“Жадидчилар” ва “қадимчилар” бир-бирига душман бўлганми? – Инкор ва муштарак мақсадлар


Сақлаш
20:55 / 15.02.2022 1622 0

Туркистоннинг зиёли уламолари орасида “жадидчилик” ва “қадимчилик” сингари икки ғоявий оқимга ажралиш ўлкада кучли ижтимоий-сиёсий жараёнлар авж олган палла – XIX аср охири – XX аср бошларида содир бўлди.

 

“Қадимчилик” ёки кейинги пайтларда илмий муомалага киритилган “анъанавийчилик”ни мусулмон жамоасининг асрлар давомидаги ривожи жараёнида шаклланган диний, маънавий ва миллий қадриятларни, ижтимоий институтларни асл ҳолатида сақлашга йўналтирилган ўзига хос мафкура дейиш мумкин.

 

“Қадимчилик” вакиллари якка шахслар онгига эмас, балки бир неча авлодлар тажрибаси билан суғорилган жамоатчилик онгига мурожаат қилган ҳамда ўтмишдаги алломаларнинг бой мероси, анъаналарининг (асосан исломий илмлар ва ақидалар билан боғлиқ) инкор қилиниши жамиятни маънавий таназзулга олиб келади, деб ҳисоблаган. Улар шариат меъёрларини халқ турмуш тарзида қатъий равишда сақлаб қолишни рус маъмуриятининг шовинистик сиёсатига, православ миссионерлик ҳаракатига ва баҳоийликка ўхшаш бошқа оқимларнинг тарқалишига қарши муҳим тўсиқ деб билардилар, “ҳар мўмин муслимнинг керак диний тараққийси бўлсин, керак дунёвий таолийси бўлсин шаръан илм ва амалсиз мумтаниъул вуқуъи (мислсиз қоқилиш) бир ҳақиқатдир” (Мулла Шоҳислом. Улум ва маориф борасида // Ал-Изоҳ. 1917 йил 21 июль. 5-сон. – Б. 72), деб эътироф этадилар. Бунга муайян асослар ҳам бор эди. Хусусан, Туркистон Россия империяси мустамлакасига айлантирилгач, маҳаллий халқнинг миллий ва диний қадриятлари, урф-одатлари оёқости қилинди. Мустамлакачилар ислом дини заминида вужудга келган одоб-ахлоқ меъёрлари, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимини издан чиқаришни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эди. Бу хусусда турли қонунлар ҳам чиқарилган эдики, улар маҳаллий халқ манфаатига мутлақо мос келмасди. Масалан, Туркистон генерал-губернаторлигида ўрнатилган тартиб-қоидага мувофиқ, илм ва истеъдодидан қатъи назар, 25 ёшга етган туркистонлик фуқаро волост бошқарувчиси ёки қози бўлиши мумкин эди. Бу тартиб етарли илмга эга бўлмаган кишиларнинг қози, мударрис, имом бўлишига замин бўлиб хизмат қилди. Ушбу маккорона сиёсат ҳақида М.Беҳбудий шундай дейди: “Миссионерлар тарафидан ва ёйинки бизни йўқ ва нобуд бўлишимизни ва шариати муқаддасамизни ҳукмдан қолишини хоҳлатадурғон эски ва мустабид ҳукумат одамлари тарафидан шундай законлар чиқарди” (Беҳбудий М. Бизга ислоҳот керак // Нажот, 1917 йил 17 апрель).

 

Шариатни миллий-анъанавий қадриятларни сақловчи восита деб билиш ҳақидаги фикр фақатгина “қадимчилар” орасидаги ғоя бўлмай, балки бундай нуқтаи назарни баъзи жадид намояндалари қарашларида ҳам кўриш мумкин. Яъни айрим жадидлар ҳам ўз фаолиятларини шариатдан четга чиққан ҳолда тасаввур этган эмаслар.

