Адабиёт
Таржима тилни бойитадиган асосий воситалардан, дейишади. Бу – айни ҳақиқат. Чунки шу аснода янги маънолар билан бирга янги сўзлар, бошқача ифода шакллари ҳам иккинчи тилга кириб келади. Аммо бу бойишнинг ўзига хослиги шундаки, таржима қилинган матнлар орқали эмас, балки таржима қилиш асносида таржима қилинмаган сўзларни иккинчи тилга ҳам олиб кириш туфайли тил кўпроқ бойийди. Ўзлашмалар деб аталадиган ва ҳозирги ўзбек тили лексиконининг жуда катта қисмини ташкил этадиган калималар – араб тилидан олинганми, ёинки форсий, русча-байналмилал манбадан кириб келганми, бундан қатъи назар, уларнинг ҳаммаси она тилимизда муқобили бўлмагани учун қабул қилинган ва ўзбек тили бойиган.
Телефон, стол, стул, компьютер, экран, клавиатура, осмон, дарвоза, дутор, панжара, пиёла, пиёз, куй, парча, ҳайрат, ғайрат, ҳиммат, манфур, ғурур, жоҳил сингари минглаб ва ўн минглаб сўзларнинг барчаси – беистисно равишда – туркий тилда муқобили бўлмагани сабабли ёинки мавжуд туркий сўзлар кўзда тутилаётган маъно товланишини тўлароқ акс эттирмагани сабабли ўзбек тили хазинасидан ўрин олган. Масалан, қадимги туркий тилимизда атмосферанинг юқори қисми кўк дейилган. Унинг булутсиз кундаги тусини тасвирламоқчи бўлсак, кўм-кўк кўк дейиш керак. Ҳолбуки, шу муддаони мовий осмон, ложувард само каби четдан кирган лексик бирликлар тўлароқ ифодалайди. Илм-фан ривожлангани сари, бундай сўзларнинг маъно доираси ҳам кенгайиб бораверади. Чунончи, коинот (бор нарсалар)нинг маъноси ўзгариб, космосни англатадиган бўлиб қолди.
Бугунги глобаллашув замонида, фан-техника ва технология тез оммалашаётган бир даврда тилга янги сўзларни қабул қилиш ўта жадаллашиб кетди. Бундан чорак аср аввал у ёки бу тилга, айтайлик, бир йилда нечта сўз четдан кирганини аниқлаш мумкин бўлса, ҳозир бунинг иложи йўқ: хорижий сўзлар экинзорларни босган чигирткалардай шиддат билан ёпирилиб келяпти, уни тасниф қилиш, таърифлаш, статистикасини юритишга фурсат етишмайди, чунки бир-икки ой ичидаёқ бу маълумотлар эскириб қолади. Бу, албатта, ижобий ҳолат эмас. Чунки қабул қилиш ўринли ва зарур бўлган сўзлар билан бирга она тилимизда бор, аммо таржимоннинг нўноқлиги, тил билмаслиги сабабли ўзбекча муқобилига алмаштирилмаган сўзлар ҳам кириб қолиб, азалдан қўллаб келинаётган сўзларни ситиб чиқаряпти ёки функциясини чеклаяпти. Масалан, бирон йилнинг нари-берисида креатив деган бир “жозибали” сўз пайдо бўлди ва у ижодий, ташаббус сингари калималарни бўғиб ташлаб, ўрни бўлса-бўлмаса қўлланяпти. Ана шунақа “модний” сўзлардан яна бири мотивация бўлиб турибди. Унинг энг тўғри ва оп-осон таржимаси – рағбат. Бироқ креатив фикрлашга ноқобил мутаржимларимизда уни ўгириш мотивацияси камлиги сабабли бу иккала сўз бугун жуда фаоллашиб, “замонавий, ажнабий манбалардан хабардор одам” эканини кўрсатишга хизмат қиляпти.
