаг Красзнахоркаини “Башоратчиликнинг замонавий венгер устаси” деб атаган бўлса, Себалд “Унинг универсал дунёқараши Гоголнинг “Ўлик жонлар”и билан беллаша оладигн даражага эга бўлиб, замонавий адабиётнинг барча кичик ташвишларидан юксак туради” деб ёзган.

 

2015 йилда Боокер халқаро мукофотини қўлга киритган Красзнахоркаи бугунги куннинг энг яхши романнависларидан бири сифатида тан олинади.

 

Адам Сирлвелл “The New York Review of Books” журналида шундай ёзади:

 

“Красзнахоркаи ёзувидаги жўшқинлик унинг ўзига хос шакл топганидадир. Замонавий адабиётда бунга  ўхшаш бошқа нарса йўқ”.

 

“The New Yorker” журналида ёзувчи Жеймс Вуд эса Красзнахоркаини Томас Бернҳард, Клауд Симон ва Девид Фостер Валлис каби урушдан кейинги давр ёзувчилари билан бир қаторда қўяди ҳамда таққослашни қуйидагича изоҳлайди:

 

“Ҳаддан зиёд узун, нафас каби тўхтовсиз давом этувчи жумлалардаги уйғун яқинликка қарамай, Красзнахоркаининг асарлари, эҳтимол, ичларидаги энг гўзал, энг ўзига хос ва энг ғайриоддийсидир!”.

 

Ҳозиргача ёзувчининг учта асарини инглиз тилига таржима қилган Жорж Сзиртес, “Қаршилик меланхолияси” ҳақида шундай дейди: “Лав мисоли сокин оқувчи, қоронғу бир дарёга ўхшайди (унинг матнлари). Красзнахоркаининг жумлалари сизни бир зиндондан бошқасига, дўнгликларга ва зулматли йўлакларга олиб киради”.

 

Қуйида Ласло Красзнахоркаи билан суҳбатни тақдим этамиз: (суҳбатдош: Жорж Сзиртес, 2013 йил сентябрь)

 

Суҳбатдош:  Сизнингча, таржиманинг афзалликлари, камчиликлари ва хавфлари нималарда кўзга ташланади?

 

Ласло Красзнаҳоркаи: Афзаллик ёки камчилик ҳақида кўп нарса айта олмаслигим мумкин, аммо, хавфлари ҳақида тўхталишим керак. Чунки, аслида, ҳеч қандай хавф асосий даражада бўлолмайди. Менинг фикримча, таржима қилинган ҳеч бир асар, у ёзилган тилдаги асли каби айнан бир хил бўлолмайди. Буни ўйлашнинг ўзи мантиқсизлик. Таржима асар ёзувчининг эмас, таржимоннинг асаридир. Ёзувчиники эса фақат ўша ўз тилида ёзилган ҳикоядан иборат аслиятдир. Таржима асар – таржимон ўгирган тилда яратилган, таржимон “басталаган” янги асардир. У асли билан фақат оиладаги одамларнинг бир-бирига ўхшашлиги даражасида ўхшайди.

 

Ёзувчи бу жараённи аралашмасдан кузатади, ўқийди: матн унга таниш туюлади, баъзида (камдан-кам ҳолларда) жуда яхши таниш бўлади; агар кўзига яхши кўринса – қувонади, ёмон кўринса – ғазабланади. Менда бундай ҳолат фақат бир марта бўлган: “Уруш ва Уруш” романимнинг немисча таржимаси шунчалик ёмон эдики, натижада чинакамига парчаланган китоб пайдо бўлган, уни тузатиш деярли имконсиз эди. Уни қайта таржима қилишни ким ҳам ўз зиммасига оларди? Бу жуда қийин вазият. Аммо бундан бошқа китобларимнинг таржималари мени доим ҳайратда қолдиради – менинг жуда ажойиб таржимонларим бор.

 

Суҳбатдош: Нима учун Берлинда яшашни танладингиз?

 

ЛК: Бу шаҳарда биринчи бор 1987 йилда узоқ вақт қолганман ва ўша пайтдан бери шаҳар билан ўртамизда бир боғ пайдо бўлган. Ўша пайтларда Ғарбий Берлин руҳий жароҳат олган инсонлар учун гўё бир бошпана эди. Санъаткорлар, ижодкор бўлишни орзу қилганлар – ҳамма чала қолган ишини якунлаш учун шу ерга келарди. Катта оиланинг бир аъзоси сифатида йирик ижодкорлар билан бир хил барда, ҳатто бир хил стол атрофида ўтириш имконига эга бўлиш  жуда ажойиб эди. Бу алоқалар ҳозир ҳам давом этмоқда. Аммо вақтимнинг кўп қисмини Берлинда ўтказсам-да, эндиликда бу шаҳар билан яхши таассуротларим қолмаган. Бугунги кунда шаҳар, асар яратишдан кўра уни пуллашни истайдиганлар учун маконга айлангандек. Агар шундай бўлса – унда бу ер билан бошқа бир жой ўртасида қандай фарқ қолади?

 

Суҳбатдош: Ёзганда нималарга эътибор берасиз ва қандай ёзасиз?