 

Маиший турмушни, миллий урф-одатларни ислоҳ қилиш борасида жадидлар талайгина ишларни амалга оширди. Маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликларни кескин танқид қилишди. М.Беҳбудий “Ойина” журналининг 1913 йил 6-7-сонларидаги “Аъмолимиз ёинки муродимиз” мақоласида мусулмонларга қарата “Кулу ва ишрабу ва ло тусрифу” (“Қуръони карим”, “Аъроф” сураси 31-оят. Маъноси: Енглар, ичинглар лекин исроф қилманглар!) оятига риоя қилган ҳолда исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақиради. “Тўй ва таъзияга сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб (қисқа фурсатда) оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар”, дейди (Беҳбудий М. Бизни кемирувчи иллатлар // “Ойина” журнали, 1915 йил, 13-сон. Б. 342). Кейинчалик 1917 йили ҳатто “Шўрои Исломия” ташкилоти ҳам бу хусусда махсус қарорнома ҳам чиқарди (Шўрои Исломия қарорномаси // Нажот. 1917 йил 10 апрель).

 

Шу билан бирга тараққийпарвар уламолар асрий миллий қадриятлар ҳамда маҳаллий аҳолининг менталитетига хос ахлоқ-одоб меъёрларининг ҳимоячиси бўлиб чиқдилар. Бу хусусда маърифатпарварлардан Чўлпоннинг қуйидаги сўзлари фикримизнинг далилидир: “Эй қариндошлар... катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпанинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятлардан намуна олиб, бул жиҳатдан тақлид қилмоқимиз лозимдур. Оврўпонинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!!!” (Чўлпон. Ватанимиз Туркистонда темир йўллар // Садойи Фарғона. 1914 йил 6 июнь).

 

М.Беҳбудий мусулмонлар барча нарсани шариат қолипига солиб, илм ва тараққиётда бошқа халқларга нисбатан анча ортда қолиб кетганликларидан изтиробга тушади. Самарқанд муфтийси бўлган Беҳбудий ислом ақидалари ҳамда шариат қонунларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб мусулмонларга зуғум қилаётган баъзи эшон ва муллалар, “қадимчи” уламоларни қаттиқ қоралайди. Ҳақиқий “уламо” барча мусулмонлар ҳаётини муфовиқлаштириб турувчи ижтимоий куч бўлиши керак, деб ҳисоблайди. “Уламолар ва ҳар бир миллатнинг ақлий меҳнат билан шуғулланувчи шахслари, – деб ёзган эди М.Беҳбудий, – ўз миллатларининг келажакдаги йўлини кўрсатиб беришлари, маслаҳатлар беришлари, урф-одатлар ислоҳоти учун масжидларда ваъз-насиҳат қилишлари, мактаб ва мадрасаларда бу дунё ҳамда охиратда керакли бўлган илмларни ўргатишлари; газета ва китоблар ёрдамида миллатни қай тарзда бой қилиш тўғрисида мулоҳаза ва мубоҳасалар қилишлари керак” (Раджапов З. Из истории общественно-политической мысли таджикского народа во второй половине XIX и в начале XX вв. – Сталинабад, 1957. С. 406).

 

Шу ўринда “уламо” тушунчасига изоҳ бериб ўтиш жоиз. ХХ аср бошларида “уламо” тушунчаси ижтимоий маъно касб этарди. Бундай пайтда “уламо” дейилганда, асосан, мадрасаларни тамомлаган, диний ва дунёвий илмга эга бўлган зиёли кишилар тушунилган. Бироқ сиёсий мақсадлар сари интилишлар ҳам кучайиб боргач, жадидлар билан айрим масалаларда мухолифатда бўлган ўлка зиёлилари “уламолар” деб атала бошланди. Бу даврга келиб “уламо” тушунчаси сиёсий маънода қўлланиладиган бўлди (Қозоқов Т. ХХ аср бошларида Фарғона водийсидаги ижтимоий-сиёсий аҳвол ва жадидчилик ҳаракати. Тарих ф.н. диссертацияси. – Тошкент. 2001. 72-бет).

 

Мазкур даврда россиялик тадқиқотчилар империя мусулмонлари ҳаракатларини асосан уч гуруҳга таснифлай бошлайдилар. Буларнинг биринчиси мусулмончиликка ёт барча маданиятларни инкор этувчи, уларни қабул қилишдан бош тортувчи мутаассиб-консерватив мусулмонлар, иккинчиси Ғарб ва Шарқдаги замонавий номусулмон давлатларга қарши чиқа оладиган янги мусулмон давлатининг ташкил этилиши масаласига кўп даражада бепарво бўлган тараққийпарвар панисломчилар бўлса, учинчи гуруҳга империя ҳудудида аҳолининг аксарият қисмини ташкил этадиган маҳаллий халқлар томонидан ўзини-ўзи бошқарадиган мухториятларнинг ташкил этилишига интилган, мусулмонларнинг маданий ва сиёсий тараққиётлари йўлида фаолият олиб борган тараққийпарвар зиёлиларни киритганлар (Елчиев Б.И. О некоторых течениях среди мусульман. Очерк. // Свободный Туркестан. 1918 г).