Чет сўзлар қанча кўп кириб келса, иккинчи тилнинг талаффузи шунчалар бузила боради. Масалан, форсий калималар энг кўп қўлланган XII–XIX асрлардаги ўзбек тилида ана шундай олинма сўзларнинг хуружи натижасида ота, она, тоға, қора каби ўнлаб асл туркий, чинакам ўзбекча сўзларнинг талаффузи, бора-бора эса имлоси ҳам ўзгариб, ато, ано, тағо, қаро тарзида айтишга ва ёзишга ўтилган.
Аксар мутахассислар тил бойлиги деганда бирон халқ тилида неча минг сўз борлигини назарда тутишади. Ҳолбуки, бошқа тиллардан фақат лексикон – сўзларгина эмас, жумла тузилишлари, янгича ифода шакллари ҳам иккинчи тилга кириб келади. Бошқа тилдан кирган сўзлар, ҳар ҳолда, тилни бойитишга хизмат қилса, ўзга тиллардан кириб келган калималар тилнинг миллий хоссаларини, оздир-кўпдир, емиришга хизмат қилади.
Профессор Фаттоҳ Абдуллаевнинг “Тил қандай ривожланади?” деган рисоласи (1972)да кўрсатилишича, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида тузилган бир луғатдаги сўзларнинг 28,6 фоизи арабча, 16,9 фоизи тожикча, 4,7 фоизи рус-интернационал, 50,3 фоизи асли ўзбек сўзларидан иборат” бўлган (33-бет). Асарда ўзбек тили луғат таркибида йиллар ўтгани сари русча сўзлар ҳиссаси ортиб боргани ҳисоб-китоб орқали далиллаб берилган.
Албатта, совет даврида бу табиий ҳол эди. Мустақиллик йилларига келиб тилга бошқа тиллардан сўз олиш тарзи бирмунча ўзгарди. Бир ёқдан маъвиза, ақиқа, валийма, ҳасанот сингари арабий калималарнинг ҳиссаси кескин ортди, айни пайтда, инглиз тили лексиконига мансуб рейтинг, холдинг, бот, пиар, гигабайт, кластер каби сўзлар ҳам ўзбек тилига бодраб кириб келяпти. Дуруст, аммо ажнабий сўзлар қанча кўп олинса, тил хоссалари шунча барбод бўлиши ҳам бор гап. Ўз қадим хусусиятларини кўпроқ сақлаб қола олган, биз “унча ривожланмаган” деб биладиган айрим тиллар, масалан, Сибирь элларининг тили бизга қараганда анча тоза экани, асл томирларидан узилмай яшаб келаётганининг сабаби ҳам шунда.
Сўз сатҳидан жумла сатҳига ўтадиган бўлсак, бу ёқда ҳам хийла нуқсонлар борлиги кўзга ташланади. Ўрисча ўйлайдиган, аммо ўшани бир амаллаб “ўзбекча” қилиб гапирадиганларга эргашиб, она тилимизда ҳам “Мен ўйлайманки...” деб гап бошлайдиганлар, шундай ёзадиганлар кўпайиб қолди. Ўзбек кишиси бунақа гапирмайди, бунақа деб ёзмайди-ку?
Чунки ҳар бир тилда жумла тузилиши ўзгача. Русча гапни ўша тахлитда ўзбекка айтсангиз, тушунмайди. Мана, “Жаҳон бестселлерлари” туркумида Толстой, Достоевский, Чехов каби адиблар асарларини пайдар-пай чиқараётган “Буукмедианашр” нашриёти китобларидаги бир жумла: “Демак, гап шундай, мен сизни нега чақирдим: сизга таклиф билдирмоқчиман, менинг дўстим бўлинг”. Тавба, бунақа сўзлаган кишидан кўра, этигини пойма-пой кийиб юрганлар соғроқ эмасми?