 

ЛК: Мен фақат ишлаш учун ажратилган жойда, ёзув столига ўтириб олган ҳолда соатлаб компьютер экранига тикилиб, фикр келишини кутадиган ёзувчи эмасман. Адабиёт – менинг ҳақиқий ишим, деган фикрдан келиб чиқаман, шунинг учун ҳамма воқеалар бошимда кечаверади. Фақатгина барча шахсий сабабларни бир четга улоқтирсак, ҳақиқат шуки: ёзишни бошлаганимда жуда оғир шароитларда яшардим. Иш столим йўқ эди, атрофим доимо одамга тўла бўларди. Шу сабабдан, асарнинг бошланиш қисмларини хаёлимда тасаввур қилишга, биринчи жумлаларни мияда тузишга ўрганиб қолганман. Умид бахш этувчи бир жумла топганимда, уни қўйиб юбормасдим, токи “тамом” деб ҳисоблаган нуқтага қадар қўшимчалар киритардим.  Ҳозир ҳам худди шундай ишлайман – энг кутилмаган вақтларда, энг кутилмаган жойларда. Яъни, доимо иш устидаман. Ҳаммаси онгимда тўлиқ шаклланганда ёзишга ўтираман. Таҳрир қилишга деярли ҳожат қолмайди, чунки таҳрирларни аллақачон хаёлимда бажариб бўлган бўламан.

 

Суҳбатдош: Кафка каби классиклардан ташқари яна кимларни ўқийсиз?

 

ЛК: Ҳатто Кафкани ўқимаётганимда ҳам Кафкани ўйлайман. Уни ўйламаётганимда эса Кафка ҳақида ўйламасликни бир нуқсон деб биламан. Бу азоб бир қанча вақт давом этади. Сўнгра унинг китобларидан бирини олиб, яна ўқий бошлайман, бу жараён шундай кечиши ҳам керак, аслида.

 

Аммо бу фақат Кафка учун эмас: Гомер, Данте, Достоевский, Пруст, Эзра Поунд, Беккет, Томас Бернҳард, Аттила Жозеф, Шандор Вўреш, Пилинский – буларда ҳам худди шундай ҳисни туяман.

 

Суҳбатдош: “Шайтон тангоси”нинг муваффақияти ҳақида нима дейсиз? Нега айнан ҳозир? Дунё ёки адабиётда унга эшик очган нарса борми?

 

ЛК: Эҳтимол, Бела Тар билан ҳамкорликда яратилган “Шайтон тангоси” филми орқали танилганлигимиз сабабдир. Шунингдек, ҳозиргача “Қаршилик меланхолияси”, “Уруш ва Уруш” ёки “Анималинсиде”ни ўқиб, бу роман таржимасини кутаётган ўқувчилар билан ҳам бир қадар боғлиқ. Бундан ташқари, кўринишидан, “Шайтон тангоси” бугунги даврда кўп одамлар ўқишни истайдиган китоб турига киради.

 

Таъсирларга тўла дунёнинг чарчатадиган янгиликларидан қочмоқчи бўлганлар, дунё фақат кўнгилхушликдан иборат эмаслигини англайдиганлар, дунё ҳақида ёзиб қўйишга арзигулик бирон нима айтилишини истайдиганлар, ҳаётдан қочиш ўрнига уни қайта ҳис этишни, ўз ҳаётларида ўз ўрни борлигини англашни истаганлар ва ҳар нарсага қарамай шу оғриқли гўзалликни танлаганлар учун бу асар зарур.

 

Аслида, бир назар солсангиз у қадар юксак адабиётимиз йўқ. Аммо ўқувчиларнинг бунга эҳтиёжи бор, бир даво, бир янглишлик сифатида эмас, балки уларга ҳеч қандай даво йўқлигини айтиб берадиган бир овозга эҳтиёжлари бўлганлиги учун.  

 

Суҳбатдош: Нега сиз учун воқеаларни жой ва харита билан тасвирлаш жуда муҳим?

 

ЛК: Чунки бир воқеанинг қаерда содир бўлаётганини билиш ҳар доим муҳимдир. Бир ҳодиса фақатгина содир бўлган жойдагина ҳақиқатга айланади.  

 

Суҳбатдош: Сиз ёзишни бошлаган дунё, яъни “Шайтон тангоси” илк бор чоп этилган пайтдаги дунё бугунги дунёга қай даражада ўхшайди?

 

ЛК: Ўхшашликлари жуда ҳайратланарли. Ҳаммаси ўзгаргандек туюлса ҳам, аслида ҳеч нарса ўзгармайди. Оқиб турган дарё юзасини тасаввур қилинг: сувлар тўлқинланади, ҳосил бўлган кўпиклар ўз атрофларида айланади, кичик томчиларга ажралади ва кейин яна қўшилиб, сокин оқими билан йўлида давом этади. Мен томчиларни кузатаман, фақат биттасига эътибор қаратишга ҳаракат қиламан.           Бу эса деярли имконсиз. У бир лаҳза бор, кейин йўқ. Аммо аслида у мавжуд.

 

Ҳамиша ўзгариб турадиган, лекин барибир ўшандай қоладиган бутунлик. Ҳолбуки   “бутунлик” деган нарса йўқ. Парчалар ҳам шундай. Яхши, у ҳолда  мавжуд нарса нима? Ўзгарувчанлик доим ўзгарувчи бир турғунлик. Ва бу, идрок этиш қобилиятимизнинг бироз нарисидалиги.

 

Таржимон: Рухсора Имомова

Манба: Interview with László Krasznahorkai - The White Review

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22275
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//