 

Айнан юқоридаги таснифнинг биринчи гуруҳига оид “уламо”ларни “қадимчилар” дейишимиз жоизки, улар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида азалдан шаклланган ва муқим ўрнашиб қолган ақидаларни бузилмас деб ҳисоблар, ўрта асрлардан қолган урф-одат ва анъаналарга бирор ўзгариш киритилишини хаёлларига ҳам келтирмас, ўз манфаатлари йўлида динни ҳам нотўғри талқин қилишга тайёр эдилар.

 

Жадидларнинг фикрича, “қадимчилар”нинг ислом ақидаларини ўз манфаатлари йўлида талқин қилишдан иборат бўлган консерватив қарашлари Марказий Осиё халқларини фалокатли ҳолатга, маданий жиҳатдан маҳдудликка олиб келган эди. Шунинг учун ҳам пешқадам миллий зиёлилар ўз олдиларига қўйган бирламчи вазифа ислом аҳкомлари, Қуръон оятлари, ҳадислар ва шариатнинг тўғри талқин қилинишига эришиш, маориф тизимида ислоҳотлар ўтказиш ва замон талабига жавоб берадиган таълим тизимини яратишдан иборат бўлди.

 

Илоҳиёт соҳасида билимга эга бўлган жадидлар мавжуд шароитда ислом тушунчасини такомиллаштириш мумкинлиги ва кераклигини тушуниб етганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий (1909), Абдулла Авлоний (1910) ва Абдурауф Фитрат (1915) ўз билимларига таянган ҳолда дунё халқлари маънавий маданиятини сақлашда ислом динининг аҳамиятига оид ўзларининг “Мухтасар ислом тарихи” китобларини яратдилар.

 

М.Беҳбудий ўзининг деярли барча ижтимоий-сиёсий, илмий, диний-маърифий чиқишлари (китоблари, дарсликлари, мақолалари)да миллатни, айниқса, ёшларни янги, замонавий илмларни эгаллашга ундайди. Том маънодаги маърифатпарвар, зиёлига хос одоб билан уламоларнинг, “қадимчилар”нинг ҳам дунёвий илмлардан бохабар бўлишлари зарурлигини уқтиради. Янги илмдан бебаҳра уламолар ҳам фаръий (иккинчи даражали) ва сатҳий – чуқур ўйламай ўзи каби ноқилларни (нақл қилувчи, демоқчи) ёмон кўриб, ёмон кўз ила қарашлари ноўрин эканини, эски ҳукамо, ҳайъатчи ва сайёҳларнинг сўзи “ҳикоят” мақомида тафсирларимизгача суқилгани учун “оят – файласуф сўзидир, ҳаким ва роҳиб каломидир”, деб баҳс қиладиган ҳозирги баъзи аҳли замона ва ажнабийларга бир катта далил ва кам илмлилар олдида даста ҳужжат бўлаётганини куйиниб таъкидлайди (Беҳбудий Маҳмудхўжа. Мунтахаби жуғрофия, 1-жилд. 1905 йил. Б. 27).

 

М.Беҳбудийнинг 1905 йилда нашр этилган “Мунтахаби жуғрофия” дарслигининг 1-жилди “Янги ҳукамоларнинг сўзидан намуна” бўлимидаги фикрлар унинг “жадид” ва “қадим”га бўлган муносабатларини яққол ифодалайди. Жумладан, у шундай ёзади: “...ҳайъати жуғрофий ҳикмати табийия ва казо-казони билатургон ёшларимиз, ҳақиқати исломдан бехабарларимиз эски афсоналарни мусулмон китоблариға кўруб мусулмон китобларидан эътиқодлари бўшайдур. Кейинги вақтға шундай кам эътиқод ёшларимиз тез кўзға кўринадур. Эмди бунга бир даво – чора лозимдур. Худоға шукурки, яна чораси эски ва янги илмларни ўқумоқ ва саъйи қилмоқ ила бўладур. Аммо афсуски, эскиларимиз, хусусан Туркистонға эски ҳолға ва янгиларимиз ўз рафторлариға бир-бирларидан хабарсиз ва балки нафрат қиладурлар, танимайдурлар. Эй азиз эски ва янгилар, бир-бирингиздан хабар олмоқ ва фикрингиз, илмингиз, иштибоҳингизни айтмоқ, эшитмоқ, дардингиз давосига чора ахтармоқингиз лозимдур ва илло бу ҳолат ила биз кундан-кун, зоҳиран ва ботинан кейин қолурмиз. Кошки фақат ўзимиз кейин қолсак, балки аҳкоми диниямиз кейин қолганидек, эътиқодимиз ҳам кейин қолиб, дунё ва охиратға зомин ва масъул бўламиз” (Беҳбудий Маҳмудхўжа. Мунтахаби жуғрофия, 1-жилд. 1905 йил. 27-бет).