Тағин бир масала. Ўзбек тилида ҳар бир жумла узунлиги – бир нафас олиб чиқаргунча айтиб тугалланадиган беш-ўн сўздан иборат бўлади. Гап нафасда ёки жумладаги сўзлар саноғида эмас. Ўзбек, ботиний онгининг тарзига кўра, ўша ҳажмдаги жумлалар мағзини осон ҳазм қилади, буни ҳисобга олиш шарт. Чираниб, ўрисча ё бошқа тилдаги жумлалар каби узун жумлалар тузиш ўқувчини муаллифдан, асар руҳидан узоқлаштиради.
Яхши таржима-чи? У тилнинг ифодавий имкониятларини кескин оширади. Масалан, оддийгина, бир қарашда ўгирма экани ҳам билинмайдиган нуқтаи назар деган бирикмани олиб қаранг. Биз деярли ҳар куни фикр далилламоқчи бўлсак, “шу нуқтаи назардан”, деб гап бошлаймиз. Ўзимизнинг ўзбекчадай. Аслида эса бу – “точка зрения” деган русча бирикманинг қойилмақом таржимаси, холос. Ёки яқингача учрамаган яна бир сўз тилимизда пайдо бўлди-ю, оммалашди-кетди. Қадрият дейдилар уни. Бу – таржима меваси, “ценность” сўзининг чиройли ўгирмаси.
Аммо четдан кирган сўзларни “ўзимизники” қилиб олгач, уни ҳар кўйга солиш тамойилидан воз кечишимиз зарурлигини ҳам айтиб ўтайлик. Таржиманинг тотли меваси бўлган “қадрият” – табаррук, улуғ сўзлардан. Энг яхши диний ва миллий хоссаларимизни қадриятларимиз деб биламиз, шундай деб ардоқлаймиз. Шунинг учун катта баннерларда бир ошпаз йигит қўлидаги нарсани кўз-кўзлаб, “Ўз қадриятига эга колбаса!” деб хитоб қилишини кўриб, сўзнинг увол бўлганига, қадрсизланганига ҳайфсинади киши. Аслида, энг катта қадрият – Сўз ҳазрати олийлари эмасми?
Таржима соҳасидаги ишкалликлардан яна бири, боя айтганимиздай, ҳар қандай ажнабий сўзни “мусулмонча”лаштиришдан иборат. Яқинда бир матндаги “... амалга ошириш тамойиллари” деган ифодага кўзим тушди. Амалга оширишда қанақа тамойил бўлади? Принцип деб қолдирган дуруст эмасми? Наҳотки принцип энди тамойилга айланиб кетган бўлса? Тамойил, ахир, бунинг нақ айнан акси – принципсизликни билдиради-ку? Қандай қилиб, дейсизми? Тамойил – арабча сўз; бирон нарсага мойилликни, майл қўйишни билдиради. Мойил бўлиш эса принципсизлик демак. Тамойилнинг ўзи рус тилига тенденция деб ўгирилади. Араб сўзларини биздан кўпроқ истифода этадиган ва шунга мойилроқ бўлган тожикларда ҳам принцип сўзи принцип деб, ундан кейин эса асос, қонун, усул, бунёд, шарт деб изоҳланган. Аммо ўзбек таржима амалиётида чорак аср аввал бир тамойил пайдо бўлди – ҳар қандай русча ва рус тили орқали кириб келган байналмилал сўзларни, бирон арабча ё тожикча сўз билан алмаштириш! Бу эса принципсизликнинг ўзгинаси эди.
Ана энди “принципиальный человек”ни, ё бўлмаса, “принципиальная ошибка”ни нима деб ўгиришни ўйлаб кўринг. Бундай мушкулотлар ё аввалги каби “принципиал одам”, “принципиал хато” деб берилади ёки ўрнига қараб “қатъий, эътиқодида собит одам” деб алмаштирилади, “асос-эътиборига кўра хато”, “мутлақо хато” дегандай муқобил топиб берилиши ҳам мумкин. “Принцип” сўзини кейинги пайтда баъзилар “қатъият” деган калима билан алмаштиришяпти. Лекин, айтайлик, машинанинг ишлаш принципи бор, аммо ишлаш қатъияти бўлмайди-ку? Қолаверса, қатъиятли одам – “решительный человек”дир, принципиал одам яна бошқа тушунча.