 

1917 йилда Туркистон ўлкасида содир бўлган инқилобий ҳодисалар жамиятда кескин бурилиш ясади. Большевизм тубжой миллатнинг “қадим” ва “жадид”ларга бўлинганидан устомонлик билан фойдаланиб маҳаллий халқ орасига ҳам секин-аста кириб борди. Миллатлар орасига қутқу солиб, ажратиш ва жамиятни синфий асосга қуриш ҳаракатини кучайтирди.

 

Маҳаллий аҳоли большевиклар илгари сурган синфий кураш, пролетар инқилоби ва пролетариат диктатураси, “адолатли социалистик жамият”ни барпо этиш ғояларидан жуда узоқ эди. Шунинг учун ҳам ҳокимиятнинг советлар қўлига ўтишини кўпчилик мусулмон зиёлилар, тараққийпарвар шахслар қатъиян қоралаганлар.

 

Ўлкадаги асосий омманинг орзу-умидлари Россия империясининг мустамлакачилик зулмидан озод бўлиш, мустақил демократик миллий давлат барпо этиш, асрий урф-одатлар, анъаналарнинг сақланиб қолишидан иборат эди. Бу мақсадларга эришмоқ учун ўлкадаги барча миллатпарвар кучлар бир ёқадан бош чиқариши, бирлашиши даркор эди. Беҳбудийнинг ўз чиқишларидаги “Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё (бойлар)! Эй, ғайратли ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хизмат этингиз” (Беҳбудий М. Муҳтарам самарқандийларға холисона арз // “Ҳуррият” газетаси. 1917 йил 13 май) сингари хитоблари айнан шунга йўналтирилганди.

 

Бир мақсад йўлида кураш олиб бораётган миллат зиёлиларининг жадид ва қадимчилар гуруҳларига ажралиши эрк ва озодлик курашига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши муқаррарлигини чуқур англаб етган Маҳмудхўжа Беҳбудий “...Туркистон мусулмонлари, Россиядан ажралмаган ҳолда қадимчилар ва жадидлар ўртасидаги зиддият ва ихтилофларимизни тугатиб, бирлашмоғимиз лозим... Агар биз, Туркистон мусулмонлари, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ислоҳотлар ва иттифоққа интилсак, зиёлилар ва тараққийпарварларни бой ва уламолар билан бирлаштирсак, унда биз бу билан динимиз, миллат ва ватанимизнинг гуллаб-яшнаши учун улкан хизмат қилган бўламиз” (Беҳбудий М. Баёни ҳақиқат // “Улуғ Туркистон” газетаси. 1917 йил 12 июнь), дейди.

 

Афсуски, Туркистон халқларининг ҳам, тараққийпарвар уламоларнинг ҳам миллат равнақи, юрт озодлиги, мамлакат тараққиёти борасидаги юксак орзу-умидлари ушалмай қолди. Ватанимиз етмиш йилдан зиёд муддат давомида истибдод чангалида қолди.

 

Динсизлик шиор қилиб олинган социалистик жамиятда ҳар қандай диний уламо жоҳил, диндорлар эса жамият тараққиётини орқага тортувчи қора кучлар сифатида талқин этилди. “Жадидчилик” “маҳаллий буржуазиянинг миллатчилик, пантуркистик ғояларини ўзида мужассамлаштирган мафкура” сифатида қораланган бўлса, “қадимчилик” жаҳолат ва диний мутаассибликни, феодализмнинг оғир асоратларини ўзида ифода этган оқим сифатида баҳоланди.

 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Қатағон қурбонлари хотираси давлат

музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//