Мен интернетдаги онлайн-таржимон дастурига “принцип” сўзини киритиб кўрдим. Унда ҳам принцип ўзбек тилида тамойил бўлади, деб кўрсатиляпти (боягидай билармонлар киритган-да). Сўнг ана шу сўзнинг араб, форс, озар, тожик, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилишига юзландим. Уларнинг ҳеч бирида принцип – тамойил деб берилмаган.
Тил соҳасида юз бераётган бу ғайриилмий интилишни эҳтимол баъзилар ҳар бир тилни тоза сақлашга бўлган тадорик – пуризм, деб ўйлар. Аммо, афсуски, бу пуризм ҳам эмас-да. Уни эса нима деб номлашни ҳам билмайсан, киши. Хўп, мусулмончалаштириш йўлидаги уриниш дейлик. Аммо... у, лоақал, тўғри бўлиши керак-ку. Арабларнинг ўзи принципни “мабда”, “қоида” деб турганида, тожиклар эса ўзгартирмасдан принцип деганида, биз ўзбеклар – олисдаги бир туркий халқ вакиллари – араб тилини арабларнинг ўзига ўргатамизми, бу тилнинг араблардан ҳам қизғинроқ фидойиси бўлиб оламизми? Бизнинг “тамойил”га араблару форслар, турклар, озарлар, афғонлар, уйғурлар... кулмасмикин? Улар тамойил бошқа, принцип бошқа нарса эканини яхши билишади-ку?
Шунинг эпкинида яна бир туппа-тузук сўзга ҳам путур етди – метод, методист, методикани кимдир чиқитга ўтказиб, услуб, услубчи, услубиёт кабиларини қулоғидан тортиб майдонга опчиқди.
Аввало, савол бергинг келади – нима сабабдан барча ғарб сўзларидан воз кечиш керак? Қолаверса, метод сўзи услубга тўғри келадими ёки усулга? Биз кўрган китобларда метод – метод деб берилган ва талқин маъносида усул, йўл, тарз, равиш тарзида шарҳланган. Аммо ҳеч бир манбада услуб дейилган эмас!
Чунки услуб – бошқа нарса. Абдулла Қаҳҳор услуби деган гапни эшитгандирсиз? Бу калима Абдулла Қаҳҳорнинг методи эмас, ёзиш тарзи, ижоддаги ўзига хослиги дегани. Публицистик услуб, расмий услуб, бадиий услуб деган тушунчалар бор. Уни қайтариб русчага ўгирсангиз, масала ойдинлашади – стиль! Стилистика – услубиёт, стиль писателя – ёзувчи услуби дегани. Методни – услуб десак, унда “стиль”ни нима қиламиз?
Кўрамизки, таржима – қудратли бир қурол. Унинг ёрдамида она тилимиз бойиши, мисли кўрилмаган кўламлар касб этиши мумкин. Аммо шу билан бирга, айнан таржима тилни хароб қилиши, унинг асл миллий табиатини йўққа чиқариши, пировардида, экспрессия (ифода воситалари) кучайгани сари, импрессия (таъсир қилиш имкониятлари) камайиб кетиши ҳам мумкин. Демак, тилнинг бойиши деган тушунчанинг мазмун кўлами кенг ва у ҳар доим ҳам сўзлар миқдори кўплигига, жумла тузишдаги ранг-барангликларга боғлиқ бўлавермас экан. Асосий шарт эса шу – қандай асар таржима қилинса-да, бу жараёнда она тилимизнинг туб хоссаларига путур етмасин, ўзбек тили қулф уриб, тобора ўсиб, яйраб-яшнасин.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,
2021 йил 19 ноябрь, 47 (4654)-сон.
“Таржима ва тил” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